Муҳаммад Сиддиқ. Шеърлар

0
196
кўришлар сони

МАСЛАК

Бош олиб кетарга

биргина имкон,

биргина ишора етарли,

зотан –

дор қошида турсанг – айбингга иқрор,

бунда жим олқишга келса ҳар одам.

Кўргин –

маъмурларнинг томошасини,

ўз тилин ғажиган улусга боқгин!

Кўзлари маъсум ва

тийнати синиқ,

болалар улғайиб қолсалар жоҳил…

Сўзингда собит тур,

юз бурма элдан,

зотингдан ҳеч қачон чиқмаган сотқин.

Қон эмган тупроқни чиқарма қўлдан,

ўлсанг,

ўз ерингни қучоқлаб ётгин!

Жовдираб ғанимдан сўрама шафқат,

жонинг ҳалқумингга тиқилган маҳал.

Тоғларни қўпориб яша – басавлат,

куйла,

қўшиқларинг бўлса ҳам дағал!

Бош олиб кетарга

биргина имкон,

биргина ишора етарли зотан.

Кураш,

қолмагунча вужудингда қон,

барибир тушмагин шу учқур отдан…

****

ЭҲТИЁЖ


Руҳим паноҳ билса юрак қаърингни,
Ҳайёмнинг жомида тўлғонгандек май.
Чўчитиб юбормай киприкларингни,
тушларингга кириб борсам сездирмай.

Яшасам умримни сочингга буркаб,
Ўйларинг рангида бехуш қарисам.
Қоялар кунжидан бир кафт сув тараб,
ҳорғин қушларингга тутсам, фариштам!

Кўнглингга чуққурроқ етганим сайин,
хотиржам дунёдан воз кечиб кулсанг.
Меҳр-ла жонимни олса Азройил,
Сенинг хаёлларинг шаклида ўлсам!

Тайёрман – бу тунда ишқингни куйлаб,
Нигоҳинг тубида уйғонсам басир.
Розиман,
қисматим бир нафас сийлаб,
Кўзларинг рангида битса Мусаввир…

***

ЎТИНЧ
Сиздан илтимос шу:
Бир лаҳзага жим
сўз қотмай тин беринг қувноқ дудоққа.
Бошимни эгмоққа қўйсам гар ружу,
нега ғамгинсан, деб тутманг сўроққа.

Ўтинаман, титманг дил қатларини,
чанг солманг таъқиқдан куйган хатомга.
Тегинманг,
заррадек иллатларини
Ҳислат деб ўйлаган сарҳуш одамга.

Майли ўз ҳолига қўйинг айни дам,
эгилган қаддини ишқ тилкаласин.
Тўйиб сукутлансин,
ахир, айниган
каломларга тўлди Ёфас ўлкаси.

Чорламанг, суронга йўқдир тоқатим,
чарчоқларим чиқсин бу жимлигимда.
Мен ҳақимда оғиз очманг совқотиб,
қизиқманг ҳечлигим, ҳеч кимлигимга.

Бекорга қўзғатманг мудроқ синчларни,
уринманг ярамга қўймоққа малҳам.
Сиздан илтимос шу:
Бир зум тинчланинг
ва ногоҳ йўлиқманг ғазабимга ҳам.

****

САЗОЙИ


Сочларингни тўзғит, чинқир, ғазаблан,
Дарз кетган кўзгуга нафратингни сун.
Энг кескир тиғларинг билан азобла,
Мен ногоҳ Сенга дуч келадиган кун.

Эшикни қулфла, дарпардани торт,
Дераза ортидан ҳайда қушларни.
Жисмимдан жон каби суғуриб юбор –
Сен ташриф айлаган ҳушбўй тушларни.

Юзингга чиммат ёп, чиқсам қаршингдан,
Сенга олиб борар йўлларни беркит.
Қаро турпоқ сари йўлла Аршингдан,
Майли, қўлимга тут муаллақ эркни.


Мен нечун ўксинай? Гарчи шу қисмат!
Борлиғимга сачрат дўзахнинг рангин.
Мангу ранжингда ҳам бордир бир ҳикмат,
Ахир, қаҳрингда ҳам зоҳирдир Тангрим…

****

ТУҒИЛИШ

Ўзимга эп кўрдим

бу эпсизликни

Баъзан яширмадим қайғум-йиғимни.

Кўзларимга суртдим гоҳ Сенсизликни,

Ичимга сиғдирдим гоҳ Бор сиғимни…

Барига қўл силтаб кетолмадим боз,

Қисматимга кўндим,

исматиб ёниб.

Йигирма йил яшаб тополмадим, рост,

Онамнинг қорнидан кенгроқ дунёни!



Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг