Эссе
Икки кундан бери Анна ёнимга келмаяпти… Мен тентак ёки шизофреник эмасман. Бу гапим билан албатта, ўзим учун азиз бўлган унинг муқаддас сиймосини назарда тутяпман. У қазо қилганига ярим асрдан ошган. Буни яхши биламан. Ҳаёт деб аталмиш тасодиф ва кўргиликларга тўла театрда у ўз ролини бошқа актёрга топширганига анча бўлган. Қўпол қилиб ёки содда, тушунарли тилда айтганда — у гўрида аллақачон кўкариб чиққан.
Мен шунчаки ҳар куни атрофга оқшом чўкканда, сокинлик тун пардаси билан бирга борлиққа ёйилганда Аннанинг сиймосини тасаввур қилиб, хаёлан у билан суҳбатлашиб вақт ўтказар, шеърият деб аталмиш маънавий озуқа борасидаги оммавий ва урфга айланган, газета ва журналлар саҳифаларини тўлдирган, заминимиз бағрида қуёш чиқиб то ботгунга қадар давом этадиган қизғин ва дилгир гурунглардан чарчаб, унинг ёнида умримни ҳеч бўлмаганда тунга алоқадор бўлган қисмини мазмунли ўтказиб яшашга интилардим. Ёлғон эмас шундай. Алдаб нима қиламан. Бундан менга нима наф? Эсимни таниганимдан бери, адабиёт ва шеъриятга ўзимда ошуфталик, кучли майл ва телбанамо талпиниш ҳис қилганимдан бери Анна ёнимда бўлар, қайсар ва ўлгудек инжиқ юрагимга яқин бўлган унинг шеърлари жамланган китобини қаерга бормай ўзим билан ҳар сафар олиб кетардим. Дам олгани енгилтак одамлар макони бўлган сиҳатгоҳларга бораманми, ҳордиқ чиқаргани ақлдан озган бой-корчалонларнинг эрмагига айланган тоғу тошлар ёки ярим яланғоч эркаг-у аёлга тўлиб кетган суви кўм-кўк, тиниқ кўлларнинг бағригами, ичимда ўзим лаънатлаган касбим бўйича бир тийинга қиммат, фойдасиз ўқув-семинарлар ёки кети узилмайдиган хизмат сафарларига бораманми, қора жомадонимга зарур нарсалар билан бирга албатта унинг китобини ҳам жойлаштирардим. Меҳмонхонанинг ёруғ ва шинам хонасида жомадонни очишим билан Аннанинг ўша менга таниш- устига “Анна Ахматова. Избранные произведения” деб ёзилган, Москвада анча йиллар олдин нашр этилган, сутранг қаттиқ муқовадаги китоби гўёки кулиб қарар, об-ҳавога тақлид қилишдан хезланмайдиган беқарор кайфиятимни кўтарар ва беихтиёр лабларимда ҳазин табассумнинг бир қур намоён бўлишига сабабчи бўларди. Атрофга қоронғу тушиб, мен учун сариқ чақалик аҳамияти қолмаган дунёнинг ташвишлари, юрагимда илиқлик уйғота олмаган марионеткасифат одамларнинг орзу-ўйлари, мақсадлари бир пас мени тинч қўйганида, иш деб аталмиш ҳаётимнинг зерикарли қисмидан ўзимни панага олган кезларимда уни туни билан, гоҳида тунни оппоқ тонгга улаб, қўлимдаги думалоқ соатимнинг бир маромда ва секин чиқиллаши остида кўзларим илингунча қўлимдан қўймасдим, у ердаги хассос ва дилни ўртовчи мисраларни берилиб, ўттиз йилдан кўпроқ муддат давомидаги яшаш жараёнида тўпланиб, бир уюм ахлатга айланган руҳимдаги ғуборлардан покланиб ўқирдим, уларни ўқиш мобайнида дийдаси қаттиқ, муроса нималигини билмайдиган ва ўларча димоғдор деб ном қозонган мен каби банкирнинг кўзларини шашқатор ёш хиралаштирарди…
Уларнинг аксарияти менга деярли ёд ҳам бўлиб кетганди. Китоб ёд бўлиб кетган десам ҳам бўлаверади. Бутун бошли китоб хотирамга муҳрланган. Аннанинг шеърияти таъсирида менда адабий балоғат ва ўзига хос бадиий дид шаклланганини ҳам инкор қилмайман. Бундан ташқари аёл шоираларга баҳо беришда ҳам, уларнинг назмда ивирсиб юриб қилган ишлари билан танишишда ҳам Аннанинг адабий меросига доим суяниб келганман. Янаям тушунарли қилиб айтадиган бўлсам аёл ижодкорлар шеъриятини — у ўзбек адабиётига оид шеърлар, достонлар, сочмалар бўладими ёки жаҳон адабиётига оидми — барчасини севимли Аннамнинг ижодига бўйлаштирар, унинг меросини кўз олдимга келтириб уларни таҳлил қилар, Аннанинг ижоди қайсидир маънода мен учун назм деб аталмиш сеҳрли оламни тушунишда ўзига хос дастуриламал вазифасини ўтарди. Назмнинг канизаклари бўлмиш аёлларни ўқиётганимда ҳеч шубҳасиз, тасаввуримда Аннанинг сиймоси гавдаланар ва шу бўйи бир неча фурсат кетмай ёнимда турарди. Аниқ эслайман. У ёнимда турарди. Ўзидан бошқа шоиранинг китобини қўлимга олишим билан шошилиб, оёғини қўлга олиб ёнимга келар ва кетишни ўйламасдан рўпарамда индамай, бир нуқтага тикилганча турарди. Ёзнинг илиқ кечаларида ҳам, қишнинг узун кечаларида ҳам, баҳор келиб ўрик оппоқ гуллаган кезлар-у хазонрезги бўлиб дарахтларнинг барглари бирма-бир тўкилаётган куз оқшомларида ҳам у ёнимда шундай турарди. Ҳеч қаерга кетмасди. Уйимдаги ўзимнинг севимли шахсий кутубхонамда, дераза олдидаги катта анорранг кресломга чўкиб, онам дамлаб берган аччиқ қахвадан бетиним хўплаганча Марина Цветаеваними, Зинаида Гиппиусними, Габриэла Мистралними, Халина Посвятовскаяними, Фўруғ Фарруҳзодними, Зулфияними ёки қайси бир машҳур бўлмаган, номи чиқмаган шоиранинг китобини қўлимга олсам ҳам у ёнимдан кетмас, маъюс ёки ғамгин эмас, негадир ўзига ишончи юқори бўлган одамлардек мағрур ва виқор билан менга тикилиб турарди.
-Хўш, нима дейсан?- дерди китобни ёпиб қўйганимдан сўнг, қўлларини кўксига чирмаштириб.
Қандай фикрдасан деган саволни у маъшуқалардек шундай қўрслик билан, эркаланиб берарди.
-Уларга муҳаббат қўя олмадим,- дердим қахвадан хўпларканман унга термулиб.- Ёқмади уларнинг ижоди.
Шунда унинг юзига қон югурар, бир нуқтага тикилган кўзлари порлаб кетар, мағрурлик билан қимтиниб турган лаблари жилмаяр ва виқорли сиймоси ёришганча кўз олдимдан оппоқ туманга қоришиб, кўздан ғойиб бўларди. Қулоғим остида унинг саволи бетиним жарангларди:
-Хўш, нима дейсан?… Хўш, нима дейсан?… Хўш, нима дейсан?…
Бу ҳол кўп такрорланарди… Юқорида таъкидлаганимдек мен ҳар гал чиркин фоний дунёдан шеърият билан чалғимоқчи, ҳиссиз одамлар сабаб ҳориган руҳимни у билан тикламоқчи бўлган кезларим Анна ёнимга шошар, мовий кўзларини мендан узмай турар, асабийлашиб бошқа муаллифни ўқий олмаганимни, тарвузи қўлтиғидан тушган одамдек унга илтижоли тикилганимни кўргач, сўнг китоб жавонидан дарров яна унинг китобини қўлимга олганимга эътибор қаратгач, хурсанд бўлганча ва ғолиблардек қадам ташлаб кўздан йўқолар, мен бўлса ичимда нималарнидир пичирлаб, креслога бутун оғирлигимни ташлаб эллигинчи ёки олтмишинчи марта уни ўқишни бошлардим…
Ўзбек шеъриятига азалдан қизиқмаганман. Юзаки қизиқиш ҳам деярли бўлмаган. Агар ўзбек назмини уммонга қиёслайдиган бўлсак, қайсидир маънода бу уммоннинг тинимсиз шовуллаши, атрофга сув ва кўпик пуркаб чайқалиши, қирғоқлари мени доим беэътибор қолдириб келган. Мумтоз ўзбек назмидан тортиб Зулфия, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиеваларни ўқиган кезларим ўзимда уларни қайтиб ўқишга ҳеч қачон майл сезмаганман, ўқиганларим менга ҳеч нима бермаган, кўзимга жўн ва оддийдек кўринган, шеъриятга қўйган ва Анна шакллантирган талабларимга улар мос келмаган ёки маънавий эҳтиёжимни тўлақонли қондиришмаган. Уларни, тан оламан — Анна Ахматовага ҳатто тенг кўрмаганман. Афсуски, уларнинг адабий олами мени ўзига тортмаган. Ҳатто, мустақилликнинг дастлабки даврида адабиётга кириб келган ёки ҳозирги ёш ўзбек шоираларини ўқиганимда ҳам ўзимда уларнинг ижодларига нисбатан ҳеч қандай мойиллик, ошуфталик ҳис қилмаганман. Фақат бефарқлик ҳис қилганман, холос. Уларни қачон, қайси вақт ўқимай улар тараннум этган инсон ботиний ҳислари сунъийдек, хаёлот кенгликлари кулгули ва бачканадек, уларнинг сатрларидан уфуриб турган романтизм бўрттирилгандек, нозик ҳислар ифодаси кераксиз ташбеҳларга, асаб ҳужайраларини ўлдирадиган пафосга тўла ва қичқириқни эслатувчи ёки галюцинацияга чалинган беморнинг ҳолати билан тўла уйғунлик касб этгандек инжиқ юрагимни қилчалик таъсирлантирмаган ва мен ҳар сафар асабийлашиб яна Аннага қайтаверганман. Бу табиий шундай бўлган, ҳеч қандай зўракилик ёки нокамтарлик йўқ фикримда. Бу борада айбим шу бўлганки, мен уларни доимгидек Анна билан бўйлаштирганман ва умумийлик тополмай сурбетларча уларнинг ижодларини рад этиб, худди эски пайтлардагидек Анна билан дардлашишда, уни ўқиб, у билан хаёлан суҳбатлашишда давом этганман ва бундан сираям зерикмаганман. Худди дежавюдек ҳаммаси такрорланаверган: мен қайтиб қайтиб сиҳатгохларга, тоғу тошлар ва илиқ кўлларга, ўқув семинарлари ва хизмат сафарларига бораверганман ҳамда жомадонимга зарур нарсалар билан бирга Аннанинг китобини солиб, ўзим билан олиб кетаверганман…
Яқингача ҳам Аннадан бошқа муаллифни севиб ўқий олишимни тасаввур қила олмасдим. Аҳволимни кўриб, Анна кулар, унга бу мойдек ёқарди. У юрагимдаги шеъриятга бўлган эхтиёж ва муҳаббатни ўзидан бошқа бирор бир шоира ўз ижоди орқали уйғота олмаслигига чин дилдан ишониб, у ердаги мустаҳкам ўрнига дарз кетмаслигига кўзи етиб табассум қиларди. Ҳаттоки, Халина Посвятовская ва Фўруғ Фаррухзодни ҳам ўқиган кезларим у қилт этмаган, юзининг туси ҳам ўзгармаганди. Чунки унинг ишончи комил эди. Қолаверса, мен ҳам унга рағбат ёки сўнмас шижоат бергандек юқоридаги хассос шоиралардан кўп ўтмай совугандим. Бир ловвулаб ёниб, тезда ўчгандим гарчи ақлдан озар даражада Халина ва Фўруғ мени ром этишган бўлишса-да. Бу унча кўпга чўзилмаган ва мен Аннанинг “Хўш, нима дейсан?” деган саволига яна бош чайқаганча, оғзимга талқон солқондек индамай, ноилож унга қайтгандим. Унинг самимий кулгу жилваланиб турган лабларига қарай-қарай унга қайтгандим. Халина ва Фўруғ ҳам ундан мени бутунлай мосуво қила олишмаганди.
Яқинда эса… Яқинда ҳаммаси ўзгарди. Истеъдодли шоира Гўзал Рўзиеванинг шеърларини қаердадир ўқиб қолдим. Аниқ билмайман қаерда… ижтимоий тармоқларда экани аниқ лекин. Шу кунгача уни унча кучли ёзилмаган насрий асарларини ўқигандим, улар менда ўртачадан юқорироқ даражада таассурот қолдирганди, лекин шеърияти билан асло таниш эмасдим. Билганим — Биринчи китобим лойиҳасида унинг шеърлар тўплами чиққани эди. Унинг шеърияти қачон мени ром этишга муваффақ бўлди — буни ҳам очиғи билмайман. Гўзалнинг шеърияти ром этди, тамом вассалом. Уни ўқиб ниҳоят ўзбек адабиётида ҳам реалистик руҳда юрак ютиб ёзадиган, асабни бузадиган эзма, олди-қочди романтизмдан йироқ бўлган, қанотли дўстларимизнинг қичқириғини ёдга соладиган пафосга бегона, мани мудом қийнайдиган ботиний саволларимга жавоб берадиган, кўпик каби сув юзасида турган ўзбек адабиёти сабаб тартибсиз атомларга бўлиниб ва сочилиб кетган қалбимни бир бутун қилиб бирлаштирадиган, шеърият борасидаги ўлчовларимга тўла мос келадиган, севимли Аннам билан бўйлашадиган кимдир, фавқулодда бир истеъдод пайдо бўлганинини сездим. Уни “Венецияга бормоқликни орзулайди қиз”, “Кабальеро”, “Поезд-одамлармиз”, “Гладиатор” каби пишиқ-пухта ёзилганидан кўра ҳам, руҳий кечинмалар драматик тарзда берилганидан кўра ҳам, реалистик руҳда ёзилган шеърлари мени тамомила ўзига мафтун этди. Шу пайтгача ўзбек адабиётида — йигирманчи аср ва замонавий ўзбек адабиётини қўшиб ҳисоблаганда ҳам назмда ижод қиладиган бирор бир аёл ижодкор ўз ижоди билан бунчалик мени мафтун этмаганди. Аннанинг шеъриятига бўлган руҳий хасталикка ўхшаш эҳтиёжим ортидан яна бошқа бир шоиранинг шеъриятига нисбатан ҳам бундай эҳтиёж дунёга келаётганига биринчи марта иқрор бўлдим. Бутун борлиғим билан иқрор бўлдим. Бу мени ҳам ҳаяжонга солди, ҳам хавотирга, ҳам ларзага.
Одатий оқшомлардан бирида Анна олдимга келганида у бир неча марта оқ қоғозга туширилган Гўзалнинг юқоридаги шеърларини қўлимда кўрди. Мен уларни диққат билан ўқир, таҳлил қилар ва мисралардаги реалистик руҳни юрагимнинг ҳар бир тепкисида илғардим. Анна дастлаб эътибор бермади. Ахир Халина ва Фўруғда ҳам бошида шундай бўлган. У ёнимга ўтирди-да, мен билан биргаликда шеърларни ўқишда давом этди. Бир неча кун шундай ўтди. Аммо уни ҳам мени ҳам ҳайрон қолдирган нарса – Гўзалнинг шеърларидан кўнглим қолмаётгани ҳечам рўй бермасди. Бу аксига олиб кундан кунга кучайиб борар, бу мойиллик ҳатто ўзимни ҳам бир оз чўчитарди. Аннада эса бошқа ўзгариш кузатиларди. У энди кам табассум қилар ёки бутунлай қилмас, ёнимда ўтирмас, хонада у ёқдан бу ёққа безовта юрар, китобини варақламай қўйганимни орада юзимга солар, хуллас у юрагимдаги ўз ўрнидан ҳавотирга тушарди. Мен унга тикиларканман, бир ачинсам, бир ўз она адабиётимда ҳам ниҳоят, мени бир умр қизиқишимга арзирли назм ижодкори пайдо бўлганига, қолаверса унда ўзим орзу қилган мутлақо янги қатлам очилганига ёш боладек суюнардим…
— Анна, эшит,- дердим унга суюниб боқиб.- Венецияга боришни орзу қиладиган қиз ҳақида шеър.
Ва шеърни ўқий бошлардим. Прерияга ҳам, Сахарага ҳам, Парижга ҳам боришни орзу қилмайдиган, кун бўйи деразаси олдида ўтириб, ташқарида ёғаётган ёмғир рақсини кузатиб, фақатгина Венецияга боришни орзу қиладиган шўрлик ногирон қиз ҳақидаги шеърни ўқирдим. Анна индамасди.
— Қиз Венецияга боришни орзулайди. Фақат Венецияга. Чунки унинг оёқлари йўқ. Венеция эса сув устига қурилган шаҳар, уни фақат қайиққа ўтириб айланиш, сайр қилиш мумкин, холос. Топилмани қара, Анна!
Анна индамасди.
-“Гладиатор” шеъридаги ўлимга тик боқиб, ҳар куни “ё ўлмоқ, ё қолмоқ” деган бетайин фалсафага амал қилиб яшайдиган, қонсираган ҳиссиз оломон қаршисида тақдирига ҳар дақиқа лаънат ўқиб, ўлим билан юзма юз келадиган қулнинг аянчли изтиробларини тасвирлашдаги реалистик руҳни қара, Анна!
Анна индамасди.
-“Кабальеро” шеъридаги буқанинг исёни-чи? Уни шуҳратпараст матадор ва атрофидаги унинг ўлимини юрагини ҳовучлаб кутаётган оломонга нисбатан исёни, юрагида тўпланиб қолган нафрати, якунда оладиган аламли қасосини тасвирлаш ва ифода этишдаги драматизмнинг юқорилигини қара, Анна!
Анна индамасди. Кейин эса шундай кезларда у мени сассиз тарк этар, “Хўш, нима дейсан?” каби таниш саволи билан мурожаат қилмас, чунки мендан чиқадиган жавобдан гўё чўчигандек лабини тишларди. Охирги пайтларда у деярли кулмай ҳам қўйганди…
…Хуллас шунақа гаплар. Анна икки кундан бери ёнимга келмаяпти. Шунча фурсат ўтиб эндиликда ҳар оқшом яна уни сутранг муқовали китобини қўлимда тутиб ўтирарканман, у бир лаҳза ёнимга келишини кутиб, ниҳоят мен билан бир тилда гаплашадиган, мен туғилган заминда киндик қони тўкилган, мен мавжуд бўлган миллат адабиётида менинг таъбимга ҳам мос шеър ёзадиган ижодкор пайдо бўлганини унга тушунтиришни жуда жуда истаб, шу истак билан яшаяпман, кун ўтказяпман. Мен ишонаман, бир куни Анна қайтади, ёнимга қайтади, яна унинг илиқ сиймосини кўраман, кулгуси қулоқларим остида жаранглайди. Ҳозирча эса… Ҳозирча, кечир мени, Анна, деб қоламан гарчи кечирим сўрашга лойиқ иш қилмаган бўлсам ҳам.
Шерзод Ортиқов
Qoyil, chiroyli esse bo’libdi. Go’zal Ro’ziyeva meni ham sevimli shoiram. Unda asrimiz Axmatovasini, Svetayevasini ko’raman. Muallif shoiraning ijodidan judayam ta’sirlangani sezilibdi, havas qildim. Meni ham ijodini sevgan shoirlarim haqida esselar yozgim keldi shu tobda. Muallifga rahmat!
Men Go’zal Ro’ziyeva ijodini anchadan, deyarli besh-olti yildan beri bilgan muxlis sifatida uning muhabbat mavzusidagi, chuqur insoniy kechinmalar mavzusidagi bir qancha she’rlarini yoddan bilaman. «Kalendarni yomon ko’raman», «Bir narsa istovdim yuragingizga», «Bahor bo’lsam»… ehhe, qay birini aytay. Mana shu va boshqa shu mavzudagi she’rlari haqida maqola yozgan bo’lardim.