ЎҚИТУВЧИНИНГ СУКУТИ

0
213
кўришлар сони

Йигитни ор ўлдирар,

Туяни – сарбон.

(Ўзбек халқ мақоли)

Уйга кеч соат ўнга яқин кириб келган Абсамад домланинг икки юзи ҳатто пешонасигача олов каби қип-қизариб кетган, оғир-оғир нафас оларди. У ўзига пешвоз чиққан хотинининг юзига қарамади ҳам. Ичкариларкан, маст киши каби бир икки туртиниб кетди.

– Яхши келдингизми, дадаси? – сўради хотини эрининг орқасидан ҳайрон боқиб.

– Сенга нима? Ишингни қилавермайсанми?! – Абсамад домла ғўлдираниб қўйди.

Хотинининг кўнгли оғриди, аммо сездирмади. Эрининг туш пайти қўнғироқ қилиб, “Бугун кечроқ бораман, мажлис бор”, дегани ёдига тушди. Овқат сузиб келиб ўтирди, ўраб қўйган чойнаги устини очиб, чой қуйди. Шу пайтгача ухламай ўтирган набираси келганини билиб, пайпоқчан югургилаб чиқди.

– Менга нима опкелдингиз, бобожон? – деди тиззасини қучоқлаб оларкан. Адсамад домланинг баттар жини қўзиди, уч яшар набирасининг дўмбоқ қўлчаларидан эътиборсизлик билан ушлаб, ўзидан нари сураркан:

– Олмайсанми, буни? – хотинига ўшқирди. Хотини сал нарида турган келинига тезгина кўз қирини ташлади-ю, набирасининг қўлидан оҳиста тутганча ўзи томон тортди.

– Кел, опоққизим мени. Бобонгга осилмагин, – деди ялинганнамо. – Бобонгни боши оғриётган экан. Онақизимга шикаладни эртага олиб келаман, деди… Ҳозир кириб ухлагин, хўпми?

Қизалоқ ўзини доим эркалатадиган бобосидан бундай муомала кутмаган, шекилли, бувисининг гапини ҳиқиллаганча эшитди-ю, алами келиб йиғлаб юборди. Келин иккиланиб яқинлашди-да:

– Ассалому алайкум, дадажон, – деди секингина. Сўнг йиғлаётган қизчасини қучоқлаганча илдам одимлаб ичкарига кириб кетди.

Хотин келинининг ичкарилашини кутиб турди. Сўнг:

– Тинчликми, дадаси? – ботинмайгина сўради, – Нима бўлди ўзи? 

Абсамад домла саволни-да эшитмади. Домланинг ғазаби зумда сўнадиган эмасди, бу ерда ғурур-ор масаласи бор эди. Хонтахтага таяниб сўри четида омонатгина ўтираркан, қовоғидан қор ёғар, тинмай пишилларди. Дастурхон устига бош кўтариб қарамади ҳам.

***

Олийгоҳни битирган йили, ўзи туғилиб ўсган қишлоққа қайтди. Ота-онасининг ёлғиз боқувчиси эди, энг аввал шу ердан иш излади, ўзи ўқиган мактабга борди. Институтни битирганини эшитган директор дарров ишга олди. Эркак киши эплайди, деди, каттароқ синфга бош қилиб қўйди.

Ўсмирлик қийин давр, катта ўқувчиларига синф раҳбари бўлиш осон эмас. Домла ҳуда-беҳудага асабийлашадиган одат чиқарди. Бир сафар ўзини тутолмай, ўқувчисининг юзига шапалоқ тушурди. Муштдек бола, ҳайиқмай гап қайтариб турса… Сўнг гирибонидан олдию судрагудек қилиб, хонадан чиқариб юборди.

– Дарсимга бошқа қадамингни босма, киритмайман, – деди титраб-қақшаб. Бироқ озроқ вақт ўтиб ғазаби сўнди, қилган ишидан афсусланди.

Эртасига ўқувчиси кутганидек онасини бошлаб келди. Онаси директорга кирди. Мактабни бошига кўтарди, ўқитувчи деганнинг обрўйини бир пул қилди… Абсамад домла ўттиз йил мактабда ишлаган бўлса, куюниб-куюниб дарс ўтди. Аламини ичига ютиб-ютиб, охири юрак оғриғига йўлиқди.  

Бироқ қанча-қанча шогирдлар тарбиялади. Шифокорга борганида, “ўқувчингизман” деса, ёш боладек суюниб кетарди. Кўча-кўйда тўхтаб, у бу ким салом берса, “ўқувчим бўлса керак”, деб фаҳрланиб қўярди. Эл орасида ҳурмат топди. Ўғли ҳам отасига ҳавас қилдими, изидан борди.

Сўнгги йиллар мансаб пиллапоясидан юқорилади. Аввалига бўлим бошлиғи, кейин ўринбосар бўлди. Шогирдларидан бири «катта» лавозимига ўтиргач, Абсамад домлани қўярда-қўймай мактабга директор қилиб тайинлади. Ҳурматини жойига қўйди. Абсамад домла яхши директор бўлди. Мактаб учун елиб-югурди. Мактаб обрўси учун талашиб-тортишди. Аммо… шогирди ишдан олиндию, домланинг ҳам ҳаловати йўқолди.

Яқиндагина бошлиқ бўлган бу «катта» жуда қаттиққўл чиқди. План-план дейдиган чиқди. Биринчи терим деди, ўқувчи қолмади, иккинчи терим деди, ўқитувчи қолмади… каттаю кичик далага шошди. Бироқ, план ҳеч тўлмади, шунда бир сиқим пахта қолмаган далага “ҳамма чиқсин” деган буйруқ берди. Абсамад домланинг туриб-туриб ғаши келди.

– Икки-уч ойдан бери ўқиш йўқ, ҳамма кўсак териб далада изғийди. Болалар билим олиши керак-ку!», – деди…

«Катта» гап уқмайдиган чиқди.

***

– Дадаси, овқатингизми емайсизми? – деди хотини яна секингина. Майин эшитилган бўлса-да, бироқ домланинг жаҳлини чиқарди.

– Кириб ётавермайсанми? Егим келса, ейман, – деди жеркиб. Сўнг из тушган юзини кафтининг орқаси билан аста силаб қўяркан, хўрсинди. Юзи эмас, юраги оғриётганди. Ҳамманинг олдида шарманда бўлгани, тарсаки еганини эслаб, яна қизариб кетди. Ютинди. Ори келди. Ичида таниш-билишларнинг юзига энди қандай қарайман, деган ўй ўтди. Кўз олдида бугунги воқеа қайта жонланди:

– Нимага одамларингни далага чиқармадинг? – «катта»нинг юз-кўзидан олов сачраб, савол-жавоб қиларкан, хонада йигирма-ўттиз чоғли киши ўтирар, бирма-бир турғазмоқда эди.

– Азиз Акбарович, – деди Адсамад домланинг журъати етиб, – икки ойдан бери ҳамма далада, ўқиш йўқ, программадан ортда қолиб кетяпмиз…

Бу гапдан «катта»нинг баттар жини қўзиди.

– Сенинг программанг билан менинг нима ишим бор. Пахтани ким теради? Планни ким тўлдиради? Ааа? – оғзидан тупук сачратиб ўшқирарди. Бўйин томирлари бўртиб-бўртиб  кўринарди.

– Биз … – домланинг титроқ аралаш чиққан сўзи бўғзида қолди.

– Нима сен? Нима сен, дедим? Ҳозир сенларни деб, бошлиқлар олдида қай аҳволга тушганимни биласанми? – «катта»нинг ғазаби қайнади. Ўзини тутолмай қолди.

Беҳос келиб тушган тарсакидан Абсамад домланинг кўз олди қоронғилашиб гандираклаб кетди. Шунча одам олдида-я! Кутмаганди. Юзини ушлади-ю, бироқ ўша тобда юрагининг жароҳатланганини сезмади. Ёмон иш қилиб қўйган киши каби бош эгиб тураверди.

“Катта” қилган ишидан бир зум афсусланди, бироқ сездирмади. Уришишда давом этди.

– Эртагаёқ аризангни ёз! – деди жаҳл билан.

Ҳамма жим эди. Тарсакидан сўнг йиғилганларнинг дами ичига тушиб кетган, пашша учса билинарди. Домла қолган гапларни эшитмади. Секин-аста таъсир этадиган дори каби, тарсакидан сўнг қулоқлари битиб қолганди. Бир чеккада қизариб-бўзариб ўтирарди.

Йиғилиш қачон тугаганини-ю, қандай ташқарига чиққанини эслолмайди. Ўринбосари билан хайрлашгани элас-элас ёдида. «Шунча одам олдида…» деган ўй бир зум ҳаёлидан нари кетмас, юраги сиқилиб борарди.

Хотинининг туриб ичкари кириб кетганини ҳам пайқамади. Дам-бадам хўрсиниб қўяркан, эртага кўчага қандай чиқиши ҳақида ўйлаб эзиларди. «Тешик қулоқ эшитади, эртага ҳамма шу ҳақида гапиради», ўзига ўзи пичирлаб қўярди. Хонтахтага тирсагини тираб беҳолгина ўтираркан, бошини қўйи эгди. Кўзлари тиниб кетди. Уҳ тортди. Зўрға нафас оларкан, ич-ичидан кемираётган алам, борлиғини ўз домига олаётган, ор-номус ўтида қовураётган эди.

«Нима деган одам бўлдим? Ўттиз йил ўқитувчилик қилиб-а…?» ўйларди ичида. «Одамлар нима дейди?!» Нафаси бўға бошлади. Ҳансирарди. Оқиш кўйлагининг уриниб қолган ёқасини каттароқ очди. Бирдан ичида яна ғазаб аланга ола бошлади. Атрофга олазарак боқди. Шу чоқ сал нарироқда, дастурхоннинг бир четида турган ёғоч сопли пичоққа кўзи тушди, қўллари титради, лекин зумда мушт бўлиб тугилди. Ғазабдан кўзлари олайиб кетган, «энди менга барибир» дерди ҳансираб.

Рахшона Аҳмедова

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг