ТУШКУН ШЕЪРЛАР

2
466
кўришлар сони

Янги ҳикоя

Бекатга учинчи марта автобус келиб тўхтади. Унга чиқмадим. Жойимдан жилмай ўтиравердим. У йўловчиларни бағрига олди-да, бекатни шипшийдам қилиб, эшикларини тарақ-туруқ этиб ёпганча жўнаб кетди. Яна бир ўзим, ёлғиз қолдим. Атрофга декабрнинг этни савалайдиган, изғиринли оқшоми чўкишга чоғланар, кулранг тусган кирган осмон борган сари қорайиб бораётгандек тасаввур уйғонарди.

Тусини ўзгартираётган осмон билан ўзимни чалғитолмай, қўлимдаги икки чети боғланган қалин папкага қарадим. Йўқ, қарамадим. Уни қўлимда тургани эсимга тушиб кетиб, толиққан кўзларим билан унга термулдим. Уни авайлаб очарканман, озғин қўлларим титрар, пароканда бўлган дилимда уни очма деган дилгир ўй чархпалакдек айланар, шунданми очайми-очмайми деб аввалига роса иккиландим. Охири, барибир очдим. Унинг ичига тартиб билан жойлаштирилган, оқ қоғозга туширилган, саналари бирма-бир қўйилган шеърларим у ердан яна менга ўзларини намоён қилишди.

Афсуски, уларга беш дақиқа ҳам тикилиб туролмадим. Асабийлашиб кетдим, бошим қақшаб оғрий бошлади ва шартта папкани ёпиб қўйдим. Бу бир лаҳзалик ҳатти-ҳаракатимда инсон темпераментининг барча салбий унсурлари — алам ҳам, нафрат ҳам, қайғу ҳам ўз ифодасини топганди. Папкани ёпгач, уни ортиқ қўлимда ушлаб тура олмадим. Оғирлик қилди. Афтимни буриштирганча уни ёнимга қўйдим-да, совуқдан тараша қотган қўлларимни худди ток ургандек ундан тортиб, эскириб кетган пальтомнинг ичига тиқиб олдим. Бир муддат шундай, ҳеч нимани ўйламай, гарангсиб ўтирдим. 

Толиқиш натижасида қизариб кетган кўзларим вақт ўтиб, бекат рўпарасидаги янги қурилган кўп қаватли уйларга қадалди, аниқроғи бешинчи қаватнинг ўртасидаги чиройли равони кўзга ташланиб турган хонадондан уларни узиб ҳеч қаерга қарамадим. Кўзимни узмай ўша ерга дадил тикилар эканман, ҳозиргина ўша чиройли равонли хонадондан кайфиятим бузилиб, одамларга бўлган нафратим янаям кучайиб, дунёга ўт қўяр даражада ўзимни абгор ҳис қилиб чиққанимга сира ишонгим келмасди…

…Эрталаб университет аудиториясида навбатдаги маъруза ўз якунига етгач, дугонам Моҳирага суюниб, “устоз Малик Самад шеърларимни таҳрир қилиб, сўз боши ёзиб нашриётга бераркан”, деганимда:

−Хонадонига таклиф қилдими?- деди у негадир.

−Ҳа, шундай- дедим жавобан. — Бирга таҳрир қиламиз шеърларингни, маъқул келса нашриётга сўз боши ёзиб топшираман, деди.

У бошқа гапирмади. Нимадир дейишга оғиз жуфтладию, аммо қўл телефони жиринглаб мендан нари кетди. Аудиторияни тарк этиш мақсадида дафтар ва китобларимни чарм сумкамга соларканман, кўтаринки кайфиятимга ҳеч нима соя сололмаслигини ҳис қилдим. Мен хурсанд эдим. Ниҳоят, менинг ҳам китобим чиқади деган ўй гўё менга бир жуфт қанот бергандек осмонларда тентираб учардим. Озғим қулоғимда эди, қўшиқ хиргойи қилардим. 

Устоз тушдан сўнг хонадонига келишимни айтганди. Арзон ошхонада тушлик қилиб олгач, у ерга бориш учун автобусга чиқдим. Устознинг хонадони Юнусободда жойлашган экан. Шеърларим жамланган папкани қўлтиқлаб, йўл бўйи автобус ичида хурсандчилигим янада ортиб кетдим. Кўз олдимдан тез орада нашрдан чиқиш эҳтимоли ортган китобим, унинг жимжимадор ва гўзал муқоваси, катта тақдимот маросими, китобим ҳақида фикр билдираётган китобхон ва адабиётшунослар, ўқувчиларга дастхат улашаётганим бирма бир ўтди. Қизиқ, китобим неча саҳифали бўларкин, деб ўйладим орқада қолаётган телеминорани кузатиб қоларканман. Менимча, бир юз йигирма ёки бир юз ўттиз саҳифали бўлади, ҳар ҳолда шундан ўтмаса керак, дедим ҳеч қанча ўтмай шеърларимнинг тахминий ҳажмини ўзимча чамалаб. Муқовасининг дизайнини танлашни ўзимга қўйиб беришса зўр бўларди, ўзим танлардим, шеърларимнинг руҳига мос суратларни ахтариб энг муносиб келадиганини, шеърият оламимни очиб берадиган тасвирдагисини топардим, дедим автобус навбатдаги бекатда тўхтагач. Орада китобим қаттиқ муқовали бўлармикин ёки юмшоқми, деб бошим қотди. Кўп ўтмай, тақдимот маросимига кимларни таклиф қилсам экан, деган бошқа бир ўй онг остимдан мўралади. Кейин Моҳирани, ўзимдан катта шоирларни, университетдаги дўстларимни ва устозлардан бир-иккитасини таклиф қиламан, тақдимот маросими Миллий кутубхонада ташкил қилинса ажойиб иш бўларди, бу менинг азалий орзум, деб бирин-кетин ширин хаёлларга берилдим. Хаёлимда шу китобим билан боғлиқ эпизодлардан иборат бўлган митти спектаклни саҳналаштирдим. Бу хаёлимдаги спектаклда худди театрда қўйиладиган спектаклга ўхшаб, томошабин қаршисида тургандек қаршимда турганча Моҳира, курсдошларим, адабиётшунослар ва энг асосийси қалби дарё, беминнат устоз Малик Самад бадиий асарнинг монологини ўқиётган актёрлардек дона-дона қилиб китобим ҳақида илиқ фикр билдиришар, мен томонга табриклар йўллашар, уларнинг фикрини мен гўё аниқ-тиниқ эшитаётгандек лабларимда табассум жилваланиб кетарди. Қўлларим эса тез-тез қимирлар, уларда ўзимни ўқувчиларга дастхат улашаётгандек сезардим. Ҳатто, китобимнинг ҳидини туйгандек, ундан маст бўлгандек ҳам бўлардим ва ногаҳон бир-икки чуқур-чуқур нафас олиб, энтикиб қўярдим. 

Йўлнинг ярмида навбатдаги бекатдан чиққан қари кампирга жой бўшатгач, қолган масофагача тик оёқда кетдим. Ортда қолаётган осмонўпар биноларни, бефарқ одамларни, ақлдан озган машиналарни кузатиб қоларканман, уларга юзаки эътибор берардим, холос. Мен ўзимда эмасдим. Кўнглим тоғдай кўтарилганидан ундаги йиллар давомида тўпланиб, пўпанак босиб кетган ғуборлар тарқаб кетгандек туюлар, ўзимни бундан минг чандон енгил ва поклангандек ҳис қилардим. Ҳатто, юрагимнинг қай бир бурчида қолиб, тоғдек уюмга айланган аламларни ҳам унутгандек ўзимдан ажабланар, шунингдек қаршимда очилишга шай турган ижодий иқболга тўла йўлакка бор кучим билан талпинар, ниҳоят порлашнинг уддасидан чиқадиган юлдузимни кундузи бўлса-да осмондан қидириб чарчамасдим. Бундан ташқари мени йиллар давомида ҳаддан ташқари чуқур қайғуга солган кўп кўнгилсиз хотираларни, воқеа-ҳодисаларни, чекланган ва тор тасаввурлари, субъектив хулосалари ва қалбларидаги бефарқликнинг аянчли кўриниши билан юрагимга чексиз оғриқлар солиб, уни чандиқларга тўлдириб ташлаган одамларни йўл бўйи бирин-кетин кечириб борардим. Ҳаммани кечириб борардим –аллақачон шаффофликдан четга чиқиб улгурган ва она сути озғидан кетмаган, галюцинация касаллигига чалинган қизалоқларнинг мукофотига айланган, менга ҳар гал лоақал қанча балл тўплаганимни айтишни ҳам раво кўрмайдиган ўша адабий мукофот хайъатидан қолган дилимдаги чуқур жароҳатни ҳам, шеърларимда замонанинг руҳига айланган маддоҳлик ва кўтаринкилик синдромини, шеърият деганда айни кунларда урфга айланган ташбеҳлар-у пафосни тополмай “Биринчи китобим” лойиҳасига мени киритмаган уюшманинг улуғвор аъзоларини ҳам, шеърларим нега рад этилганининг сабабини бир оғизгина сўз билан айтишни-да ўзига ор деб билган нуфузли журналлар таҳририятларини ҳам, токчасида чанг босиб ётган қўлёзмаларимни уч-тўрт йил ичида бир марта бўлсин варақлаб кўрмаган, машҳур ва номи чиққан ижодкорларни асарларини қайтиб-қайтиб нашр қилишдан ҳечам зерикмайдиган нашриётларни ҳам, шеърларимни чет элда чиқартириш эвазига менга ўзи билан никоҳсиз яшашни таклиф қилиш даражасигача борган хусусий адабий агентлик муассисларини ҳам – ҳамма ҳаммани ич-ичимдан кечириб борардим. Ўзимга ўзим бўлди, уларни унут, қаршингда турган саодатли келажакка назар сол ва олға қадам ташла, деганча автобус ичида тик оёқда, чайқалиб борардим. Қўлтиғимда эса етти йиллик машаққатли меҳнатимни ўз ичига олган шеърларимга тўла папка қистирилган ҳолда кетар, у эсимга тушса хиёл шодланиб жилмайиб қўяр ва у худди ерга тушиб кетадигандек уни маҳкам тутиб олардим. 

Устознинг хонадонига етиб келганимда ҳам, эшик кўнғироғини чалаётганимда ҳам, устознинг ўзи эшикни очганида ҳам шу ажиб ҳиссиёт мени тарк этмади.

−Ассалому алайкум, устоз!- дедим уни кўришим билан шоша-пиша.

Устоз Малик Самад эгнига эркаклар халати кийиб олганди. Соқолини янгитда олган шекилли, ундан астойдил суртилган одеколон ҳиди анқир, лабларидаги сигарет бурқсиб атрофга тутун пуркарди. У бўсағада мени кўриб, қўллари билан ичкарига таклиф қилди. Секин кирдим. Папкадаги шеърларимни гўё йўқотиб қўядигандек ҳануз қўлтиғимга қистириб олгандим. 

−Умида,- деди устоз ичкарига кирганимдан сўнг ёнимга келиб.- Хона иссиқ, пальтонгни ечиб қўй. Кел, мен ёрдамлашаман.

У пальтомни ечишга ёрдамлашди. Кейин уни йўлак деворига ўрнатилган илгичга жойлаштирди. Бу орада мен йўлакда турганча эшиги ланг очиқ хонани кўздан кечирдим. Афтидан, бу хона устознинг иш кабинети эди. Унинг деворларига таниқли ёзувчи ва шоирларнинг портретлари илинган, бурчакдаги катта жавонда турли хил муқовадаги китоблар тартиб билан жойлаштирилган, дераза олдидаги эмандан тайёрланган нақшинкор стол устида қўлёзма ва дафтарлар уюлиб ётар, унинг четида қайсидир ёзувчининг гипсдан тайёрланган бюсти турарди. Дераза токчаларига бир-бирига яқин масофада жойлаштирилган тувакдаги гуллар унинг пушти ранг ва ҳарир пардаси ортидан кирган одамга мўралар, шифтдаги сариқ рангли қандил чироқ ёруғида тилладек товланар, денгиз манзараси туширилган каттакон картина оғирлиги сабаб нафис гулқоғоз ёпиштирилган девордан ипи узилиб ерга тушиб кетадигандек, остона ҳатлаган одамни бир зум хаво-тирга соларди. 

−Қани, ўтир-чи,- деди устоз ортимдан хонага киргач.- Папкангни стол устига қўй!

Мен хонадаги стуллардан бирига омонатгина чўкдим. Устоз столига жойлашгач, кўзойнагини тақиб, папкамни қўлига олди ва уни очиб варақлаб чиқди.

−Шеърларинг бунча кўп,- деди қоғозларга битилган шеърларимни бирма-бир қўлига олиб, бурни остига яқинлаштириб уларни кўздан кечираркан. – Кўпи тушкунлик руҳида ёзилган экан. Ҳа, шундай. Ҳатто, мана бу баҳор ҳақидагиси ҳам. Баҳорда тушкунликка нима бор? Баҳор яшариш фасли-ку! Бойчечак, гуллаган ўрик, наврўз, сумалак одамнинг кайфиятини кўтармайдими?

Унинг гаплари кўтаринки кайфиятимга бир оз соя солгандек бўлди. Чунки у ҳам уюшма, журнал ва нашриётлар томонидан билдирилган хулоса ва муносабатни кўрсатишга тараддуд кўраётганди назаримда. Шунга қарамай умидимни узмай ва руҳан чўкмай ўтиришга интилардим. 

−Жуда тушкун ёзаркансан,- деди Малик Самад давом этиб.- Сени ёшингда инсон ўйнаб-кулиб яшаши, ҳаётнинг ёрқин томонидан баҳраманд бўлиши, роҳатланиб яшаши керак. Эндигина йигирма тўртга кирдинг, адашмасам… Қолаверса, тушкун руҳдаги шеърларга ҳозир бизда зарурат йўқ. Адабиётимиз янги қон билан суғориляпти. Кундан кунга. 

−Байрон, Ахматова, Посвятовскаялар ҳам тушкун руҳда ёзишган,- дедим ҳаддим сиғиб унга эътироз билдирарканман.- Уларни ҳозир тинмай таржима қилиб, журнал ва газеталар саҳифаларини тўлдириб ётишибди-ку, устоз! Қолаверса, жаҳон адабиётида декадентлик деган адабий оқим бор… Бу оқим тушкун тасаввурга асосланади. Сиз ҳам яхши биласиз бу ҳақида. 

−Ҳеч қиси йўқ,- деди у қўллари билан тинчлан дегандек ишора қилиб.- Сени шеърларингни ҳам нашр қилишнинг иложини топамиз. Бир йўли бордир, ахир!

У шундай деб эринибгина ўрнидан қўзғалди. 

−Асабийлашиб ўзингни уринтирма! Асло, бундай қилма! Ундан кўра ойнага бир қара. Бай-бай-бай… Сен жуда чиройлисан, устига устак ёшсан. Худди шундай. Жилла қурса, ўзингни мени нигоҳим билан кўргин. Бир марта… Кўзларинг оҳуники каби боқади-я сокин ва дилни нозик қитиқлаб. Узун ва тимқора сочларингга қараб туриб шамолнинг расмини қандай чизардим агар бўлмаганда сени сочларинг дегим келади, машҳур шоирга ўхшаб. Ҳатто, эгнингдаги тўқ қизил кўйлагинг ҳам қоматингга хўб ярашган. Қоматинг ҳақида эса гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Жуда хипчабел ва кўркамсан. 

У қўлидаги папкани стол устига қўйиб, аста ёнимга яқинлашди. 

−Биламан, ёш қизларда тушкунлик кўпроқ бахтсиз ёки жавобсиз муҳаббат боис юзага келади. Эркаклар ҳозир ҳиссиз-да, билиб-билмай шунақа таъсирчан қизларнинг кўнглини яралаб қўйишади. Бу албатта уларга ёмон таъсир қилади, улар тушкунликка тушиб, сўнг ундан чиқишга қийналиб яшай бошлашади. Агар тушкунлик таъсирига тушган қиз шоир бўлса, урди худо деявер. Шўрлик дарров шунақа тушкун шеърлар ёзишга тушади худди сен каби. 

У елкамга қўлини қўйиб, менга диққат билан тикилди. 

−Ваҳоланки, тушкунликдан чиқишнинг йўли осон. Бу вазиятда ҳар қандай инсоннинг ёнида уни бу балодан олиб чиқадиган кишиси бўлиши керак, бўлганда ҳам ишончли, садоқатли ва ғамхўр дўсти бўлиши керак. 

Мен вақт ўтиб ўзимни ғалати сеза бошладим. Уни нима деяётганини ҳеч тушунмасдим. Гапларини ўзимча таҳлил қилишга уринсам-да, тезда бош-учини йўқотиб қўярдим, чунки у менга мутлақо тушунарсиз сўзларни маржон каби ипга тизиш билан овора эди. Унинг ҳамон елкамда турган қўли оғирлик қилса, ундан анқиятган одеколон аралаш тамаки ҳиди кўнглимни оздирарди. 

У орада бир-икки хўрсиниб қўйди-да, қўлларини бир-бирига ишқалаганича қўшни хонага кириб кетди. У ердан бир шиша шароб ва иккита пиёла олиб чиқди. Шишани очиб пиёлаларга шаробдан қуйди.

−Ол буни,- деди улардан бирини менга узатиб.

Мен бошимга худди кимдир гурзи билан ургандек чайқалиб кетдим, лекин ўзимни қўлга олдим.

−Мен ичмайман, устоз,- дедим бошимни қуйи солганча аранг пичирлаб.

−Унда мен ҳам ичмайман, -деди у қўлидаги шароб тўла пиёлани ёзув столи четига намойишкорона қўйиб, тантанали оҳангда. 

Кейин у шароб шишасини чертиб-чертиб гапира бошлади.

−Сен ўз руҳий ҳолатингни тубдан ўзгартиришинг керак. Сенга ҳаётнинг гўзаллигини, унинг ранг-баранг манзараларини кўрсатадиган, тажрибали инсон керак. У ёнингда бўлса ишонаманки, ажойиб ва кўтаринки руҳдаги шеърлар ҳам ёза бошлайсан. Қарабсанки, кейин журналлар ҳам, нашриётлар ҳам сенга эътибор қаратишади. Уюшма ҳам. Ҳатто, вақти келиб катта шоир бўлганингда уюшма сенга ҳам худди менга бергандек имтиёзлар беради. Ижод қилишинг учун қўшимча мана шунақа алоҳида уй беради, Дўрмондан ижод хонаси ажратади, ҳар йили республикадаги нуфузли сиҳатгоҳларга соғлиғингни тиклашинг учун йўлланмалар беради… Муҳими, шунақа инсонни, тўғрироғи дўстни ўз вақтида учратиш. Уни тақдир сенга рўпара қилишида гап кўп. Яна… яна уни ўзингга қай даражада яқин тутишингда ҳам.

Ҳамон бошимни қуйи солиб, оғзимга толқон солгандек индамай ўтирганимни кўриб у келиб ёнимга ўтирди. 

−Шундай чиройли қизга ярашадими тушкунлик? – деди яна елкамга қўлини қўйиб.- Хўш, дўстлашамизми? 

 Бир оз ўтиб у энди бир қўли билан елкамни уқалаб, иккинчи қўли билан билагимни силай бошлади. Аввалига майинлик билан, кейин қабариқ қўллари танам узра қаттиқ-қаттиқ ботганча. 

−Чегара бутунми?- сўради у бир маҳал пишиллаб нафас оларкан.

Мен бошимни қуйи солганча ўйладим: Қанақа чегара? У нимани назарда тутяпти ўзи? Дастлаб гўл, қишлоқи, содда қизлигимга бориб у нимани назарда тутганини тушунмабман. Тушунгач, рўпарамдаги шароб тўла шишани олиб уни бошига тушириб юборишдан ўзимни аранг тутиб қолдим. 

−Устоз,- дедим таранглашган асабимни базўр жиловлаб, унинг қўлларини елкам ва билагимдан шошилиб оларканман.- Мен сизни набирангиз қаторидаман, тўғрими?

У ўзига қаратилган дарғазаб нигоҳимни кўриб ва томдан тараша тушгандек берган саволимни эшитиб, тўсатдан жиддий тортди-да, ичида бир нималар деб ғўлдиради. Кўпинча ноқулай аҳволда қолганда у шунақа ўзи унутган Хоразмча шевасида гапириб юборарди. Кўпроқ маъруза пайти талабаларга бирор бир нарсани тушунтиролмаса ёки талабаларнинг мужмал саволларига жавоб тополмаса шу кўйга тушарди. 

У шу ҳолатда ёнимда анча ўтирди. Мен кўп ўтмай ўрнимдан турдим-да, стол устидаги папкамни қўлтиғимга қистириб хонадан чиқиб кетдим. 

−Айтганча,- дедим йўлакда пальтомни кийгач, хонага қайтиб кириб.- Менда чегара бутун. Бу чегара мен учун шеърият ортидан келадиган имтиёз ва шон-шуҳратдан устун туради. Тушкун шеърларимга келсак, мени бирортаси ташлаб кетмаган. Шунчаки, мен ҳаётни шундай дунёқараш билан тасаввур қиламан. 

У қовоғини солганча, ўтирган жойида қаддини ғоз тутди ва ортимдан отдан тушса ҳам эгардан тушмайдиган катта шоирларга хос бўлган ясама виқор билан қараб қолди. 

Зиналардан асабий ҳолда тушаётганимда бошим айланим кетиб, жойимда бир лаҳза тўхтаб қолдим. Деворга суянганча ўзимни тутиб турдим. Акс ҳолда, чайқалиб зиналар узра думалаб кетардим. Хўрлигим келиб йиғлагим келди, бироқ бўғзимда шай турган йиғини иродам ёрдамида бўғдим. Папкани яна тушиб кетмаслиги учун қўлтиғимга маҳкам қистириб пастлашда давом этдим. Тоза ҳавога чиққачгина қишнинг совуқ нафаси димоғимга урилиб бир оз енгил тортдим…

…Еттинчи бўлиб келган автобус эшикларини ёпиб жўнаб кетди. Унга ҳам чиқмадим. Ўриндиқда сассиз ўтирарканман, танам буткул совуқ қотганини сезмасдим. Аниқроғи, уни сезмайдиган даражада тарқоқ хаёлларим билан банд эдим. Атрофимда эса намозшомга бурканган Тошкентнинг — шу азим шаҳарнинг руҳи кезарди. Бу руҳни тутиб сўроққа тутиш учун мен нуқул атрофимга аланглардим, уни ҳар бир бурчакдан излардим, ахтарардим, топа олмагач эса зада бўлиб, бақириб дод солгим келарди. Вақт ўтиб, уни топа олмасам-да, у атрофимда кезиб юрибди, деган хулосага келдим ва ичимдан аламли нидо отилиб чиқди:

“Тошкент – азим шаҳар, бу ерга сени деб келгандим. Олис водийдан, туғилиб ўсган қишлоғимдан, меҳрибон онамнинг иссиқ бағридан ўзимни юлиб, ҳузурингга бош уриб келгандим. Сени онам деб, волидам деб келгандим. Мени бағрига олади, ўгай санамайди, ўкситмайди, бошимни ўз онамдек меҳр билан силайди, қўлимдан тутади деб келгандим… Энди бўлса чарчадим, жудаям чарчадим. Сендан меҳр кутишдан чарчадим, Тошкент. Се-ни бағрингда ўзимни ўгай ва бегона санашдан чарчадим. Сен тарбиялаб вояга етказган, мен билан бир ҳавода нафас олаётган фарзандларингни бир парча юрагимни ва покиза ҳисларимни тинимсиз чавақлаб нимталашларидан чарчадим. “Тошкентим –онам!”… Йўқ , бундай эмас. Ўша қўшиқ — ёлғон қўшиқ. Мени кечир! Сен мени онам эмассан. Она ўз фарзандини ҳимоя қилади. Тўғрими? Ҳимоя қилади… Керак бўлса тиш тирноғи билан… Бағрини тутиб… Жонини тикиб… Набираси тенг қизнинг баданига ҳирс билан тикилиб, уни елкаларини уқалаб, билагини силаб, унга бўлмағур гапларни гапириб, уни иффати жойида-жойидамаслиги билан қизиқиб, у билан айш-ишрат қилишни мўлжаллаётган, устозлик мақомига аллақачон тупурган, ҳалқ ардоғидаги мункиллаб қолган чоллардан уни ҳимоя қилади. Сен бугун мени ҳимоя қила олмадинг. 

Она ўз фарзандларини тенг кўради. Ҳа, ҳа тенг кўради. Барчасини. Зеро, у она. Эшитяпсанми, Тошкент? Билмасанг билиб қўй! Тенг кўради, тамом вассалом. Фарзандларига ризқ улашаётганида истеъдодсиз гўдагини сунъий кўтариб, истеъдодли фарзандининг кетига тепмайди. Она ҳамма фарзандига бир хил муносабатда бўлади. Номи чиққан, машҳур фарзандларини ҳадеб бошини силаб, номи чиқмаганларини ўзидан нарига итармайди. У ҳамма фарзандига ўз сўзини, фикрини эркин айтишга тенг имкон беради. Уларнинг маддоҳларига бағрини очиб, юрак амри билан яшаб юрганларига бағрини ёпмайди. Сен мени онам эмассан, Тошкент! Мени онам олис водийда, қишлоғимдаги пастак, тезак тепкисини еган деворлари букчайган кулбамда қолган”.

…Бекатга яна автобус келиб тўхтади. Саноқдан ҳам адашиб кетдим. Боя санаб ўтиргандим. Биринчи, иккинчи, учинчи деб… Ниҳоят, шу автобусга чиқдим. Бекатда ортиқ қола олмасдим, чунки биринчидан декабрнинг қаҳратон совуғи жон-жонимдан ўтиб кетган бўлса, иккинчидан эртага университетда Чингиз Айтматов ижоди ва ҳаётига оид бўлиб ўтадиган давра суҳбатига тайёргарлик кўришим керак эди.

 Автобусда бўш ўриндиқлардан бирига чўккач, қўлтиғимдаги папкамни тиззамни устига қўйдим. Оёқларим совуқдан титрар, папка тиззам устида ўз мувозанатини сақлай олмай сезилар-сезилмас қимирларди. Унга қараб кетарканман, кўп нарсаларни ўйладим: Майли, адабий мукофотлар отасининг сотилган машинаси пули эвазига юзага келган шеърий китобчани бағрига босиб, маддоҳлик бўйича маъруза ўқийдиган гўдакларга насиб этаверсин — қарсак чалиб йўлимда давом этавераман. Майли, уюшма шеърларимни китоб қилиб чиқариш учун лойиқ кўрмасин — у лойиқ кўрганларни табриклаб яшайвераман. Майли, қўлёзмаларим журналлар томонидан кетма-кет рад этилаверсин, нашриётларда йиллаб чанг босиб ётаверсин — уларнинг саҳифаларини тўлдираётганларни, улар эътибор қаратаётганларни ўқийман-да, зорим бор-у зўрим йўқ деб кетавераман.

 Сал ўтиб шеърларимни овоз чиқариб ўқий бошладим. Атрофимдаги кам сонли одамларга парво ҳам қилмадим. Пичирлаган кўйи тушкун шеърларимни — ҳеч ким тушунмаган, ҳамма рад этган, танамга эгалик қилишни истаган одамларнигина ўзига жалб қилган, уларга менга етишиш учун кўприк вазифасини ўташга маҳкум этилган шеърларимни ўқий бошла-дим. Биринчи варақ тугаб, иккинчиси бошланди. Кейин учинчиси, тўртинчиси…

…Сиз излаб келманг ҳеч,

Мен ҳам бормасман.

Соғинсангиз, ана

китоб жавонингизда

Сарғайиб турибди китобим…

Шу мисраларни пичирларканман, энди ҳеч қачон ҳеч кимнинг китоб жавонида китобим сарғайиб турмаслигини теран ҳис қилдим.

Билмайман қанча вақт ўқидим. Ҳар ҳолда узоқ ўқидим. Ўқиш жараёни-да шеърларим нечоғлиқ менга қадрли эканликларига ишонч ҳосил қилдим. Ва яна битта нарсани: сира бошқача ёза олмаслигимни — коллежлар, довон-лар, темир йўллар, боксчилар ҳақида ҳеч қачон достон ва шеърлар ёза олмас-лигимни, шунингдек пафос устун бўлган, тасвир жараёни ташбеҳларга тў-либ-тошиб кетган шеъриятга кўнгил қўя олмаслигимни тушундим…

−Аҳволингиз яхшими?

Бошимни кўтарганимда рўпарамда кондуктор аёл турарди. Унга чўнтагимни кавлаб пул узатдим.

−Сиздан пул сўрамадим,- деди у ерга тушиб кетган папкамни олиб менга узатаркан.- Аҳволингиз яхшими, деб сўрадим. 

Мен кўзларимда беихтиёр ёш мавжланиб, қўлларим қалтираганча у қўлимга тутқазган папкамнинг чангларини қоқдим.

−Бу ерда икки юз йигирмата шеър бор, — дедим орада унга қарарканман. — Ҳаммаси тушкун шеърлар.

Шерзод Ортиқов.

2 Изоҳлар

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг