КАТТАЛАР ЁШЛАРНИ ЎҚИЙДИМИ?

0
1852

Ёш қаламкашлар катта авлод вакилларининг ижодини ўқиб улғаяди. Катталар-чи, ёшларни ўқийдими? Сайтимиз номидан “Ёш ижодкорлардан кимларни ўқиб кузатиб борасиз?” деган саволни катта ёшдаги кўплаб ёзувчи-шоирларимизга бериб кўрдик. Улардан аксарияти саволимизни жавобсиз қолдирмади, айримлари эса индамади. Берилган жавобларни сиз – ёшларга тақдим этамиз.  

Одил Икром, шоир: “Ёшларнинг деярли ҳаммасининг ижодини кузатиб бораман. Шаҳриёр, Шоҳрўз, Жонтемир, Мадина, Ирода, Феруза, Шоҳруҳ, Раҳматжон, Достонбек, Орифжон, Зулхумор, Нозима, Муҳаммад Сиддиқ, Гулҳаё, Башорат, Рафиқ, Жавлон, Шоҳжаҳон ва бошқалар”.

Исажон Султон, ёзувчи: Имкониятга қараб деярли барчасини ўқиб бораман. Бунда китоб ёки босма шаклидан кўра интернет ва ижтимоий тармоқлар қўл келади, албатта. Шунингдек, бир қанчасининг ижоди билан Зомин семинарларида танишганмиз. Санжар Турсунов, Жавлон Жовлиев, Нурилла Чори, Жасур Кенгбоев, Жамшид Бўрон ижодини баҳолиқудрат кузатиб бораман. Фозил Фарҳод, Олимжон Жумабоев, Гўзалой Солиҳ қизи, Холиёр Сафаров, Бобо Равшан, Салим Абдураҳмон китоблари ҳозир иш жойимда турибди. Шоирлардан Жонтемирнинг исёнкор шеърларини ўқиб тураман. Кечагина Хуршид Абдурасулнинг, Обиджон Шофиевнинг шеърларига кўзим тушди. Жавлоннинг “Бухоро” ва рохингя мусулмонлари ҳақдаги ҳикояси манзур бўлган. Фарғонанинг Риштонидан Мирзаозод Мирзанеъматов фаол ёшлардан. Насрга келсак, Рахшона Аҳмедова деган қизимиз бугун Жанубий Кореяда истиқомат қилади, лекин соф ўзбекона асарлар ёзмоқда, истеъдоди ҳам ўзига хос. Нодира Иброҳимованинг “Альцгеймер”и, “Иккинчи имкон”и овоза бўлди. Қашқадарёнинг Чироқчисида Меҳри деган бир қизимиз бор, топилмалари кўзни қувонтиради. Бибиробия Саидованинг ҳис-туйғуларга ва кузатишларга бой ҳикоялари маъқул. Яна бир қизимиз – ҳикоя ва шеърлар йўналишида ижод қилаётган Алия Темурийзода яқинда Лондонда бўлиб ўтган “Open Eurasia-2019” танловида иллюстрация йўналиши бўйича ғолиблардан бири бўлди. Улар танлаётган мавзулар ва ёндошувлар бир мени эмас, барчани қизиқтирса керак. Янги ифода усуллари кўзга ташланади. Шу орада яна бир қанча ёшларимиз дафъатан ёдга келмаган бўлса узр, лекин бундай эътирофлар ёш адиб ва шоирларимизга жуда керак деган ўйдаман. Ўзимиз вақтида катта адибларимиз нима дейишар экан деб интиқ бўлган пайтларимиз эсга тушади. Айтмоқчиманки, бағрикенгроқ бўлавериш керак, кимнинг қандай адиб бўлиб етишишини вақт ва тақдир белгилайди, лекин ёшларни қўллаб-қувватлаш албатта керак. Кези келганида шуни ҳам айтиб ўтай: бугун ёш дейилаётган айрим “ёшларимиз” аллақачон у поғонани босиб ўтишиб, янги кашфиётлар сари чоғланиб туришибди. Барчасига бу қутлуғ, аммо машаққатли йўлда омад ва зафарлар ёр бўлаверсин!”

Абдуқаюм Йўлдош, ёзувчи: “Насрда Нодира Иброҳимова, Санжар Турсунов,  Жавлонбек Жовлиев, Шерзод Ортиқов, Жасур Кенгбоев каби ижодкорларни ўқиб бораман”.

Раҳимжон Раҳмат, адабиётшунос: “Ёш ижодкорлар ижодини узуқ-юлуқ кузатаман. Яхлит эмас. Сухроб Зиё, Муҳаммад Сиддиқ, Жонтемир кабиларнинг шеърларига эътибор қаратганман. Прозада Шерзод Комил Халилнинг тарихий мавзудаги асарларини қизиқиб ўқиганман.”

Сирожиддин Рауф, шоир: “Насрулло Эргаш, Жонтемир, Шаҳриёр, Раҳмат Бобожон, Муҳаммад Сиддиқ, Тилланисо Эшбоева ва жуда кўп!”

Дилмурод Қуронов, адабий танқидчи: “Мунтазам ҳеч бирини кузатмадим, фрагментар тарзда ўқиб тураман. Энди биринчи китоби чиқарилган муаллифлар билан системали танишиб, бир нарса ёзиш ниятидаман. Вақт етмай турибди”.

Рисолат Ҳайдарова, адиба: “Жасур Кенгбоев, Жавлон Жовлиевни ўқийман”.

Зулфия Мўминова, шоира: “Барча ёшларни ўқиб, кузатиб бораман. Ижодларига омад!”.

Санжар Назар, ношир: “Саволингизга жавоб бериш учун ўйланиб кўрсам, ёшлардан кўпроқ шоирларни ўқир эканман. Нафиса Омон, Жонтемир, Хуршид Aбдурашид, Маҳфуза Имомова, Шаҳриёр Шавкат, Дилрабо Норқуловаларни имкон қадар кузатиб бораман. Нурилла Чори, Бахтиёр Aбдуғафур, Шерзод Комил Халилларнининг насрларини ўқиб тураман”.

Луқмон Бўрихон, ёзувчи: “Деярли ҳаммаларини кузатиб тураман. Лекин Байрам Алининг ижодий интилишлари мени қувонтиради. Битиклари кун сайин композиция, сюжет қурилмаси, маъно-мазмуни, бадиий қатлами жиҳатдан такомиллашиб боряпти”.

Муҳаббат Йўлдошева, адиба, журналист:

«Ёш ёзувчи Бахтиёр Абдуғафурнинг асарларини ўқибгина қолмай, балки 2 та романини рус тилига таржима қилганман ҳам.
Ҳам насрда, ҳам назмда ижод қилиб, яна таржимонлик борасида қалам чархлаётган Шерзод Комил Халилнинг ижоди менга маъқул.
Фозил Фарҳод, Фарруҳ Жабборов, Нодирабегим Иброҳимова, Шаҳноза Эшмирзаева, Жасур Кенгбоев, Холиёр Сафаров, Фурқат Алимардон, Шаҳноза Ҳақбердиева, Раҳшона Аҳмедованинг ижодини анчадан бери мароқ билан кузатиб келяпман.
Тозагул Жуманова ва қорақалпоғистонлик Одилбек Латипов мен учун 2019 йилнинг кашфиёти бўлди.
Зебо Зейнур фантастика жанрида, Фарҳоджон Эргашев эса фэнтези ва мистика жанрида яхши ижод қилишяпти.
Жавлон Жовлиевнинг биттагина ҳикоясини ўқиганман, лекин шунинг ўзи яхши ёзувчилар рўйхатимни биттага кенгайтирди.
Ишлаш ва ўқишдан ташқари ажойиб эртаклар ёзишга ҳам вақт топаётган Саид Камол (Саидкамол Насруллаев)нинг яхши болалар ёзувчиси бўлиб етишишидан умид қиляпман…»

               Нодирабегим ёзиб олди.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting