“ЙИҒЛАЁТГАН ОСИМА”

0
295
кўришлар сони

(бағишлов туркум)

1

Оқшомда ойнага юзини босиб,

сочлари оқариб кетгунича то.

Тилсим-тилсим оҳанг,

нимта-нимта най,

кўксимга кўз тутиб йиғлади дунё –

аййй…

Ҳар кеч келтирганинг – атиргул туши,

тонгларга талпиниб алаҳлар ғамни.

Лаҳза-лаҳза соғинч,

қадаҳ-қадаҳ май,

эй гул, лабларимдан, кел, ичасанми?

аййй…

Қай ёна юр десанг – изтироб надим,

тўрт тараф – оғудир, олти томон – тор.

Иста-иста ўзинг,

ёп-ёлғиз яшай,

зор-у зор, зор-у зор, зору-у зор, эй ёр!

аййй…

Аямай кўзимга қум сепар азоб,

ҳовучлаб жонимдан айирар дардинг.

Сўнг бор кел, бир марта,

бир марта кўрай,

малак айт, ишқимсиз қандай яшардинг?

аййй…

2

Узатдим, синдириб кобирғаларим,

бош узра айланмиш оқшомда ситор.

Қидириб ҳилолнинг исирғаларин,

эй ёр-а,

менгина,

бедор-а бедор…

Кун ковушин кийди совуқ қотгандан,

зулмат кезар ерда, қадами – озор.

Ўша тун сочларинг ўйлаб ётганман,

эй ёр-а,

менгина,

бедор-а бедор…

Боғларга ҳаловат қўнди – қалдирғоч,

қанотини кесиб, йиғлади зор-зор.

Дардим ма-ана-а шунча, ғамим бир қулоч,

эй ёр-а,

менгина,

бедор-а бедор…

Табассум – умримда ягона ҳашам,

уни еҳсон қилмиш бир нозли кибор.

Қаро кўзларингни тинмай ўйласам,

эй ёр-а,

менгина,

бедор-а бедор…

3

Бир оғриқ қўзғолди оқшом тубида,

пайпаслаб нурларни ютинди ҳаво.

Ингранади – оҳанг,

ингранади – қўл,

тепада қарсаклар чалади

аъвом.

Вақтни жиловлади тушим – сирланган,

бир лаҳзани тутдим қаноти – олов.

Ингранади – йиғи,

ингранади – дил,

Тепада кулгулар яратар

биров.

Сендан ўзга ишқни тан олсам кечир,

Кечир, кўзи – кўрни, қулоғи – карни.

Ингранади – кадар,

Ингранади – ғам,

Тепада бахтиёр одамлар

борми?

Кетдик, йўл эмас йўқ, тугагунча қалб,

Сирлари фаромуш бўлгунча тилсим.

Ингранасан – ёлғиз,

Инграндим – мен ҳам,

Тепада ингроқлар инграндилар

жим.

Бир оғриқ қўзғолди оқшом тубида…

4

Қол, дерман,

Юзтубан тушади руҳим,

жонимни жон истаб ича бошлар дод.

Бир бахтни келтирсанг –

юрагим – тошдир,

лабларим – қақшаган,

қароғим – ёшдир,

кулдир – шодликларим,

олов – андуҳим,

бари илтифот…

Кел, дерман,

гуллайди кузакий найсон,

томчилаб-томчилаб туганар жавзо.

Бир соғинч келтирсанг –

лабларинг – шароб,

қошларинг – кечамдир,

кўзларинг – тавоф,

холинг – нишонимдир,

киприклар – мужгон,

ҳаммаси жазо…

Сев, демам,

руҳингда руҳимни ярат,

кўксингда дунёлар тикла, демам, – кенг.

Бир ишқни келтирсанг –

гулгун – хотира,

азоби – охорсиз,

ғами – бокира,

илтижолар қилсам

Худога қараб –

“Фақат сен,

фақат сен,

фақат сен!”

5

Саҳролар узлатин яширмас мангу,

ишончи кўкармас янтоқлар – набий.

кўзимда – қарорим,

кўксимда – ғулув,

зириллаб оғрийди бир яра каби –

кўксимнинг “сен” деган тарафи…

Жунунвор йўлларда нолаларинг ҳас,

аламлар музлатгай ҳовурлари шам.

бир одам истарман –

сени истамас,

ситам истайдирман, катта ғам истам –

гўзал ўзингдан-у ишқдан ҳам…

Келарсан минг йилдан кейин-да хориб,

кўз очмай мудрайди елкамда ором.

Тангрисиз ишқингга

бетин ёлбориб,

адо қиладирман ўзни, вассалом, –

ва тамом… ва тамом… ва тамом…

6

Қайғулар – бирлашди, вужудим – ёнди,

кулгулар – синдилар, парчинландим – ман,

бағримга ёлғизлик олови томди,

нур бор деб олдинга кетавердим шаън,

оқшомлар эртаклар айтдинг, ишондим,

ё, келмадинг сан…

Бир йўл бор, бу йўлдан адолар келгай,

ёзғитида хориб чўккалар саман,

бир-биридан гўзал хатолар келгай,

ёлғонлар дояси бўлган бир ватан,

кел, десам, кет, деган садолар келгай,

ё, келмадинг сан…

Сочларинг – солланиб куйдиргувчи то,

лабларинг – истагим топмаган маъдан,

қошларинг – бармоқлар излаган дунё,

кўзларинг – ойдинлик яратган чаман,

висолинг – насибам бўлмас Худо-ё,

ё, келмадинг сан…

7

Ёлғизлик кўксимга ўрнашар маҳкам,

Ялдо кечасида йўлдошим – ғамдир.

Бир кўзинг – ойдинлик,

бири – чўнг зулмат,

Бир қошинг – байрам-у,

бири – мотамдир…

Лабларим ҳаётга ташна,

жудолик

қақшатган, ёрилмиш бир дийдор истаб.

Сендан нафратланиб,

                                      талпиниб сенга,

кетиб бормоқдаман оҳиста…

Ай, ёзғит,

         ай, қаттол,

                   ай, бағри кукун,

рангсиз тушларингдан тўйди дунё, ай.

Келсанг яшайманми,

                            севсанг яшайман,

Қолсанг ўламанми,

кетсангми ё, ай?

Иста кел,

иста кет,

амринг вожибдир,

Бош устига ғаминг, азобинг, ғуссанг.

нур, зулмат, мотам ва байрам

оралаб,

умрингдан мен учун бир бўса узсанг…

Ёлғизлик кўксимга ўрнашар маҳкам…

8

Висолингга ташна келдим, жоним ол деб,

Сенга қасам –

Тангрига-ю ишққа қасам.

Ғаминг – тансиқ,

дардинг – тотли,

соғинчинг – зеб,

Остонаси насиб бўлган байт-ул ҳазан…

Кел, деёлмам,

сўзим – ожиз,

ўзим – фақир,

вах, бўғзимда қовжирайди “сен” ҳар лаҳза.

Борлигингда қаро кўзим, мавжуд ахир,

Ҳамма нарса…

ҳамма нарса…

ҳамма нарса…

жон-жоним-ей, қақшар бўлса банд-бандларим,

осмондирсан, сенга етмоқ бахти фахр.

Баландласам, бир сен ила баландладим,

юрагимни исминг билан айтиб чақир!

Висолингга ташна келдим, ол, жоним деб…

9

Тонггимни беадад тунга яширди,

бармоқлари сузди сочимда – титраб,

қошларим – лабидан ажралган қанот,

талпинди, яна бир учишни истаб,

пойингда ёлбориб сўради ҳаёт,

бошим эшигингга

яна

бош урди…

Кўзларимдан томчи олов тоширди,

гўлрў, десам бўғзимда дун оташлари,

малак, десам юрагимдан силкиди ғаш,

кулгулари, нигоҳлари, қарашлари,

нақ сочимдан тирноққача этди талаш,

бошим эшигингга

яна

бош урди…

Бир умримда бағрим минг дард таширди,

кўксимгача чўкиб борар елкам жим,

азоблари – пинҳон, изҳорлари – сир,

умрингга фидолик келтирдим, севгим,

барибир, суюклим, севдим барибир,

бошим эшигингга

яна

бош урди…

Қисмат қадамингни қайга шоширди,

яхши бор, ишқсизлар сафида – нолон,

кетсанг, қол демасман, ярадор – ҳаддим.

мен деб, юксалдинг-ов осмон қадар жон, 

сен деб, минг марталаб юксалди қаддим,

бошим эшигингга

яна

бош урди…

10

Бу тонгда муждалар элтмади хабар,

Ўксиди қирларда қуш тумшуғи қон.

Сойлардан ўмариб қолган таронам,

Хотирам дилингга босмагай ҳеч ён –

Жононам…

Елкангда увишиб оғрийди сочинг,

Лабларинг кимтинар сўнгги сўз – арзон.

Хувиллаб қолгандай ғариб майхонам,

Қадахим зериккай  тўлмасдан ҳеч ён –

Жононам…

Мен эсам, мен кетдим, сирқинди товуш,

Кўзимда аланга олгани замон.

Яхшинг бўлолмадим, нада ёмонам,

Қисматдан топмадим арзирлик ҳеч шон –

Жононам…

Насибим, қўлларинг толгай абадий,

Бирор йўл топмагай, на бирор нишон.

Йўқотдик бир дунё, топдик бир олам,

Кўрмасин бундайин хорликни ҳеч жон –

Жононам…

Бу тонгда муждалар элтмади хабар…

11

Май ютиб, хув фақир диллар адашди,

Кўздан йироқ кетган йўллар адашди,

Кўзлари кўрлар-у гўллар адашди,

Лаблари қон ютган гуллар адашди,

Бизлар адашмадик,

                            ўксима,

                                      эй, гул…

Қай кунки, лабингда қадим сўз талаш,

Менга бахт келтирар надим сўз талаш,

Битмаган изҳори хатим, сўз талаш,

Вах, биргина сўз истадим, сўз талаш,

Бизлар талашмадик,

                            ўксима,

                                      эй, гул…

Кечирма, шодликка азоб алмашган,

Саволлар хатодир, жавоб алмашагн,

Гуноҳлар тўғридир, савоб алмашган,

Қисмат кўндиргувчи ҳароб алмашган,

Бизлар алмашмадик,

ўксима,

                                      эй, гул…

Қайғу келтирмаса шон-ки ярашгай,

Тундан кейин келган тонг-ки ярашгай,

Сен у ён, меним бу ёнки ярашгай,

Тандан ташқарида жон-ки ярашгай,

Бизлар ярашмадик,

ўксима,

                                      эй, гул…

12

Ниначи қанотим кесдинг, пуфладинг,

Бинафша кулгуйим йиғдим, йиғладинг,

Фармонинг – ажабдир, ҳукминг – олийдир,

Тушларингга қулоқ солиб ухладим –

Оҳ, энди кўзларим сендан нолийди…

Осмон фиғон тортса, охдир – йилдирим,

Замин бир титраса ёрсан-ов пирим,

Иқроринг – мангудир, тавбанг – онийдир,

Менга йўқлигингни ҳар кеч билдириб –

Оҳ, энди бўзларим сендан нолийди…

На бердинг-ки, бари Тангридан тортиғ,

Сахрода улғайган саробдан ортиғ,

Келаринг – тушмидир, ўнг – хаёлийдир,

Ёшларим ивитган юзларим сориғ –

Оҳ, энди юзларим сендан нолийди…

Нафрат болаласа, кулсанг, етмоқдир,

Ўзни атай ғамга банди этмоқдир,

Сенми – биринчим-у, менми – сонийдир,

Ёзганим ҳар мисра сендан кетмоқдир –

Оҳ, энди сўзларим сендан нолийди…

“Таралли яллони” телбадек айтиб,

Сенга етайин деб, ўзидан қайтиб,

Фармонинг – ажабдир, ҳукминг – олийдир,

Кел, дегин кетарман изингдан дайдиб,

Оҳ, мангу изларим сендан нолийди…

Раҳмат БОБОЖОН

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг