Янги йил арафасидаги учрашув

0
248
кўришлар сони

Алевтина Рассказова

Улар айни Янги йил арафасида учрашиб қолишди. Ҳудди кўкдан кимдир уларнинг кўришиб қолишини айнан шу сеҳрли кунларга тўғирлагандек…  

Ўтган ҳафтада учрашишга келишиб олишганди. Ленада бир ҳафта давомида ўз устида майда чуйдаларгача ўйлашга, бугун энг гўзал аёлга айланиш учун ҳаракат қилишга етарли вақт бўлди. Албатта, икки болали аёл соҳибжамолга айланиши учун анча мунча вақт кетди. Эри бўлса унга кўзларини катта-катта очиб тикилдида, бу гўзаллик фақат унгагина тегишли эканидан ғурурланиб қўйди. Аммо бу уринишлар эри учун эмас… Максим –мана унинг орзусидаги эркак. Бугун ниҳоят аёл барига чек қўйиб, эри билан муносабатларини узишга қарор қилган.

Мактабни битирганларига ҳам йигирма йил тўлай дебди. Аммо улар учун ҳеч нима ўзгармаган: Лена доимгидек серкулгу, пешонасига текис гажак туширган. Максим ҳам ўшандек жиддий, кенгелка ва мушакдор, ҳудди Голливуд юлдузларини эслатади. Ўша пайт иккиси нима сабабдан уришиб қолишган, ҳеч ким эслолмайди. Биринчи синфдан бошланган бу дўстлик ришталари кейинчалик муҳаббатга айланган, аммо нимадир бўлиб аразлашиб кетишганди. Улар Россиянинг бошқа-бошқа масканларида яшашди. Лекин тақдир барибир уларни яна учраштирди. Бу учрашув тасодифан юз берган бўлсада, иккиси ҳам буни тақдир инояти деб билишди. Лена бу учрашув бежизмаслигини, ҳаётини ўзгартириши лозимлигини шунда англаб етди.

Шунча йиллар давомида у Максимни унутмаган, илк муҳаббатини бир дақиқа бўлсада хаёлидан ўчиролмаганди…  Уларнинг оналари қўшни бўлгани учун доим гаплашиб туришарди. Лена собиқ суйгани ҳақда онасидан эшитарди. Онасидан билганлари шуки, Максим институтни қизил дипломга тамомлаган. Лена унга қасд қилиб атай аспирантурани ҳам ўқиди. Йигит илк машинасини 1991 йилда ҳарид қилди. Буни эшитган қиз ҳам ундан қолишмаслик учун борини йиғиб, камига қарз олиб бир ҳафтадан сўнг ҳудди шу машинадан сотиб олди. Максим пойтахтга кўчиб кетганини эшитгач, уям шунинг дардига тушди. Эри ва икки ёш боласи билан катта шаҳарга келишди. Пойтахтга аввалига ижарада яшашди. Мана, ҳозир Москва марказида ўзларининг уч хонали каттагина уйлари бор. Энди бу уйни эри ва болаларига ташлаб кетади. Максим билан ишлаб ўзлари учун бошқа яхши уй ҳарид қилишади ҳали. Умуман, уй ҳақда ўйлашнинг нима кераги бор, ёнида Максим бўлса бас! Иккиси бирга бўлса, тоғларни талқон қилишга қодирдек сезади ўзини Лена. Ахир улар бир-бири учун яратилган! Бир-бирига мос… Эри-чи? Ленага сира муносиб бўлмаган. Бари жонига теккан!

Лена эрини ташлаб кетади, Макс бўлса хотинини… Болалар-чи? Улар анча катта бўлиб қолишган, ўз кунларини кўраверишади. Лена ўзини Максимдан бошқасига керак эмасдек сезарди. Аслида иккисининг ҳаёти бир -бирига жуда ўхшаб кетади. Улар бир пайтда олий маълумот олишди. Максим 1989 йилда уйланди, Лена эса ундан уч ой аввал турмушга чиққанди. Максимнинг Лена каби икки фарзанди бор. Йигит ўз шахсий фирмасини очганди. Ленанинг ҳам дўкони бор эди. Фарқи шуки, қиз музқаймоқ сотарди, йигит бўлса шароб. Кейинчалик ишлари юришиб, иккиси ҳам юқори лавозимларга кўтарилди. Максим қўшма корхонанинг вице президенти, Лена бўлса холдинг фирманинг директор ўринбосари. Ҳаётлари шунчалик ўхшаш кечганки, гўё бирга яшаш учун яратилгандек…

Ҳаттоки иккиси бир вақтнинг ўзида Интернетдаги ижтимоий тармоққа аъзо бўлишган. Лена у билан учрашиб қолишгач, Максим ҳам унга бефарқ эмаслигини, уни излаганини, аммо қандай гаплашишни ўйлаб тортинганини билди. Максим бир ҳафтадан сўнг учрашиб, ёшлик йилларини эслашга таклиф этганда, Лена бажонидил қабул қилганди.

Мана, учрашув жойига ҳам етиб келди. Максим унга меҳрли ва интиқ кўзларини тикиб анча сўзлади. Лена бўлса фақат куларди. Эркак унга ўзи ҳақда гапириб берди. Муҳими, сўзлашув эмасди. Нигоҳларнинг сирлашуви, қўлларнинг тафти, юрак уришини тинглаш улар учун етарли эди. Лена ўзини еттинчи осмонга сезарди. Туйғуларга асира бўлиб, ҳозироқ уники бўлишга тайёр турарди… Шу пайт аёлнинг қўл телефони куй таратиб қолди. Қараса, эри.

-Азизим Лена, узр, дугоналаринг билан учрашувга ҳалал бериб сим қоқаяпман. Сенда ҳаммаси жойидами?

-Ҳм… -аранг жавоб берди аёл. 

-Биласанми, ўзимни ғалати ҳис этаяпман: ҳудди сени йўқотиб қўйгандек. Ғалати эшитилади, тўғрими? Лекин сенсиз қолишимни ўйласам дунё кўзимга қоронғу кўриниб кетади. Чинданам соғ-саломатмисан?

Эрининг овози шунчалик қайғули ва ташвишли эдики, Ленанинг кўнгли эзилди. Наҳотки, у чинданам рафиқаси уни ташлаб кетиш арафасида эканини сезаётган бўлса? Кўнгиллар бирлиги шумикин? Лена беихтиёр бир неча йил аввал ўзини бирданига ҳасталаниб қолганини эслади. Ўшанда қўллари ўзидан ўзи ишламай қолди. Шифокорлар кесиб ташлаймиз, дейишди. Аммо мўъжиза туфайли қўллари яна ишлаб кетди. Бироқ саккиз ой давомида тўшакда ётиб қолганди. Ўшанда эри ҳар доим ёнида қўлларидан ушлаб турди, аёли чеккан азобларни бирга тортди.  

Лена шуларни эсларкан, эрининг «дугоналарингга салом айт, кечки пайт болалар билан сен учун алоҳида кечки таом тайёрлаб берамиз», деган сўзларини эшитмади. 

-Илтимос, эсон-омон уйга қайт… -деди эри хайрлашаркан. Лена бу сўзларни аниқ-тиниқ эшитди.

-Қайтаман… албатта, -деди сўнг пичирлаб. У қаршисидаги собиқ синфдошини ҳам пайқамас, телефонини кўксига босганча «қайтаман», деб шивирларди. Янги либосига томган кўз ёшларини ҳам сезмади. Сўнг Максимга қараб «алвидо» дедида, уйи сари шошди.   

  Нодирабегим Иброҳимова таржимаси.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг