ЯНГИ ЙИЛ ШЕЪРЛАРИ

0
221
кўришлар сони

ЯНГИ ЙИЛ КИРМОҚДА

Янги йил кирмоқда…

Барча сингари

Мен ҳам суюнишим керак, албатта.

Хонамда қолмасман ёлғиз мунғайиб,

Дўстларим кутишар пастки қаватда.

Ҳадемай, кирурман улар ёнига,

Чин дилдан қутлайман дилкаш даврани.

Ҳурмат талаб этиш йўқдир қонимда,

Аммо, ўтқазарлар энг тўрга мени…

Кўп ўтмай даврага чўкар сукунат,

Девор соатига қадалар кўзлар.

Яна бир дақиқа… О, гулгун фурсат,

Ура-а! Шодликлардан порлайди юзлар.

Қадаҳлар жарангги тутар хонани,

Янги йил шаънига сипқорамиз оқ.

Мен шеърлар ўқийман қутлаб дунёни,

Уларда тилайман дўстларимга бахт!

Сўнг ўйин бошланар, шунда эҳтимол,

Сархуш, бирор қизни тортаман четга…

Лекин бу дам оғир хотирот мисол,

Нечун ўтган кунлар тушмоқда ёдга?

Ха, ёдга тушмоқда, тушмоқда бари,

Ҳавойи, қуп-қуруқ, бўшлиги билан.

Наҳот,

улар дайди еллар сингари,

Беиз ўтган — кўнгил хушлиги билан.

Рост, нима қилолдим… Қалб бермас жавоб,

Бемордек титрайман… Не қилдим ахир?

Бас! Шеърлар ёздим мен… Худди талх шароб —

Ичгандай нафасим қисилар оғир.

Бир туркум шеър нима?..

Ва яна бирдан:

Хотирам жам этар улар салмоғин.

Дейман: битта шеърнинг сўнмас умрида

Бутун бир умрнинг мумкин қолмоғи!

Лаҳзалик хаёл бу! Овутмас тағин.

Қалбим ҳувиллайди. Сарҳисоб — қийноқ.

Янги йил кирмоқда, эски йил билан

Менинг хайрлашгим келмайди бу чоқ!!!

Митти қўнғироқча жаранглар илкис,

Эшикни очаман мунғайиб аста.

Остонада турар таниш, дилбар қиз

Ва дўстлар ёнига бошлар оҳиста…

Азим Суюн

ЯНГИ ЙИЛ КЕЧАСИ

Кўнгил маъюс тортди йилнинг сўнгида,

Билмам, ниманг билан сеҳрладинг, қор.

Бугун куппа-кундуз кўзим ўнгида,

Яна бир ёшимни ўғирладинг, қор.

Қирқинчи қасримга ўтайми энди,

Кечаги ёшлигим эртакми энди?..

Баҳорим етгудек қўлим узатсам,

Етолмай дилимни не деб юпатсам.

Лайлакқор, азизим, ғалат байрам бу

Кулиб кузатсамми, йиғлаб кузатсам…

Дардим жим ичимга ютайми энди,

Кечаги ёшлигим эртакми энди?

Сўрсанг, севинчимдан ўкинчим кўпроқ,

Сендан-да кумушроқ сочимдаги оқ.

Йилим келмай туриб, йилим кетмоқда,

Кўзда табассум-у киприкда титроқ.

Мен ҳам сал шошдим-да, қайтайми энди,

Кечаги ёшлигим эртакми энди?

Янги йил,

Келавер қандай келсанг ҳам,

Кимлар етди сенга, кимлар етмади.

Сен янги йўлдошсан, сен янги ҳамдам,

Йўқлаб келганингни ўзи бир байрам.

Қулоғингга бир гап айтайми, энди,

Кечаги ёшлигим эртакми, энди…

Муҳаммад Юсуф


ЯНГИ ЙИЛ ШЕЪРИ

Ватандош, ҳаёт ҳиди ҳулвога тўлсин,
Эъзозли, эҳсонли ва эркли бўлсин.
Паноҳида юринг Парвардигорнинг,
Ишқига чулғанинг вафоли ёрнинг.

Ният тонгдай тоза, қалбингиз оппоқ,
Юзингиз тўлин ой мисоли порлоқ.
Енгилиш нелигин билманг ҳеч қачон,
Руҳу жон мустаҳкам, қаддингиз равон.

Кулгу, тантанага сероб йил яқин,
Орзулар ушалур, дилга дил яқин.
Лаҳзалар тенглашиб юз асрларга
Илиқлик узатур пок наслларга.

Гул тутай, ғамларни кетказ, ЯНГИ ЙИЛ!
Зор этма, бахт сари етказ, ЯНГИ ЙИЛ!

Аъзам Обид

Анор донасидек сочилди бир йил —

Лаҳзалар оқдилар мужда ахтариб.

Бугун янги йилнинг остонасида

Тишланган олмадек турибман  ғариб.

Қадаҳ  сўзи айтар жилвагар ҳаёт,

Бир четда мунғайиб турар орзулар.

Уларнинг исмини унутаёздим,

Менга ишонади боладек улар…

Чақилган ёнғоқдек омонат тақдир —

Йилларим — аразда қолган  изларим.

Товонда дунёни тушунаяпман,

Фақат товонимда қолди ҳисларим…

Бувимнинг қумғони каби эскирдим,

Янги йил,  янгироқ ғам борми бошга?

Тишланган олмадек турибман   ғариб —

Нима ҳам қилардим байрамдан бошқа?!

Анор донасидек сочилди бир йил…

Истеҳзо аралаш жилмаяр тақвим.

Умр бу — орзулар ёққан оловда,

Чарсиллаб ёнмоқлик ва турмоқлик жим…

Шуҳрат Ориф

ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ

Қадаҳларни сипқординг бугун,

Тилакларни тилаб ҳам бўлдинг.

Эски йилнинг сўнгги тунини

Янги тонгга улаб ҳам бўлдинг.

Янги йилга ўтсин эски бахт,

Лек ўтмасин эски йил ғами.

Табриклайман сени чин дилдан

Янги йилнинг эски одами!

Хуршид Абдурашид

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг