ЁШЛАР КАТТАЛАРДАН КИМНИ ЎҚИЙДИ?

0
263
кўришлар сони

Ўтган галги сўровномамизда катта ёшли ижод аҳлини саволга тутиб, ёшлардан кимларни кузатиб боришини сўраган эдик. Бугунги сўровимиз унинг акси. Ёш ижодкорлар катта ёшли шоир ва адиблардан кимларни севиб мутолаа қилади? Жавоблар турлича бўлди. 

Хуршид Абдурашид: “Асосан интернетда деярли ҳамма катта ижодкорларни кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Адабий газета ва журналларни ҳам имкон борича кузатаман. Катталар нимани ёзяпти? Бу мен учун қизиқ. Насрда доимо катта қизиқиш билан кузатиб борадиганим устоз Набижон Боқий. Қолаверса, Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Луқмон Бўрихонларни ҳам доимо кузатиб бораман. Шеъриятда Гулноз Мўминова, Нодира Афоқова, кейин охирги пайтларда Муҳаммадсиддиқ Раҳматов акамизни ижодларини мунтазам кузатиб боряпман.  Катта ижодкорлар унчалик фаол эмасдай туюлади, назаримда. Балки, бу уларнинг биз ёшлар каби андишасиз эмасликларидандир. Тағин билмадим. Ўтган устоз ижодкорларнинг жойлари жаннатдан бўлсин. Уларни ўқийверсам, ҳар сатри янгидай, кеча ёзилгандай туюлаверади. Улуғлар руҳи ёр бўлиб, адабиётимиз юксалаверсин”.

Тилланисо: “Ҳалима Аҳмад, Шодмонқул Салом, Азиз Саид, Хуршид Даврон, Муҳаммад Солиҳ, Бектемир Пирнафасов, Назар Эшонқул, Раҳмон Ҳожимурод, Зариф Султани, Хуршид Дўстмуҳаммад, Шомирза Турдимов (мақолалар, илмий китоблар), Гулноз Мўминова (таржималарини ўқидим охирги бор), Баҳром Рўзимуҳаммад, Мурод Човуш, Олим Отахонни ўқийман.”

Мирзоҳид Музаффар: “Эркин Аъзам, Хуршид Даврон ва Иброҳим Ғафуров”.

Меҳриноз Аббосова: “Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдош, Баҳодир Қобул, Эркин Аъзам, Набижон Боқий, Ҳалима Аҳмад, Нодира Афоқова, Дилором Эргашева, Азиз Саид, Гулноз, Мўминова, Одил Икром, Иқбол Мирзо, Иброҳим Ғофуров, Қўчқор Норқобил, Хосият Рустам ва яна бошқа кўплаб ижодкорлар”.

Гўзал Рўзиева: “Устозлар ижодини доим кузатиб боришга ҳаракат қиламан, негаки бизни ижодкор сифатида шакллантирган, аввало асарлари билан адабиёт оламига йўл очиб берган мактаб мен учун ҳамиша қадрли. Шу маънода назмда Усмон Азим, Хуршид Даврон, Азиз Саид, Азим Суюн, Ҳалима Аҳмад, Зебо Мирзо шеърлари, насрда Шойим Бўтаев, Эркин Аъзам, Назар Эшонқул яратган ҳар бир янги асарни топиб ўқишга ҳаракат қиламан”.

Шерзод Ортиқов: “Катта ёшли адиблардан фақат Назар Эшонқул ва Абдуқаюм Йўлдошни ўқийман. Қолган катта ёшли адибларга қизиқмаганман. Улар ўта миллий, жўн ва примитив ёзишади. Катта ёшли шоирлардан ҳеч кимни ўқимайман. Уларнинг ҳеч бирини ижоди мени ўзига тортмаган. Балки, мен сюжетли ва реалистик поэзияни хуш кўрганим учун уларнинг пафос ва ташбеҳларга тўла поэзияси ёқмас. Драматурглар ҳақида гапирадиган бўлсам, бизда ҳали ҳақиқий драматургия шакллангани йўқ”.

Фурқат Алимардон: “Эркин Аъзам, Усмон Азим, Эшқобил Шукур, Улуғбек Ҳамдам, Абдуқаюм Йўлдошев, Исажон Султон ва бошқаларни. Деярли ҳаммасини ўқиб, кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Шоирларни ҳам”.

Рафиқ Ўзтурк: “Катта ёшли шоирлардан севимлиларим: Муҳаммад Солиҳ, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Фахриддин Низом, Паҳлавон Содиқ, Зариф Султоний, Хосият Рустамова, Гулноз Мўминова, Гўзал Бегим, Ойдиннисо ва бошқалар”.

Жонтемир: “Хуршид Даврон, Усмон Азим, Муҳаммад Солиҳ, Назар Эшонқул, Азиз Саид, Фахриёр, Одил Икром, Хуршид Дўстмуҳаммад, Тўхтамурод Рустам, Темур Пўлатов, Баҳодир Абдураззоқ, Эшқобил Шукур, Ҳалима Аҳмад, Зебо Мирзо, Баҳром Рўзимуҳамад, Хосият Рустамова, Дилором Эргашева, Ибодат Ражабова, Исроил Субҳоний, Бектемир Пирнафас, Абдувоҳид Ҳайит… Ким яхши ёзса, ҳаммани!”

Маҳфуза Имомова: “Усмон Азим, Назар Эшонқул, Эркин Аъзам, Абдуқаюм Йўлдош, Исажон Султон, Қўчқор Норқобил, Улуғбек Ҳамдам, Фахриёр, Азиз Саид ва бошқалар”.

Раҳмат Бобожон: “Усмон Азим, Фаҳриёр, Йўлдош Эшбек, Одил Икром, Баҳром Рўзимуҳаммад, Болтабой Бекматов, Шуҳрат Маткарим…”

Манзура Абдуллаева: “Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдошев, Исажон Султон, Луқмон Бўрихон, Улуғбек Ҳамдам, Тўлқин Ҳайит”.

Боборавшан: “Ёзувчи бўламан дегани киши устоз, айниқса, замондош ижодкорларни мунтазам кузатиб бориш керак. Ижодий, ҳаётий тажрибага эга ижодкорнинг айни замон дарду изтиробларини қай йўсин идрок ва ифода этиши йўлбошида турганлар учун мактаб вазифасини ўтайди. Шу маънода мен ҳам устозлар ижоди билан танишиб боришга уринаман. Аксарият ҳолларда эса Эркин Аъзам, Усмон Азим, Исажон Султон, Муҳаммад Шариф, Собир Ўнар, Шойим Бўтаев, Эшқобил Шукур, Қўчқор Норқобил каби устозлар ижодини кузатиб бораман”. 

Шахриёр Шавкат: “Катта ёшли ижодкорларнинг кўпчилиги, менимча, ижод билан жиддий шуғулланмай қўйишган. Кўпгина устозларнинг ёшликда ёзган асарларини ўқийман. Аммо ойнинг ўн беши ёруғ деганларидек… Азиз Саид, Хуршид Даврон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Мурод Муҳаммад Дўст, Назар Эшонқул, Одил Икром каби устозларнинг янги ёзган шеърлари, ҳикоя ёки таржималарини топишга ва ўқишга иштиёқим баланд. Фейсбук орқали Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, Абдулҳамид Пардаев, Ўроз Ҳайдар, Нилуфар Умарова, Гулноз Мўминова, Хосият Рустамова, Нодира Афакова, Луқмон Бўрихон, Бектемир Пирнафасов каби ижодкорларнинг янги ёзлиган ижод наъмуналарини ўқиб бораман”.

Нодирабегим Иброҳимова: “Ўзбек адабиётидан мен севиб ўқиган муаллифлар ҳозир ҳаёт эмас, жойлари жаннатда бўлсин. Насрда М.М.Дўст, А.Йўлдош, И.Султон, У.Ҳамдамни, назмдан У.Азимни мутолаа қилишни яхши кўраман. Руҳиятимга мос, ўзимни ўйлантирган масалаларга жавоб бера олувчи асарларни қидираман. Умуман олганда, катталаримизнинг барча янги асарларини кузатаман, мақталганларини топиб ўқийман. Янги романлар саноқли бўлгани сабаб ҳаммасини ўқиб боришга фурсат етади”. 

Нодирабегим ёзиб олди.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг