АДИБНИНГ ВАФОТИ

1
524
кўришлар сони

 янги ҳикоя

Бир марта юрак хуружини енгиб ўтган ёзувчининг кўнглини авайлашарди, аммо у саратоннинг қоқ ўртасида саратондан вафот этди.

Ўша лаҳза, касалхонада унинг ёнида ҳамширадан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ҳамшира ҳартугул, адибни танир, ҳикояларини ўқиган, шу сабабдан бошқа беморлардан кўра унинг ёнида хозир турар, оғзидан бирор сўз чиқармикин деб ҳалак эди.

− Аёлингиз келди, ичкарига кирсинми? – унга берган охирги саволи шу бўлди.

Адиб бошини сарак-сарак қилди. Аммо эшикдан кўзларини узмади.

Фарзандлари етиб келганида у аллақачон рихлат қилганди. Оиласи кўп куйинди: падари нафақат ёзувчи, балки ота сифатида ҳам ўзига ҳайкал қўйишга улурганди. Тобут елкама елка бўлиб, қабристон сари йўл олди. Адибнинг мармарга ўйиб ишланган бюсти илиқ тупроқ узра барча оғриқлардан халос бўлгани учун мамнундек жилмайиб турарди. Унинг қаршисида йиғилганларнинг бари эса кўз ёш тўкар, қабрга гулдасталар қўйишарди. Уни кунда кунора мухлислари йўқлаб келарди. Ёзган асарларини ёдга олиб хомуза тортишарди. Дардчил ёзарди-да раҳматли. Ўзини ҳам қурмағур дард олиб кетди.

Бир куни қабр ёнида бир талай мактублар пайдо бўлди.

− Сизга ёзган, аммо жўнатмаган мактубларим, — деди уларни олиб келган кимса хўрсиниб.

Ўлганнинг орқасидан ўлиб бўлмайди. Кунлар ўтиб бу шумхабарни одамлар унутди, ой ўтиб мухлислари бошқа китоблар ўқий бошлашди, йил ўтиб оиласи ҳам ўз орзу-ташвишлари билан бинойидек яшаб кетишди. Фақат ўша кимса унинг қабрини ҳар куни зиёрат қилишдан, ҳаққига дуо ўқишдан тўхтамади. Қўлидан унинг китоблари тушмасди, ёзган асарлари ёд бўлиб кетганди. Адибнинг руҳи ҳам буни сезди: уни тушларида кўп йўқларди.

Ёзувчининг олтмиш йиллик юбилейи Ижод уйидаги муҳташам залда ўтказилди. Адиб бу ерга кўп марта келган: энг бошида тўгаракларга ҳаваскор сифатида, сўнг ашаддий китобхон, кейинроқ иқтидорли қаламкашга айланди, йиллар ўтиб минбарга чиқиб ижод ҳақда ўз сўзини айтолди, илк китобининг тақдимоти ҳам шу ерда бўлди. Аммо кейинчалик у танилишга, олқишларга, обрўга қизиқмай қўйди. Адабий муҳитдан узоқроқда, тинчликда, сокинликда ижод қила бошлади. Ёлғизликда ёзилган асарлари одамлар меҳрини қозонди. Унга олис-яқиндан хатлар келарди. Хатлар ичида уни ёзишга ундайдиган номалар талайгина эди, аммо улар ичида биттаси азиз эди.

…Бугун мухлисларнинг шу каби мактубларини олиб келган адибнинг рафиқаси унга сўз беришларини ҳаяжон билан кутяпти. Катта зал машҳур ёзувчию шоирлар, раҳматли эрининг мухлислари, зимдан уни устоз деб билган шогирдлари билан тўлган, фарзандлари ҳам олд қаторда оталарини ёдга олаётган ижод аҳлининг эътиборидан мамнун бўлганча фахрланиб ўтиришарди.  

− Раҳматли турмуш ўртоғим адабиёт учун ҳаётини бағишлаган эди, — адибнинг рафиқасига сўз берилгач, у газеталарга берган интервюларидаги ўша ёд бўлиб кетган жумлаларни такрорлай бошлади. — Оиласига ҳам ғамхўр эди. Кечаларни тонгга улаб ёзган қанча романларини бугун халқ севиб ўқимоқда. Ҳа, бундай пайтларда ҳамиша ёнларида бўлардим. Китобларини энг аввало, ўзим ўқиб чиқардим, ютуқ ва камчиликларини очиқ айтардим. Ҳозир ҳам кутубхоналарига қўл теккизганим йўқ, қўлёзмалари шундоқ иш столида турибди, гўё бир кун эшикни очиб кириб келадигандек, тугалланмаган ҳикоясини якунлаб қўядигандек туюлади менга…

Шундан сўнг аёл мухлисларнинг номаларидан сатрлар ўқиб берди. Қарсаклар янграгач, кўзларига ёш олиб жойига қайтди. Қанийди, шу эътибор, шу обрў тириклигида бўлганида эди, хаёл қилди у. Анча яхши яшашган бўлармиди!..

          Бир пайт эшик ёнидаги ўриндиқда ўтирган ғамгин аёлга кўзи тушди. Аёл ҳам унга қараб турган эди, аммо шу заҳоти кўзларини яшириб рўмоли билан юзининг унга кўриниб турган тарафини ёпгандек бўлди. Адибнинг рафиқаси қизаринди. Юрагининг бир чети ғижимланиб, ўнғайсизланди. Қўлидаги хатларни маҳкам қиса бошлади. Иккинчи гал қараганда, ўриндиқда ҳеч ким йўқ эди. У бир оз тин олиб, яна хотира кечасини кузатишда давом этди. Кузатаркан, ҳаётининг бир қисми кино лентасидан кўз ўнгидан ўта бошлади.

***

− Бу ёзганларингиздан бир тийин ҳам фойда йўқ! – аёл жаҳл билан тунги қораламалар устига тап этиб урди. — Сиз ҳам бошқаларга ўхшаб уй солсам, машина олсам, хотинимни чет элларга обориб айлантирсам демайсиз! Билганингиз фақат китоб, ёзганингиз фақат китоб!

У ихчам кутубхонага қараб қўлини бигиз қилди:

− Ош-нон бўладими булар? Ёзувчилар уюшмасига аъзо эмассиз! Сиздан ёшлар аъзо бўлгани қачон эди! Ҳатто шогирдингиз ҳам бугун давраларни тўрида ўтирибди шеър ўқиб!

− У шогирдим эмас, — бепарво жавоб қайтарди адиб.

− Уйимизга келганмиди, китобига сўз боши ёздириб кетганмиди? Биринчи китоби чиққанмиди ўша ерда? Мана, энди аъзо бўлиб сизни чангида қолдириб кетди.

− Омадини берсин.

− Сиз ҳам хужжат топширинг, одам! Нега Дўрмондан дача олмайсиз, нега навбатда туриб уй олмайсиз?! Ёзувчиларга берилаётган имкониятлар фойдаланиб-фойдаланиб қолмайсизми? Битта шеър ёзиб, қиммат мошинали бўляпти одамлар. Нечта китоб ёздингиз шу чоққача? Еттита! – эрининг жавобини кутмай яна шанғиллашда давом этди у. – Нечтаси чиқди? Иккита, холос! Гонорар олдингизми шунга? Йўқ! Нима эмиш, пул учун ёзмайманмиш! Нима кераги бор, унда бу ёзишларни? Ишлаётган рўзномангиз кошки, тузукроқ ойлик тўласа.

Адиб бу гапларни тинглаш ўрнига бош қашиб, қоғозга ёзган жумлаларини ўчириб, қайта ёзишга киришди.

− Жим тур озроқ. Якунини битириб олай.

− Аввал саволларимга жавоб беринг!

У ноилож бошини қоғоздан кўтарди:

− Мен уй олиш, машина миниш учун ёзмайман. Сен барибир тушунмайсан. Агар шу мақсадда ёзганимда… йўқ, тавассур қилиш қийин буни.  Данғиламма ҳовлию, машина керак десанг, эртагаёқ Россияга кетаман. Уч-тўрт йил мардикорлик қилиб топиб келаман шу пулни. Лекин зинҳор, айтиб қўяй, зинҳор сатрларидан мой оқиб турган унақа асарлар ёзмайман, тушундингми мени!

Эрининг аҳён-аҳён чиқиб турадиган жаҳли аланга олаётганини сезган хотин индамади. Бир галги юрак оғриғи уни чўчитиб қўйганди. Ахир фарзандлари ҳали ёш… Эри ҳам бардам, вақти келса бўлар шу данғиллама уй ҳам. У қўлидаги сочиқни бир силтаб ошхонага кириб кетди.

Адиб ўша кеча ухлолмади. Ёзолмади ҳам. У почтасидан хабар кутарди. Шу хабарлар унга илҳом бағишлаб тургани учун айни пайтда, унга жудаям зарур эди. Онда-сонда келадиган бу хатларга адиб жавоб ёзмаган. Шундай бўлсада, хабар тўхтаб қолмасди. Айни керакли, айни муҳтож пайтида почта қутисидаги янги хат ҳар галгидек умид чироғидек порлаб турарди.  

“Азиз адибим!

Сизнинг “Тирик одам” номли ҳикоянгизни яқинда адабий журналлардан бирида ўқиб қолдим. У юрагимга малҳам бўлди. Мендаги иккита китобингиз мундарижасида бу ҳикоя йўқ эди. Қўлимдаги китобингиз бир бўлдию, янги ҳикоянгиз бир бўлди. Романга тенг ҳикоя бўлибди! Бош қаҳрамонда ҳудди ўзимни топгандек бўлдим. Биласизми, мен ҳам атрофга боқиб тирик одамлар бормикин, деб кузатаман. Кўпинча тополмайман. Ҳаммасининг қалби сўниб қолганга ўхшайди. Сизнинг тирик одам эканингизга шубҳам йўқ. Сиз билан сира гаплашмаган бўлсамда, аммо энг яқин дўстимсиз. Илтимос, яна шундай тирик ҳикоялар ёзишда давом этинг. Сизга бу йўлда чидам ва омад тилайман. Хурмат билан О.”

Ёзувчи “Тирик одам” ҳақда эслади. Кўп марта рад этилган бўлсада ниҳоят яқинда босилганди. Уни ёзгунича бир ҳафта ишга боролмай, хонасидан чиқмагани, эвазига хайфсан олгани, хотини эса болаларни эргаштириб уйдан кетиб қолганини эслади. Уларда ҳам айб йўқ. Нима қилишсин, газетага ҳар ҳафта мақолалар, бола-чақасига эса эътибор керак. Ахир улар ҳам тирик одам…

Ниҳоят, у галдаги мактубга жавоб ёзишга қарор қилди.

“Азиз О.

Мактубларингизни доим ўқийман… улар менга ижодий қанот беради. Баъзан ёзишни ташлайман дейману, сиздан “янги ҳикоялар кутяпман”, деган хабар келиб қолади. Яна ёзгим келади…”

У жуда узун ёзди. Ҳамма қайғуларини, изтиробларини қўшиб ёзди. Енгил тортаётганини, ғамлари кўнглидан ариётганини ҳис қилиб ёзди. Мактубни жўнатганида эса тонг отиб қолганди. Кўзларини юмиб бир лаҳза тин олгач, почтасида янги хабарни кўрди. Мактуб мактубларга уланди.

Бир куни адибнинг рафиқаси унинг иш столини чангларини артаркан, очиқ қолган компьютер почтасида “тинг” этиб келган янги хабарга кўзи тушди. Бир талай электрон хатлар асосан бир одам – О.дан келган эди.

“Азиз ёзувчим.

Янги романингизни қисқача сюжетини жўнатибсиз. Биласизми, бош қаҳрамон аёлнинг ўтмиши борасида эътироз пайдо бўлди менда. Аввало, турмуш ўртоғи вафот этиб, китобларга боғланиб қолган бу аёлни жуда чиройли ва хурлиқо тасвирлаяпсиз. Менимча, ғамхўр одамидан айрилган аёл сўниб боради, айниқса кун бўйи китоблар билан сирлашиб ўтирса. Гул-гул яшнамайди. Уни ёқтириб қолган эркак эса биринчи навбатда суратига эмас, сийратига ошиқ бўлиши лозим. Бир кўришдаги муҳаббат ишончсиз нарса. Шу борада ўйлаб кўринг. Истасангиз, аёлнинг руҳий чизгиларини чизишда сизга кўмак бераман. Айтганча, сиз қатнайдиган кутубхонада ишлайман мен ҳам. Сизни бу ерда кўп кўрганман, балки мени танимассиз. Бу сафар ўзимни танитиб, янги асарингиз борасида кўмаклашаман. Фикрларимни эътиборсиз қолдирмаганингиз учун раҳмат. Хурмат билан О”.

Аёл янги келган хабарни ўчириб юборди. Сўнг бамайлихотир ошхонага ўтиб, хаёлчан тарзда овқатланаётган эрига боқди. Аввалгидек тушкун эмас, кўзлари порлаб қолганди. Демак, сабаби аён.

− Мен бирров опамникига ўтиб келаман.

− Тинчликми? -сўради эри.

− Ҳа, бироз тоби йўқ экан.

Аёл кўчага чиқди: эрининг доимий борадиган кутубхонаси шу атрофда эди. Дам олиш куни бино ишламасди. Аммо қоровулдан О. исмли ходимларни суриштирди, ўзи биттагина Омина исмли аёл ишларкан бу ерда. Қоровул ҳам анча зериккан экан, аёлнинг барча саволларига эринмай жавоб бера қолди: Оминанинг эри ўлганини, кўп йиллардан бери шу ерда ишлашини, боласи ҳам йўқлигини, кўп китоб ўқишини, ҳатто тушликда доим нима ейишини ҳам.

Эртасига кутубхона эшиги очилиши билан аёл залда хозир бўлди. Китобхонларга хизмат кўрсатаётган Омина қаршисида унга нафрат билан қараб турган аёлни кўриб чўчиб кетди:

− Ё бугуноқ ишдан бўшаб, эримга хат ёзишни тўхтатасан ёки ҳозироқ дод солиб ҳаммага шармандангни чиқараман!

О. исмли аёл титраганча атрофга боқди: китобхонлар билан тўлган зал, нарироқда кутубхона директори ходимларга нимадир демоқда, бир тарафда ҳамкасб аёллар қўли қўлига тегмай боягина келган янги китобларни жойлашяпти. Кичик жуссаси янада кичрайиб кетди, базўр:

− Хўп, -деб пичирлади.

− Эртага бу ерда қорангни кўрмай, эримга ҳам кўз олайтирма, — аёл вишиллаганча у томон энгашди. Сўнг мағрурлик билан зални тарк этди.

Чиндан ҳам О. кутубхонадан бўшаб кетди. Ёзувчи эса яна аввалги ҳолига қайтди: тушкун ва эзгин. Аёл эрини ўзиники бўлиб қолганидан қувонди. Анчадан сўнг унинг янги романи чоп этилди. Унинг илк саҳифасида “Қадрли дўстим О.га бағишлайман” деган сатрларни ўқигач, аёлнинг таъби бузилди. Эри эса ҳеч қандай тушунтириш бермади. Савол назари билан қараб турган аёлига қараб хўрсиниб қўйди, холос.

Қизиқ, О. бу китобни олиб ўқиганмикин?

***

Ўтмиш хотиралари якунига етганида хотира кечаси ҳам тугаб қолганди. Адибнинг рафиқаси ва фарзандларини катта хурмат билан кузатиб қўйишди. Ёзувчининг портрети илинган девордан ҳадемай бошқа ижодкорнинг сурати жой олади. Баланд қарсаклар, тантанали сўзлар, қўлма қўл бўлган китоблар аро фақат биргина – тадбирни деразадан кузатаётган кичик жуссали аёл ўзини жуда эзгин ҳис қиларди. У бинони тарк этаркан, ортига яна бир назар ташлади.

“Азиз адибим.

Менимча, бу ерда тирик одам йўқ. Яна ким билсин…” –пичирлади у. 

Қўлидаги ўқилавериб титилиб кетган китобини бағрига босганча метрога тушиб кетди.

Нодирабегим Иброҳимова, 2020 й.

1 та изоҳ

  1. Ҳикояда, ҳар бир ижодкор ҳаётининг ҳақиқати ёритилган, тушунишимча, севги метафора, қайсики, ижодкор, адиб, бу дунёдан кўз юмса ҳам, у севгани, уни севгани — ҳақ, доим тирик ва яхши маънода уни таъқиб қилади ва доимо уни эслаб, эслатиб туради…

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг