Мирзоҳид Музаффар: “Бадиий таржимон адабиётнинг ўгай ўғлими?”

0
255
кўришлар сони

Маълумот

Мирзоҳид Музаффар 1999 йил 12 сентябрда Чиноз туманида туғилган. “Зомин – 2018” анъанавий ёш ижодкорлар семинарининг Назм йўналиши бўйича иштирокчиси. Жаҳон адабиётидан бир қанча шеър, эссе ва ҳикояларни ўзбек тилига, ўзбек шоирларининг шеърларини инглиз ва турк тилига таржима қилган. Айни пайтда Ўзбекистон Давлат маданият ва санъат институтида таҳсил олиш билан бирга “Тошкент ҳақиқати” газетасида фаолият олиб боради.

– Яқинда фейсбукда, комментлардан бирида Бодлер, Пол Валери, О.Пас каби ижодкорларни китобларини Ёзувчилар уюшмаси чоп этмаётгани ҳақда гапирдингиз, ўзи бу китоблар ўзбекчага ўгирилганми, нима тўсқинлик қиляпти уларни ўзбек китобхонлари қўлига етиб боришига?

– Бир вақтлар шундай гап бўлганди, аммо биз ишонган кишиларнинг масъулиятсизлиги ва беҳафсалалиги сабаб таржима ишлари ортга сурилди. Кейинчалик жаҳон шеърияти антологияси тузишни ҳам режа қилдик, бироқ… Тан олиш керак, тенгдошлар ҳам ўта қобиқсевар турдан. Бодлер, Пас каби шоирларни ўзбек ўқувчиси тушуна оладими ё йўқ, буни фақат унга шу шоирларни ўқитиб кўрибгина билдириш мумкин. Келажакда ўз таржима нашриётимни очмоқчиман. Шунда барча тўсиқлардан халос бўлган ҳолда нимадир қилиш мумкин. Рости, менинг ҳеч кимдан умидим қолмади. Таржимон халққа нимадир етказиши учун фақат ўзигагина ишониши керак экан.

–Ижодкор бўлмай туриб, таржимон бўлиш қийин… Энг аввало, шоирсиз. Шеър нима наздингизда?

– Шеърият ҳақида ҳамма нарса айтиб бўлинган. Биз ҳеч киммиз аслида. Яқинда Октавио Паснинг “Шеърият ва поэзия” номли эссесини ўқиб қолдим. Унда шеърият ҳамма нарсага ўхшатилади, аммо поэзия фақат тафаккур ва теран кечинмалар асосига қурилган меҳанизм ўлароқ тасвирланади. Аввало сўз келади. Кейин сатрлар, кейин шакл, кейин эса сиз ҳали англамаган манзара юзага қалқиб чиқади. Аслида шеър – шоирнинг ботиний автопортрети.  Биз фақат сўзларни англаймиз, кечинмаларни эмас. Кечинмалар сўзга тушмайди. Шеърларда уларнинг изларигина тажалли этади, холос. Шунда бизга рамзлар ёрдамга келади. Мен шундай ўйлайман – шоир шеър ёзаркан, ҳамма нарсага қайтадан ном ато этади. Мен ҳам шеър, шеър ёзиш хусусида шундай ўйлайман – осмондаги тупроқ, ойдаги қадам товушлари, кўзнинг томирида очилган нилуфар… Бу рамзлар оддийгина “сени севаман” деган сўзнинг инъикоси бўлиши мумкин, десангизу кимдир бунга қаршилик қилса, кечирасиз, ўша кимдир қаттиқ адашаётган бўлади.

Мирзоҳид, плагиат ва сохта таржималарни кўп учратганман. Нашриётлар ва таҳририятлар уларга келтирилаётган таржималарни ҳаққонийлигини текширишга вақт, ҳафсала ёки имкони йўқлиги, катта таржимон танқидчиларимиз етишмаслиги сабаб уларга нисбатан бирор жазо қўлланилганини эшитмаганман. Шахсан ўзимнинг айрим ҳикояларимни ўғри таржимонлар жаҳон адабиёти ниқоби остига солиб нуфузли нашрларда чоп этишган. Нима қилиш керак, сизнингча, бундай ҳолатлар юзага келмаслиги учун?

– Таржима соҳасидаги плагиатлик кўп нарсага боғлиқ. Хусусан, таржимон орияти ва ношир савиясига ҳам. Бугун таржимон қора ишчига айланиб қолди. Ваҳоланки, касблар яратилганидан бери таржимонлар кўп нарсани ҳал қилувчи муҳим кишилар саналиб келган. Мен тилни билсам, таржимон сифатида номим чиқишини истасаму, лекин ишга келганда бўйним ёр бермасагина плагиатлик қиламан, шундайми? Демак, бу менинг ориятим йўқлигидан, каламушдек бировнинг ризқини ўзимники қилиб олишимни билдиради. Мен ўғирлаган асар таржимони агар бунга айтарли эътироз билдирмаса, бу унинг ҳамиятсизлигидан дарак. Гап фақат меҳнатда эмас. Эркак бўла туриб ожизасини биров етаклаб кетаётганини кўрса-ю ичида бир сўкиб қўйса, ундайларни эркак дейишмайди. Нима дейишларини эса ҳаммамиз яхши биламиз. Энди ношир бўлсамчи? Олдим асар кўтариб келган таржимоннинг асарини тузук ўқиб кўрмай туриб нашр этсам, аввало бу менинг бефаросатлигимдан дарак. Бугун асарни таржима ва оригинал варианти билан солишитириб кўрадиган нашриёт ҳам, бадиий газета-журнал ҳам анқонинг уруғига айланди. Ўзим гувоҳи бўлганман. Асар моҳиятига тўла тушунмай туриб, унинг бозоргирлигини ҳисоблайдиганлар кўпайган. Ўзим “Китоб дунёси” газетасида ишлаган вақтим келган таржималарни ўзим биладиган тил бўлса солиштирар, билмайдиганим чиқса, биладиганга илтимос қилиб таққослатардим. Баъзан бунинг орқасидан муаммолар ҳам туғилган. Айтмоқчиманки, агар ношир ижтимоий тармоқлар ва бадиий адабиётлардан тўла хабардор бўлиб борса, сиз айтаётган муаммолар анча камайган бўларди.

– Таржимачиликдаги муаммоларимиз, ҳал этилиши лозим ва шарт бўлган масалаларимиз бўйича сизнинг таклифларингиз.

– Бугун таржимонннинг бошини бирлаштирадиган ташкилот йўқ. Бор, аммо борлигини фақат қоғозларда, нари борса уларни бошқарадиган кимсаларнинг бирон жойда чиққан нимарсалар остидаги биографиялардагина кўзга кўринади.  Таржима – нафис санъат ва унинг амалиётчисини биров бошқариши жуда катта хатолик, аммо бошини бирлаштириш фақат бошқарув дегани эмас. Моддий-маънавий, ҳуқуқий, ижтимоий ёрдам деган сўзлар бор ўзбек тилининг изоҳли луғатларида. Уларни ҳам таржимон деган сўз олдида қўллаш, истеъмолга киритиш наҳот мумкин эмас? Кўплар тил билади, бадиий савияси ўртадан юқори, аммо бугун ўзбек ўқувчисига қайси асар кераклигини билолмай қийналади. Уларга маслаҳатлари билан ёрдам берувчи устозлар бир жойда ўтириши, ёш таржимонлар бош уриб бора оладиган ери бўлиши яхши эмасми? Таржимон минг ўзини ерга ургани билан барибир кунини кўриб кета олишига ишонади. Аммо, бу ҳали меҳнати тўла қадрланади дегани эмас. Янги лойиҳалардан бирида бир саҳифа таржима уч доллардан беш долларгача нархланганини кўрдим. Бадиий нашрлардачи? Кечирасизу, бадиий таржимон адабиётнинг ўгай ўғли деган ҳукмни биз ҳали ўқимадик. Қачонгача ёшлар таржимаси нашрдан чиққанига хурсанд бўлиб юраверади? Бу хурсандчиликнинг ҳам чегараси бор. Кун келиб кўрадики, эллик бетлик таржимасига бир ойлик рўзғорнинг пули зўрға чиққан. Бунақаси кетмайди дейдию, бошқа турли ишларга ўзини уради. Айтмоқчиманки, таржимон меҳнатини тўғри баҳолай олиш ҳам маданиятга киради. Маданиятни бировдан ўрганадиган халқ эмасдик шекилли? Бугун таржима асарларнинг нашри анча ошган. Халқ китобга сезиларли даражада қайтяпти. Бу, албатта, қувонарли ҳол, аммо бу таржималарга бадиий элитанинг фикри қандайлиги бизни жуда қизиқтиради. Китобга ҳурмат ошди дегани асар моҳиятига ҳам назар солиш керак дегани эмасми? Ёзувчилар Уюшмасида бирон таржима асар бўйича тақдимот бўлса, сўзга чиққанлар асосан асар муаллифи мансуб халқ ва ўзбек миллати орасидаги дўстлик ришталари нақадар  мустаҳкамлиги мадҳ этилади. Бунга Лойиқ Шерали ва Ганира Пашаева китоблари тақдимотида гувоҳ бўлгандим. Шахсан менга Пашаеванинг депутатлик иши, Навоий ва Низомий дўстлиги, “Ўткан кунлар” даги “Фузулий яхши китоб” саҳнаси мутлақо қизиқ эмас. Менга Пашаева лирикасидаги ўзига хосликлар, таржимадаги ютуқ ва камчиликлар қизиқ. Биз энтикиб кутган нутқни эса фақат устоз Азиз Саид ирод этдилар, аммо у киши ҳали гапларини тугатмай туриб вақт кам деган баҳона билан ўтиришга мажбурлашди. Таржима асарга етарлича, ўз ўрнида муносабат билдириш ва билдираётганларга йўл бериш, муносабат деганда фақат эътирофу мақтовлар эмас, балки ҳолис танқид ва таҳлил қила олиш ҳам ўта зарур.

 –  Кимнинг асарларини севиб таржима қилиб келмоқдасиз? Яқинда тармоқларда ГЕКЁ МАРИНАЙнинг китоби чоп этилганини кўрдим, табриклайман!

– Табрик учун катта раҳмат. Устозлар Одил Икромнинг маслаҳатлари, Хосият Рустамнинг ундовлари бўлмаганда, бу китоб, балки нашр этилмасди. Шу китоб беш кунда битди. Мен қўлимга оригиналдаги матнни олиб ҳам синхрон, ҳам миямда шеърий қилиб таржима қилиб кетавераман, устоз Одил Икром хатоларимни тўғирлаб, қўшимчалар ва қисқартиришлар билан компютерга тераверадилар. Ишонинг, бу жуда катта амалий дарс бўлди. Устознинг алқовлари, танқидлари, поэтик таржиманинг энг инжа нуқталарини хижжалаб тушунтиришлари, суҳбатлардаги ижодий руҳ, “Энди чарчадингиз, ҳар бешта шеърда дам олишни ўрганинг” деб эслатиб туришлари… Беш кунлик мактаб беш йиллик таълимдан аъло бўлди. Маринай руҳига кириш қийин кечмади. Тайёрланиб юргандим, ибтидо садоси эшитилди ва бирдан устознинг билакларидан тутиб югуриб кетдим. Таржиманинг савиясини белгилаш, аввало устозларга ва кейин ўқувчилар ҳукмига ҳавола. Кўнглим тўлмаган жойлари кўп, аммо ўзим рози бўлган шеърларда, албатта Одил ака қаттиқ ишладилар. Қачонлардир Артюр Рембони яхши кўрардим, аммо у шоир эди, таржима материали эмас. Охирги марта француз ёзувчиси Максенс Ферминнинг “Қор” романини француз тилидан таржима қилишга уриндим. Французчага тишим ўтмаган вақти инглизча ёрдамга келди, аммо бу асар таржимаси ёшлигимнинг биллур лаҳзалари бўлди. Бир бўлимни тугатгач устоз Хуршид Давронга сим қоқаман. Тўлиқиб кетганимда, ҳам асар қадимги япон шеърияти ҳақида бўлганидан… Биласиз, Хуршид Даврон – ўзбек шоирлари ичида япон назмининг энг кучли тадқиқотчи ва мутаржимларидан. Шоирлардан эса суриялик Низор Қаббонийни ўзгача шавқ билан таржима қиламан. Яна ўзбекчадан туркчага Рафиқ Сайдуллони таржима қила туриб ўзимни шеър ёзаётгандек ҳис қилишим бор. Рафиқ аканинг шеърлари туркчага шундоқ ўгирилади. Мадина Норчаева, Гулҳаё Анорова шеърларини туркчага ўгиришдаги ўзгача, бир инжа мураккабликлар ҳам одамга завқ беради.

– Бизда кўпроқ классик жаҳон ёзувчиларининг машҳур китоблари, шунингдек замонавий бестселлар яхши сотилади. Аммо ҳали номи бизга нотаниш иқтидорли адиблар кўп, шундайми?

– Бўйим чўзилиб қолгач ўзим бозорга бориб кийим қилиб келсаму олифталигим қўзғаб кетса, аям оддийроғидан олмабсан, классика эскирмайди дердилар. Чиндан шундай. Бу эскирмаслик классиканинг универсаллигидан эмас, балки одамларнинг унга кўзи ўрганганидан бўлса керак. Биз жаҳон классикаси деганда Толстойни, Достоевский, Тагор, Бальзак, Тургеневларни тушунамиз, аммо давраларда ҳали ҳеч немис классик ёзувчиси Кафка, француз экзистенциал дарви мутафаккири Камю, итальян классикасидан Ионескони ўқиймиз деган ҳитобни эшитмаганмиз, аммо улар ҳам классиклигини сезиб турамиз. Дунё адабиёти классикаси биз билган ёзувчилар билан чекланмаган. Ваҳоланки, бу рўйхатни яна По, Уайлдер, Ҳоуторн, Компанелли, Колетт, Мамадқулизода, Танпинар, Абасияник, Ҳидоят каби номлар билан ҳам бойитиш мумкин. Уларнинг асарлари билан ҳали таниш бўлмаслик эса, ўзбек адабиётининг айби. Ҳолбуки, булар мактаб яратиб кета олган, хрестоматияларда “fiction master” – “наср устаси” дея эътироф этиладиган қаламкашлар. Дейлик, америкалик Лавкрафтнинг Гоголдан кам жойини минг уринсам ҳам топиб беролмайман. Уларнинг эътироф этилиши эса бориб яна таржимага тақалади. Таржима мактабимизнинг наср бўлими устоз Иброҳим Ғафуров билан, назм бўлими эса Одил Икром билан тақа-тақ ёпилгани эса кундек равшан. Бугун дунё адабиётида ҳам бироз турғунлик бор. Янги даврга ўтиш кузатиляпти. Постмодернизм йиқилиб, ўрнига метамодернизм мактаби кўз очмоқда. Ҳатто метамодернизм ҳақида Люк Беннон ўз манифестини ҳам эълон қилди. Манифест бор йўғи олти бўлим – бир саҳифадан иборат ва унда янги дунёнинг қисқаликка интилиши ҳақида сўз борган. Андре Бретоннинг “Сюрреализм манифести” асари икки юз саҳифа бўлганлигини эслаб кўринг… Замонавий жаҳон адабиётида романнавислик авжида. Хосе Руис Сафон испан, Роберто Боланё лотинамерикаси, Жонатан Сафран Фоер американ, Этгар Керет яҳудий, Чимаманда Нгози Адичи африкан адабиётининг меросхўрлари сифатида эътироф этилмоқда ва уларнинг асарлари бугун туржима қилиниши шарт бўлган китоблар рўйхатининг бошидан ўрин олиши керак. Шеърият бу бошқа масала. Биз аввало яқин даврдан бошлсак. Масалан, Октавио Пас, Бродский, Павич, Сёдергран, Шимборская, Монтале, Буковский, Мур, Плат, Хлебников, Паунд… Кейин бугунги кун: Вуонг, Рот, Патерсон, Андреде… Қисқаси, бу рўйхатни узоқ давом эттириш ва ажиб режалар тузиш мумкин, аммо атрофга қаранг. Унча узоққа кетмайлик, шунчаки адабиётнинг меҳроби бўлиши керак бўлган ташкилот Ёзувчилар Уюшмаси нима билан шуғулланяпти? “Жаҳон адабиёти” журнали кимларни беряпти? Бошида шу саволларга жавоб топмоқ, аниқлаштирмоқ лозим.

– Фикр ва хулосаларингиздани қарама қаршилик китобларни тизимсиз ўқишингиз сабаб юзага келаётгандек туюлади, шу ўзингизга сезиладими?

– Китобларни “сабаб ва натижа”  тизимида ўқийман. Баъзан бирон асарни бошлашга кайфият, муҳит ё йил фасллари сабаб бўлади. Рўйхатларимни ранг-баранг қилишга уринаман. Фожиа психологияси ҳақида эсселар тўплами, театр актёрининг қувноқ кундаликлари ҳақида роман, табиат лирикаси… Ҳатто баъзан фрейдизмга оид психоаналитик китоб билан Бобур ғазаллари ҳам бир вақтга тўғри келиши мумкин. Кино томоша қилиш услубим ҳам шундай.  Бир қобиққа тушиб қолмасликни истайман ва китоблардан кейинги натижа – хулоса ва кайфият ҳам шунга мос равишда шаклланади.

– Нашриёт ва таҳририятлар таржимонларга менталитетимизга мос бўлсин деган талабни қўйишини кўп кузатганман. Бу қанчалик муҳим, сизнингча?

– Менталитет баъзан менга кимлардир ўйлаб чиқарган қарашлар йиғиндисига ўхшаб туюлади. Ўзи ўзбек менталитетини тўла чиқариб бера олган асар борми бизда? Кимдир ўта бўрттиради, кимдир саёзлаштиради. Ҳар ким миллийликка ўзидан келиб чиққан ҳолда ёндошади. Бунга мисол: Тоғай Мурод тасвирлаган Сурхондарё билан Эркин Аъзам тасвирлаган Сурхондарё орасида дунёларча масофа ястаниб ётиши ёлғонми? Ҳар кимдан ўз қолипига мос асар талаб қилаверадиган ноширнинг боши охир бориб бачканаликка тегади. Таржимада ҳам шундай. Китобнинг пешонасига “инглиз ёзувчиси” деб ёзиб қўйибди. Ундан ўзбек бўлишни талаб қилиш, кечирасизу, кулгили эмасми? Очиқ саҳналарни пардалаш эса миллийлик эмас, шунчаки оммавий аҳлоқ принспига мослаштириш дейилади. Ҳали ўзи истаётган нарсасининг номини билмай, тўғрироғи кимлардандир шу керак деган сўзни ўрганиб олган ношир қандай қилиб асарнинг туб моҳиятига етиб бориши мумкин? Аслида етук асарлардаги ғоя умуминсоний бўлади ва биз пардалашни истаган тушунчалар асарнинг таянч нуқтаси бўлмайди. Бўлганда ҳам… Масалан, аччиқ танқидни кимларгадир тегиб кетади деб пардалашимиз мумкин, аммо бизда шундай муаммо йўқми? Бор экан, демак чиқариш керак. Ойни этак билан ёполмайсиз-ку. Менталитетни янги замонга мослаш керак. Йўқса, у менталитетдан стереотипга айланади ва фақат номи билангина яшаб қолади. Ҳамма нарса, ҳамма нарса янгиланишга маҳкум эканлигини ва биз ҳам йигирма биринчи асрда яшаётганимизни ич-ичидан тушуниб етадиган ноширлар керак бизга.

– Ҳар бир таржимон кутубхонасида бўлиши шарт бўлган бешта китоб номи…

– Ҳар бир деганингизга… Бунда мен ўзимдан ҳам келиб чиқолмайман. Майли, уриниб кўрай.

Ўзбек таржимонига керакли китоблар:

1. Ўзбек тилининг изоҳли луғати

2. Маҳмуд Кошғарий “Луғотут турк”

3. Мумтоз адабиёт изоҳли луғати

4. В. Птахов “Непереводимое перевод”

5. Ўзбек халқ мақоллари китоби

Жаҳон адабиётини тўла ўрганмоқчи бўлган ва умуман, дунёнинг ҳар қайси бурчагидаги таржимон бўламан деганлар учун:

1.  Жорж Штейнер “Бобилдан сўнг”

2. Стюарт Келли “Йўқолган китоблар ҳақида китоб”

3. Милорад Павич “Ҳазар луғати”

4. Ноам Хомский “Тил ва тафаккур”

5. Ҳаролд Блум “Поэтик таржима назарияси”

– Ҳозирда самарали меҳнат қилаётган таржимонларимиз сифатида кимлар ҳақда гапира оласиз?

– Бугун биздан бир авлод катта таржимонлар нисбатан фаол. Улар орасида инглиз тилидан Қандилат Юсупова, Мукаррам Отабоева, Шаҳноза Раҳмонова, рус тилидан Саиджалол Саидмуродов, Алишер Файзуллаевларни эътироф этиш мумкин. Улардан кўп нарса ўрганганман. Қандилат опадан сентиментал таржимани, Мукаррам опадан соддаликни, Шаҳноза опадан қуюқликни, Саиджалол акадан сўз танлаш маҳоратини ва Алишер акадан таржима жараёнида муаллиф билан фикрий якдилликни ўзлаштиришга ҳаракат қиламан. Аслида биринчи айтишим керак эди, аммо устозлар Иброҳим Ғафуров классик адабиёт, Олим Отахон замонавий наср, Одил Икром Шарқ назми таржимачилигининг бугунги кундаги пирлари экани мен учун аксиома. Мени қувонтиргани, бугун дўстларим Муҳаммад Сиддиқ турк тилидан,  Моҳидил Абдуллаева (унинг япон шеъриятидан таржималари ажойиб) Шуҳрат Файзий инглиз тилидан, Шаҳриёр Шавкат, Нозима Ҳабибуллаевалар рус тилидан бадиий таржимага киришишган. Омадларини берсин.

–Таржимонлик фаолиятингизга омад тилайман.

– Суҳбат учун раҳмат.

Нодирабегим Иброҳимова суҳбатлашди.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг