Уч мактуб – уч ҳиссиёт

0
335
кўришлар сони

Машҳурларнинг мактуби

Мактублар – кўнгил ойнаси. Айниқса, машҳур инсонларнинг ёзган хатлари бугунги кунга қадар сақланиб келинади. Улар кимошди савдоларига қўйилади, турли нашрларда чоп этилади, табрикномаларда битилади. Бугун шундай бетакрор севги мактублари билан танишиб, пок туйғулар ҳароратини сезгандек бўласиз…

Франц Кафканинг Фелиз Бауэрга мактуби (1912 йил ноябрь)

“Қадрли Фелиз!

 Гарчи бироз ғалати туюлса-да, сиздан бир нарсани илтимос қилишга жазм айладим. Бу илтимосни бағрикенг инсонларгина бажара олади. Демак, ўтинчим:

 Менга ҳафтада бир маротаба мактуб ёзинг –ҳар якшанба. Мактубингизни сабрсизлик ила кутаман, бироқ сабр бобида жуда уқувсизман. Мен мактубингизга жавоб қайтаришим билан ётоғимда тинч ҳолатда ётаман. Лекин зоҳиран шундай, аслида шу он юрагим қинидан чиққудек ураётган ва сиз томон талпинаётган бўлади. Мен  сизга тегишлиман; қалбимдагиларни бошқа жумла билан изоҳлай олмайман, бундан кучли изоҳ ҳам йўқ. Мен сизнинг қандай фикрдалингизни билишни истамайман. Бу мени қаттиқ саросимага солади ва мен дунёга сиғмай кетаман. Хуллас, мен ҳақимда қандай туйғулар ҳис қилишингизни билишни хоҳламайман. Агар билсам, нақадар аҳмоқона ҳис этаман ўзимни. Офисимда ўтираманми, шу ерда –уйимдами, ҳар ерда қароқларимни очиб-юмган онимда ёнимда сиз бўлишингизни истардим…”

Изоҳ: Франц Кафка ўртаҳол оилада вояга етди. Унинг фавқулотда ажойиб тўқима бадиий асарлари ўлимидан сўнг чоп этилган. У ўзидан тўрт ёш кичик Фелизни 29 ёшида 1912 йил 13 август куни учратади. Уч ойдан сўнг юқоридаги мактубини битади. Бир йил ўтгач, қизга севги изҳор қилади ва улар учраша бошлайдилар. Яна бир йилдан сўнг эса, Франц учрашувларга чек қўяди, бироқ мактуб ёзишдан тўхтамайди. Уч йил ўтиб, Фелизга қайта муҳаббатини таклиф қилади. Бир ой ўтгач, ёзувчида сил ҳасталиги аниқланади ва бу муносабатларига ўз таъсирини ўтказади. Икки йил ўтиб, Фелиз бошқа инсонга турмушга чиқади, бироқ Кафканинг мактубларини бир умр асраб юради. Франц эса олти йил ўтгач, 1924 йили ҳасталикдан вафот этади.

Гюгодан Жюльетта Друэга севги мактуби (1841 йил февраль)

“Ёдингдами, азиз суйганим, илк бора учрашиб қолган кунимиз? Ўшанда, 1933 йилнинг сешанба тунида карнавал бўлаётганди. Ҳатто ўлим ҳам хотирамдан ўша маъсум кунни ўчиролмайди. Ҳозир ҳам юлдузлар жимиридаги ўша тун кўз олдимдан ярқ этиб гавдаланяпти. Сен карнавалдан сўнг балга кетишинг керак эди, аммо ҳеч қаерга бормай мени кутдинг.

Бечорагина фариштам, сенда нақадар гўзал муҳаббат мавжуд. Эсимда, сенинг хонангда ёввойи сукунат хукм сурарди. Париж кўчалари шовқин ва кулгуларга бой бўлсада, сенинг дунёйинг доим жим эди. Шу шовқин ичра биз учрашдик ва қувончли байрам шукуҳини туйдик. Париж ўз гўзаллигини йўқотгандек, дунёда иккимиз қолгандек бўлдик.

Ҳеч қачон унутма, фариштам, ўша сирли соатлар ҳаётимизни тубдан ўзгартириб юборди. Ўша тарихий тун ҳаётимиздаги энг бахтли кеча бўлиб қолди. Саккиз соатгача суҳбатлашиб ўтирдик, бу соатлар менга йил каби татиди”.

Изоҳ. Виктор Гюго (1802-1885) ўттиз бир ёшлигида бир карнавалда гўзал актриса аёл Жюльетта Друэни учратиб қолади. Уларнинг муҳаббати узоқ йиллар давом этди. Турмуш қуришолмади, шунга қарамай Гюго аёлга қарата кўплаб мадҳлар ёзди. У Жюльеттани ҳақиқий жуфтим деб атарди. Унинг вафотидан сўнг меҳр-муҳаббатсиз қолган Гюго ҳам икки йил ўтиб оламни тарк этди.

Пушкиннинг рафиқасига ёзган хати (1834 йил 8 июнь, Петербург)

“Менинг азиз фариштам! Мен сенга тўрт варақ мактуб ёзишим мумкин эди, аммо бу ўта қайғули ва изтиробли бўларди, сўнгра ўзим ўқиб кўриб сенга жўнатишга иккиланар, балки бошқасига ёзиб юборармидим.

Сенсиз яшаш зерикарли ва ҳатто юрагимдан ўтаётганларини битиш ҳам мушкул. Болдин ҳақда гапирибсан. У ерда борсак албатта яхши эди, тўғри танлов. Ҳали бу ҳақда гаплашишга улгурамиз. Хафа бўлма, хотин, мен ҳақимда бошқаларга ҳам шикоят қилма. Сени ўзимга қарам қилиш ҳақда сира ўйламаганман. Мен сенга уйландим, сабаби сенсиз ҳаётим маъносиз кечишини билардим; аммо ишимдан ҳам воз кечолмайман-да, ахир оилани тебратишим керак. Оилавий заруратлар кишини ёқимли қилади. Муҳтожлик эса барбод айлайди. Ҳозир улар менга хизматкорга қарагандек боқишяпти. Мен ҳам Ломоносов сингари ўзимни жинниликка солмайман. Аммо сен булар учун айбдор эмассан, бунга ўзимнинг кўнгилчанлигим сабабчи…”

Изоҳ. Буюк рус шоири Пушкин Наталья билан 1828 йил декабрь ойида Москва балларининг бирида танишади. Айтишича, бир кўришда уни севиб қолган. Аммо бу туйғуларга кўпчилик ишонмаганди. Лекин Пушкин умрининг сўнггичага Натальяни ардоқлаб яшади. Ўшанда қиз атиги 16 ёшда эди. Кўп ўтмай Пушкин қизнинг онасидан розилик сўрайди. Бироқ таклифи рад этилади. Бундан тушкунликка тушган шоир Кавказга бош олиб кетади. Ярим йил ўтиб Москвага қайтади ва яна такрор қизнинг қўлини сўрайди. Бу гал омад унга кулиб боқади. 1932 йил 18 февралда уларнинг бахт тўйи бўлиб ўтган.  Пушкин рафиқасини Мадонна деб атарди. Натальяни зимдан яхши кўрган француз йигит Жорж Шарль Дантес уларнинг бахтига раҳна солади. Шоир дуелда ҳалок бўлди. Наталья етти йил давомида машъум 27 январь санасида қора кийиб, унинг қабрини зиёрат қилди. 1963 йилда Наталья вафот этди.

Нодирабегим Иброҳимова таржимаси.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг