Адабиёт муаллимасининг шаклланиши

0
140
кўришлар сони

19… йил.

Бекатдаги ўриндиқда ўтириб, ҳозиргина Союзда бўлиб ўтган йиғилишни қайта эсладим.

Унда янги шеъримни ўқиган эдим:

Ватан−

унвонларга сотилган шоирларнинг

ҳавойи сўзлари чизган суратмас.

Мен сизни олиб борайин, юринг,

Борар манзилда ҳеч ким

соҳталикни учратмас.

Ватан−

чуқурлардан бағри пора йўл,

лойқа сувни тиндириб ичган бола.

Дунёси тараққий этганида ҳам

Тезак ёқиб уйин иситган хола…

…Ватанга тиркаманг

 ҳалқум шоирларининг

жимжимадор ёлғонларини.

Аслин билай десангиз унда,

татиб кўринг

олис қишлоқда

момомнинг

ёвғонларини…

Шеър тугади. На бир устоз шоир ва на бир тенгдошим қарсак чалди. Ҳамма мум тишлаганча нигоҳини ҳар ёққа қаратиб ўтирди. Жимликни шоирлар орасида “Гап тегади” лақаби билан танилган ҳодим бўғиқ овози билан бузиб, кейинги ижодкорга навбат берди.

— Энди укамиз Мирзодан шеър эшитамиз…

Бир маҳал Раиснинг пинжига кириб кетгудай бўлиб ўтирган йигит ўрнидан туриб, шеър ўқий бошлади:

Офтобдайин порлаб турган Партиямиз,

Олтин Ватаннинг пахта­донин суямиз.

Бизда ғам йўқ, алам йўқ, камлик йўқ, дард йўқ,

Бахтга чўмиб яшаяпмиз, эртамиздан кўнгил тўқ.

Ғариби йўқ Ватан бизники, ташвиши йўқ элат бизники,

Зарга чўмиб яшаган хушнуд, армони йўқ миллат бизники…

Зални гулдурос қарсак бузиб юбораёзди. Бирин кетин тингловчилар фикр айта бошлади. Аввал, тўридан гўри яқин Раис сўз олиб, бу шеърни республика байрамида айтилишга лойиқ кўрди. Кейин амалдорларни кетидан югура−югура бир амаллаб унвон олган Опа туриб, сал қолса Навоийнинг ворисига чиқариб қўйди йигитчани. Қачон қарасанг, катталарни гапини маъқуллаб юрувчи “Гап тегади” боплади. Нима эмиш, янги давр адабиётини мана шундай ёшлар билан қурар эканмиз. Бошини силаган кучукчага ўхшаб олифта шоирча ҳам бир нима деб ғиншиб қўйди. Бир маҳал менга кўзи тушиб қолдию, “адабиётимиз келажаги”нинг.

 — Мана бу синглимизга ҳам фикр айтсангиз. Умид билан шеър ўқиди ҳар ҳолда…

Ҳудди марҳамат кўрсатгандай жилмайиб қўйди. Сўзни доимгидай Раис бошлади.

-Қизим, сиз ҳали ёшсиз. Ёзганларингиз қувноқ ва ижобий бўлсин. Бу кайфият билан узоққа боролмайсиз…

Қолган гапни эшитиб ўтирмадим. Узоққа борганнинг биттаси сизми, дегим келдию, хаёлимни “Гап тегади”нинг ҳириллаган товуши бўлиб қўйди.

— Синглимизнинг устида ишлашимиз керак. Чунки…

— Балки шеърим устида ишларсиз?− беихтиёр оғзимдан чиқиб кетди киноя. Ҳамма кулиб юборди.

— Бу кетишда ёш жонингизни майиб қиласиз!−пўписага ўтди “Гап тегади”. Негадир хўрлигим келди. Тилимни тишлаш жонимга тегди­да, бор аламимни сочиб олдим.

— Жонимга куймай қўяқолинг, жононларингизга куйинг. Союздагилар қотиради майиб қилишни. Ойбекни соқов, Қаҳҳорни қанд касал қилган ҳам, Саида опани бевақт қаритиб, қуритганлар ҳам сиз! Худо билади аср адоғигача яна кимларга ташланасиз?!

— Тарбияни ўрганинг, Забаржад!−фалсафа сўқиб қолди кўксига мукофот таққан Само Софдил.− Нима сиз янги давр руҳини сезмаяпсизми?

— Кечирасиз, мени сизга ўхшаб шоирлар билан ёлғиз қолиб руҳни сезишга вақтим йўқроқ,−дедиму, шарт туриб, чиқиб кетдим.

Мана ҳозир бекатда ўтирибман. Наҳотки, хато йўлда бўлсам. Мен ҳам айрим ёш шоирларга ўхшаб ўзим ишонмаган нарсага бошқаларни ишонтирайми? Устоз мақомидаги шоирларни қўйнига кириб, мукофоту совринлар олайми?  Керак бўлса кафанигача унвон қадаш ниятидаги кекса шоирлар орқасидан итдай эргашайми?

−Ўкинманг!−йигит кишининг ўктам овозидан чўчиб тушдим. Бу тўгаракнинг сардори Одил ака. Уни ўзимга яқин олиб юраман, тўгаракка чақирган ҳам шу киши бўлади. Ичимда бояги заҳардан озгина қолган экан, сирқиб­сирқиб Одил акага тўкиб олдим.

−Мени шу томоша учун чақирганмидингиз? Тўгарак аъзоларининг бари иссиқхонадаги бодрингнинг ўзи­ку! Йўқ, уларга қиёсда бодринг­да хайф, қовоқ­да хайф! Улар ипли қўғирчоқ. Ҳа, ҳа айнан ипли…

−Қизишманг…−деди ҳижолатомуз ва айни пайтда ён­атрофга бир қур кўз ташлаб қўйди. Ҳақиқатан унда нима айб? Айби мени одам сафига қўшиб, машғулотга чақирганими?

−Забаржад! Сиз ранжиманг, илтимос. Само ҳам, Мирзо ҳам бир­икки кунлик…−гапидан тўхтаб, ўйланиб қолди. Аччиқроқ гап айтмоқчи эдию, лекин андиша қилиб тилини тишлади. Мос сўзни топди шекилли, пешонасидаги чизиқлар ёйилиб, юзи ёришди.− Бир­икки кунлик раққослар. Бугун сиёсатнинг куйига ўйнайди, эртага янги куй бошланса, буларнинг муқоми эскириб, саҳнадан итқитилади. Кейин умрининг охиригача таниқли адибларга эсталик ёзиш билан шуғулланади.

−Улар­ку, ўзимиздай ёш десак, кап­катта ижодкорларга боқинг. Курси уларга онасининг маҳридан қолган эмас. Одам ақли бовар қилмайди­я, кечагина Ойбек, Абдулла Қаҳҳор ўтирган жойларга кимларни тиқиштиришган. Раис ҳам, атрофидаги шотирлари ҳам аллақачон Дўрмонга чиқиб, сиёсатдан четланиб халқ учун, адабиёт учун асарлар ёзадиган ёшдамасми? Уларга қолса костюмларидан ортиб, шимнининг почасигача орден қадаса…

−Ўзига инсоф берсин! Мана бу сизга. Янги нашр!−деганча қоғозга ўралган китобни тутқазди. Очсам Ойбек домланинг “Нур қидириб” қиссаси экан.

−Ташаккур!−дедим. Одилнинг қувончини камайтирмоқчи эмасдиму, лекин барибир оғзимдан чиқиб кетди.− Буни ўқиганман.

−Йўғ­ей? Ҳа… Яхши­да! Домлаям Аҳмад Ҳусайн ва Искандаро тақдири орқали мустамлакачилик ҳақидаги ҳаққоний фикрларини айтиб қолганми дейман­да?

Негадир бу сафар мен ҳадиксираб, атрофга қараб қўйдим.

−Балки, Союзга қайтиб кирармиз. Янги ошхонада тушлик қилардик­а?

−Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига. Ўзи ижарадаги бино бўлсаю, ошхонаси ҳам борми?

−Ҳай, бир куни ўз биноси ҳам бўлиб қолар… Яхши ният−ярим давлат.

−Адашмасам Жюль Верн ёзганди: “Ерга янги қитъалар эмас, янги одамлар керак!” Тахминан, шундай бўлади таржимада.

−Хўп, унда бошқа ошхонага борамиз. Нима дейсиз?

Иккимиз кула­кула туриб кетдик.

Шу воқеадан кейин негадир, редакциялар ёзганларимни чиқармас, арзимас баҳоналар билан қайтарадиган бўлди. Зулфия ая бир­икки журналда чоп этдию, кейин боришга ўзим иймандим. Кунлар ҳам билимсиз ўтиб кетди. Орада гоҳ Кибриёхонимникига, гоҳ Зарифа Саидносированикига бориб кўнгил ёзиб келаман. Орадан икки­уч ой ўтгач, уйимизга қўнғироқ бўлди. Маълум бўлишича, шеъримда сиёсий хатолик кетган, бунинг учун жавоб беришим керакмиш. Бир кун шундай бўлишини билардим. Лекин, шу лаҳзада қиз бола учун бу қанчалик оғир юклигини англадим. Оёқларим қалтираб, тиззаларим ўз­ўзидан букилиб кетарди. Яна телефон жиринглади. Гўшак минг ботмондай оғир туюлиб кетди. Қулоғимга келтирганимча юз йил ўтгандай бўлди.

−Азизим!−деган меҳрибон ва куйинчак овоз келди у ёқдан. Ё фалак! Ҳалима! Миямдан яшиндай чақнаган фикр менга дадиллик бағишлади.

−Дугонажон…−дедиму, йиғлаб юбордим. Ўзимни ҳеч тутолмас, кўзёшимни тўхтатолмас эдим. Яна ўша куйинчак аммо, бу сафар қатъиятли овоз жонимга оро кирди:

−Бас! Уялинг Забаржад! Тез Союзга келинг. Эшик олдида кутиб тураман. Битта шоирасини ҳимоя қилолмаса, нима қилиб юрибди булар!

Пойи пиёда бордимми, уловда бордимми англолмай қолдим. Фақат Ҳалимахонни кўргандагина хушимга келиб, бағрига отилдим. Иккаламиз анча дардлашгач ичкарига кирдик. Бизга керакли одам ўша “Гап тегади” экан. Мени қолдириб ўзи кириб кетди. Хонада одамлар кўп бўлиб, бири кирар, бири чиқар. Ана шу қисқа вақтда Ҳалиманинг шаҳдам овози ташқарига отилиб чиқар эди.

“…Сиз истасангиз кафиллик ёзиб берасиз, истасангиз кафанлик…”

“…ҳаррир шеърни таҳрирламаган, таҳқирлаган, десангизчи?!”

“…дунёда энг аламли ҳақсизлик − шоирнинг шоирга қилган адолатсизлиги…”

Ўша соатларни, кунларни бир амаллаб ўтказиб олдим. Ҳаммаси тинчиб кетган. Олам жойида. Ҳеч нарса ўзгармаганди, менинг мақсадимдан бошқа…

Ҳа! Яхшиси шеъриятни ташлайман. Агар адабиёт Союздаги қари­қартанглару, сатанг маддоҳлар қўлида бўлса, тинчгина адабиёт ўқитувчиси бўламан. Вақти келиб, шуларнинг ёзганларини янги адабиёти, деб ўқувчиларимга ўтаманда энди­а?

Кўчада кетаётганим ҳам эсимдан чиқиб қаттиқ кулиб юбордим. “Ғариби йўқ Ватан”имизнинг тиланчи қизчаси чўчиб қочиб кетди.

Отабек Бакиров

Ангрен шаҳар

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг