ИККИНЧИ ИМКОН

0
182
кўришлар сони

ҳикоя

Аёл тортманинг энг тагида — унутилиб кетган суратни қўлига олди. Эркак унга жиддий қараб турарди. Гўё муҳаббатимиз ўткинчи эдими, деб сўраётгандек. Аёл сурат юзасини силадию, сўнг жаҳл билан йиртиб ташлади. Аммо яна шу тезкорлик билан елимлаб, қайтиб жойига қўйди.

“Унутишим керак”, пичирлади ўзига ўзи. Бироқ унутиш учун нима қилиш кераклигини билмасди. Унинг ўрнини кимдир боса олиши мумкинмикин? Кимдир… умуман бегона инсон. Қаердан излаш мумкин бу нотаниш одамни? Аёл ёстиғи тагидан қўл телефонини олди. Тармоққа уланди ва онлайн фойдаланувчиларни кузатди. Бор иродасини жамлаб кимгадир хат ёза бошлайди.

“Салом. Ҳамиша онлайнсиз. Тун эса оғгани қачон эди. Менга ўхшаб ухлай олмаяпсизми? Ярим кечада бировга хат ёзадиган одатим йўқ эди. Лекин сиз билан жуда суҳбатлашгим келяпти. Балки профилингиздаги сурат ўзига тортгандир, балки қўйилган сўнгги постларингиз… Улар менга нималарнидир эслатяпти. Безовта қилганим учун узр”.

Эркак янги келган хабарни ўқиб, тараддудланиб қолди. Нималар деяпти ўзи? Балки адашиб ёзиб юборгандир. Бошқасига ёзгану менга жўнатиб юбордимикин? Асаби бузилди. Ёстиғини баландроқ қилиб яхшилаб ўрнашиб олдида, жавоб ёзишга шошилди.

“Салом. Манзилда адашмадингизми? Нега кеч бўлганда… – шуларни ёзаркан, балки бу хабарни йўллаган одам устидан кулаётгандир деб ўйлади. Телефонини кимдир олиб ҳазил қилаётганмикин? – Яхшиси, ухлайқолинг”.

Хабарни жўнатди. Сўнг беихтиёр сўнгги қўйган постларини кўздан кечира бошлади. Чинданам жуда тушкун… Ўлаётган одамдан фарқи қолмапти. Профилида эса ўзининг эмас, денгизга термулиб турган кимсанинг сурати бор эди.

Одатда, бу пайтда унга ҳеч ким ёзмасди. Зум ўтмай телефонда яна янги хабар пайдо бўлди.

“Адашган бўлсам узр. Сизни кимгадир жуда ўхшатдим. Сиз ҳам кузда туғилган экансиз. Денгизни ёқтираркансиз. Ва ёлғизсиз… У ҳам шундай эди”.

Эркакнинг чиндан жаҳли чиқди.

“Илтимос, ўйин қилма! Мен ёлғиз эмасман. Нима керак сенга?”

“Уни унутишга ёрдам беринг…”

“Кимни?!”

“Собиқ эримни”.

Эркак энди хомуза тортди.

“Ярамас одам экан… эрингиз”, титраб ёзди у.

“Ундаймас. Шунчаки у ўзига нима кераклигини билолмайди. Аросатда юраверади, ич этини ейди, изтиробдан чиқиш чораси – йўлни кўрса-да у ерга бормайди. Тураверади муаллақ”.

Эркак ўрнидан турди. Деразани очиши билан изғирин юзига урилди. Соф ҳаводан тўйиб нафас олди, юзи музлай бошлаши билан деразани ёпди. Паркўрпага ўранди ва яна телефонига термулди. У жавоб ёзишни истамас, аммо негадир хабар кутарди. Галдаги хабар кўп куттирмади.

“Жимсиз… сиз ҳам кимнидир ёдга олгандирсиз, эҳтимол? Илк муҳаббатингиз ёки бошқа бировни. Суюкли инсонингиз борми?”

“Йўқ, мен ҳеч кимни севмайман, — эркак сигарет тутатаркан жавоб ёзишга қарор қилди. — Қачондир севгандирман. Лекин муҳаббат ўткинчи туйғу”.

“Муҳаббат бор, фақат кимлардир уни тан олмайди. Оилангиз-чи, йўқми?”

“Бор эди”.

“Сиз ҳам ажрашганмисиз?”

“Ҳа”.

“Нима учун?”

Эркак кулдон бу кеча ҳам тўлишини билгани учун жавоб беришга шошилмасди. Лекин сигарет қутиси бўшаб қолганини кўриб, тортмаларни титкилай бошлади. Йўқ, заҳира ҳам қолмапти.

“Майли, истасангиз ёзманг, — суҳбатдоши эса бетоқат эди. — Қачондир дардлашгингиз келса, ёзарсиз. Хайрли тун”.

Яхши бўлди, ўйлади эркак курткасидан бир донагина сигарет топиб келгач. Мен ҳам шуни чекаману ухлайман.

Эҳтимол, эртага қўнғироқ қиларман унга? Қўлимдан келадими? Қайси юз билан? Бўлмайди.

Икки соат ўтди ҳамки, ухлолмади. Яна телефонига тикилади. У ҳам онлайн. Шу вақтда ким билан гаплашаётган бўлиши мумкин? Балки садо кутаётгандир. Аёл тармоққа жуда кам кирарди, кечаси-ку умуман кўринмасди. Бугун чиндан ҳам унга нимадир бўлгандек. Уни нима қийнаяптикин? Нега ундан ҳол сўраб кўрмади ўзи?

“Ўзингиз яхшимисиз?”

Бу гал у куттирди, аммо барибир жавоб ёзди.

“Тузук. Юқорида ёлғиз эмасман, деган экансиз. Шунга хабар ёзиб бекор қилдимми, деб ўйлаб ўтиргандим”.

“Мен ҳалиги… жисман ёлғизликни назарда тутмагандим. Ёлғиз эмасман, руҳан ўзимни танҳо сезмаяпман, ҳаммаси жойида. Ўрганиб қолдим.”   

“Унда яхши. Ўрнингизда бўлишни истардим. Мен ҳам руҳан, ҳам жисман шунчалик ёлғизманки, дунёда бир ўзим қолган бўлсам керак, деб ўйлаб қоламан. Сиз буни тушунармикинсиз?”

Эркак хўрсинди. Ўзини янада айбдор ҳис қила бошлади. Суҳбатдоши буни сезди, шекилли:

“Ич этингизни ейишни бас қилинг. Менинг эрим ҳам хато қилган. Мен уни кечирганман. Балки сизнинг аёлингиз ҳам фаришта бўлмагандир, ундаям айб бордир. Сизам уни авф этинг. Ҳар ким иккинчи имконга ҳақли. Юрагингизга қулоқ тутинг. Бир марта, бўлсада. Эшитяпсизми?”

Эркакни яна сигарет хумори тута бошлади, аммо излашни истамади. Унинг кўпроқ йиғлагиси келарди. Аёлининг тиззасига бош қўйиб йиғлашни истарди. Аммо ёнида совуқ ёстиқдан бошқа бош қўйгулик нарса йўқ эди.

“Балки энг бошидан бошлаш керакдир? Нотанишлардек. Сиз қанчадан бери ёлғизсиз?” — суҳбатдоши уни тинч қўймасди.

“Ҳисобда адашган бўлсам керак, ҳудди асрлардек чўзилди”.

“Изтиробли асрларга барҳам беринг. Сонияларда бахт туйиб яшанг”.

“У мен билан яна бахтли бўла олармикин?” Иккиланиб сўради эркак.

“Сиз аввал уриниб кўринг. Ёнига боринг, эҳтимол айни пайтда деразага боққанча сизни кутиб ўтиргандир”.

Эркак ҳам деразадан ташқарига қаради: қор анча энлабди. Ой нурида жимир-жимир қилиб кўзни қамаштиради. Эркакнинг бирдан руҳи ёришиб кетди. Қор аксида унинг суратини кўргандек бўлди.

“Раҳмат сизга”, жавоб ёзди у. “Борар ерим – унинг қалби экан”.

“Бахтли бўлинг…”.

Эркак шошганча эгнига палтосини илди. Отилиб ташқарига чиқди. Қор эпкинлари юзини силаганда унинг майин бармоқларини эслади. Фақат улар илиқ эди, анча илиқ. Бузилмаган қор йўлкасида изларини қолдирганча катта йўлга чиқди. Шу маҳалда ҳам такси топила қолди, гўё кутиб тургандек, ниятидан қайтиб қолмасдан манзилга ташлашга шайдек.

…Кўп қаватли бинога етиб келганида унинг хонасининг чироқлари ёниқ эди. Эркак бир муддат ҳайкалдек деразага қараб қолди. Келганини сезгандек, парда сурилиб аёлнинг чеҳраси кўринди. Эркак унинг жилмайганини кўриб енгил тин олди. Аёл телефонидан нимадир ёза бошлади. Эркак унинг қўнғироқ қилишини тахмин қилиб экранга қаради. Аммо бояги суҳбатдошидан яна бир янги хабар олди.

“Келишингизни билардим… ”.

Эркак ҳаяжон билан зина сари ошиқди.

Аёл пардани туширди ва тағин тортмадан унинг суратини олди. Бағрига босди. Йўқ, у сира ўзгармапти. Суратни рамкага солиб, тортма устига қўйди.

Эшик қўнғироғи чалинди.

Нодирабегим Иброҳимова, 2019 декабрь.  

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг