Нодирабегим Иброҳимова: “Ижодкор фақат ижодкорлигича қолиб кетса, ўзини боқолмайди”.

2
297
кўришлар сони

Куни кеча Фейсбук тармоғидаги “Китоблар давраси” гуруҳининг виртуал минбарига таклиф қилишди. Имкон қадар берилган саволларга жавоб бериб, қизиққанлар учун ушбу суҳбатни сайтга ҳам улашяпман.

— Нодирабегим, ҳикоя ёзиш сиз учун одатми ёки эҳтиёж? 
Одат эмас, эҳтимол қалб эҳтиёжидир. Режа ва тартиб билан ёзолмайман, қачон дард қийнаса, ичимдан тошиб келаётган сўзлар қоғозга тушса, анча енгил тортаман. Ҳикоя фақат кўнгил эҳтиёжимни қондиради, моддий эҳтиёжларни эса журналистика. Ижодкор фақат ижодкорлигича қолиб кетса, ўзини ўзи боқолмайди. Ё журналистика, ё сценарийнавислик ёки бирор шунга яқинроқ юмушлар орқали кун кўриш керак. Умуман адабиётга алоқасиз касбда ҳам ишлаб, ҳам ижод қилаётганлар бор. Кимлардир ҳар кун ёзмаса туролмайди, бу одатга айланган. Илҳом келишини кутмай ўйлаганини ёза оладиганларни биламан. Қайдам, мен нимадир қийнамагунча ёзолмайман. 
— Қайси жанрда кўпроқ китоб яратилишини хоҳлардингиз?
Бу саволни ўтган йилларда берганингизда романтизмни танлаган бўлардим. Шу вақтгача бу жанрдаги китобларни дўконларда кўпроқ кўришни, ёзишларини истардим. Шунингдек, фантастик, юмористик жанрларга ҳам бефарқ эмасдим. Ҳозир эса фақат реализмни ўқияпман. Бу ёш улғайиши билан боғлиқ танлов бўлса керак. Кейинчалик балки модернизмга ҳам қизиқиб қоларман. 
— Ҳозирги ўзбек адабиёти ривожи учун нима етишмаяпти, сизнингча?
Насрда оладиган бўлсам, шиддат, янгилик етишмаяпти. Бир қолипдаги асарларга ўралашиб қолганмиз, мавзу танлашни билмаяпман. Замонамиз қаҳрамони ҳали яратилгани йўқ, ўтган асрдаги китобларга тақлидан ёзишда давом этяпмиз. Йигирма биринчи ўзбек насри деганда аниқ бир гап айтиш қийин, шаклланиш жараёни суст кетяпти. Шеъриятда эса янги руҳни кўряпман. Таржимачилик ҳам анча оқсаган. Фикримча, кўпчилик ижодкорларда мотивиция йўқ. Адабий нашрларнинг адади ўта камлиги, гонорар қониқарсизлиги, нашриёт муаммолари, атрофдан ижодингга муносабат билдирилмаслиги, хуллас, жамиятда ижодкор халқни ортидан эргаштиролмаётгани, ўзи билан ўзи ўралашиб қолгани ачинарли ҳолат. На моддий, на маънавий рағбат бўлмаса, ҳаммаям адабиётда сабот ва чидам билан бир умр қолиши қийин масала. Рўзғор, бола-чақа, турмуш деган ташвишлар бор… 
— Иложи бўлганда, қайси асардаги қаҳрамонга айланиб қолишни ва уни қандай тарафга ўзгартиришни хоҳлардингиз?
Ажойиб савол, ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман бу ҳақда. Татянага айланиб қолишни истардим, балки. Шунда эҳтимол, Онегинни қалб оғриқлари билан ёлғиз ташлаб қўймаган бўлардим. 
— Шу кунгача сизни қийнаб келган саволларга жавоб берадиган китобни ўқидингизми?
— Ҳа, улар жуда кўп. “Лолазор”, “Мартин Иден”, “Еврилиш”, “Телба”, “Жамила”, “Ёлғизликнинг юз йили”, “Жиноят ва жазо”, “Уста ва Маргарита”, “Қумдаги аёл”, “Қиёмат” каби асарларда ўзимни ўйлантирган саволларимга жавоб топганман. 
— Сизнингча, китоб орқали инсонларни ўзгартириш мумкинми? Ўзингизга қайси китоб кўпроқ таъсир ўтказган?
Албатта, ўзгартириш мумкин. Агар қалб жуда қотиб қолмаган бўлса. Мени мен бўлиб шаклланишим учун шу ёшимгача ўқиган 50% китобларим катта таъсир ўтказган. Ёшлигимда китоб танлашни билмай кераксиз китобларни ҳам ўқиганман, бунинг учун ачинаман. Танлаб ўқиш керак, ёнингда диди баланд китобхон дўстинг ё устозинг бўлса янада яхши. Болалигимда албатта Х.Тўхтабоев асарлари китобхонликка олиб кирган. Улғайгач кўпроқ Маркес, Айтматов, Достоевский, Пушкин; ўзимиздан Тоғай Мурод, Ш.Раҳмон, У.Азим кучли таъсир ўтказган, уларни ўқисам қалбан ва руҳан бойийман. 
— Сизда ёққан ўзбек ва жаҳон адабиётидаги асарлардан бештадан санаб беринг.
— Жаҳондан “Ёлғизликнинг 100 йили”, “Онегин”, “Мартин Иден”, “Беш қаватли уйнинг 6-қавати”, “Еврилиш”. Ўзбек адабиётидан эса “Ўтган кунлар”, “Отамдан қолган далалар”, “Пуанкаре”, “Коллаж”, “Отойининг туғилган йили”. 
— Гуруҳдаги китобхонларга қайси китобни, албатта, ўқиб чиқишларини маслаҳат берган бўлардингиз?
— Ҳар ким ўз диди ва қизиқишларидан келиб чиқиб ўқийвергани маъқул. Мен тавсия қилганим кимгадир маъқул тушмаслиги мумкин. Кўпроқ классик асарларни тавсия қиламан, умумбашарий, ўлмайдиган мавзуларда ёзилган асарлар барибир ҳар қандай китобхонни ўзига торта олади. 
— Нега сиз таржимонлик фаолиятингизда ҳозир танаффусдасиз?
Ҳа, ҳозир эътиборимни фақат насрга қаратяпман, 10 йиллик таржимонлик фаолиятим ниҳоялади.
— Навбатдаги «Митти ҳикоялар» китобини нашр этиш режангизда борми? 
Митти ҳикоялар ҳозир жўнатмай қўйишди, ўзим ҳам ёзмаяпман, режада йўқ.

— Каналингизда 3600га яқин кузатувчингиз бор эди. Ҳозир эса ярми қолибди. Бунга сабаб нима ва бу сизни хавотирга соладими?
— Менимча, митти ҳикоялар жойламай қўйганим ва каналимни сайтимга бағишлаганим учун кўпчилик тарк этди. Лекин йўналишни ўзгартирганим учун афсусдамасман. Камчилик бўлсада дидли аудитория қолса етарли.
— Тошкентдаги учрашувда Улуғбек Ҳамдам “Ёлғизлик” романида ўзимни боримни қандай бўлса ёздим деган. Сиз ўзингизнинг қайси асарингизни ўзингизни борича айтгансиз?

Ҳозир “Бекажон” газетасида эълон қилинаётган “Ойсиз тунлар” қиссамда кўпроқ ўзимнинг руҳиятимни ошкор қилганман. Бошқа қиссаларимда мени учратиш қийин.
— Ўзини ёзувчи деб танитишда қора пиардан фойдаланиб, кейин эса баъзи машҳур ёзувчиларнинг ҳаётини ўзида ясовчиларга қандай қарайсиз?
— Балки тириклигида қандайдир обрў билан яшар, лекин ўлганидан сўнг ҳеч ким ўқимайди.
— Негадир ижодга қаратилган камгина эътибор, асосан назмга йўналтирилгандек туюлмайдими? Кўплаб шеърият тўгараклари, танловларни кўрдим, аммо насрда жуда ҳам кам, биз назмга кўп эътибор бериб юборганимиз китобхонлик пасайишига сабаб эмасми?
— Ҳақсиз. Ҳамма замондаям шеърият вакиллари кўпроқ, наср вакиллари камроқ бўлган. Наср оғир карвон деб бекор айтишмаган. Эътибор қаратадиган катталарнинг ўзи шоир бўлгач шеъриятга эътибор кучайиши табиий. Назм тўгараклари фаол. Ўзим ўтган йили наср тўгарагини очиш таклифи билан чиқиб, уюшмага 8 ой қатнадим, 10 тача ёш носирлар билан ишладик. Аммо рағбат ва эътибор бўлмади тўгаракка. Шу билан ташлаб қўйдик.
Назмда ҳам ёзиб кўрганмисиз ва бундан хулосангиз қандай?

— Бир неча оқ шеър ёзганман холос, насрдан фарқли равишда унга кўпроқ дард керак. Наср мақбулроқ менга.
— Ижодингизга нисбатан танқид бўлганми, кўпроқ қайси жиҳатлари? 
— Устозим А.Йўлдошдан кўп бўлган, якунига нисбатан асосан, ҳиндча кино деганлар. Ўшандан бери якунни тўй билан якунлашни тўхтатдим. 5-10 йил олдинги ҳикояларимдан ўзим ҳам уяламан.

— Бошқа муаллиф асаридан илҳомланиб ёзган пайтларингиз бўлганми?
Ҳа, бўлган. “Адибнинг вафоти” — янги ҳикоям ёзувчи Шерзод Ортиқовнинг реалистик ҳикояларини кетма кет ўқиш натижасида туғилган илҳомдан ёзилган.
— Лойиҳангиз бўлмиш «митти ҳикоялар» кўпи эски, зўраки сюжет ва сўзлардан иборат, ўзим ва баъзи ўқувчилар фикрича. У ҳикоячалар газетада чоп этиларди. Бу эътирозга нима дейсиз?

— Митти ҳикоялар бошида яхши ёзилаётганди, кейин сийқаси чиқиб кетди, шунинг учун бу лойиҳани тўхтатдим, ўзим ҳам ёзмаяпман, бошқаларникини ҳам ўқимаяпман. Газеталар ҳалигача шу рукнни тиклаб давом эттиришни сўрашади. Ҳозир катта асарларга урғу қаратяпман.
— «Шу асарни мен ёзган бўлсайдим» дейдиганингиз асар борми?
Йўқ, негадир бировни асарларига унақа ният билан қарамаганман.
— Ижодда фаол Нодирабегимнинг оилада қандай шахслиги қизиқтиради. Уч ўғил тарбияси, уй юмушлари, келди-кетди, сайтни юритиш, ижод, таржима, тадбирлар… Бунга қандай эришяпсиз? Уйқуни камайтириш эвазигами ё таомнома асосан фаст-фуд, «роллтон»ми (ҳайратланиб бош қашлаган смайлик)
— Раҳмат, қизиқ савол. Талабалик билан хайрлашгач, саккиз йилдан бери уйда ижод қиляпман. Кўчага, транспортларга кетадиган вақт тежаляпти. Йўқ, уйқум кам эмас, қайтанга кўп деб ўйлайман, суткасига 8 соатдан камаймайди. Қозонда ҳам доим иссиқ овқат, болалар тез очиқади. Тўғри, баъзида чарчаган бўлсам, овқатга эриниб, “юринглар, сизларни меҳмон қиламан гонораримдан” деб Эвосга кетворадиган кунларам бўлади. Гонорар ҳам битта кечки овқат билан тугаб қолади)) Уч ўғлим жуда шўх, шовқинда ёзишга ўрганиб қолганман. Оила ва ижодни тенг ушлашга ҳаракат қиламан, бирор сири ҳам йўқ, тез ишлашим сабаб бўлса керак. Ҳикоя ёзсам ҳам кунлаб ёзолмайман, 2 соатда тугатаман. Лекин шу зиқликлар ичида ўзим истаган китоблар мутолаасига вақт етишмаётгани алам қилади.
— Ҳозирда «бестселлер» дея тақдим этилаётган таржима асарларнинг ҳаммаси ҳам шундай таърифга лойиқми? Таржимангиз «Тунги ташриф»га нисбатан эътирозлар ҳам бўлди, бунга муносабатингиз?
Яхши адиблардан қилган таржималарим нашриётларда чанг босиб ётибди, бестселлерлар эса тез чоп этилиб, тез сотиляпти. Шуларни гонорари кор қилиб турибди. Эътирозларни китобхонларга билдиришсин, оммани диди пасайиб кетишига таржимонлар айбдор эмас. Нашриётлар ҳам. Нимага талаб бўлса, шу чиқяпти, сотиляпти. Бестселлер деганда ҳамишаям енгил елпи асарни тушунмаслик керак лекин. Таржимачиликдан қўл тортганман, машаққатли ва беқадр иш.
— «Китобхонлар давраси» гуруҳида қандай лойиҳаларни амалга оширишимизни хоҳлайсиз? Китоб тарғиботи учун қандай амалий ишлар қилиш мумкин деб ўйлайсиз?
Бу гуруҳдаги постларни доим кузатиб бораман. Китобларга ёзилган тақризларни ўқийман. Китобхонликка қизиқтириш учун ҳозир кўп лойиҳалар амалга ошяпти ҳар жабҳада. Таклифим, ҳар ҳафтада бир марта машҳур ёзувчи-шоирларнинг дастхати туширилган бир нечта китоблари аукционга қўйилиб, тушган пуллар бемор болалар (онкология, гематология) учун сарфланса, ҳарна эзгу иш бўларди. Бунда ижод аҳли ҳам, китобхонлар ҳам фаоллик кўрсатишса, китобхонлик учрашувлари нафақат китоб дўконлари ва кўнгилочар масканларда, балки зерикарли ва тушкун болалар шифохоналарига ҳам кўчирилса, уларни китоб билан таъминлашса, маънавий қўллаб қувватлаш бўларди. Ўзим ҳам бунда китобларим билан бажонидил иштирок этардим. 


Саволларни «Китобхонлар давраси»нинг фаоллари

Муҳайё Абдураҳмонова, Элбек Ҳамроев,

Ирода Умарова, Меҳригиёҳ Бозорова тузишди. 

2 Изоҳлар

  1. Нодирабегим билан ўтказилган суҳбатни мароқ билан ўқиб чиқдим. Ажойиб фикрлар билдирилган.
    Раҳмат Нодирабегим. Ижодингизга барака.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг