ГЕРМИНА СИНДРОМИ

0
203
кўришлар сони

Асардан парча

Сув ва осмон сўзлари ўша пайтларда мен учун бир маънога эга эди.
Мен қачондан бошлаб сувнинг олдида ёлғиз қолганимни билмайман. Аммо чегарасиз, саноқсиз сувликлар – катта ариқ-у, заҳкаш, каналларга рўпара келаверар, улар устидаги кўприкдан ўтолмас, гоҳида эса ўша кўприкнинг ўзи бўлмаслиги, йиқилиб, чўкиш қўрқуви менда кейин бошланди. Охирги бор суви булғанган, қорайиб кетган, лекин устидан руҳдан кўтарилаётган иситма каби иссиқ ва қуюқ ҳовур кўтарилаётган катта анҳор қаршисида қолганимни эслайман.
Танам ўта беҳол, зарраларимгача синган бедорлик тобора кучимни олиб борарди. Фақат қачон тўла қулашимни билмас эдим. Ташқарида бирдан тўзон турди. Дарахт машинанинг устига қулаб, сигнал чала бошлайди…
Бу сув аввалгиларига сира ўхшамасди. У Ернинг устидан ўта пастда жойлашган бўлиб, эни ҳам тахминан бир дарёнинг энига монанд эди.

***

Ўлим доим биз билан ўйнашиб юради. Атрофимизда изғийди. Гоҳ атрофимиздагилар ҳаракатида бу ўйнашишни кўриб қолсак, гоҳ ўзимиз билан ўйнашишни бошлайди. Ўлим билан ўйнашиш чоғида исённинг ҳар турли, барбоднинг ҳар турли кўринишлари содир бўлаверади. Биз билан ўйнашаётган ўлим ёлқинлари Худонинг жилосими ёки шайтонники – буни айтиш қийин. Ўлим барбодлигинг билан ҳам ўйнашаверади. Ўлим ўйнашишни бошлаган одамнинг юзи сарғайиб, оғзи қуриб келаверади. Кўзлари киртайиб ичига тортади. Ўлимнинг дастлабки даҳшати муҳрлари… Барбодлигинг билан ўйнашади ўлим. У ўйинқароқ болага ўхшайди. Тез зерикиб қолади. Ҳамма одамларни бир-бир айланиб сенга ҳам навбатни тез-тез олиб келади.

Ўлимнинг санчилиб ётган тиғли зарраларини илтижонинг маъюс кучи Қайғуга айлантириб беради. Ичимда ўзини тутиб туролмайдиган қайғунинг суюқ оғриғи билан кўринган бағирга оқиб тушишни бошлайман. Мендай ҳар нарсадан тортинадиган одам учун ўлим ҳар нарсани бузади. Қайғу ҳар нарсани бузади. Оғир бошимни исталган елкага қўявераман. Қайғу юзингни ва сезгиларингни тимдалаб ташлайди. Ҳайрон қарашади. Қайғунинг оловли дарёси оқиб бораверади.

***

Кафенинг ойнаванд девори олдидаги столда ўтириб хат ёза бошладим. Тушунтириш. Мудом ўзингни кимгадир тушинтириш  истаги ва илинжи. Берилиб алам ва ғазаб билан ёзардим. Вақт ўтиб эса айни ўша хат жўнатилмаган ягона мактуб бўлиб ундан олган хатларимни асрайдиган сумкачада қолиб кетади. Ёлғизлик ўз ҳолича ёмон ҳодиса эмас. Ҳар бир одам доим ўзича ёлғиз. Сийқаланиб кетган, лекин чўнг гап бу ҳам.

Дарёда турли оқим мавжуд бўлади (турли оқимлар келиб қўшилади). Узоқдан қараганимизда биз фақат бир ҳаракат оқимини кўрамиз. Унга шўнғисак ва сузсаккина бошқа оқимларниям сезамиз. Қалбим ҳам шундай. Турли оқимлар келиб қўшилиб, бир-бирига айқашиб ётибди. Энг тубида Ёвуз бир оқим оқаётганини сезиб турибман айни дам. Бундай оқимлар алмашиниб туради. Бу оқимни енгаман деб, оқим йўлини тўсаман деб курашиш бефойда. Қувват бекорга маҳв бўлади. Ёмғирни тинглаган каби уни тинглагим келяпти.

Куз ҳавосидек сокин қолиб тинглагим келяпти бу оқим айтимларини. У менга нималарнидир шивирлаб айтиб бермоқ истайди. Инсон ўзидаги Ёвузликка дош беришга (курашишга эмас) ўрганиши муҳим. Қалбга шиддатли тўлқин билан ёпириладиган ҳар қандай оқимларга ҳам.

***

Охирги топган ёлғиз бўрим эса бу пайтда шаҳарда эмасди. Энди узоқларда эди у мендан.

 “…Нафратланардим, қарғардим, лекин соғинардим. Ишхонага бориб кутардим. Келмаганидан сўнг шаҳарга бориб у юрадиган йўлларни пойлардим. Балким кўриб қоларман деган ниятда. У эса ҳатто мани кўришни, овозимни эшитишни хоҳламасди. Балки кўп йиғлаб ҳаммага дардимни айтганим учундир. Ахир манга йўл кўрсатадиган биронта яқиним йўқ эди-да.”

****

“…Эшигини тақиллатдим, очмади. Кейин қайтиб уйига борди. Манам орқасидан таксида уйига бордим. Кўчада эса ёмғир ёғарди. Кечгача шу ёмғирда уйини олдида уни кутардим. Балким чиқиб қолар деб. Лекин чиқмаганди. Биласизми, бир кун орқасидан юриб ҳам у билан гаплашолмаганман.”

“Дугонам билан у айтган жойга бордим. Келди. Кайфияти умуман йўқ. Мен эса умуман гапиролмайман. Фақат йиғлайман. Дугонамдан бизни ёлғиз қолдиришини сўрадим. У манга икки минут вақтинг бор, тамом, кетишим керак деди”.

“…Кўзида очкиси бўлгани учун унга “ачкини олингу, мани кўзимга тик қараб айтингчи, мани ҳеч қачон…».  «Керакмас бу гаплар. Хоҳламайман бошқа сан билан гаплашишни ҳам, учрашишни ҳам, дедию, кўзини олиб қочиб йиғлаб юборганди.”

***

Биласизми, нима – сиз ҳақдаги хаёллар онгимдаги фонга ўхшайди. Минг хил фикрлар – кундалик ташвишлар орасида туғилиб, келиб кетаверадию, фон ўзгармайди. Гўёки бекгроунд. Онгимда қалқмас бўлиб туриб қолган. Ўйлайвераман, соғинаман, жанжаллашаман, йиғлайвераман. Ҳар куни шу азоб. Эҳтимол аёллар фақат севгини ичкин қабул қилар. Симон Бовуар айтмоқчи, севган аёл пароноянинг қайсидир босқичида бўлган аёлдир. Умуман севган одам бошқа бир энергия манбасига кириб қолади. Метафизикада муҳаббат худога хос бўлган, худодан келадиган кучли энергия деб тушунтирилади. Шундай фикрни Эйнштейнда ҳам ўқигандим. Аслида сиз эмас, муҳаббат илҳом, энергияли манбайи ҳозир. Сиз восита, холос. Фақат воситани ҳам муҳаббатнинг ўзи танларкан… Ўйларинг, ҳисларингни бошқаролмай қоласан. Гарчи азоб бўлса-да, излаганингни тополмай, ўзингни поезд тагига ташлаб ўлдиришга тўғри келса-да, барибир бу ҳисни татиб кўриш керак. Ҳаётга келдингми, шуниям кўрмай кетсанг яшадим деб айтиш бенаф.

***

Борлиққа аста-аста тун чўкди.

Кўприкдан ўтаётган яккам-дуккам одамлар ҳам кўзга кўринмай қолди. Кўприкка қилинган тўсинни ошиб, пастга ўзингни улоқтиришинг қийин эди. Фақатгина бурчакда йўл устунига туташган жой бор. Ўша жойга чиқиб… Дафъатан юзимга совуқ нафас урилди. Бу совуқликдан онгим яшин чаққан каби даҳшатли ёришди. Эҳтимол, менга ўзга қувват тўла бошлади ёхуд сўнгги қувватим  маҳв бўлар эди.

Онгим ёришиши билан турли фикрлар миямни ёриб чиқаётган илончалар каби вишиллай бошлади. Оғирлик ва шовқиндан бошимни тик тутолмай қолдим. Бу фикрлар орасидан ҳақиқат, айни лаҳзада – ўлим билан юзма-юз келган онларда очилиши мумкин бўлган ҳақиқат ўзини изларди. Эҳтимол, топиладиган ҳақиқат – мени итариб юборадиган ёки ушлаб  қоладиган сабаб бўлар.

Аммо бундан қатъи назар айни шу дақиқа  ҳақиқатидан кўра доим устун ҳақиқат бор. У мангу мавжуд ва тирик.

“Ҳаёт бизни ўлдиради,

Ўлим бизни тирилтиради.”          

(Жуброн Ҳалил Жуброн)

ТИЛЛАНИСО

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг