Танго раққосаси

0
223
кўришлар сони

Ҳикоя

“Нефтчилар” маданият уйининг асосий эшигидан ичкарига кирганимни кўриб, йўлакда фаррошлар билан гаплашиб турган кутубхона мудираси Раъно опа ёнимга яқинлашди.

-Рашод,- деди мен билан саломлашгач.- Сизни узоқдан кўриб, олган китобларини бунчалик тез ўқиб бўлдимикин, деб ўйлабман. 

-Кўриб турганингиздек қўлларим бўм-бўш,- дедим унга жилмайиб.- Кутубхонага эмас, иккинчи қаватдаги тадбирлар залига келгандим.

-Ёдимдан кўтарилибди,- деди у иккинчи қаватга элтувчи зиналарга кўз ташларкан.- Бугун “Куз рақслари” тадбири ўтказилади, тўғри. 

У қўлтиғимдан тутиб, муаммоларини гапира-гапира, ҳамроҳлигимда зиналар орқали иккинчи қаватга кўтарилди. Маданият уйи шаҳардаги нефтни қайта ишлайдиган завод тасарруфида бўлиб, бу ерда кутубхона, мусиқали театр ва рақс ансамбли фаолият юритарди. Буларнинг барчаси завод ишчилари ва уларнинг оилаларини маданий ҳордиқ чиқариши учун мўлжалланганди. Мен бу ерга бой китоб фондига эга бўлган кутубхонадан фойдалангани келиб турардим. Бундан ташқари онда-сонда бу ерда бўлиб ўтадиган театр томошаси ёки рақс тадбирларига ташриф буюриб, улардан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилардим. 

Раъно опа кекса аёл бўлгани учун зиналардан иккинчи қаватга чиққунча чарчаб қолди. У ердаги йўлакда бир муддат нафасини ростлаб олгач, мен билан томоша ва тадбирлар ўтказиладиган залга кирди. Залда одам одатдагидан кўп, назаримда, шанба куни бўлгани учун завод ишчиларининг ҳам аксарият қисми келганди. Улар орқа қаторларда гуруҳларга бўлиниб жойлашганча ўзаро қизғин гурунгга берилиб кетишганди . Биз олдинги қатордаги бўш турган ўриндиқлардан бирига бориб ўтирдик. 

Бир оз ўтиб тадбир бошланди. Маданият уйи рақс ансамблида фаолият юритувчи раққоса қизлар саҳнада навбат билан ўз маҳоратларини кўрсатишга тушишди. Биринчи бўлиб қорачадан келган қиз атлас кўйлакда тановар рақсини ижро этди. Унинг ортидан олқишлар тиниб улгурмай сочлари жингалак қиз дилҳирожга қойиллатиб ўйнаб берди. Яна олқишлар зал бўйлаб унинг акустикасида жаранглади. Шундан сўнг, сценарий бўйича шекилли миллий рақслардан жаҳон рақс мактаби намуналарига ўтишди. Лўлича кийиниб олган новча қиз француз бастакори Бизенинг “Кармен” операсидаги лўли қизнинг рақсини мукаммал даражада оммага намойиш қилди. Ундан кейин саҳнага оқ-сариқдан келган, испан аёлларига монанд безаниб пардоз қилган, сочларини фавворасимон турмаклаган, тўқ қизил рангдаги узун ва кенг кўйлак кийган қиз худди балериналар каби оёқларининг учида чиқиб келди. Унга эргашиб иккита йигит саҳнага ёнғоқдан тайёрланган жигарранг стол кўтариб чиқишди. Стол каттагина эди ва у саҳна ўртасига салобат билан жойлашди. Нима учун саҳнага стол олиб чиқилганини кўпчилик англаб улгурмасидан саҳна ортидан дарров испанча мусиқа янграб кетди ва оқ-сариқдан келган қиз жилмайганича ана ўша стол атрофида айланиб тангога рақс туша бошлади.

Эрталабдан мазам йўқ эди. Буйрагим тинмай оғрир, бунинг натижасида букчайиб қадам ташлашга мажбур эдим. Кечқурунга буюртма қилинган рақслар учун озгина дам олмоқчи бўлиб, иш жойимдаги кундузги рақс тадбирига бормасликка қарор қилгандим. Лекин, бадиий раҳбаримиз Нигора Каримовна аҳволимни тушунишни истамади ва “Куз рақслари” тадбирида иштирок этишимни қатъий талаб қилди. Иш жойимга келганимда ҳамма нарса-маданият уйи аъзоларидан тортиб жиҳозлар-у лаш-лушларгача тадбирга тайёр эди. Қизлар зўр бериб безанишар, қўшиқ хиргойи қилиб сочларини турмаклашар, зарур кийимларни эгниларига илишиб талашиб-тортишганча ўзларини кўзгуга солишарди. Мен хонада улар томонидан тартибсиз ҳолга келтирилган жавон олдидан ҳеч қаерга жилмай, хафсала билан кийимларимни алмаштирдим ва у ердаги кўзгу қаршисига бориб ўтирмай турган еримда пардоз қилиб юз-кўзимни эпақага келтирдим, сочимни турмакладим. Тадбирда тангога рақс тушишимни унинг дастурини тузаётган хореографимиз Нигина Талгатовнага автобусда келаётиб телефон орқали айтгандим. Шу сабабли пардоз ёрдамида худди испан аёлларига ўхшашга интилдим. Гардеробдан тангога тушаётганда кийиладиган узун ва кенг испанча кўйлакни олиб кийдим. Уни кийиб, эгнимда тартибга келтираётганимда қўлига қандайдир шеърий китоб ушлаб олган Нигина Талгатовна хонага кирди-да, минғирлаб шеър ўқиганча Гулмирадан сўнг саҳнага чиқишимни маълум қилиб чиқиб кетди.

 Мендан олдинги қизларнинг чиқишларини очиғи, саҳнанинг четида бефарқлик билан кузатдим. Уларда истеъдод зўр даражада эмасди, рақсларни шунчаки иштиёқ ва харизма билан ижро этишди, холос. Йиғилганлар эса рақс санъатида балониям тушунишмаса-да, бир зумда уларни олқишларга кўмиб ташлашди. Уларнинг қарсаклари садосини эшитиб мийиғимда кулиб қўйдим. Шахсан менга фақат шу Гулмира ижросидаги лўли қизнинг рақси ёқди ва хиёл қизиқишимга сабабчи бўлди. У саҳна ортига кириши билан, Нигора Каримовнанинг “Диёра” деган баланд овози қулоғимга чалинди. Мен отилиб саҳнага чиқдим. Талабимга кўра ортимдан ёрдамчи йигитлар жигарранг стол кўтариб чиқишиб, уни саҳнанинг ўртасига қўйишди. Шу стол билан мусиқа жўрлигида тангога рақсга тушиш учун оғриётган танамни ҳаракатга келтирдим ва ҳеч қанча ўтмай оғриқни ҳам унутиб бутун борлиғим билан қилаётган ишимга шўнғиб кетдим.

Тангони оддий стол билан бирга ижро этиш мумкинми? Мумкин экан. Буни кўриб расо ақлим бир лаҳза шошиб қолди. Олдин бунақасини сира кўрмагандим. Раққоса ўзининг нозик ва нафис тана ҳаракатлари билан стол атрофида, гоҳ унга ёпишиб, гоҳ ундан узоқлашиб тангога рақс тушарди. У столга худди ўзининг суюкли маҳбубига қарагандек қарар, унинг атрофида парвона бўлар, нигоҳида зоҳир бўлган ёқимли ифодани ишга солиб унга мафтунлигини кўрсатар, уни бармоқлари ёрдамида оҳиста сийпалаб эркаларди. Унинг ҳаракатлари шу жонсиз стол билан жозибали мутаносиблик ҳосил қилган, мазкур рақсда ўзгача руҳдаги новаторлик белгилари яққол кўзга ташланарди. 

Зал рақсни томоша қиларкан, биров бирор оғиз сўз демас, барча бир бўлиб унинг истеъдодига ва санъатига маҳлиё бўлганча мум тишлаб, эҳтимолки ҳаяжонини босиб, жиловлаб ўтирарди. Мен ҳам рости ҳайрат-у ҳаяжондан ҳеч ўзимга кела олмасдим. У ниҳоятда чиройли ва дид билан рақс тушарди. Унинг бу латофатли рақси фонида столнинг жойидан жилмай тургани ҳам билинмас, аксинча стол ҳам унга ҳамоҳанг равишда ҳаракатланаётгандек тасаввур уйғонарди.

Рақснинг ярмига бориб чарчаб қолдим. Буйрагим ўқтин-ўқтин санчиди. Аммо оғриққа чидаб, рақс тушишда давом этдим. Негадир олдинги қаторда ўтирган бир нотаниш йигит сираям мендан кўзини узмасди. Унга бир-икки кўзим тушаркан нима бало одам кўрмаганми у, деб ўйладим. У ҳар бир ҳаракатимни синчковлик билан кузатарди. Менимча, у оддий шинаванда ёки завод ишчиларидан эмасди. Бирорта рақс мутахассиси ёки хореограф бўлса керак. Ким бўлганидаям шу кўзини узмай ўтириши менга ёқмади. Аммо у жуда келишган, хушсурат эди. Кўзлари одамга сокин ва ёш болалардек беғубор боқишиниям алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим. У мендан ташқари вақти-вақти билан стол томонга ҳам қараб қўяр, тахминимча, стол билан тангога тушаётганимни ё тушунмас, ё буни тасаввур қилолмай қийналарди. Стол билан ҳам тангога тушса бўлади, яхши йигит. 

У рақсни тугатгач, Раъно опага узримни айтиб жойимдан қўзғалдим-да, шошилмай саҳна ортига бордим. У ерда қўриқчилик қилиб турган бояги стол кўтариб чиққан йигитлар мени танишиб қўл бериб сўрашишди-да, илтимосимни ерда қолдирмай саҳна ортига қўйиб юборишди. Орқа тарафга ўтдим. У ерда бир-бирига рўпарама рўпара жойлашган кийиниш хоналарининг қия очиқ эшикларидан раққоса қизларнинг шодон овозлари, қиқир-қиқир кулгулари, бақириб-чақирганлари йўлакка эшитилиб тинмасди. Раққоса қизларнинг ҳам деярли ҳаммаси мени танишарди. Йўлакда пайдо бўлишим билан лўлича кийимдаги Гулмира (уни саҳнада чуқур пардозда танимабман) ана ўша очиқ эшикларнинг биридан бошини чиқарди-да, югуриб ёнимга келиб, дарҳол миннатдорчилик билдирди.

-Онамнинг нафақасини банкдан нақд пул тарзида берадиган бўлишди. Сени тавсиянг билан бўлди бу. Ташаккур, дўстим!

-Азизим,- деди хореограф Нигина Талгатовна мени тасодифан кўриб қолиб эснаганча.- Тавсия қилган китобинг ажойиб экан. Халина Посвятовскаянинг шеърларини мазза қилиб ўқияпман. 

-Қачон тушликка таклиф қиласиз мени?- деди дилхирожга рақс тушган Фарида ёнимдан ўтиб кетаётиб сирли жилмаяркан (уни ҳам пардози сабаб саҳнада танимабман).

 Мен уларга ортиқча эътибор бермас, кўзларим билан атрофдан тангога рақс тушган қизни ахтарардим. 

-Мени излаяпсанми?- деди бир пайт энди сочлари оқариб кетган, ориққина Нигора Каримовна йўлакда пайдо бўлиб хахолаб куларкан.

Ансамбл раҳбари бўлган бу кўнгли очиқ аёл ёнимга келиб мени маҳкам қучиб олди.

-Таъмирлаш учун менга кредит ажратганинг яхши бўлди. Қишга уйимни таъмирлаб олдим.

Бу дейман боя залда олдинги қаторда, мендан кўзини узмай ўтирган нотаниш йигит ансамблимиз аъзолари орасида жуда машҳур шекилли, уни кўришлари билан ҳамманинг юзи ёришиб, лабларига табассум югурди. Йўлакда овозини эшитиб, Гулмира аввалига хонадан шошилиб чиқиб кетди. Қия очиқ эшикдан йўлакка кўз қиримни ташлаганимда Фарида атайин унинг ёнидан “Мени қачон тушликка таклиф қиласиз?” деб ўтиб кетганини кўрдим. Бошқа қизлар ҳам оғзиларидан бол томиб унга ажойиб-у ғаройиб тавсифлар беришди. Улардан секингина ким у деб сўрагандим, уни банкир дейишди. У бу ердаги кутубхонадан фойдалангани келар, бундан ташқари маданият уйининг ҳисоб-рақами у ишлайдиган банкда бўлгани боис уни ансаблимиздаги кўпчиликка ҳар замонда фойдаси тегиб тураркан.

Нигора Каримовнанинг қаршисида турарканман, очиғи нима дейишимни билмай бир неча дақиқа каловланиб қолдим. 

-Нигора Каримовна,- дедим охири гапнинг дангалини айтиб.- Ҳозир саҳнада битта қиз тангога рақс тушганди. У янги шекилли-а? Уни танимадим. 

У мени диққат билан эшитгач, тушундим дегандек бошини ирғади-да, йўлак охиридаги хонага кириб кетди. Кўп ўтмай, ичкаридан ўзи билан ўша қизни етаклаб чиқди.

Юзимдаги пардоз қолдиқларини ювиб, ювиниш хонасида юз-кўзимни тартибга келтираётганимда хонада бадиий раҳбаримизнинг овози эшитилди. Дастлаб буни сувнинг шовуллашида эшитмабман. У қизлардан мени сўради. Тинчликмикин, деб ювиниш хонасидан хаёлим бўлиниб чиқдим ва Нигора Каримовнани хонанинг ўртасида, қўлидаги газетани икки буклаганча бетоқатлигини очиқдан очиқ намойиш қилиб турганига гувоҳ бўлдим.

-Сен билан бир йигит танишмоқчи,- деди у қўлимдан етаклаб мени ташқарига олиб чиқаркан.

Қизлар шунда бир-бирларига маъноли қараб қўйишди. Унга эргашиб йўлакка чиқдим. Йўлакда қўлларини орқасига қилиб, деворга суянганча ўша йигит турарди.

-Ассалому алайкум,- дедим унинг олдига боргач.

-Ўзингни яқиндан таништир,- деди Нигора Каримовна бизни ёлғиз қолдириб кетаётиб ҳазил қилганча.

-Диёра,- дедим унга истаб-истамай қўлимни узатиб.

-Рашод,- деди у ўзини таништириб.

Сўнг бир-икки йўталиб олди-да:

-Тангога зўр рақсга тушаркансиз,- деди дона-дона қилиб. 

-Унчаликмас,- дедим унинг мақтовидан қизариб.

-Бу ерда сизни олдин кўрмаганман.

— Ишга янги келдим. 

У ёнимда бошини эгиб турар, саҳнадаги шаштидан асар ҳам қолмаганди. У йигирма-йигирма икки ёшлардаги, тортинчоқ қиз эди. Тангога тушган кийимида эмас, одатий кундалик кийимида тургани учун ҳатто бошида тангога тушган шу қизмиди ёки бошқасимиди деб иккиланиб қолдим. Аммо кўзларига боққач, шубҳам тарқади. Тангога айнан шу қиз рақсга тушганди. Унинг маъюс кўзларидан бир неча дақиқа илгари саҳна бўйлаб атрофга уфурган самимийлик нафаси айни пайтда ҳам унинг қаршисида турган одамга сезиларди.

-Кечирасиз,- деди у суҳбатимиз давомида ногоҳ уни бўлиб.- Тезроқ уйга кетишим керак. Чунки бошқа ерда ҳам ишлайман. Озгина дам олвомасам бўлмайди. Мазам бўлмай кетяпти. Айбга буюрмайсиз.

У билан хайрлашгим келиб-келмай хайрлашдим. Кейин ҳалиям рақс тадбири давом этаётган залдан тарвузим қўлтиғимдан тушиб кўчага чиқдим. У ерда четроқдаги киоска ёнида турган машинамнинг ичида анча ўтирдим. Ўтирганча бир пасда кетишни эмас, нима бўлсаям Диёрани кўчага чиқишини кутишни мақсад қилдим. Бу кутиш давомида қандайдир оддий қизиқишдан тубдан фарқ қиладиган туйғу ичимни қиздирди. Фурсат ўтиб Диёра кулранг пальтосига ўраниб кўчага чиқди. Ортидан эшикни ёпгач, машинам томонга бир қараб қўйди. Машинанинг ичида ўтирганимни аниқ кўрди. Аммо бунга гўё аҳамият қаратмагандек пиёда юриб кетди.

-Яхшимас,- деди шу пайт кимдир машинамнинг ён ойнасини бир-икки чертиб куларкан.- Менга хиёнат қиляпсан.

Машинамнинг олдида Элеонора турарди. Уни пайқагач қўлим билан машинага чиқ, деб унга ишора қилдим. У эшикни очиб, олди ўриндиққа ўтирди.

-Қуёш бугун қайси тарафдан чиқди?- деди сўнг киноя қилиб.

-Кинояни қўй,- дедим машинани ўт олдириб.- Сени уйингга ташлаб қўймоқчиман.

Йўлда ундан Диёра ҳақида сўрадим.

-У ҳақда айтарли ҳеч нарса билмайман,- деди Эленора елкасини қисиб. — Бизга келганига энди бир ҳафта бўлди. Онаси нафақахўр, ўзи санъат коллежини тамомлаган. Билганим шу. Батафсил маълумотни Нигора Каримовна билади.

Уни қора рангдаги қимматбаҳо машинаси бор экан.  Ноябрнинг ёмғирли ва рутубатли, нафасни қисаётган хазонрезгининг теварак бўйлаб авж олган, чанг-тўзонга қоришиб кетган шароитдаги манзарасида, атрофдаги кир-чир машиналардан фарқли равишда унинг тозалиги, ялтиллаб кўзни қамаш-тириб тургани мени ҳайрон қолдирди ( у табиатан тозаликни хуш кўрадиган инсон бўлса керак). Кўчага чиққанимда у ана шу машинасининг ичида ўтир-ган эди. Ўзимни унга аҳамият қаратмагандек қилиб кўрсатиб сал нарироқдан ўтиб кетдим. Анча масофага боргачгина ортимга бир қур назар солдим. Кўчага мендан кейин чиққан Элеонора айни шу онда унинг машинаси олди ўриндиғига ўтирди. Бу менга ғалати туюлди. Икковининг ўртасида дўстликми ё ишқ-муҳаббатга ўхшаш нарса бор, чоғи. Унда боя нега у мен билан қизиқди? Мени чақиртириб гапга тутди? Эркакларни умуман тушуниб бўлмайди. Улар ростдан бир тийинга қиммат.

Элеонора уйи олдида тушиб қолгач, машинамда банкка келдим. Банк тизимида шунақа ярамас одат бор: Расмий тарзда бўлмаса-да, шанба кунлари ҳам хизматчилар келиб ишлашади (бошқарманинг талаби шундай). Хонамга кирганимда сигаретнинг хумори тутди ва чўнтагимни кавлаб сигарет олдим. Уни чекиб, хонада нари бориб бери келарканман, маданият уйида бўлиб воқеаларни шууримдан ўтказдим. Диёрани, унинг ижросидаги стол билан тушилган ажойиб тангони, у билан йўлакдаги қисқа суҳбатимизни… Диёра бениҳоя мени таъсирлантириб юборганди. Уни тангога рақсга тушиши кўпроқ таъсирлантирди деб тахмин қилсам, юрагим зўр бериб бундай эмас, дерди. Наҳот, ўзи бўлса? 

Уйда диванга ёнбошлаганимда кўзим илинибди. Кўзимни очишим билан тезда девордаги соатга қарадим. Соат миллари ўн бешта кам бешни кўрсатарди. Шошилмасам Фарғонадаги обрўли ресторанлардан бирига кеч қолардим. Кеча унинг хўжайини ўша ерда рақс тушиш учун телефон орқали мени таклиф қилганди. Келишувга асосан ресторандаги мижозлар учун тўрт хил кийимда, тўрт турдаги рақсга тушишим лозим. Рақс кечасини арабча рақс билан очиб бераман. Бу келишувнинг асосий шарти. Ресторан менга шу тўртта рақс учун икки юз минг сўм тўлайди. Шулар хаёлимдан ўтаётганда хаста буйрагимда оғриқ кучайиб бунга ҳам тўсқинлик қилмоқчи бўлди. Аммо токчада турган буйрак оғриғига қарши ичиладиган доридан бир йўла тўрттасини тилим остига ташладим-да, ўрнимдан турдим.

Универмагдаги хотинчалиш сотувчи йигитдан ўткир ифор таратиб турган эркаклар атири харид қилгач, шаҳардаги ўзимга таниш бўлган ресторан сари бориш учун машинамни ўт олдирдим. Синфдошим Комрон ўша ерга — туғилган кунига мени таклиф қилганди. Тўғрисини айтсам, ўша ресторанга боргим йўқ эди, адашмасам бир марта борганман ва ўшанда у ердаги бемаъни муҳит менга сираям ёқмаганди. Лекин бу сафар боришга мажбур эдим. Бормасам Комрон ранжирди. Ҳечқиси йўқ, бир пас ўтириб кетаман, дедим машинамнинг рулини ўша томонга бурарканман.

Ресторан эгасининг хонасидан тегишли кўрсатмаларни олиб чиқдим. У бирорта маст мижоз мабодо тегажоқлик қилсаям ўзимни тутишимни, унга нисбатан қўполлик қилмаслигимни маслаҳат берди, чунки бугун ресторанга фақат нозик мижозлар ташриф буюрган экан. Арабча рақс учун зарур кийимларимни кийгач, кўзгу олдида бир муддат хомуш, ўзимдан уялиб туриб қолдим. Унинг қаршисида ҳақиқий санъат кишиси бўлган, тангога рақс тушишни хуш кўрадиган раққосадан бир зумда буюртма асосида рақсга тушадиган кўча раққосасига айланиб қолганим таъбимни кир қилди.

Рестораннинг залига кирганимда у ердаги ҳавонинг бўғиқлигидан, эшик томон таралаётган ёқимсиз ҳиддан бошим айланиб, кўзим тиниб кетди. Бозорни эслатадиган шовқиндан қулоғимни беркитиб олгим келди. У ердаги айлана шаклида жойлаштирилган столларнинг барчаси банд қилинган, ана ўша столда ўтирганлар вақтичоғлик билан бири олиб, бири қўйиб қизғин суҳбатлашишарди. Деярли барча столда спиртли ичимликлар ва баҳайбат, шарқона усулда ясалган чилим идишлари турар, кўп столлар атрофида эркаклар билан аёллар аралаш, бунинг устига тортинмай қучоқлашиб ўтиришарди. 

Залга кирганимни кўриб, Комрон исмимни айтиб чақирди-да, имлаб ўзи ўтирган стол томон чорлади. У ерга бордим. Стол олти кишига мўлжалланган бўлиб, Комрон мендан ташқари яна тўрт кишини таклиф қилганди. Улардан учтаси аёл киши, биттаси эса шу аёллардан қолишмайдиган феъл-атвордаги эркак эди. Дўстим мени улар билан эринмай, бирма-бир таништириб чиқди. Таништириш жараёнида улар Комроннинг ҳамкасблари эканликлари билиб олдим. 

Очиқ кийимим билан залга чиққанимда мусиқа деярли янграшни бошлаганди. Зал тўла одамлар эди. Уларнинг кўпи маст, эркаклардан қолишмаган тарзда аёллар ҳам ҳеч иккиланмай стол устида турган спиртли ичимликлардан тортинмай ичишар, мис идишдаги чилимдан ўпкаларини тўлдириб татиб кўришарди. Бунга кўзим тушганида кўнглим айниб, қайт қилиб юборишимга сал қолди. Айниқса, аёлларни эркакларнинг пинжига кириб, одатий ҳолдек уларга суйкалиб ўтиришлари киноямга сабаб бўлди, лабларим беихтиёр киноя қилганча очилиб ёпилди. Зал уларнинг ҳиринг-ҳирингига, уларни бағрига олган эркакларнинг ҳайвоний ҳирс ва эҳтирос қайнаб турган таналарининг ҳароратига, спиртли ичимликлардан таралаётган бадбўй ҳидга ва ниҳоят, чилим идишларидан худди илондек сирғалиб чиқиб ён-атрофга таралаётган тутунларга тўлиб-тошиб кетганди. Шундай шароитда мени ярим яланғоч ҳолда, юзимга ҳарир тўр тортиб чиқиб келишим бу ердаги ҳарорат даражасини янаям кўтариб юборди. Рақсга туша бошлаганимда бу ширакайф одам болалари кўзлари эҳтиросдан ола-кула бўлиб, мени еб қўйгудек қиёфага киришиб, бир-бирлари билан мусобақалашгандек ўрниларидан турганча айғирлар каби ҳайқиришга, қашқирлар каби увиллашга тушишди.

Ресторандаги муҳит қилчалик ўзгармаганди. Олдин қандай бўлса, айни пайтда ҳам шундай эди. Атрофга қараб шунга амин бўлдим. Ён-атрофимда тамомила таниш чеҳралар эди. Ўзлари ишлайдиган давлат ва жамоат муассасаларида кундуз кунлари ёки мажлисларда одоб-аҳлоқ, кўнгилнинг поклиги, одамийлик ҳақида лоф уриб маъруза ўқийдиган, Тоҳир Маликнинг дидактик асарларидан иқтибослар келтириб ёшлардан қимматли насиҳатларини, танбеҳларини ва маслаҳатларини аямайдиган улуғвор ҳамда муҳим фигуралар атрофдаги столларда ғирт маст аҳволда, чилим чекиб унинг тутунини оғзилари ва бурунларидан паға-паға чиқариб, жазманлари ёки бир кечалик ҳамроҳларининг пинжига беҳаёларча суқилиб кириб давра суҳбати қуриб ўтиришарди. 

 Қовоғимни солиб, олма шарбатидан ҳўплаётганимда зал бўйлаб арабча рақс янгради. Мен аввалига бунга эътибор бермадим. Чунки атрофга қараганим сари юрагим сиқилиб, борган сари у заҳарли зардобга тўлиб борар, шу тобда битта ортиқча гап учун бировнинг дилини хуфтон қилиб қўйишим ҳеч гап эмасди.

-Раққоса даҳшат-ку!- деди Комрон бир пайт мени туртиб.

Мен залга орқа қилиб ўтиргандим. Шу боис раққосани кўрмадим. Комроннинг гапидан кейин ўгирилдим. Залнинг ўртасида беҳаёларча кийиниб олган учинчи сорт раққоса зўр бериб арабча мусиқага рақсга тушарди. Кийимининг расволигини-чи буни, дедим ғўлдираб ва яна олма шарбатидан ҳўпладим. Ичимдаги овоз унга яна бир марта эътибор қаратишимни сўради. Кейинги гал диққатимни жамлаб қарадим: у юзини оппоқ ҳарир тўр билан беркитиб олган, ярим очиқ кўкраги ва белини ноз-карашма билан қимирлатиб рақс тушар, атрофдаги исқирт оломон эса унинг ҳар битта шундай юзсиз ҳаракатини гулдурос қарсаклар билан қарши оларди.

Бир оз ўтиб, иккита маст эркак ёнимда пайдо бўлди ва икковиям менга яқин масофада қийшайиб рақс тушгандан кўра хачирлардек йўрғалашни бошлашди. Улар рақс тушиш асносида менга ҳирс билан тикилишар, кўзларида пинҳон яширинган ҳайвоний ҳирс юзага чиқишга шай ҳолда турарди. Бир маҳал улардан бири менга яқинлашиб, билагимдан тутмоқчи бўлди. Уни сал туртиб узоқлашдим. Иккинчиси қўлидаги ярмигача бўшатилган ароқ шишасини оёғим остига тўкиб ҳиринглади ва лаҳза ўтмай юзимни яшириб турган пардани шартта юлиб олди. 

Залнинг ўртасида нима бўлаётганини тушунмасдим. Иккита чўчқа каби семирган ва бўкиб ичган маст эркак раққосанинг атрофини ўраб унга шилқимлик қилишар, қолган ўтирганлар қарсак чалиб гўёки уларнинг бу қилмишларига илҳом бағишлаб, уларни руҳлантиришарди. Тинмай қарсак чалаётган бу жирканч қўллар ўша раққосанинг ўрнида опалари, синглилари, рафиқалари бўлганида нима қилишарди экан? Ўшанда ҳам бефарқлик ва ҳиссизликнинг юксак намунаси бўлган башараларидаги битта тукни ҳам ўзгартирмай шундай қарсак чалишда давом этишармидикин? Раббим, не зиллат бу. Мен борган сари бу ерда бўғилиб кетар, ғазабимни босолмай ўзимни назорат қилиш хусусиятини йўқотиб борардим. Суҳбатдошларим билан ҳам деярли гаплашмас, уларнинг саволларига тил учида жавоб қайтарар, кўзимни ўзини иккита эркакдан зўр бериб ҳимоя қилишга уринаётган раққосадан узмасдим.

Ҳаммаси жуда тез содир бўлди. Юзимдаги пардани юлиб олган эркак менга суйкалмоқчи бўлганди, кимдир уни бўйнидан ушлаб яқин орадаги столнинг остига тиқиб юборди. Иккинчисини юзига мушт туширганди, у гандираклаб созандаларнинг олдига бориб тушди ва қонашни бошлаган бурнини ушлаб фарёд урганча хириллади. Уларнинг адабини берган киши маданият уйидаги саҳна ортида мен билан танишган ўша йигит бўлиб чиқди. У қаердан пайдо бўлди- билмайман. Менимча, шу ердагиларнинг орасида ўтирганди. Унинг авзойи бузуқлигини бир кўришда сездим. Рашод ака қаршимда менга нафрат билан тикилиб турар, қўйиб берса шу ернинг ўзида мени бўғиб ёки нимталаб ташлашга тайёр эди. Шу дақиқаларда унинг нигоҳидан ёғилаётган кучли нафратдан аъзойи баданимни олов қамраб, унинг алангаси бутун вужудимни куйдириб ташлади. 

-Юр, мен билан,- деди у кутилмаганда костьюмини устимга ташлаб қўлимдан тутаркан.

Ўша раққоса Диёра эди. Унинг юзини яшириб турган парда очилгач, буни кўриб дод деб юборишимга сал қолди. Юрагим қинидан чиққудек уриб кетди ногаҳон. Кейин нима бўлганини эслай олмайман. Анави иккисини дабдаласини чиқардим. Уларнинг бирини бўйнидан ушлаб чилим чекиб ўтирган аёлларнинг столи остига тиқиб юбордим. Иккинчисини аямай, бор кучим била юзига мушт туширдим. Буни кўриб уларнинг столида ўтирган дароз шериклари менга ташланмоқчи бўлишди. Буни сезиб, ўзимга яқин ердаги столда турган, очилмаган коньяк шишасини стол четига уриб синдирдим-да, шиша бўлагининг ўткир қиррали томонини ҳаракатга келган ўша шунқорларга кўрсатдим.

-Шуни бўғзингга тиқаман ҳаммангни.

Улар авзойимни кўриб ортга тисарилишди. Мен Диёранинг елкасига костьюмимни ташладим-да, уни етаклаганча сув қуйгандек жим бўлиб қолган зални ёқалаб ташқарига йўл олдим. Нима бўлганини ҳалигача тушунолмай турган Комронга қўлим билан хайр ишорасини билдирдим. Эшик олдида созандалар билан бирга турган иш бошқарувчига ташриф қоғозимни тутқаздим.

-Хўжайинингга айт,- дедим уни норозилик балқиб турган юзига аччиқ устида қарарканман.- Эрталаб шу ердаги телефон рақамимга қўнғироқ қилсин. Етказилган зарарни тўлиқ қоплайман.

У қўлимни синдириб юборадиган даражада қаттиқ сиқиб олганди. Сезишимча, унинг ана шу қўли қалтирарди. Бу асабданми ё нафратданмиди, фарқлай олмадим. Мен унга кўр-кўрона эргашганча кетардим. Хаёлимда кўп нарсалар айланарди. Оқшом чўкиб улгурган кўчага чиққач, у машинаси томон юрди ва унинг олди ўриндиғини очиб менга ўтир деб бақирди. Мен базўр ўриндиққа ўтирдим. Унинг ўзи машинага чиқишга шошилмади. Шишани синдирганида қўллари ва устига сачраган коньяк сувини дастрўмоли билан артиб тозалади. Бу ишни якунлагач, очиқ ҳавода сигарет чекиб, бошини анчагача эгиб турди. Машинасининг олди балонини бир неча марта тепиб, қўллари билан кузовини шапатилаб, жамийки ҳақоратомуз сўзлар билан бақириб сўкинди. Рулга ўтиргач, менга алам билан юзини бурди.

-Суюқоёқ,- деди пичирлаб ва бу сўзни кейин жирканиб такрорлади.- Суюқоёқ!!!

Шунда мен унинг юзига тарсаки туширдим. У тарсаки туширган қўлимни кўзларини чақ-чайтириб маҳкам қисди-да, қаттиқ силтаб ташлади ва машинасини ўт олдирди. 

-Қаерга олиб кетмоқчисиз мени?- сўрадим ундан хавотирланиб.

-Уйингга,- деди у асабийлашишда давом этиб.

-Ҳозир уйимга борсак онам нима дейди айтайми?- дедим шу пайт алам билан кулиб.

У нега бирдан бундай кула бошлаганимни тушунолмай менга худди карахт аҳволга тушгандек қараб қолди.

-У сизни кўриб тахминан шундай дейди: “Қизим кечқурунлари рақс тушади. Ишлайди. Уни ишидан маҳрум қилгани уялмадингизми? “ Кейин эса қон босими ошиб кетади ва “Тез ёрдам” чақиришга мажбур бўламиз. 

Шундай деб энди бирданига қах-қах уриб кулиб юбордим. У хамон менга ўша алфозда қараб турарди.

Уни уйига ташлаб қўймоқчи эдим. Азбаройи худо, шундай. Бу ердаги ҳайвон зотидан фарқ қилмайдиган одам болалари, улар мансуб бўлган исқирт муҳитдан узоқроққа элтиб қўймоқчи эдим. У рози бўлмади. Онасидан қўрқди. Онаси нима дейишини айтганди ҳайратдан ёқамни ушлаб қолдим. У эса алам билан бошини чайқаб кулди. Тинмай кулди. Мен ҳайкалдек қотиб худди кундузи маданият уйида бўлганидек пича ундан кўзимни узмай ўтирдим. Сал ўтиб у ўзини қўлга олди, анча жиддийлашди. Ўртамизга сукунат чўкиб, шу сукунат бир неча дақиқа давом этди. Мен ҳам, у ҳам ўз хаёлларимиз тубида ёлғиз қолдик. Машинанинг ичида олаётган нафасимиз ва унинг ўт олган моторининг овози сезиларди, холос.

-Менга бирорта эркакнинг қўлини учи ҳам тегмаган,- деди тўсатдан Диёра оғир хўрсиниб.- Лекин сиз юзимга айтган гапингизда жон бор. Ўшандай аёллардан мени деярли фарқим йўқ. Мана бугунги аҳволим, устимдаги кийимим шунга исбот. Сиз ҳақсиз, мен енгилтакман.

Унинг юзимга айтган гапларидан бошида хафа бўлдим. Бироқ у қайсидир маънода ҳақ эди. Унинг ҳақлигини тан олиб, айтишим лозим бўлган гапларни айтарканман ичим ловиллаб ёнарди. Тилим танглайига ёпишиб қолай дер, ҳар битта сўзни ичимдан бир амаллаб суғуриб олардим.

-Илтимос, машинанинг моторини ўчиринг,- дедим орада рулни ушлаб.- Мен барибир ҳозир уйга боролмайман.

У ноилож моторни ўчирди. Гўдакдек ғингшиётган машина тинчланди.

-Икки йилдан бери кафе ва ресторанларда раққосалик қиламан,- давом этдим шундан сўнг.- Санъат коллежини тамомладим-у, шу муҳитга тушиб қолдим. Коллеж… Коллежда ўқиятганимда ҳаётни бошқача нигоҳ билан кўрардим, орзулар билан яшардим. Дарҳақиқат, шундай. Рақсга ҳам санъат сифатида қарардим. Унга сиғинардим, топинардим. Рақс санъати назариясидан тортиб ҳар бир рақс турининг тарихигача қунт билан, пухта ўқиб-ўрганардим. Катта саҳналарда рақс тушсам дердим. Кўпроқ испанча рақс тури — танго мени ўзига тортар, унга ўлгудек қизиқардим. Орзуларим айнан шу танго билан чамбарчас боғлиқ эди. Бошқа рақс турларидан кўра уни мукаммалроқ ўзлаштиришга тиришардим, машғулотларда боримни бериб қатнашардим. Шу рақс туридан ўзлигимни топгандим, уни ижро этсам ўзимни мутлақо бахтиёр инсондек сезар ва теварак-атрофни, рангсиз ҳаётни, бефарқлиг-у ҳиссизлик ичида умр кечираётган минглаб одамларни унутардим. У билан боғлиқ янгиликлар ўйлаб топардим, ихтиролар қилардим. Стол билан тангога тушиш — ана шундай ихтироларимдан бири. Бундан ташқари оддий елпиғич ва соябон билан тангога рақс тушиш каби ихтироларим бор. Сиз уларни кўрмагансиз. Кўрсангиз бу ихтироларим ҳам сизга ёқиши тайин.

Аммо ҳаёт биз ўйлагандан мураккаб экан. Онам ҳақида боя бўлмағур гап айтдим. Аслида унда ҳеч қандай айб йўқ. Отам бизни ташлаб кетмаганида у бунчалик қийинчилик гирдобида қолмасди. Укам билан мени заводда ишлаб, шўрлик бир ўзи қийналиб боқди. Тўкис бўлмаса-да еб-ичирди, кийинтирди, ўқитди. Яхши кунлар келишига умид қилиб, ушалмаган орзуларини бизга тикиб умрини ўтказди. Бечоранинг энди бор умиди пойтахтдаги Молия институтида ўқиятган укамдан. Анчадан бери у билан биргаликда укамнинг ўқиши учун шартнома пулини тўлаймиз. Унинг нафақаси билан мени ансамблларда фаолият юритиб оладиган арзимас маошим ўша шартнома пули тугул рўзғоримизга етмайди. Шунга онам гоҳида фаррошлик қилиб туради, мен кечқурунлари кафе ва ресторанларда рақс тушаман. Шу йўл орқали отнинг калласидек бўлган шартнома пулига маблағ тўплаймиз.  

Уни машинамнинг рулига ёпишиб олганча тингладим. Орада бирор гап қўшмадим. Ҳатто у томонга ўгирилмадим. Ичимни тирнаётган номаълум дард мени тобора изтироб денгизининг энг олис ерига чўктирар, бунинг натижасида худди ҳаво етмаётгандек оғир ва пишиллаб нафас олардим… Айтганимдек, рулга ёпишганча унинг гапларини тингладим. Унга ачиндимми йўқми билмайман. Кўпроқ ўзимга ачиндим. Ўттиз икки ёшга киргунча ўз метинлигини сақлаган, аёл зотига бефарқлиги ва нари борса дўстликдан бошқа туйғуни раво кўрмаслиги билан шуҳрат қозонган, ақлни ўтмаслаштирадиган ҳисларга ўралашиб юришни ўзига эп кўрмаган юрагим қандайдир ўн икки соатнинг ичида ипидан узилган маржондек замин узра сочилиб кетгани алам қилди. У бўшашиб кетгандек бўлди. Биринчи марта ўзимни негадир ҳаёт қаршисида қўлидан ҳеч бало келмайдиган ожиз, нотавон ва ёш боладек ҳис қилдим. 

-Энди ресторанга қайтиб кирмасам бўлмайди,- деди Диёра гапини тугатгач, ресторан томонга ишора қилиб.- Буюртма қилинган рақсларни давом этиришим керак. Ҳозир қайтиб кирсам ресторан эгаси озгина ҳақорат қилади, балки муаммо келтириб чиқарганим учун юзимга тарсаки туширар, лекин ишимни давом эттиришимга монеълик қилмайди, пулларимни ҳам беради. 

Эгнимга ташланган костьюмини ечиб, машинасидан тушаётганимда Рашод ака ҳеч қандай қаршилик кўрсатмади. Ташқарида бир муддат туриб қолдим. Бир неча дақиқа олдин ресторанга қайтиб кириш осондек туюлганди. Машинадан тушгач, худди нимадир мени қўлимдан ушлаб тургандек ҳеч ҳаракатлана олмадим… У машинадан тушмади. Уни пастга тушишини, аччиқ устида яна мени сўкишини, тергашини, жон ҳолатда уйингга олиб бориб қўяман деб бақиришини бутун вужудим интиқ бўлиб кутдим. Лекин у тушмади. У ҳануз рулга ёпишганча қимир этмасди. Охири, ўзимни мажбурлаб, совуқдан этим жимирлаб ресторан сари юрдим. Ресторангача ўттиз қадамлик масофа бор эди. Дастлабки ўн қадамда кундузи маданият уйида бўлиб ўтган воқеаларни кўнглимдан ўтказдим. Уни рақсим мобайнида мендан кўз узмай ўтиргани, мени ахтариб саҳна орқасига киргани ва қаршимда туриб санъатим учун оқкўнгиллик билан миннатдорчилик билдиргани бирма-бир кўнглим кўчаларини кезиб чиқди. Бу ширин хаёл ундаги мен йиллар бўйи кўз қорачиғимдек асраб-авайлаган, бирор бир эркакка ишониб илинмаган, танам билан биргаликда пок тутган қордек оппоқ ҳисларимни тўзитиб юборди. Натижада, оний лаҳзада ҳаловатимни йўқотдим, руҳий мувозанатим издан чиқди, бўғзимга аччиқ нимадир тиқилди, юрагим тўлиб-тошиб кетгандек қийналиб, тез-тез уришга тушди.

У ресторан сари юриб кетди. Ортидан уни асабим таранг ҳолда кузатиб қолдим. Нигоҳимда ҳамдардлик ҳам, кучли нафрат ҳам бараварига ўз аксини топганди. Ортидан уни кузатиб қоларканман, ҳозир пастга тушиб унга кетма деб бақирсам нима бўлади, деб хаёл қилдим. Бу хаёлим дам ўтмай кўзимга шунчалик бачкана туюлдики, ўз устимдан кула бошладим. Кейин машинани паришонхотирлик билан ўт олдирдим. Калитни биттада бураганимда ўт оладиган машинам бу гал фақат учинчи марта бураганимда ўт олди. Унинг чироқларини ёқиб, пайсалга солмай рулни катта кўчага бурдим. Катта кўчага чиқиб олгач, машинани уйимга- ота-онамнинг вафотидан кейин мени асраб олиб тарбиялаган амаким ва унинг хотини, шунингдек Цезарь лақабли итимдан бошқа, неча йиллардан буён, мени ҳеч ким кутмайдиган хонадон сари ҳайдадим.  

 Ресторангача ўн қадам қолганида у машинасини юргизиб кетди. Катта кўчага чиқиб машиналар оқимига қўшилди-да, кўздан ғойиб бўлди. Мен буни хазм қила олмай беихтиёр йиғлаб юбордим. Юзимдан дув-дув ёш тўкилар, турган еримда букчайганимча унинг кўздан ғойиб бўлган машинаси ортидан йиғлардим. Шу туришда ҳатто такси тўхтатиб унинг ортидан кетишгада тайёр эдим. Ҳатто, шу майл ила катта кўча бўйлаб тинимсиз тарзда бир-бирини қувиб, сигнал чалиб, тезликни ошириб юрган машиналар орасидан сариқ рангли таксини ахтардим. У ҳам шу машиналарга қўшилиб бир пайдо бўлар, бир уларнинг орасида йўқолар, агар имкон қилсам уни йўл четида туриб тутишнинг иложиси топиларди. Шу фикрга бир сония қулоқ тутдим. Бир сониягина. Бироқ, кўп ўтмай онам ва Тошкентда ўқиётган укамнинг қиёфалари кўз олдимда хира кўриниш берди. Кўпроқ укам кўз олдимдан кетмади. У Тошкентда ўқияпти, у онам иккимизнинг умидимиз, унинг ўқиши учун шартнома пулини тўлаш керак, деган безовта ўй юрагимни тилиб ўтди ва мен ўзимда куч топиб, иродамни йиғиб олдинга юришда давом этдим. Ресторан эшиги олдига етганимда эшик оғаси мени кўриб эшикни очди. Мен юзимни енгимга артдим-да, остона ҳатладим. Ичкаридан дераза орқали кўчага тарафга қарадим. Шунда негадир Халина Посвятовская деган шоиранинг кундузи Нигина Талгатовна ўқиган шеъридаги ёдимда қолган сатрлари дераза ойнасига чизилгандек бўлди:

…У тезлатди

Юрагим зарбин

Қаттиқ ҳазиллашиб вужудим билан

Уйғотди ҳисларим

Ва кетди…

Шерзод Ортиқов

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг