БУХОРО ВА ПАРИЖ ОРАЛИҒИДАГИ БИР КУН

0
334
кўришлар сони

эссе

Ўтган йилнинг ноябрида бир гуруҳ ёзувчилар билан Бухорога саёҳат қилганимиз ҳали ҳамон ёдимда. Ўшанда тунаш учун шаҳарнинг кўзга кўринган меҳмонхоналаридан бирига тушгандик. Қўналғамиз чакки эмас, барча шарт-шароитлар яратилганди. Нонушта пайтида устоз Абдуқаюм Йўлдош, ёзувчилар Жавлон Жовлиев ва Шерзод Халилов, шунингдек камина меҳмонхонанинг биринчи қаватдаги ресторанга йўл олдик. Ресторан кенг ва шинам эди. Шерикларим негадир у ердаги столлардан бирида савлат тўкиб ўтирган кишини кўриб, унинг олдига ошиқишди, мен ресторан хизматчисининг тавсиясига асосан ўша столга қўшни бўлган-бўш турган стол сари юрдим. Стулга ўтирарканман, шерикларимни ўша киши билан қўл беришиб, унинг устига қуюқ сўрашишганига кўзим тушди. Мен адабиёт одами бўлмаганим учун уни танимадим ва ким экан у, деб роса бошимни қотирдим.

-Аҳмаджон Мелибоев, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири,- деди Жавлон рўпарамга ўтиргач, сўрашган одамлари кимлигини билиш мақсадида унга савол билан мурожаат қилганимда.

Ўз столимизда биз ёшлар жим нонушта қилдик. Бошланишига асосан Абдуқаюм Йўлдош билан Аҳмаджон Мелибоев ўзаро суҳбатлашишди. Орада устоз бизни нима мақсадда Бухорога ташриф буюрганимизни Мелибоевга айтиб, унга мени таништирди. Мелибоевни энди кўриб турган бўлсам-да, уни публицист сифатида яхши билар, Чингиз Айтматов ва Нобель мукофоти ҳақидаги мақолаларини қачонлардир матбуотда ўқигандим.

-Чингиз Айтматовга нега Нобель мукофоти берилмаган деб ўйлайсиз?- дедим олдимдаги чойдан бир хўплаб олгач дабдурустдан Мелибоевга юзланиб.- Менимча, у бунга арзирди.

У мени тап тортмаслигимга аҳамият бердими-йўқми, билмайман. Аммо сир бой бермай бир пасда узундан узоқ маърузасини бошлади. Дастлаб Чингиз Айтматов ҳақида гапирди. Анча илиқлик билан, тўлқинланиб, қўшимчасига кам учрайдиган меҳр-муҳаббат билан. Нобель мукофоти ҳақида эса энсасини қотириб ва хафсаласизлик билан уни сиёсий ўйинлар қўлидаги битта қўғирчоқ, деб атади.

-Сен ҳам ватанингдан четга чиқиб, хорижда яшасанг ва у ердан туриб ватанинг устига ошкора мағзава ағдарсанг, табиийки сенга ҳам Нобель мукофотини беришади,- деди у гапининг сўнггида менга киноя қилиб.

Унинг айрим катта ёшдаги ижодкорларга хос бўлган иззатталаблик балқиб турган  чеҳрасига қарарканман, сезилар-сезилмас мийиғимда кулиб қўйдим ва шу бўйи унга бошқа гапирмай, ундан қолишмаган тарзда киноя қилганча  нонушта қилишда давом этдим. Нобель мукофоти борасидаги унинг хулосаси таъбимга ўтирмади. Анча йиллар олдин матбуотда эълон қилинган “Нобель мукофотига тобингиз қалай?” деб номланган  мақоласида ҳам у наздимда бир томонлама фикр юритган, айни пайтда билдирган  фикри ҳам юзаки эди.

Нонуштадан сўнг, у билан хайрлашиб, Бухородаги тарихий обидаларни айланиш учун бизга ажратилган микроавтобусга ўтирдик. Йўл бўйи шаҳарнинг тароватини кузатиб кетгандек кўринсам-да, аслида хаёлим Мелибоевнинг нонушта пайтида айтган гапларида эди. Шу туфайли ҳатто, Нақшбандий зиёратгоҳидаги илиқ муҳит ҳам кўнглимга сиғмади. У ерда айланиб юрарканман, наҳот Нобель мукофоти лауреати бўлган барча муҳожир ёзувчилар ҳорижда яшаб, ўз ватанларининг устига мағзава ағдарганлари учун мукофотни қўлга киритишган бўлса, деб ўйладим. Шунда ёдимга тасодифан рус муҳожир ёзувчиси Иван Бунин тушди. Уни кўп ўқиганман дея олмайман. Шунга қарамай унинг ҳаётини ипидан игнасигача билар,  “Cовуқ куз” номли ҳикояси энг севимли ҳикояларимдан бири бўлиб,  қачонлардир уни ўқиганимда кўзларим намлангани рост эди.

“Ситораи Мохи Хоса” мажмуасига элтадиган йўл бўйи унинг ҳаёти билан ижоди ҳақида хаёл суриб кетдим. Асарлари, кечирган ҳаёти, фаранглар юртидаги умргузаронлиги, Нобель мукофотини қўлга киритган лаҳзалари, кундалигидаги ўлими яқин қолган пайтда ёзилган ватанни қўмсаш билан суғорилган армонли сатрлари ва ҳоказолар бирма бир хотирамда жонланди.

-Ситораи Мохи Хоса мажмуаси,- деди бир маҳал бизга йўлбошчилик қилаётган йигит.

Унинг бухороча лаҳжасидан ўзимга келдим. Микроавтобус аллақачон бу мажмуа олдига — Амир Олимхоннинг ёзги саройига етиб келганди.

-Эсдалик учун суратга тушамизми?- деди ўзбек гуруҳига масъул бўлган ижодкор Нодира Иброҳимова дарвоза олдида.

Бунинлар оиласи адашмасам ўтган асрнинг йигирманчи йиллари бошида большевиклар бошчилигидаги Россияни ташлаб Францияга кўчиб кетишганди. Битта улар эмас. Уларга ўхшаб юзлаб ижодкор оилалар, минглаб бошқа касб эгалари, юз минглаб оддий рус одамлари бўйниларига муҳожирлик қисматини олиб ўз ихтиёрларига қарши юртни ташлаб чиқиб кетишган ва шу бўйи бутун оврўпо бўйлаб сочилиб кетишганди.

Иван Алексеевич Париждаги Жак Оффенбах номли кўчада жойлашган ўртамиёна хонадонлардан бирида истиқомат қиларкан, бу муҳожирлик қисмати ва Россияда давом этаётган большевикларнинг хунрезлиги ҳақида куйиниб ёзади. Парижга келишидан олдин, Одесса, Истамбул, Софья шаҳарларида яшаган пайтида кундаликлар тарзида ёзилган “Бадбахт кунлар” асарида кўтарилган мавзу — инқилобдан олдинги Россияни қўмсаш ва эндиликда юртни эгаллаган Ленин бошчилигидаги большевикларга туганмас нафрат билан муносабатда бўлишни у Парижда ҳам давом эттиради. Бироқ, бу унинг ватанпарварлигига асло доғ туширмайди, чунки унинг нафрати бепоён рус ўлкасига нисбатан эмас, унга ҳукмронлик қилишни бошлаган бир тўда қолоқ, жоҳил, қонҳўр кишилардан иборат бўлган сиёсий гуруҳга қаратилганди.

-Россия менинг ватаним,- дейди у Шмелёв ва Зайцев каби муҳожир ёзувчилар билан суҳбатлашган чоғлари.- Ҳеч ким менга ватанни севишни ўргата олмайди, мен буни ўз шеърларим ва ҳикояларим орқали аллақачон кўрсатиб бўлганман. Ҳозир эса Ленин бошчилигидаги большевиклардан нафратланаман, ватанимдан эмас.

Парижда яшаган йиллари у  бунга жавобан ўзининг энг яхши асари — “Арсеньевнинг ҳаёти” номли романини ёзиб тугатади. Асар автобиографик бўлиб, Бунин унда инқилобдан олдинги Россияни ва ўша даврдаги кўнгли тоза, пок одамларни қўмсаш, улар атрофида ўтган орзу-умидларга тўла ёшлик йилларини эсга олиш орқали ватанга муҳаббатни гўзал тарзда ва теран ифодалайди. 

-Юринглар, Амирни оврўпо меъморчилиги асосида қурдирган саройига кирамиз,- деди менга Шерзод Халилов ана ўша романнинг сюжетини хаёлимдан ўтказаётганимда.

Қолганларга қўшилиб оёқ остига тош ётқизилган ҳовлини босиб ўтдим-да, саройнинг ичкарисига кирдим. Ичкарида — худди эртакни эслатувчи фонда яна эсдалик учун суратга тушишлар бошланди. Бир чеккага бориб, деразадан ноябрнинг хира қуёши нурида товланиб турган сарой ҳовлисига назар соларканман, лаҳза ўтмай икки минг ўн тўққизинчи йилдаги Бухоро ўрнида бир минг тўққиз юз ўттиз учинчи йилдаги Париж гавдаланди. Унинг гавжум кўчаларидан бири кўз олдимда пайдо бўлиб (бу Риволи кўчасига ўхшади), одамлар оқими бирин кетин уни тўлдира бошлади. Бошига шляпа, эгнига узун фрак кийиб унинг чўнтагидан оппоқ дастрўмолини ёки кумуш циферблатини чиқариб олган зодагонлар; бакенбардлари қалин, чўрткесар, эгнидаги ҳарбий кийимига сиғинадиган ҳарбийлар; ўликдан фарқ қилмайдиган юзини қийшайтириб эснаганча ўзаро суҳбатлашиб кетаётган давлат хизматчилари; юзига тўр тушириб олиб, ихчам кийинган сирли аёллар; тамаки тутатган, ширакайф йигитлар; бир-бирини пинжига кирганча атрофга бепарво боққан ўйноқи  жуфтликлар; камзулининг тугмалари сиртилиб, шимларининг тиззаси йиртилиб кетган, қўлларига газеталарнинг янги чиққан сонларини ушлаб олганча, бақириб уларни ўтган-кетганга сотиб юрган болакайлар; ҳассасига таяниб ити билан ҳамроҳликда кетаётган мўйсафидлар — хуллас қандайдир дақиқалар ичида Парижнинг бутун аҳолисидан иборат картина қаршисида тургандек бўлдим. Ногаҳон, ана ўша одамлар орасида велосипед ҳайдаган озғин ўспирин кўринди. У адашмасам хат ташувчи, почта курьери эди. Велосипедини тезлатиб  у Парижнинг четида жойлашган кварталлардан бирига кириб кетди-да, дам ўтмай зинапояси баланд, болохонали, шувоғи тўкилган уйнинг остонасида пайдо бўлди.

-Мсье Бунинга хат бор, — деди у эшикни тақиллатгач, пешвоз чиққан аёлга.

Аёл хатни олиб, унга кўз югуртирди. Хат Швециядан эди. Унда швециялик таржимон Кальгрен Бунинда қайси юрт фуқароси эканлигини сўраганди.

-Мен унинг хотиниман. Эрим кино премьерасида эди,- деди сўнг хат ташувчи ўспиринга талмовсираб.

Аёлда унга бериш учун чойчақа топилмади. Ўспирин ноилож тарвузи қўлтиғидан тушган одамдек кетди. У кетгач, аёл кинозалга оилаларининг дўсти ва ўзлари каби рус муҳожири бўлган Леонид Зуровни  жўнатади.

-Сизга Швециядан хат келибди,- деди у жўнатган киши Бунинни кинозалда ҳамроҳлари даврасида учратиб.- Афтидан, адабиёт йўналишида Нобель мукофоти лауреати бўлган кўринасиз.

Бир минг тўққиз юз ўттиз учинчи йили Иван Алексеевич Бунинга берилган Нобель мукофотига Швеция академияси қуйидагича изоҳ берганди: “Прозада рус классик анъаналарини тараққий эттирган талабчан маҳорати учун”. Муҳожирликда яшаб, ватанини танқид қилгани учун эмас, сиёсий мақсадлар учун ҳам эмас, айнан бадиий маҳорати сабаб. У Нобель мукофотини топшириш маросимига кетаётганида йўлда кундалигига қуйидаги сўзларни ёзади: “Тўртинчи декабрь куни тонгда поездда Ганноверга (Германиядаги шаҳар) етдик. Кўзимни очиб, дераза пардасини тортсам, ойна музлаган. Рельсларни ҳам муз қоплаган. Платформада у ёқдан бу ёққа ўтаётган одамлар мўйна қалпоқ, пўстин кийинган. Бундай манзараларни кўрмаганимга анча вақт бўлди. Юрак унутмас экан!”

-Совқотдингизми? — деди бизга мезбонлик қилаётган бухоролик ижодкор Гўзал Рўзиева сарой ташқарисига чиққач, у ердаги қуёш нурлари тушиб турган ўриндиқлардан бирига шошиб бориб ўтирганимни кўриб жилмаяркан. — Бухоро совуқ дегандим-ку!

-Амир роса хотинбоз бўлган экан,- дедим унинг саволига жавоб бериш ўрнига бир-биридан унча узоқ бўлмаган масофаларда жойлашган амирнинг канизаклари учун қурилган биноларга пешонамни тириштириб қарарканман.

-Нимасини айтасиз?!- деди ёнимиздаги шериклардан бири.

Иван Алексеевич Швеция академияси томонидан берилган Нобель мукофотининг етти юз ўн беш минг франк миқдоридаги маблағини бир қисмини ўзига ишлатса, бир қисмига муҳтожликда яшаб кун кўраётган рус муҳожир адабиётшунослари учун ёрдам фонди ташкил қилади.

Унинг Париждаги қишки квартираси, Грасдаги ёзги дала ҳовлиси карвонсаройга ўхшарди. Унинг зиёратига турли касб эгалари — баъзилари ёрдам сўраб, баъзилари Россиядаги сиёсий-ижтимоий вазиятдан нолиб келиб туришарди. Мукофот пулининг қолган қисмини у ўз ватанидан айрилган шу бечораларга ёрдам тариқасида ишлатади.

Мажмуанинг орқа томонидаги кўлнинг олдига борарканман, кўлни тоза сақланмаганлиги, сувини сарғайиб кетиб, шаффофликдан анча йироқдалиги таъбимни кир қилди.

-Амирнинг канизаклари шу ерда чўмилишган экан,- деди Шерзод Халилов ҳайрон бўлиб.

-Ўша пайтлар ҳам кўлнинг суви шунақа “шаффоф” бўлганмикин?- дедим мен кесатиб.

Митти кўлнинг четида турли-туман эсдалик нарсалар билан савдо қилаётган сотувчилар орасига борарканман, улар ўз молларини менга бирин-кетин таклиф қила бошлашди. Мен чўкка тушиб, ерга тўшалган уларнинг молларини кўздан кечира бошладим. Эсдалик учун юқори қисмига туялар карвони сурати туширилган авторучка олдим.

-Денгиз ҳавоси барибир ўзгача, тўғрими?

— Ҳа, Иван Алексеевич.

Иван Алексеевич ёнига — қуёш тобора қиздира бошлаган қумга ўтириб, сарҳади йўқ улкан денгизнинг бир маромда мавжланишини кузатаётган дўсти Леонид Зуровга боқаркан, юрагини ўткир оғриқ билан эзаётган ватан соғинчини яна бир бор ҳис қилгандек бўлади.

Қадрдон юртимдан олис жойларда

Тушларимга кирар баҳор-келинчак:

Кўзлари мовийранг, юзи ойлардай,

Қадди-сарв,сочлари- олтин чамбарак.

Азиз ер, пок тонгга муносиб малак,

Унга она юртим, даштларим ёқар,

Ёқади сукунат, қашшоқлик, меҳнат,

Шунданми даламга меҳр-ла боқар:

Лабида табассум, кўзида шафқат,

Бу ўша-болалик, баҳор, муҳаббат!

У томирлари бўртиб чиққан қўллари билан қумга таяниб ўрнидан туради. Унга қўшилиб дўсти Зуров ҳам оёққа қалқийди. Гапиришдан олдин у ўзи ижарага олган, узоқдан черепицали томлари ва новча деразалари кўриниб турган дала ҳовлиси “Бельведер” ва Граснинг мовий осмон остидаги мафтункор табиатига бир пас тикилиб туради.

-Демак, эртага Россияга жўнаб кетасиз?

-Эртага кечқурун.

-Мен қариб қолдим. Қолаверса, соғлиғим ҳам кундан-кунга ёмонлашяпти. Ишонасизми, агар мен ҳам сиз каби ёш  ва тетик бўлганимда эди, ҳеч нимага қарамай ҳозироқ Россияга жўнаб кетган бўлардим. Мени Одесса ва Парижда ёзган асарларим учун у ерда турли хил қийноқларга солишларини ёки суд ҳам қилмай отиб ташлашлари мумкинлигини биров тахмин қилса ҳам.

-Ишонаман, Иван Алексеевич.

У қуёшдан кўзларини ҳимоя қилиш учун қора кўзойнагини тақиб, бўйнини чўзганича денгиз узра узоқларга тикилади. Кўзларидаги соғинчни, эҳтимол уларда пайдо бўлишга шай турган кўз ёшини беркитиш учун атайин қора кўзойнак таққандек.

Амир бошқа бир канизаги учун қурдирган саройида хоналар шунақанги кўп эканки, адашиб қолай дедим. Кичкина ва бир бирига ўхшаш хоналар, ҳаммасида голландча печка, деворларига турфа хил сўзаналар осилган. Шу сўзаналар атрофида ҳам эсдалик учун беармон суратга тушдим. Ташқарига чиққач, яна у ердаги ўриндиқлардан бирига ўтирдим.

-Бу ерда ижод қилиш учун бирорта хонани ижарага беришмасмикин?- дедим атрофимга гуруҳимиздаги ҳамма тўплангач.

Ҳазилимга ҳамма кулди.

-Энди “ўлик шаҳар”га ( “Чор Бакир” мажмуаси) борамиз, — деди йўлбошчи йигит ҳамма тўпланганини кўргач овозини кўтариб.

“Ситораи Мохи Хоса” мажмуаси билан ҳечам хайрлашгим келмади. Ярим соатнинг ичида юрагимнинг тўридан жой олган бу масканда бир умр қолишга тайёр эдим. Секин қадам ташлаб келиб микроавтобусга чиқарканман, ортимда қолган кўҳна дарвоза ичкарисига ўзимдаги ниманидир ташлаб кетаётгандек бўлдим. Ўша нарса нималигини билмадим.

-Деразани ёпсангиз-чи, Иван Алексеевич. Ташқарида ёмғир ёғяпти. Шамоллайсиз, ахир!

Иван Алексеевич ортига ўгирилади ва бўсағада турган хотини Вера Муромцевага кўзи тушади. Лекин унга эътибор бермайди-да, дераза олдида турган радиоприёмникка қулоғини янаям яқин олиб келади. Радиодан сухандон ўтган асрнинг қирқинчи йилларида фаолият юритган оврўпо сухандонлари каби қўрқувдан овози титраб, эртанги кундан ҳаяжонланиб ва хавотирдан тез-тез нафас олиб француз тилида гапирар,  француз тилини бинойидек билган одам у уруш ҳақида, Гитлер бошчилигидаги фашистлар борган сари Россиянинг ичкарисига кириб бораётгани ҳақида гапираётганини илғаши қийин эмасди. Иван Алексеевич ҳам француз тилини чамаси яхши билар, шунгадир балки олисдаги ватанининг тақдирини ўйлаб кўзлари бирин-кетин ёшланар, бўсағада турган хотинини ҳам, унинг айтганини қилиб деразани ёпишни ҳам унутган, қўл узатса етадиган масофада бўлган деразани ёпишга ўзини мажоли йўқдек сезарди.

Шамол, ёмғир, қоронғуликлар,

Ҳувиллаган ерда ҳукмрон.

Ҳаёт ўлган баҳорга қадар,

Баҳоргача боғлар шипшийдон.

Мен ёлғизман дала ҳовлида,

Шамол ўйнар қоронғу уйда…

-Кечирасиз, деразани ёпмасак бўлмайди.

Поезд ходими ёнимга келиб, очиқ турган поезд деразасини ёпиб қўйди. У ортига қайтиб кетаётганида бир финжон қаҳвага буюртма бердим. У тушундим дегандек тез-тез юриб кетди. Дераза ёпилгач, поезднинг рельслар устида кетаётганини эслатиб турувчи тарақ-туруқ овози ҳам ичкарига эшитилмай қолди. Дераза пардаларини янаям каттароқ очиб, кетма-кет орқада қолаётган пастак уйлар, яйловлар, адирлар ва тоғу тошларни кузатиб қоларканман, Бухоро ортда қолиб Тошкент яқин келгани сари яна Мелибоевнинг Нобель мукофоти борасидаги гаплари хаёлимдан ўтди.

-Бекор гап бу!- ўйладим буюртма қилинган қаҳвамни хизматчининг қўлидан олиб, унга пул узатарканман.

У пулни олгач, деразани манзилга етгунча очмасликни менга яна бир бор таъкидлади.  Унга хўп дегандек бошимни қимирлатиб қўйдим. Вақт ўтиб поездда ўзимни анчайин ҳорғин сездим, ичкари диққинафас бўлиб кетди. Бир кишилик ўриндиқда дераза олдида кетарканман, хизматчининг таъкидлаганига қарамай деразани очгим ва ташқаридаги муздек ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олгим келди. Бироқ, андиша қилиб ниятимдан қайтдим. Тошкент яқин қолгани сари эса Бунин билан боғлиқ Париж хотиралари ҳам, ҳаётимдаги бир кунимни мазмунли ўтказишимга сабаб бўлган эртакнамо

Бухоро манзаралари ҳам худди туш каби кўз олдимдан йўқолиб борарди…

Шерзод ОРТИҚОВ

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг