ЯНГИ ДРАБЛЛАР

1
390
кўришлар сони

Куни кеча Фейсбук тармоғидаги Китобхонлар давраси гуруҳида сайтимиз хомийлиги остида драбллар танлови ўтказилди. Юздан ортиқ ёзилган митти ҳикоялар ичидан ушбу драблларни саралаб, сизларга тақдим этмоқдамиз.

Таскин

–Сиз ҳар гал мени йиғлатганингизда ўзимни овутиш учун китоб сотиб олардим. 
–Хўш?
–Энди менинг каттагина кутубхонам бор.

Меҳригиёҳ Бозорова

Aёлнинг алласига бўм — бўш бешик сассиз тебранарди…

Насиба Санаева

У қўшни боланинг уйига ҳар янги йилда Қорбобо келишини кўзда ёш билан кузатарди. Лекин ҳеч уникига келмасди. Чунки қўшни боланинг отаси бор, уники эса йўқ эди…

Маъруфжон Очилов

Юз

Уйига қарз сўраб келган дўстининг ёнидан аста чиқиб, бўш чўнтакларини чангаллаганча қўшнисиникига югурди…

Aржумандбегим

Қизалоқ дунёдаги энг қўрқинчли овозларни эшитиб, қўрқувдан дир-дир титрарди. Ҳар куни шу даҳшат ичида яшашга мажбур эди у… Доимгидек овози чиқмасдан йиғлай-йиғлай секин пичирлади: «Ойижон, дадажон, урушманглар, илтимос».

Мадина Қурбонова

— Нима деб ёзишни ўйладингизми?

— Ҳа. «Отажонимга ёлғиз ўғлидан», — у шундай деб қабр тошлари ясайдиган устага жавоб бердию, нимадир ғалати туйилиб кетди. Нимадир ғалати.

Aхийри ўйлаб топди. «ОТAЖОН» деб биринчи марта айтиши экан…..

Шаҳло Рўзиева

МУАММО

Бугунги замонга яхши қизларни топиш ҳам муаммо бўлиб қолди, — ўғлини уйлантирмоқчи бўлган аёл турмуш ўртоғига қараб бош ирғаб қўйди.
– Ҳа, — тасдиқлади эркак.
Аммо негадир бугунги замонда ҳеч бир аёл ўз қизини ёмон демасди. Ҳеч бир қиз ўзини ёмон деб ўйламасди.
Унда муаммо нимада?

Комилжон Аслонов

Ижобат бўлган дуо

У ўз ҳовлисидаги мевадан егач, қалби шукурга тўлди ва бир неча йиллар олдин кўп қаватли уйда қилган дуосини эслади: «Ўзинг берган ҳовлида пишган мевалардан ейишни насиб этгин, Художон, Ўзингга осон!»

Азиза Қурбонова


Тиббиёт олийгохини пул бериб битирган йигит катта касалхонада бош врач бўлиб иш бошлади…

Отабек Йўлдошев

Сотувчи кўрсатган омонатгина «девор» — парда билан ўралган хонага ўтарканман, олмоқчи бўлган кийимимни кийиб кўришга иккиланардим. Секин чиқмоқчи бўлиб қўл юборгандим, овоз келди:

— Қўрқманг, қарамаяпман!

Эзо Исматова

— Сиз севгини билмайсиз! — деди ўғил, фарзанди учун йигирма йилдан бери ёлғиз яшаётган онасига.

Моҳигул Турдалиева

— Мен бахтсизман… Менинг пешонам бунчалар шўр бўлмаса, ҳатто кўнгил берган инсоним ҳам ўзгага уйланиб кетса…

— Мана буни кўр…

Телефондаги видео:

— Биз Сурияда истиқомат қиламиз. Фарзандларимни отаси кўчага чиқиб қайтмаган, бир йил бўлди. Мана шу фарзандимнинг кўзлари ожиз, бошқа фарзандларимга ош-сув топиб беролмаяпман…

Гулҳаё Эркинбоева

Бузилган ирсият

Отам Россияда тунги соат 3:20 гача чангга ботиб ишлайдилар. Мен эса тонгги 3:20 гача ишлаганларини сарфлайман.

Хумоюн Мирзааҳмедов

Светофорнинг қизил чироғи ёнди. Машиналар турнақатор бўлиб тўхтади.
Ногиронлик аравачасида ўтирган тиланчи аёл энг қиммат иномаркани ёнига келиб қўлини узатди.
Машина ойнасидан қараган йигит қачонлардир уни шу кўчага қаровсиз ташлаб кетган онасини кўрди.

Тозагул Жуманова

Умр сири

«Қалами синса ёзувчи тин олади, дейсизми? Ё, асарига сўнгги нуқтани қўйгандами? Йўқ, ёзувчи ҳеч қачон тин олмайди. У ёзади, ёзаверади. Шам каби ёниб тугаган умри етмаганидек, ўлимидан кейин ҳам ёзаверади. Қай сабаб, дейсизми? Сабабки, у ёзиш сирини билади. У билган сир эса, уни умрбоқийликка элтувчи СЎЗдир.»

Орадан қирқ йил ўтиб, илк бора қалам теккизган дафтаридан шу жумлаларни ўқиди, таниқли ёзувчи …

Бурҳон

1 та изоҳ

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг