Шерзод Ортиқов. Шеърлар

0
416
кўришлар сони

Сенга очиш мумкин бўлсайди,

Юрагимни журъатим етиб.

Балки бахтни ҳис килармидим,

Шунда илк бор ғуссамни енгиб.

Топар эди аниқ зўр ором,

Вужудим  ҳам  нафасин ростлаб.

Йиллар бўйи тинчлик бермаган

Хотиралар, ўйларни ҳайдаб.

Аммо бундай бўлмаса керак,

Бахт соғинчи энтиктирса-да.

Чунки оғиз жуфтлар эканман,

Журъат етмас сўнгги лаҳзада.

              *** *** ***

Кўрсам эди бир мартагина,

Фарзандимнинг қадам ташлашин.

Йиқилганча ҳар қадамида,

Деворларни ушлаб туришин.

Қолмасмиди дейманда шунда,

Юрагимда ҳеч қандай армон.

Менга ҳечам алам қилмасди,

Куним битган пайти берсам жон.

Лаънатлашни бас қилармидим,

Қисматимни куйиб ва пишиб.

Юрмас эдим ҳеч ҳозиргидек,

Бундай чуқур асабийлашиб.

Бахтсиз ўтган болалигимнинг,

Жароҳати тузалармиди.

Ушалмаган орзулар бир кун,

У туфайли ушалармиди…

Бунга баъзан келар ишонгим,

Барча нарса Худодан, тўғри.

Кундан-кунга аммо бўш умид,

Кетяпти-да шошиб илгари.

  *** *** ***

Дадамга

Дада, балки эсингиздадир,

Бирга шахмат ўйнардик олдин.

Аччиқ қаҳва хўплаган ҳолда,

Ҳар кун кечки овқатдан кейин.

Ютқазардим сизга ҳар сафар,

Қайси рангда мен дона сурмай.

Эплолмасдим ҳатто дурангни,

Ишлатсам-да, ақлимни тинмай.

Иш бермасди олган билимим,

Характери оғир Фишердан.

Ютардингиз мени барибир,

Жуда катта устунлик  билан.

Токчангизда турар бугун ҳам,

Хануз ўша шахмат доскаси.

Ўзгармаган ҳеч ери унинг,

Йўқолмаган бирор донаси.

Давомида ўтган йилларнинг,

Ўзгарганмиз иккимиз фақат.

Эндиликда иккимизда ҳам,

Ҳеч нарсага топилмайди вақт.

           ***  ***   ***     

Ўзгарибди қадрдон кўча,

Бориб кўрдим бугун эрталаб.

Ўзгарибди ундаги ҳар бир,

Дарахт эрта келган куз сабаб.

Тўкилишиб сарғайган барглар,

Жон беришар оёқ остида.

Баъзилари хайрлашишар,

Ҳаёт билан ариқ бўйида.

Улар учун гўр қазиётган,

Фаррош қариб қолгандек худди.

Сочларида кўпайибди оқ,

Қўлларида титрар супурги.

Кўринмади у ердаги ит,

Бўш турибди жойида лаган.

Қозиғига унинг боғичи,

Қўл учида илиб қўйилган.

Иссиқхона биносининг ҳам,

Қурилиши дарҳол битибди.

Келмас ҳечам у ердан дағал,

Усталарнинг овози энди.

Фақатгина сенинг иш жойинг,

Ўзгармабди бўлса-да бир оз.

Деворининг айрим жойларин,

Тўкилибди шувоғи, холос.

Доимгидек эшиги ёпиқ,

Деразага тортилган парда.

Узоқ муддат қаровсиз қолган,

Гуллар сўлиб ётар токчада.

  ***  ***   ***  

Сўнгги лаҳзам  яқин шекилли,

Бош чайқади бугун врач ҳам.

Сув узатди гапирмасдан жим,

Қилиш учун мени  хотиржам.

Келишини ўйлардим бу кун,

Зўрайганда ҳар сафар дардим.

Фақатгина бунчалик яқин,

Қолганини кутмаган эдим.

Биласанми, сени ўйладим,

Ташхисдан сўнг биринчи бўлиб.

Кўзларимда жимирлади ёш,

Қорачиғим ичига тўлиб.

Суратингга тикилдим узоқ,

Ичим ёниб, хўрсиниб оғир.

Кечир, деган сўзни такрорлаб,

Пичирлади  лабларим бир-бир.

Қўлларим-чи, силай бошлади,

Сочларингни  титраб оҳиста.

Юрагимдан рози бўл деган,

Нидо чиқди отилиб тезда.

Иродаси шу экан одил

Яратганнинг, иложим қанча.

Бу ҳаётга мен-ку тўймадим,

Сен яшагин унда тўйгунча.

           ***  ***   ***     

Табиатим оғир cенингча,

Айнан шундай ўй-фикрдасан.

Мумкин эмас тасаввурингда,

Тил топишиб яшаш мен билан.

Биласанми, бошқалар каби,

Олдин қувноқ юрардим мен ҳам.

Ташна эдим ҳаётга анча,

Орзуларим эди бир олам.

Билганимда, айниқса ота

Бўлишимни хурсанд бўлгандим.

Суратини кўриб боламни,

Тўлган эдим бахтга лиммо лим.

Кейинчалик нима бўлди-ю,

Нобуд бўлди қувончим, эсиз.

Кўрмадиям ёруғ дунёни,

Билолмадим ўғилмиди-қиз.

Шу-шу, мана  Худо берган кун,

Кемиради бу дард ичимни.

Қаритади кун сайин тезроқ,

Оқартириб бевақт сочимни.

Юк бўлади бировнинг гапи,

Азоб берар суҳбат-мулоқот.

Кўринади оқ-қора рангда,

Сен мақтаган манави ҳаёт.

***  ***   ***

Ҳамон бўм-бўш мен ётган бешик,

Пардаси сал тортиб қўйилган.

Овоз келмас ундан ҳеч қандай,

Ўтса-да кўп  йиллар орадан.

Қўлим бормас қимирлатишга,

Уни секин четидан  тутиб.

Не иложки иримга кўра,

Бўш бешикни бўлмас тебратиб.

Мумкин фақат унинг ёнида,

Жим ўтириш тонг отгунича.

Пайдо бўлган кўздаги ёшни,

Алам билан артиб ўғринча.

Етти йилдан бери шу аҳвол,

Бир хилликда ўтади кунлар.

Қалбимдаги  хорғин умид шу,

Бешик билан кексайиб борар.

Тўхтамайман умид қилишдан,

 Бир лаҳзаям шунга қарамай.

Қайсарман-да , енга олмайди,

Зарб берса-да тақдир аямай.

Шунга балки  бешикдан ҳануз, 

Истамасман бўлишни халос.

 Келмас сира ажралгим ундан,

Келмаса-да  ҳеч қандай овоз. 

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг