ЎТМАГАН КУНЛАР

0
200
кўришлар сони

Кенглиги энига олти, бўйига саккиз қулоч келадиган хона. Катта ажнабийча ёзувли девор соатининг чиқиллашидан бошқа товуш йўқ. Хонада уч киши бор. Бири ерга тикилган, иккинчиси деворга қараб турибди, учинчиси оҳиста одимлар билан уёқ буёққа юряпти, у ҳар қадам босганида ўзини худди қор оралаб кетаётгандек ҳис этади. Чунки гилам туфлини кўмар даражада қалин ва майин. Бу – Замон Тошовнинг қабулхонаси. Диққинафас бўлаётган уч киши – ишга кириш учун номзод. Жимликни амалдорнинг хонасидан чиққан катта ёрдамчи бузди.

– Хушбоқ Бердиевич, сиз қолинг, қолганларга жавоб, – деди у столидаги стакандан сув ичаркан.

Одатда, бундай ҳолатларда нега, нима учун деган саволлар берилади. Аммо ҳозир ундай саволларнинг бўлиши мумкин эмас. Ҳа, ҳа, мумкин эмас.

Хушбоқ қабулхона бурчагидаги ойнага қараб сочи ва бўйинбоғини тўғирлади. Ахир у кимсан Тошовнинг ёнига суҳбатга киради.

– Тайёрмисиз? – деди катта ёрдамчи. Хушбоқ “ҳа” дегандек бош қимирлатди.

– Фақат кўп гапирманг, саволларига жавоб беринг, етади, – қўшимча қилди ёрдамчи. “Хўп, тушунарли” деб Хушбоқ янада сергакланди.

Катта ёрдамчи бошлиқнинг эшигини уч марта секин тақиллатиб, “кетдик” деб ишора қилиб, ичкарига кирди.

Хонанинг узунлиги поезд вагони узунлигича бор, эни ўн қадамдан кенгроқ. Тўрроқда оқкўйлакда, бўйинбоғи номигагина боғланган, бир даста қоғозга термулиб Замон Тошов ўтирибди. У номзодни кўриши билан жилмайди. Ўрнидан сал қўзғалиб қўл чўзди. Хушбоқ ҳаяжонини ичига ютиб, кўришди.

– Ўтиринг, деб жой кўрсатди у. Хушбоқ ўтирган заҳоти доимги одати, қўлини дуога очди. Буни кўрган каттакон:

– Айтинг, – деди.

– Йўқ, йўқ, ўзингиздан, – деди Хушбоқ ва хато қилмадимми дегандек ёрдамчига қаради. Ёрдамчи тасдиқ маъносида бош ирғади.

– Душманларимиз бой бўлсин! – деб дуо қилди Тошов. Хушбоқ дуонинг ноодатийлигидан ажабланди.

– Нима иш қилишингизни тушунтиришади. Муҳими, чин кўнгилдан ишланг, барча муаммоларингиз ҳал қилинади. Ишга кар бўлиб келиб, соқов ҳолда чиқиб кетинг.

– Хўп, тушундим, – деди номзод енгил тортиб.

– Бўлмаса, майли, иш бошлайверинг! – деди каттакон. Хушбоқ қўл сиқиб хайрлашар экан, суҳбатнинг силлиқ кечганидан ўзида йўқ севинди.

Хушбоқ Бердиевич Амирқулов кадрлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У эгаллаган лавозим небир арбобларнинг жони келиб туташадиган ўқ илдизи бўлади. Бирор-бир лавозимга кўтариладиган инсон ёки “суроби тўғирланиши шарт” кишиларнинг “дело”си мана шу ерда тахланади. Ойлик маоши менман деган мактаб директориникидан ўн баробар кўп. Бу ҳам камдек ҳар-ҳарда битириладиган ҳожатбарорликлардан ҳам бир чимдим чойчақа униб туради…

Шу ўринда, Хушбоқ ким ўзи, деган савол туғилади. У олтмиш ёшлардаги ҳар қандай ишни эплай оладиган киши. Қилмаган ишларидан даврадошлари ҳазил қилиб айтганларидек “фақат туғиб кўриш” қолган. Талабаликдан сўнг катта-кичик идораларда ишлаган. Қорнинг қаловини биладиган одам. Характерида даштликларга хос ички бир тўпорилик ҳам борки, бу аломати унга баъзида қўл келса, баъзан панд едиради.

Эртасига эрталаб Хушбоқ иш бошлади. Котиба қўлида бир даста қоғоз билан кириб келиб: “Муҳтарам Замон Юсуповичнинг катта ёрдамчилари шу папкалардаги одамларни ишдан олишга тайёрлашингизни тайинладилар” деди. Хушбоқ Берди папкалардан бирини очиши билан кўп йиллик қадрдонининг исм-шарифига кўзи тушди. Чуқур хўрсинди. Ичида нимадир “чирт” узилди. Секингина: “Энди сен Хушбоқ эмас, Хушбоқ Амирқуловсан” дея ишга киришиб кетди.

Орадан олти ойча вақт ўтди. Хушбоқнинг боши қотиб ўтирибди. Бир “нозик” одамни ишдан олиш учун асос топиши керак. Аммо ўша кишининг ишлари шундай топ-тозаки заррача хато йўқ. Ўтириб-ўтириб, доим маълумот етказиб турадиган бир «хабарчи»сига телефон қилди. 

– Алё, яхшимисан

– Ассалому алайкум, Хушбоқ ака, раҳмат, соянгизда юрибмиз. Ўзингиз ҳам бормисиз, йўқламай қўйдингиз?!

– Ҳа, раҳмат, яхшиман. Эшит, бир муҳим масала бор. Набижон Салоҳиддиновни танийсанми?

– Ҳаа, у ахир катта одам эмас-ку?! Ҳамма танийди.

– Бўлди, бўлди, ўша. Унинг бирор “ЧП”сини биласанми? Билмасанг, қидир, топ.

– Ҳаа, айтсам бўладими йўқми билмадим ака, у намоз ўқийди. Жумаларга ҳам чиқади. Масжидларга қарайдиган шерикларим гапирганди яқинда.

– Эээ, шундай де, каллангга қойил. Яша.

– Бўлдими ака?

– Ҳа, бўлди. Бир келсанг, ҳақингни олиб кетасан.

– Бўлди, бўлди, бораман.

Хушбоқ бугун ишдан эртароқ қайтди. Тунги соат ўн иккиларда ҳайдовчиси уни уйига ташлаб кетди. Бугун у ишга тавсия қилган одам биринчи маошини олиб, базм қилиб берди. Кийимларини алмаштириб, меҳмонхонага ўтди. Телевизорни ёқди. Замон Тошовнинг сафар тафсилотлари берилаётган экан. Каттаконнинг қандайдир ҳужжатни имзолаётганини кўрсатишди. “Ҳаа, муҳтарамнинг кайфияти яхши, бир нималар ундириб келяпти, чоғи” деди у ўзига-ўзи. Ярим соатча телевизор кўргач, ухлаб қолди.

         …Хушбоқ чипор отда тоққа чиқиб борар, атрофни туман қоплаган. От эгарланмаган. Унга тоғнинг туси ғалати туюлди. Тоғ қизил рангда. От эса тоғ тепасига кетиб борар эди. Кўзи юз қадамча нарида унга қараб турган қарияга тушди. Яқинлашган сари у қария таниш туюла бошлади. Ўн беш қадамча қолганида уни таниди. Отаси экан. “Э, отам, бундан ўн беш йил бурун бандалик қилган эдику!?” деб ўйлади. У отасининг ёнига борди. Отаси қовоғини солиб олган. Хушбоққа тикилиб турибди. Отасига салом берди.

– Отдан туш, мурдор, – деди отаси. Ҳайрон бўлиб отдан тушди. Отаси унинг қўлидан юганни тортиб олиб, пастга кета бошлади. Хушбоқ бир зум анграйиб қолди. Қараса, отаси ўттиз метрча пастга энибди. Хушини йиғиб, отасининг ортидан югурди.

– Ота, отни қаёққа олиб кетяпсиз? Менинг тоғда ишим бор, – деди Хушбоқ. Отаси орқага ўгрилиб:

– Йўқол-ей, беномус! – дея ҳассаси билан унинг бошига бир солди. Тушидаги таёқ зарбидан уйғониб кетган Хушбоқ, ўрнидан туриб ёқасига туфлади. Бу ёмон туш яхшилик аломати эмас, деб хаёлидан ўтказди. “Яқинда танишларга бир эҳсон қиламан” деб кўнглидан ўтказди.

Шундан кейин ухлолмади. Хаёлига ҳар турли фикрлар келиб, тўлғониб ётди. Тонг ҳам отди. Эрталаб ишга борди. Ходимларини чақириб беҳафсала ҳолда йиғилиш ўтказди.

– Келаётган шанбага бир кичик тадбиримиз бор, Бекқулжон, – деди Хушбоқ мажлисдан сўнг содиқроқ бир ходимини олиб қолиб.

– Бўлди, бўлди, биздан нима хизмат ака? – сўради ходим.

– Ҳаа, ҳаммаси жойида, сиз фақат айтувчилик қилсангиз бас. Рўйхат қилиб қўйганман. Аввал ўзимизнинг улуғларимизни, кейин бошқа жойлардаги танишларга таклиф қоғозларини олиб борасиз. Ҳар бирига, “Хушбоқ Бердиевич шахсан кутадилар” дейсиз.

– Хўп, хўп, тушунарли ака. Ҳа, айтганча, бу маросим нима муносабат билан ўзи? – деди ходим қизиқсиниб. Бундай савол бўлишини кутмаган Хушбоқ бироз ўйланиб тургач:

– Ҳа, бир ёмон туш кўрган эдим, шунга эҳсон ўтказишни ният қилгандик, – деди.

Бекқулнинг бўйнига шундай вазифа қўйилди: у бошлиғи “ёмон туш” кўргани учун қилинадиган эҳсонга айтувчилик қиляпти. Тағин одамларга тадбирнинг асл моҳиятини тушунтириб бериши лозим. Бекқул уч кун бери шу иш билан андармон…

Маросим куни ҳам етиб келди. Айтилганларнинг ҳаммаси жамулжам бўлди. Уларнинг кўпи маросимдан кўра у ерда бўладиган гурунг учун келишган эди. Эҳсон кўнгилдагидек ўтди, аммо Хушбоқ Берди “ёмон туш” лақаби билан эсланадиган бўлди. Бироқ ҳеч ким бирор марта удан тушида нима бўлганни сўрамади. Ҳамма унга қўшилиб ўша тушни кўргандек гўё.

Хушбоқ салкам икки ойдан бери Замон Тошовнинг ёнига кириш иштиёқида юрибди. Ҳар сафар қабулхонада кутиб-кутиб ортига қайтади. Уни каттаконнинг ўзи қабул қилишни истамаяптими, ё ёрдамчи киргизмаяптими, билмайди. Бугун ҳам бошлиқнинг ёнига киролмади. Хонасига қайтар экан, қабулга кирганида нималар дейишини ўйлади: “Сиз бўлмаганингизда ташкилотимиз бу даражада гуркирамаган бўлар эди, муҳтарам Замон Юсупович! Ҳозирги чўққиларни забт этганимизни кўриб, одам кўзига ишонмайди. Киши ўзини худди туш кўраётгандек ҳис этади. Таъбир жоиз бўлса, бу кунларимиз эртакка ўхшайди, ҳа, ҳа, шубхасиз эртакка ўхшайди, эртакка…”

– Хушбоқ Бердиевич! – беҳосдан гапирган котиба унинг хаёлини учирди.

– Нима гап? – деди у оғринганини сездириб.

– Ёнингизга бир одам кирмоқчи, айтишича, уни яхши танир экансиз.

– Ким экан у? – ижирғаниб сўради Хушбоқ.

– Исмини айтмади.

– Кираверсин, – деди Хушбоқ истамайгина. Уч дақиқалардан кейин тўлачадан келган, буғдойранг, кўзлари қисиқроқ, кулиб турадиган одам кириб келди.

– Ассалому алайкум! – деди кириши билан нотаниш қадрдон хушчақчақ овозда. Келасолиб қучоқлашиб кўришди. Кимдир сенга қучоқ очиб келса, сен ҳам албатта қучоғингни очасан. Хушбоқ менсимайгина ачомлашди. Димоғига тер аралаш ароқ ҳиди гуп этиб урилди.

– Аҳволлар қалай, Хушбоқжон оғам? Ҳей, бир вақт ажратиб бормайсизлар ҳам биз томонларга? – ўзини ранжигандек кўрсатиб гап бошлади келгувчи киши.

Меҳмоннинг гап оҳанггидан Хушбоқнинг хотирасида бир нарса ярқ этиб гавдаланди. Бу қадрдони олис вилоятдан. У бир пайтлар мактаб директори эди, агар энди пенсияга чиқмаган бўлса. Ўз ҳисобидан мактаб қурдирган. Ўша мактабга барча қавму-қариндошини ишга жойлагани учун устидан одамлар ёзган. Ҳолатни ўрганиш учун Хушбоқ юборилган. Ўшанда бу одам тандиру яхна гўштга роса бўктирган.

– Ҳа, давлатнинг ишида ака. Қўни-қўшнининг тўй-маракасига ҳам чиқолмаяпмиз! – деди меҳмонни таниганидан очилиброқ.

– Ҳе, онасини эмсин, ота-бобомиздан қолган иш борми?! Дам олиш ҳам керак! – деди қадрдон куйиниб. Кейин ўзи билан олиб келган қутини Хушбоққа тутди.

– Бу йилги қўзидан, сизга атай ўзим тайёрладим. Неваралар ҳам тандиргўшт нималигини билмаса кераг-ов, – деди муаллим кулиб.

– Э, овора бўпсиз-да, ака! – деди Хушбоқ жилмайиб, кейин:

– Қоровуллар бу қути билан сизни ичкарига индамай қўйиб юборишдими? – деб сўради.

– Бу дунёда битмайдиган ишнинг ўзи йўқ. “Охрана”ларга иккитадан тоғ олмаси, иккитадан қурут бердим, ўтказибди, – деди қадрдон ўқитувчи мириқиб кулиб. “Ўзи ҳеч кимга ишониб бўлмай қолди, одамни бир дона сигаретга ҳам сотишади” деган гап ўтди Хушбоқнинг кўнглидан.

– Ҳа, ака, бундай юрибсиз, ишларингиз яхшими ўзи? – деб сўради кейин.

– Директорликни ўғлимга топширдим, ўзим оддий ўқитувчиман, – деди собиқ мактаб директори мамнун қиёфада. “Одамлар мактабни ҳам монополия қилиб олади-ей” ўйлади Хушбоқ.

– Энди шу, – деб гап бошлади муаллим. – Мактабимизнинг спорт зали йўқ, агар маорифнинг бошлиқларидан озгина кўмак бўлса, камини ўзим тўлдираман. Бир “ҳа” деб юборсангиз яхши бўлар эди-да, оғам. Биласиз, бизда қолиб кетмайди.

– Ҳаа, шундай денг, – деди Хушбоқ оғир хўрсиниб. – Албатта, сизга ёрдам қиламан ака. Аввал бир суриштирайчи. Ҳозир маориф тизими ўзгарган. Эскиси билан “келишса” бўларди. Янгиси бир ёшроқ бир йигит. Ҳеч гаплашиб кўрмадим ҳали.

Ўн дақиқалар суҳбатлашишганидан сўнг қадрдон ўқитувчи кетишга шайланиб ўрнидан турди. Яна келишини айтиб, чиқиб кетди.

Хушбоқ ўқитувчини кузатиб, жойига келиб ўтирди. Яна миясида Замон Тошов нега қабул қилмаётгани айлана бошлади. Охири “бу ҳам бир яхшиликкадир-да” деган хулосага келди. Столи тагида турган қутидан бир бўлак гўштни олиб оғзига солди ва ширин хаёллар оғушига равона бўлди.

Тушликдан сўнг ишхонасидаги дам олиш бўлмасида мизғиётган Хушбоқнинг қўл телефони жиринглади. Ўрнидан сапчиб турар экан, қўнғироқ қилувчини койимоқчи бўлиб, яшил тугмани босди. Қараса, яширин рақам.

– Алё, эшитаман, – деди овозига ясама жиддийлик бериб.

– Ассалому алайкум, Хушбоқ Бердиевич, вақтингиз хушми? – деди нариги томондаги овоз мазах оҳанггида.

– Ҳа, сиз билан гаплашгунимгача хуш эди, нима хизмат? – деди янада жиддий тортиб.

– Хушбоқ ака, безовта қилдик шекилли. Аммо бир қимматли гапимиз бор эди. Ишдан бўшаётган экансиз, ишга таклиф қилмоқчимиз, – деди номаълум киши жиддийлашиб.

– Э, ким айтди? Тушунмадим сизни? Кимсиз ўзи? Ҳали ишдан кетаман деганим йўқ! Мени ишдан бўшатадиган онасидан туғилмаган! – деди Хушбоқ тутақиб. Алоқа узилиб қолди. Асабийлашганидан ўзини қаерга уришни билмади. Тортмасидан сигарет олиб тутатди. “Ким эканини билай десам, рақам ҳам яширин экан” деб ғудранди. Котибасини чақириб, бирор ёшроқ ходимни айтиб келишини буюрди.

Ходим келгач, қўлига телефонини бериб, яширин рақамни аниқлаб келишини айтди. Хушбоқ ўз иши билан банд ўтирган эди. Эшикдан Замон Юсуповичнинг катта ёрдамчиси бир нотаниш одам билан кириб келди. Салом аликдан сўнг катта ёрдамчи:

– Хушбоқ Бердиевич, ҳозир ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзинг, – деди.

– Ие, нимага, тинчликми, айбим нима? – сўради Хушбоқ дудуқланиб.

– Савол беринг, демадим, қамалиб кетмаётганингизга шукр қилинг. Муҳтарам Замон Юсупович сизга мурувват кўрсатди. Ёзинг тезроқ аризани! – деди ёрдамчи дўқ уриб. Шу пайт яширин рақамни аниқлаш учун кетган ходим кириб келди. Хушбоқ унга “чиқиб кет” дегандек ишора қилди. У тушунмай “гапир” деяпти деб ўйлаб “рақам бир идораники экан” деди ва чиқиб кетди. Хушбоқ Бердиевич Амирқулов “соғлиғи ёмонлашгани учун, ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилди”. Одамларнинг айтишича, ўша вақтда Хушбоқ Бердиевичнинг соғлиғи жойида бўлган. Биз асл ҳақиқат нималигини билмаймиз, лекин ўша вақтда газетаю интернет нашрлар юқоридаги важни ёзишди: “соғлиғи ёмонлашгани учун ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилди”.

Хушбоқ уйида телевизор кўриб ўтирибди. Қўл телефони жиринглади. Яшил тугмани босиши билан аёл кишининг овози келди.

– Ассалому алайкум, Хушбоқ ака, яхшимисиз? “Тимтима” радиосидан Жозиба Али бўламан. Сизга саволларимиз бор эди, – деди аёл гапиришга навбат бермай.

– Ваалайкум ассалом, беъмалол сўрайверинг, эшитаман, – деди анчадан бери ҳеч ким йўқламай қўйганда радио излаганидан суюниб.

– Мана, сизнинг амалдан кетганингизга ҳам уч ой бўлиб қолди. Нега сизни бошқа бир вазифага тайинлашмаяпти? Ахир сиз эл ободлиги учун озмунча меҳнат қилдингизми? – сўради аёл. Хушбоқ ярим дақиқача ўйланиб тургач, сўз бошлади:

– Ҳаа, мен бу эл учун кўп ва хўб меҳнат қилдим. Биласиз-ку, синглим! Ҳаёт деганлари шундай экан. Керак пайтингизда ишлатиб, кейин деразадан улоқтиришар экан.

– Ҳаётингиздаги энг катта афсусли ишингиз нима? Қилган қайси ишингиз виждонингизни қийнайди? – яна сўради аёл.

– Афсусми? Афсус шуки, анча вақтим идораларда хизматда ўтиб кетди. Агар ҳаётимни қайтадан бошлаш имкони бўлганида бу шаҳарга келмас эдим. Қишлоғимда оддий бир муаллимми ё бир чўпонми бўлиб яшардим.

– Собиқ идорангиздаги бирга ишлаган дўстларингиз, шогирдларингиз йўқлаб туришадими? Билишимизча, уларнинг кўпига йўл-йўриқ кўрсатгансиз, – деди аёл.

– Уларни дўстларингиз, шогирдларингиз, деб киноя қиляпсиз шекилли!? Тўғри айтдингиз! Уларнинг кўпини ўзим тарбиялаганман, ўзим лавозимларга ўтирғизганман. Қўлингда амал бор пайти ҳамма атрофингда бўларкан, амал кетгач эса биттасини ҳам тополмайсан. Вазифамдан кетганимдан буён бирортаси йўқламади ҳали…

Суҳбат йигирма дақиқача давом этди. Хушбоқ охирги саволга жавоб бериб телефонини ўчирар экан ўзини бўшаб қолган қопдек ҳис этди. У ичидаги барча “дард”ларини тўкиб солиб, енгил тортди.

“Ҳаётидан йўл ювганчалик тили узун киши бўлмайди” деган эди бир мутафаккир. Хушбоқ Берди: “Энди менга ким ҳам нима қила оларди. Олтмиш ёшдаман. Фарзандларим хорижда”, деб ўйлар эди. Довюракроқ бирор муҳаррир чоп этади, деган мақсадда мақола ёзмоқчи бўлди. Уйидаги ижодхонасига кирди. Соат тунги ўн бирлар атрофи. У ўзининг севимли курсисига ўтирди. Компьютерини ёқиб, материал ёзиш учун файл очди. Аммо шу онда унинг бир неча кунлардан бери хаёлида пишириб юрган фикрлари қаёққадир ғойиб бўлди. “Ланъати” деди секингина. Балки чексам миям пешланар, деб чўнтагидан сигарет олиб тутатди. Одатига кўра, икки дона сигаретни чекиб бўлгач, клавиатурада бармоқлари ҳаракатлана бошлади.

“Охирги пайтларда бу ерда нафас ҳам олиб бўлмай қолди. Ҳақиқатни гапирганнинг боши кундада. Неча йиллар адолат учун курашдим. Аммо…” деган сўзларни ёзган ҳам эди, қўл телефони жиринглади. Қараса, яширин рақам, кўнглидан небир ўйлар ўтиб телефонини кўтарди.

– Ассалому алайкум, Хушбоқ Бердиевич, узр, кеч бўлганда безовта қилдик, – деган овоз келди. Овоз жуда таниш, аммо овоз соҳибини эслолмади.

– Ваалайкум ассалом, анчадан бери безовта бўлмай қолганман, – деди у пичинг қилиб.

– Ҳа, чатоқсиз, Хушбоқ Бердиевич, чатоқсиз, – деди ўзи таниш-у эгаси нотаниш овоз. – Вақтим камроқ, сизга муҳим бир хабарни айтиш учун қўнғироқ қилдим.

– Нима гап экан? – ҳамсуҳбатининг гапини бўлиб сўради Хушбоқ.

– Хуллас, – деди таниш овоз. – Сизни муҳтарам Замон Тошов йўқлаяптилар. Эртага соат ўн бирда қабулхонага келинг. “Хўп, албатта, бораман” деди Хушбоқ. У телефонини столга қўйиб яна чекди. Ҳозиргина гаплашган одамини эслади: Замон Тошовнинг катта ёрдамчиси.

Хушбоқнинг кўнглидан ажиб гаплар ўта бошлади. “Наҳотки, яна менга бирор вазифа беришса-я?” У хаёлига келган гапдан севиниб кетди. Компьютеридаги бироз олдин ёзган гапларни ўчириб ташлади. Эртага Замон Юсуповичга нима дейишини ёза бошлади: “Дунё ҳақиқат устига қурилган. Адолат, албатта, қарор топишини билар эдим. Муҳтарам Замон Юсупович, сиз биз учун ҳақиқат тимсолисиз! Эътиборингиздан кўзимнинг ёшларини тиёлмаяпман, Замон Юсупович…”

Айни вақтда Замон Тошов эртанги хориж сафари учун шайланар, Хушбоқ Берди аллақачон унинг ёдидан чиқиб кетган эди.

Фурқат Алимардон

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг