АСКАР. МИТТИ ҲИКОЯЛАР

0
185
кўришлар сони

УСТУН

Сочимни олдириб келдим. Тап-тақир бошимга разм солиб отам хўрсинди.

– Кетяпман, дегин.

– Кетяпман, ота.

– Қаергалиги маълум бўлдими?

– Маълум. Афғонга дейишяпти. Яна… ким билсин?

– Совуқ хабарнинг ёлғони бўлмайди. Демак, урушга кетяпсан…

Отам бошини сарак-сарак қилди. Оғир уҳ тортди – ўпка-жигари узилиб кетгандай иҳради: «Ҳой бола-я, ҳой бола…» Ичидан бир иҳроқ отилди. Устунга суяниб, менга тош қотиб термилиб турди.

– Отамни уруш ўлдирганини биласан-а, – деди ниҳоят. – Уч ёшимда етим қолдим. Отам мени етим қилди. Лекин, лекин сен мени етим қилма, болам… – Отам ўпкаси тўлиб ўкириб йиғлаб юборди.

Оёқ-қўлим бўшашиб, силлам қуриб супага ўтириб қолдим.

Назаримда, шу устун бўлмаганда отам қулаб тушарди. Назаримда, шу устун отамнинг бошидаги осмонни ҳам суяб турарди.

Урушга кетдим. Ўт-олов, ўқ ичида саргардон кезларимда қулоқларим остида бир ялинч жаранглаб турди: «…Сен мени етим қилма, болам!..» Госпиталда тиғ остида ётганимда ўша илтижо жаранглади: «Сен мени етим қилма, болам…»

Даҳшатли жанглар олдидан Парвардигорга ялиндим: «Эй, худо, ўзинг асра, мен ўлмайин, отам етим қолмасин…»

Мен қайтдим. Мен бир урушни кўрдим. Отам икки урушни – мен ва отаси туфайли икки урушни кўрди. Тўғри, урушнинг катта-кичиги бўлмайди. Фақат бир нарса таскин беради: «Менинг урушим» отамни етим қилмади.

Худога шукр, отажоним ҳаёт! Умри узоқ бўлсин, саксон ёшга қараб юряпти. Ҳовлимиз ўртасида ўша устун ҳали ҳам турибди. Яқинда мен устун атрофига тўртбурчак қилиб одам бели баробарида мармар девор тортдим. Мен бу ишни энди ҳеч ким устунга суянмасин деган ўй билан қилдим. Чунки устунни ағдариб ташлашга журъатим етмади. Чунки у оғир кунда отамни суяган эди, мен отамга устун бўлолмаган кез устун отамга бир ўғилдай суянч бўлган эди.

Қўчқор Норқобил

СЎНГГИ ТАМАКИ

 Фашистлар билан узоқ ва аёвсиз жангдан сўнг у ва оёғидан ўқ еган яна бир аскар омон қолди. У аскарнинг қўлини елкасига ташлади-да, ўрмон оралаб анча йўл юрди.

 – Шу ерда бироз нафас ростлаб олайлик, буёғи яқин қолди, — деди у қуюқ ўрмон ичкарисига кириб олгач, улкан қарағайнинг тагига чўккалаб. – Исминг нима?

 Аскар оғриқдан юзи буришиб, зўрға жавоб берди.

 – Сергей.

 – Меники эса Содиқ. Бир пас чида, бу ёғига оз қолди. Эшитяпсанми?

 Аскар жавоб бермади. Уни “Наҳотки шу гадойтопмас ўрмонзорда итдай ўлиб кетсам!” деган ўй қийнарди.

 – Тамакинг борми? – деди Содиқ анча хотиржамлик билан.

 Аскар чўнтагидан тамаки чиқариб, унга узатди.

 – Бу ёғи оз қолди, хавотир олма, етиб оласан, – деб Содиқ тамакини чуқур тортди-да ёнига ағдарилди. Ўқ унинг биқинини тешиб ўтганди.

Байрам ОҒА

УРУШДАН ҚАЙТГАН АСКАР

Сочларига оқ тушган, юзлари доғли бир кампир эшикдан кўзини узмай деди:

—Болам, йўлларингга зор қилдинг-а, қачон келасан, интизорликдан толдим-ку…

Йигит эшикдан кириб келар экан, онасининг олдига шошилди. Қўлтиқ ҳасса ҳалал бермасайди, унинг ёнига яна ҳам тезроқ келарди.

Дониёр ҚУРБОНХЎЖАЕВ

Ваъда

Йигит қизнинг қўлларини маҳкам ушлади:
—Кел, бир — биримизга ваъда берамиз! 
Қиз кўзлари ёшланди: 
—Розиман!
—Кутасанми?
—Кутаман. Қайтиб келасизми?
—Албатта…
Аскар сўнгги нафасини олар экан, қўйнидан суратни чиқариб қуролдош дўстига узатди: “Қайтиб борсанг уни топ. Мени кечирсин. Ваъдамни бажара олмадим”.
Аскар ўлди. Дўсти қизни излаб йўлга тушди. Уни ахтариб топганида суратдаги қиз аскарнинг хабаридан кўзлари чақнаб кетди: “Фақат сиз ваъдангизда турибсиз! Раҳмат!”

Нурияхоним Улуғбек қизи

—Қайтишга ваъда беринг, — ёлворди қиз.

—Қайтаман, — ишонтирди йигит.

Шу тариқа қиз кутишга, аскар йигит омон қайтишга аҳдлашдилар.

Дайди ўқ йигит аҳдини бузган бўлса бетизгин йиллар қизнинг ваъдасини бажаришга мажбур қилди.

Кувончбек Каримов

АСКАР

Она жангга кузатаётган ўғлини “бошинг тошдан бўлсин”, деб дуо қилди.

Ҳайкалтарошлар қаҳрамоннинг ҳайкалини ноёб тошдан ишлашга келишиб олишди!

Нуриддин ЗИЁ

ИНСОНИЙЛИК

Қонли уруш миллионаб инсонларни ҳаётдан олиб кетди. Кўплаб оилалар боқувчисиз қолди. Яшаш оғир эди.

— Мен қайтдим, — деди йигит қизни қўриши билан елкасидаги йўл халтасини ерга отганча, қўлларини икки ёнга ёзди. — Азизам!

Қиз қайрилиб қарадию, эсини йўқотаёзди. Наҳотки у қайтган бўлса? У тирик! Қандай ажойиб… Қиз бир неча сония жойида қотиб турдида, ўзини йигитнинг қучоғига отди.

— Худога шукур, — деди у кўзларида ёш билан. — Омон экансиз!

— Сенга бўлган муҳаббатим бор экан, бизни ҳеч ким айира олмайди.

— Сизни тўрт йил кутдим, — деди қиз ва ногоҳ кўзлари йигит етаклаб келган болаларга тушди. — Уйландингизми? Мен эса сизни кутиб… — деди ранги оқариб.

Йигитнинг юзларига ажиб бир табассум югурди.

— Менга сендан бошқаси ҳаром. Болаларга келсак, буёғи ўзбекчилик. Кўчада бошпанасиз юрган экан, индамай ўтиб кетишга кўзим қиймади…

Шаҳзод Эргашалиев

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг