эссе
Ўшанда ўн саккиз ёшда эдим. Институт аудиториясида, банкни қандай қилиб муваффақиятли бошқариш хусусида домла маъруза ўқир, мен эса биринчи партада Лев Толстойнинг мактублар тўпламини ўқиб ўтирар, домла билан сира ишим йўқ, у нима ҳақда гапираётганига эътибор қаратмас, маърузанинг зарур жойларини ҳам дафтаримга қайд этмас, улуғ адиб мактубларининг ичига кириб кетгандек, китобдан бошимни кўтармасдим.
— Шерзод, Толстойни кечқурун ётоқхонада ўқийсан,- деди бир пайт домла ёнимга келиб.
Шунда худди уйқудан уйғонган одамдек кўзларимни бир ишқаб олиб унга қарадим. У қўлига маъно-мазмунини ўзи ҳам тушунмайдиган, рус тилида нашр этилган, ҳорижлик иқтисодчилар томонидан ёзилган китобни ушлаб олганди.
— Домла, — дедим бир унга, бир қўлидаги китобга қарарканман. — Бирортаси юзингизни ўнг томонига урса, унга чап томонини ҳам тутиб берармидингиз?
Бундай ғалати саволимдан ўшанда домла тугул бутун аудиториянинг яхши маънода мазаси қочганди. Шундан сўнг домла гуриллаб кўтарилган кулгу остида энсаси қотганча мени дарсдан ҳайдаб юборган, сўнг семестр якунида қониқарсиз балл қўйиб, юқори тоифадаги стипендияни олмай қолишимга сабабчи бўлганди.
Бу саволимга ўша кезлари домладан ташқари бошқалардан ҳам жавоб ола билмагандим. Кейинчалик талабалик давримда бу саволни яна неча кишига бердим — аниқ билмайман. Сон-саноқсиз кишиларга бердим: Отамга, амакимга, қўшниларимга, таниш дўстларимга, юқори ва пастки босқич талабаларига… Бу рўйхатни исталганча давом эттириш мумкин.
Уларнинг айримлари бу саволга жавоб беришмади. Кулишди, мени жиддий қабул қилишмади. Айримлари ҳозиржавоблик билан ва бир сония ўйлаб ҳам ўтирмай, “дарҳол жавоб қайтарардим”, дейишди. Мулоҳазали ва кўп китоб ўқиганлари эса “бу мутлақо мантиқсиз, инсон табиатига тамомила зид гипотеза”, деб жавоб беришди. Умумий хулоса қилганимда, уларнинг бирорталари Толстойнинг наздида инсоният маънавий таназзулини бартараф этиши ва чирк босган дунёни қутқариши лозим деб топилган Инжилнинг ёвузликка қарши куч ишлатмаслик таълимотини заррача ижобий томонини кўришмади, аниқроқ айтадиган бўлсам, ҳеч бири юзимнинг чап томонини ҳам тутиб берардим, дейишмади.
Талабалик даврим ва ундан сўнг ёшлигимнинг катта бир қисми шу саволга жавоб топиш билан, Толстой томонидан идеаллаштирилган юқоридаги Инжил таълимотини идрок қилиш ва мағзини чақиш билан, шу мазмундаги турли хил китоб ва рисолаларни мутолаа қилиш билан ўтди. Аммо ўша йиллари саволимга китоблардан ҳам, ҳаётдан ҳам жавоб топиш асло насиб этмади, қалбимдаги у орқали юзага келган довул, пўртана босилмади, ўзимни охири кўринмайдиган уммон ўртасида чайқалиб турган кемадек сезавердим. Ҳатто баъзида шундай пайтлар бўлардики, тасаввуримда Сфинкс жумбоғидан кўра ҳам унга жавоб топиш мушкулроқдек туюлган бу саволдан чарчаб кетиб, ўзимниям у билан сўро-қа тутарканман, беихтиёр мен ҳам жавоб қайтарардим, юзимнинг ўнг қисмига кимдир урса, унга чап томонини асло тутиб бермасдим, деган хаёлдан ичим ларзага келар, Толстойни бу борада тушуна олмаётганимдан теран қайғуга шўнғиб, ўқиётган китобимни алам билан ёпиб қўяр ёки унинг очиқ турган саҳифасига бошимни яқин келтириб оғир-оғир нафас олардим.
Орадан пича вақт ўтгач яна ҳеч нима бўлмагандек дилимни ўртаган мазкур таълимот кенгликларига қайтардим. Ҳа, қайтардим. Шуни қайд этишим лозимки, қайтиш ҳар сафар жудаям оғриқли бўларди. Шунчалар оғриқли бўлардики, мунофиқларга тўла жамият ирганган Аннага қўшилиб ўзимни лаънати релслар устида юрадиган поезд остига ташлаганимда ҳам, семиз Безуховга ўхшаб уруш даҳшатларидан баданимдаги тукларим ҳурпайганида ҳам, соддадил Левиннинг ортидан тенгсизлик деган бало сабаб бошимни қуйи солиб изтироб чекканимда ҳам, олифта Нехлюдов эмас, худди ўзим бечора Масловани бадном қилгандек ўлиб тирилганимда ҳам ва ниҳоят асосли фикр билдирмай, шунчаки Толстойга кўр-кўрона тақлидан масхарабоз Шекспирни танқид қилганимни тушунганимда ҳам қалб оғриғи ўша дамдагидек ҳаддан зиёд залворли ва шиддатли кечмаганига иқрор бўлардим.
Галдаги оғриқни ўзимда туярканман, бора-бора унга дош беролмай овозимни чиқариш даражасида инграб юборишим мумкинлигини, унинг бетиним давом этиши асносида кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетишини тахмин қилар ва бундан бутун борлиғим ит азобида ғам-андуҳга қоришиб пинҳона эзилардим. Толстой ижодидаги ёлғиз шу таълимот — гина мураккаб ва зиддиятларга бой борлиғимни остин-устун қилар даражада кетма-кет руҳий зарбалар билан кўз очтиргани қўймас, унинг ёстиқдек рўмонлари, хасби ҳол кўринишидаги қиссалари ва ихчам ҳикояларидаги мавзу-ю кечинмалар ҳам, ижтимоий руҳдаги сара мақолалари ҳам, тавба-тазарру сифатида ёзилган бадиалари ҳам каминага таъсир даражаси ва кўлами борасида у билан ҳеч рақобатлаша олмасди.
Ўттизни қоралаш арафасида бу таълимотни сал унутгандек бўлдим, чунки Жойс, Кафка, Фолкнер ва Камюларга қизикишим ортди. Бу утопия монанд таълимот Толстой талқинида бўладими, бошқанингми — охири менда пессимистик қарашни шакллантирди. Ўзим учун гўё тепадан юборилган тавқи лаънатга айланган саволга ҳа ёки йўқ деб жавоб топишга эрина бошладим, буни иложиси бор-йўқлигини тан олишдан ўзимни олиб қочиш ёки панага олиш учун турли баҳоналар тўқишга киришдим. Толстой ёпишиб олган бу таълимотнинг мантиқсизлигини инкор қилиш учун юзлаб одамлар билан ёқалашдим, уларни юзига мушт туширдим, улардан мушт қабул қилиб олдим, жанжаллашдим, тантана қилдим. Тасдиқлаш учун ҳам кўп нарсалар қилдим: ишдан ҳайдашганларида индамадим, ортимдан кулишганларида бирга кулдим, қарзини қайтармаганларга қайтиб-қайтиб қарз бердим, бировнинг хотинини йўлдан урганларни елкасига зўр деб қоқиб қўйдим, чет элдаги ватангадоларга ҳайриҳоҳлик билдирдим. Охир-оқибат ундан қўлимни ювиб қўлтиғимга урдим, саволга жавоб топиш жараёнидан хафсалам том маънода пир бўлди ва Кафканинг Замзаси ёки Камюнинг Мерсоси билан яшай бошладим…
Икки минг ўн тўққизинчи йил якунланаётган бир паллада негадир яна шу таълимот ҳақида эсладим, овқат пайтида ҳам мени тинч қўймайдиган турли-туман мулоҳазаларим орасига унинг таниш ёди суқилиб кирди ва бир пасда ўзини эслатди. Қандай у эсимга келди — билмайман. У хақида беш йилдан бери умуман ўйламай қўйгандим, деярли унутгандим… Ўттиз биринчи декабрь куни яна ўйладим, яна у фикру зикримни бутунлай эгаллаб олди. Телбалик шундайми? Яқинларимнинг барчаси стол устига ёзилган ва ноз-неъматларга тўла дастурхон атрофида, хонанинг бир бурчагидаги ўйинчоқлар билан ясатилган арчага хурсанд ҳолда нигоҳ ташлашиб, ўзаро эмин-эркин гурунглашиб, девордаги соатнинг қачон ўн икки бўлишини интиқ кутганча еб-ичишиб, кайфиятларини чоғ қилишиб ўтирганларида мен боягина бир чимдим татилган оливье салати таъми оғзимдан кетмай, шахсий кутубхонамда, гилам устига сочиб ташланган Толстойнинг йигирма икки жилдлик асарлари тўплами қуршовида чордана қуриб, унинг мактубларини ўқир, яна шууримни қамраб олган шу таълимот ҳақида ўй суриб, ўша лаънати саволга ё ҳа дейишни, ё йўқ дейишни билмай бошимни қотириб ўтирардим.
— Ўнг юзига тарсаки ёки мушт қабул қилган одам, албатта жавоб қайтаради,- дедим бир пайт асабийлашганча китобларни чертиб-чертиб.- Чап томонини тутиб бермайди ҳеч қачон.
Болалигимда атрофимда айланадиган поезд ўйинчоғим бўларди. Онам унинг релсларини атрофимга ўрнатиб, поезднинг қулоғидаги калитини бурар, шунда поезд атрофимда гир айланар, мен унга термулганча нима бўлаётганини англамас, бир пас ўтибгина қўлларим билан уриб поездни йиқитардим-да, уни бўлакларга ажратиб ташлардим. Айни пайтда ҳам ўша икки яшар гўдакдан фарқим қолмаганди. Атрофимни ўраб олган Толстойнинг жигарранг муқовадаги китобларини неча йиллар олдин гарданимга ташланган ва ундан қутулишнинг имкони гоҳ пайдо бўлиб, гоҳ йўқолган аросат занжирининг юкини кўтаролмай майда-майда қилиб йиртиб ташлагим келар, ҳатто бундан ортиғига ҳам тайёр эдим.
Бошим тинмай ғувилларди. Эндиликда тўлалигича инкорга асослана бошлаган фикримнинг қувватидан у мудом оғирлашиб кетгандек туюлар, бироқ ёвузликка қарши қандай куч ишлатмаслик мумкинлигини ўттиз беш ёшимда ҳам худди ўн саккиз ёшимда бўлгандек тасаввур қила олмаётганим илгаригидек мени азобламас, бошқа бундан ич-этимни еб ёш боладек дод солгим келмас, қўшни хонадан мусиқа, кулгу, яхши кайфият ҳамроҳлигида таралаётган шодон овозлар жамланмаси мени йиллар давомида соям каби таъқиб этиб келган иккиланишлардан холи қилишга уринарди.
— Ахир ёвузликка қарши куч ишлатмаслик мумкин эмас-ку! — давом этдим ёзув столимдаги Толстойнинг Репин томонидан мойбўёқда чизилган портретига назар солиб. — Бу инсониятни маънавий таназзулдан олиб чиқмайди, аксинча янаям таназзулига сабаб бўлади. Ёвузликка қарши куч ишлатилмаса — дунё яралганидан бери шундоқ ҳам кети кўринмайдиган қонунбузарликлар, адолатсизликлар, ноҳақликлар, жиноятлар, қон тўкишлар, урушлар икки-уч бараварга ортиб кетмайдими? Бу таълимот, назаримда хомхаёл, қип-қизил хомхаёл.
Кейин Толстойнинг кутубхонамда мавжуд таржимаи ҳолидаги шу таълимотга бағишланган ерларини, кундалигидаги мулоҳазаларини, унинг ўз издошларига — Чор Россияси томонидан кучли таъқибга учраб, жон сақлаш учун дунёнинг турли томонларига қочиб кетган, таълимотга содиқ бўлган кишиларга ёзган мактубларини қайтадан ўқишга тушдим. Ўқиш давомида соат қандай қилиб ўн икки бўлганини ҳам, кўчадан осмонга отилган мушаклар овозини ҳам, қўшни хонадан яқинларимни янги йил кириб келгани билан бир-бирларини табриклаганликларини ҳам эшитмадим. Аксинча, салкам йигирма йил олдин мени ақлдан оздиришни бошган, мутаасил ўзим билан ўзимни курашга чорлаган, бир оз вақтга унутилиб яна ўз исканжасида қонимни зулукдек ташналик билан ичишга шайланаётган, жаҳон адабиёти тарихидаги энг зўр ёзувчилардан бири томонидан идеаллаштирилган бу мантиқсиз таълимотни тушуниш, онг остимда ниҳоят мустаҳкам қўним топган қимматли хулосамни текшириб олиш билан тўлалигича банд эдим…
Жавонга бошим билан суянганимни биламан — кўзим илинибди. Сезмай ҳам қолибман. Кўзимни очганимда тонг ғира-шира ёришар, деразани бетиним намлаганча ташқарида майдалаб ёмғир ёғарди. Уйда осудалик ҳукм сурар, яқинларим ширин уйқуда, янги йил дастурхони ўз ҳолича турар, хўмрайган осмон остидаги хонадонимизда хотиржамлик ва ҳаловат ҳукм сурарди.
Кийиниб кўчага чиқдим. Кўча ҳам тинч, симёғочлардаги чироқлар ўчирилмаган, яланғоч дарахтларга қўнган қушлар бир-бирининг пинжига кирганча товуш чиқармас, янги йилнинг илк кунида ҳаловатга йўғрилган уйқусидан ҳали турмаган қўни-қўшниларнинг уйлари мўриси атрофга бир маромда тутун пуркарди.
— Тинчлик, хотиржамлик, умуман олганда ҳаловат,- дедим хаёл суриб. — Булар ёвузликка қарши куч ишлатилаётгани ҳосиласи ва натижаси эмасми аслида? Ёвузликка қарши куч ишлатилаётгани, тинмай курашилаётгани, уни тийиб, ортиб кетмаслигига йўл қўйилмаётгани учун ҳам очиқ осмон остида одамлар хотиржам яшашяпти, кечалари ҳаловатлари бузилмай ухлашяпти, юракларига хурсандчилик сиғяпти. Агар ёвузликка қарши куч ишлатилмаса унда парокандалик, тартибсизлик ортади ва энг асосийси ҳаловат бўлмайди. Йўқ, бу мумкин эмас. Ёвузликка қарши куч ишлатилмаса бўлмайди. Юзнинг ўнг қисмига туширилган тарсаки ёки муштнинг жавоби унинг чап қисми тутилмай сўраб олиниши зарур…
Кутубхонамга қайтиб кирганимда Толстойнинг китоблари ҳануз гилам устида сочилиб ётарди. Уларни қўлимга олиб, бирма-бир жавонга сола бошладим. Орада Толстойнинг мактубларидан биридаги у қатъий таъкидлаган фикри ёдимга тушди:
“Ёвузликка қарши куч ишлатмаслик керак. Шунда ёвузлик йўқолади. Исо ҳам юзингни ўнг қисмига кимдир урса, унга чап қисмини тутиб бер деган”.
Қайтиб-қайтиб бу фикрни пичирлаб такрорларканман, бирдан енгил хўрсиниб қўйдим.
— Узр, Лев Николаевич! Мен бундай деб ўйламайман. Инсон юзи қиммат туради.
Шерзод Ортиқов, 2020.
Men ham chap yuzimni tuta olmasdim. Ayniqsa bugungi zamonamizda… Balki o’sha ta’limot to’g’ridir (aslida meni ham o’ylantiryapti, Tolstoyni o’qishni boshlayman), bu yuzni umr davomida necha yuz martalab tutib berishga to’g’ri kelarkan.
Ассалому алайкум Шерзод Ортиқов ва қадрли ахли илм! 34 га кирган бўлсам ҳам, китоб ўқишни яхши кўриб қолганимга кўп бўлмади. Мактаб давримда қизиқишим катта бўлган, лекин мен ўқишга қизиққан китобларимни ўқишга ёшим тўғри келмаганлиги сабабли рухсат беришмаган. Балки, мени китоб ўқиш маданиятим хақида ўйлаб кўриш ҳаёлларига ҳам келмагандир, балки яна минглаб бошқа сабаблар. Шунга қарамай, китобга меҳрим бошқача… Сизни мақолангизни ҳам сарловхасини кўрибоқ қизиқиб, бир нафасда ўқиб чиқдим. Мақолани ўқиган сарим, ҳаёлларим ўзим китобга берилиб, хатто йўлларда, телефонларга олдиндан юклаб олинган, китоблардан бош кўтармай ўқиган даврларим эсимга тушиб кетди. Сизни саволингизга жавоб тариқасида Мохатма Гандининг ҳаёти ва ижоди билан танишишни тавсия қиламан. Балки, сиз у тарихий шахс ҳаёти билан танишгач, сизни қалбингиздаги туғён бироз тинса ажабмас.
Тўғри қарорга келибсиз. Чунки мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръони каримда ҳам Инжилда айтилган бу ибора нотўғри экани таъкидланган ояти каримани ўқигандим. Афсус, ҳозир айнан қайси сура ёки оят эканини эслолмайман, аммо оятнинг изоҳида худди шу мисол келтирилган ва унинг нотўғри экани айтилгани ёдимда бор.