ЭНГ КУЛГУЛИ КОМЕДИЯ

0
505
кўришлар сони

эссе

Мактаб давримни ўз ичига олган тўққиз йиллик таълим жараёни мобайнида орқамдан фақат бир марта отамни мактабга чақиртиришганди. Аниқ эсимда: ўшанда олтинчи синфда ўқирдим, ўқишим чаккимас, тарбия ва хулқимда ҳам тезобликни ҳисобга олмаса бирорта ножўя жиҳатлар кўзга ташланмасди. Отамни чақиртиришганига сабаб бошқа эди.

— Фарзандингизни бошқа мактабга ўтказинг, илтимос,- деганди ўшанда директор ўз хонасида отамга юзланиб дабдурустдан.- Унда радикаллик кайфияти бор.

Отам ҳеч нимага тушунмай, унга саволомуз қараганида ўша ерда ўтирган татар миллатига мансуб рус тили ва адабиёти ўқитувчимиз орага қўшилганди.

— У китобларда ёзилган кўп нарсаларни инкор қилади. Масалан, кеча рус тили ва адабиёти дарсида Есенинни ўз жонига қасд қилганини инкор қилиб, уни қасддан ўлдиришганини таъкидлади ва синф ичида дарслик китобини ёзганларни ёлғончига чиқарди.

Бу гапдан кейин отам ўзини изза бўлгандек ҳис қилиб, аччиқ устида қулоғим остига тарсаки тортиб юборганди. Тарсаки кучидан шанғиллай бошлаган қулоғимни ушлаб бир директорга, бир ўқитувчимизга қарарканман, уларнинг юзларида ўз ифодасини топган қониқиш ҳиссидан ҳайратга тушгандим. Ўшанда илк марта ўз шахсий фикрим учун жазоланган, қолипларга солинган ва шаблон ичидаги оммавий фикрдан четга чиқиш нақадар азоб беришини деярли она сути оғзидан кетмаган бола бўлсам-да, чуқур англагандим. Директорнинг хонасидан чиққач, автобусдаги тиқилинчда тик турган ҳолда кетаётган отамга пастдан қарарканман, қулоғим ҳануз шанғиллар, ундаги оғриқ қолган бўлса-да, қўлим билан уни маҳкам ушлаб олган, таъсирчан қалбим вайронага айланган кулбани эслатарди. Отам билан орқама-орқа уйга келгач, ўша куни кечаси билан ухлолмагандим ва алам устида тонггача “Есениннинг ўлими” деган болаларча ҳаваскорона шеър ёзгандим…

Аммо, бу ўзбошимчалигим учун мени бошқа мактабга ўтказишмади. Ўз мактабимда қолдим. Бу воқеа мендек норасидага шунчалик катта сабоқ бўлдики, кейинчалик еттинчи синфда ҳам, саккизинчи синфда ҳам, мактабни битираётганимда ҳам бошқа ҳеч қачон ҳеч кимга овозимни чиқариб Есенин ҳақида гапирмадим. Жувонмарг бўлган шахсий фикрим ичимдагина собит ҳолда турар, бироқ юрак ютиб бу тўғрида бировга гапирмас, аҳён-аҳёндагина кечалари очиқ осмон остида туриб “Мен Есениннинг ўз жонига қасд қилганига ишонмайман, бу ёлғон, чунки у наздимда ҳаётни севарди” деб пичирлардим. Буни ўн икки ёш бўлишимга қарамай мен ўз ички сезгимга асосланган соф идрок билан англар, шунгадир шоир хусусида шўро адабиётшуносларининг мактабимиз кутубхонасини тўлдириб ташлаган китобларини ўқишни бошласам юрагим сиқилишни бошлар ва йиллар давомида чўчқадек семирган маълум-у машҳур ёлғоннинг бадбўй чиркидан нафасим бўғилиб саҳифаларни варақларканман, ҳеч бир китобни бардошим етиб охиригача ўқимасдим. 

Есенин ҳақида ҳар гал эслаганимда уни ажойиб шоир, инсон сифатида эса пиёниста ва маъсулиятсиз инсон бўлганидан кўра ҳам, биринчи навбатда унинг саҳналаштирилган ўлими борасида хаёл суриб юқоридаги тарзда абгор аҳволга тушар ва қаттиқ ўйга толиб қолардим. Балоғат ёшига ҳам етмаган болакайнинг бошқалар учун ғайритабиий туюлган хулосаси ўша тарсакидан кейин ҳам ўз кучини сира йўқотмади ва мактабни тамомлагач, талабалик давримда ҳам, зерикарли иш фаолиятим давомида ҳам мени сира тарк этмай бот-бот ўзини ёдга солиб турди.

Ўттиз ёшдан ошган бир пайтимда у кутилмаганда мулоҳазаларим орасида жонланиб янаям фаоллашди. Бунинг натижаси ўлароқ, охирги йилларда Есенинни кўп ўқидим. Ўзим ёқтирган “Гўдакликдан маълум ҳар одам” деб бошланувчи шеъридан тортиб аллақачон ёд бўлиб кетган, якуни “Масковнинг бир бурчида эссиз, завол топмоқ чоғи насибам” деб тугайдиган шеъригача, Форс тароналари-ю достонларидан тортиб унча танилмаган насрий асарларигача — бари-барини қайтадан ўқиб чиқдим. Уни кўпинча аслиятда ўқирдим, бу сафар қўшимчасига Эркин Воҳидов таржимасида айрим шеърларини ва Форс тароналарини ўқидим. Шунда ҳам барибир диққат марказимда унинг ижоди эмас, ўлими билан боғлиқ тафсилотлар тураверди ва юрагимда ҳалигача адашиб юрган олтинчи синфда ўқийдиган болакай унинг таржимаи ҳолини ёзганларни яна сурбетларча ёлғончига чиқарди. Орадан анча йиллар ўтган бўлса-да, мен ҳануз унинг ўз жонига қасд қилганини онгли қабул қила олмасдим ва бунга эндиликда оддий ички сезги билан эмас, анча бой ҳаётий тажриба ва билим тўплаган инсон сифатида ёндошардим. 

Бир куни шахсий кутубхонамда мавжуд бўлган, Куняев деган муаллиф томонидан ёзилган “Есенининг ҳаёти” деб номланган китоб билан “Есенин замондошлари хотирасида” деб номланган алманахни қайтадан ўқиб чиқдим. Шу тобда китобнинг мазмунини, шоирнинг асосан катта ёшдаги ихлосмандларига ёд бўлиб кетган ҳаёти билан боғлиқ тафсилотларни қаламга олмоқчи эмасман. Шунчаки ўша китобларда ҳаммаси ажойиб ёритилганини таъкидламоқчиман. Ҳаммаси ажойиб ёритилганди: Есениннинг болалиги, унинг илк шеърлари, Рязандан Москвага келиши, Москвадаги ижодий ва қарама-қаршиликларга тўла ҳаёти, Мариенгоф билан дўстлашиши, раққоса Айседора Дункан билан танишиши, Тошкентда ўтказган йиллари, Европа ва Америкага саёҳатлари ва ҳоказолар. Иккала китобни — улардаги воқеалар баёни ва шоир замондошларининг хотираларини ўқиш кишига мароқ бахш этарди. Буни инкор қилмайман. Бу завқни мен ҳам неча марталаб ўзимда ёқимли тарзда туйгандим. Бироқ, якун… Якун яна мени ўйга толдирди. У ҳар доимгидек бир хил ва ишонарсиз эди: 

“Есенин “Анлглетер”( ҳозирги Интернационал) меҳмонхонасида ўз жонига қасд қилди”. 

Мен ортиқ бу хулосани қабул қила олмасдим. Шу тариқа фурсат ўтган сари ўсмирлигимда тамал тоши қўйилган Есениннинг ўлими билан боғлиқ тафсилотларга ишончсизлигим бир томондан ҳаётий тажрибам кўмагида кундан кунга мустаҳкамланиб борар, бошқа томондан хулосамни пишитишда шўролар тизими тугатилгандан кейин шоирнинг ватанидан бизга мутассил узатилиб туриладиган телеканалларда тайёрлана бошланган кўрсатув ва кинофильмлар, оммабоп даврий ва электрон нашрларда берила бошланган материаллар, кетма-кет нашрдан чиқа бошлаган китоб ва рисолалар муҳим роль ўйнашарди. Россиялик янги адабиёт дарғалари, криминалистика мэтрлари, суд экспертиза етакчилари шоирнинг ўлими билан боғлиқ ўзларининг илм-фан ютуқлари билан теран суғорилган, янги далилларга асосланган версия ва қарашларини омма эътиборига тақдим этишар ва буни мен ҳам четдан туриб ҳаяжон ила ўқир, кузатардим. Ўқиб ва кузатганим сари уларда мен ўсмирлигимда ички сезгимга таянган ҳолда билдирган шахсий фикрим билан уйғун, туташган таниш манзараларни учратиб, хўрсинганча ўшанда сираям радикал болакай бўлмаганимни тан олар, йиллар давомида ўша тарсакидан тошдек қотган қулоғим қандайдир енгиллашар, мактабдан ҳайдалмаслик учун юрагимнинг тубига кўмган ўша хулосамни энди пичирлаб гапиришнинг ҳожати қолмаганидан қувонардим…

 Шу тобда шоирнинг ўлими тўғрисидаги янги қарашларни ўз ичига олган фикрларни ҳам ёритиб ўтмоқчи эмасман. Есенин танасидаги унга жисмоний куч ишлатилганлигидан далолат берувчи белгилар, у ўзини осган деб қарорга келинган хонадаги шифтнинг баландлигини тўрт метрдан юқори бўлганлиги ва унга ўша пайтда хонада мавжуд бўлган бир ярим метрли тумбани қўйиб устига чиққанида ҳам шоирнинг бўйи етмаслиги (уни бўйи бир юз олтмиш саккиз сантиметр эди) ва ҳоказолар ҳақида эндиликда нафақат адабиёт аҳли, балки кўпчилик хабардор бўлиб улгурган. Шунчаки уларни ўқиб қандай аҳволга тушганимни, нималарни ҳис қилганимни айтяпман, холос. 

…Бу маълумотларни оқшом пайтлари ёзув столимдаги чироқ ёруғида ўқирканман, шундоқ ёнимда гўё қизариб кетган қулоғини ушлаб олган олтинчи синф ўқувчиси пайдо бўлар ва у ҳам менга қўшилиб ҳар битта сатрни ҳижжалаб, маъно-мазмунини узоқ таҳлил қилиб ўқир ёки телевизордаги кўрсатув ва кинофильмлардан кўзини бир лаҳзага бўлсин узмай, диққат қилиб кўрар, вақт ўтган сари эса уни ҳам, мени ҳам беихтиёр кулгумиз келарди. Ана шундай кезларда Мольер ёки Гоголнинг бирорта комедияси рўпарамдаги деворда саҳналаштирилаётгандек бўлар ва мен актёрларнинг ҳар битта диалоги ёки репликасига ҳам кулаверадиган тентак томошабиндан фарқ қилмаган тарзда ўз ҳолимча тинмай кулардим. Есениннинг ўлими билан боғлиқ янги маълумотлар ёнимдаги радикалга чиқарилган болакайнинг мусаффо шуурида бир замонлар зуваласи пишган, гўдакнамо сезгиси билан қоришган, ҳозирга кунга келиб ҳақиқатга айлана бошлаган кўнгил иқрорини тасдиқлашга уринаётгани ва шўролар пайтида одамларнинг онгида етмиш йилдан ортиқ муддат яшаб келган зўраки ҳақиқатни чилпарчин қилиб, оёқ остига узала ташлаётгани орқали юрагимга алланечук ажойиб тантана руҳини сингдирар, ўзимни қанча тутишга уринмай, бу руҳ мени жиддийликка сафарбар қилиш ўрнига фақат кулишга мажбур қилар, оқибатда орадан йигирма йил ўтгач эҳтимол ҳозирда нафақага чиқиб кетган мактабимиз директори ва Абдулла Ориповнинг “Зомби” деб номланган шеъридаги қаҳрамонни ёдга солувчи рус тили ўқитувчимизни кўз олдимга келтириб нуқул хохолаб кулардим. Қизиқ, улар ҳам Есенин ўлими ҳақидаги юқоридаги янги маълумотларни ўқишдимикин? Миллий телеканалларимиздан кўра ҳам бизда кўп кўриладиган собиқ Катта оғанинг телеканаллари орқали бу суиқасд ҳақида тайёрланган янги мазмундаги ва пухта далиллар билан қувватлантирилган аҳамиятга молик кўрсатув ва кинофильмларни кўришдимикин? Кутубхоналарда шўролар пайтида чиққан китобларнинг ёнига устма-уст қўйилаётган, эркин нашр қилинган, тегишли жойлардан буюртма қилинмаган китобларни қўлларига олиб бир варақлаб кўришдимикин? Энди уларнинг мафкурадан бир қадам ҳам четга чиқмаган ҳолда шаклланган ва ўзгаришга чанқоқ бўлмаган тафаккурларида олтинчи синф ўқувчиси эмас, бутун бошли жамият, балки бутун дунё радикалга, радикаллардан иборат катта гуруҳга айландимикин? Кулгу аралаш шу ўйлар ҳам кўнглимдан ўтарди. 

Ўша куни эртасига ўзим ўқиган ўрта мактабга бордим. Мактаб сира ўзгармаган, фақат унинг атрофини ўраб турган панжаралар янгитдан бўялганди. Унинг дарвозасидан папкаларини елкалари оша ташлаб олган ўқувчилар ичкарига киришар, уларнинг айримлари ҳовлида давра қуриб ўйин ўйнашга тушишар, айримлари мактаб биносининг эшигидан у ердаги ёнма-ён жойлашган хоналарга тарқалишарди. Мактаб директорининг хонаси иккинчи қаватда жойлашган бўлиб, унинг деразаси мактаб ҳовлисига қараган, дераза ойналарига ҳозир ҳам ўша пайтдагидек сутранг парда тортилганди. Машинамнинг ичидан ёғаётган оппоқ қор учқунлари аро ўша ерга ўйчан назар солиб ўтирарканман, бизнинг пайтимизда худди қатлгоҳни эслатган ўша хонада мактаб директори ҳам, рус тили ва адабиёти ўқитувчиси ҳам энди мабодо бирорта ўқувчи Есенинни ўз жонига қасд қилганини ёлғон деб ҳисобласа, уни ҳечам радикалга чиқармасликларини, зудлик билан унинг отасини мактабга чақиртирмасликларини ва изза бўлган отаси томонидан унинг қулоғи остига тарсаки тортилишини қониқиш билан кузатиб ўтирмасликларини ич-ичимдан ҳис қилардим…  

Шерзод Ортиқов

Аввалги саҳифаАСКАР. МИТТИ ҲИКОЯЛАР
Кейинги саҳифаСУВ
УЛАШИШ

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг