Хуршид Абдурашид: “Гапирсак гап кўп, аммо ёқишга кўмир йўқ.”

0
1702

Ёш ижодкор билан гурунг

Хуршид Абдурашид 1995-йил 27-июлда Қашқадарё вилояти Касби тумани Пандирон қишлоғида таваллуд топган. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Олий адабиёт курси магистранти. Шу билан бирга «Ўзбеккино» Миллий агентлигида ишлайди. Шеър ва ҳикоялари марказий нашрларда чоп этилган.        

— Куни кеча бўлиб ўтган “Дуэл” лойиҳасида сиз ва Жонтемир ўртасидаги шиддатли ижодий жангга роса қизиқдим, аммо рақибингиз иштирок этмади, бунга нима сабаб бўлди, умуман Жонтемир билан муносабатларингиз қандай?

— “Дуэл” лойиҳаси ҳақида жуда кўп одам савол берди, худди шу саволни. Мен “дуэл”га “чақирилган” одамман. Чақирувга кўра борганимни ва мен учун борганлар ҳурмати бир-икки шеър ўқиб берганимни биламан, холос. Биринчи “Дуэл”даёқ менга Жонтемир дуэлга чақирганини айтишди, мен қабул қилдим. Жонтемирга келсак, у менинг дўстим. Мен ўша ерда ҳам айтдим, такрор айтаман, биз дўст бўлсак ҳам “дуэл”имиз ҳамиша давом этиб келган. Бу яхши маънодаги бир “дуэл”. Ва мен бу “дуэл”нинг умримиз охиригача давом этишини хоҳлардим. Бор гап шу.

— Адашмасам, Олий адабиёт курсида таҳсил оляпсиз, у ердаги таълимнинг сизга қандай нафи бўляпти ижод тарафлама, умуман ижодкор дўстларингизга Олий адабиётда таҳсил олишни тавсия қиласизми?

— Олий адабиёт курсига кириш мен учун тасодифий бир қарор. Менга ижод тарафлама қандай таъсир қилди, буни билмайман. Ҳар ҳолда Баҳодир Карим ва Узоқ Жўрақуловдек устозларимнинг дарсларини яна тингладим. Маҳмуд Саъдий, Шомирза Турдимов, Назар Эшонқул каби адабиёт фидойиларининг маърузаларини тинглаш бахти менга насиб этди. Аввал таниб юрганим, ижодкор дўстларимиз билан курсдош бўлдик, бу ҳам яхши томони. Лекин шуни айтишим керак, Олий адабиёт курси идеал курс эмас. Яхши маърузалар, яхши устозлар… Аммо биз Олий адабиёт курсини бундан ҳам бошқачароқ тасаввур қилганмиз бошида. Тасаввурларимиз эса қисман алдади. Ижодкор тенгдошларимга эса имкон бўлса шу курсда ўқишни тавсия қиламан. Ҳар ҳолда яхши ижодий муҳит яратиш мумкин. Биз кўпроқ ижодий машғулотлар бўлишини кутгандик, Узоқ Жўрақулов билан Баҳодир Карим устозларимиз шу имкониятни яратиб беришди. Таассуфки, бу бизга озлик қилди. Албатта, биз ҳам қанотли фаришта эмасмиз, ўзимиз. Маслаҳатим, ижодкор дўстларимиз топширишсин. Агар улар бизнинг дангасалигимизни такрорлашмаса, Олий адабиёт курсидаги таҳсил фақат ва фақат фойда беради. Ва яна айтмоқчи бўлганим, дарсга доим ҳам боравермайдиган ёмон касаллигим бор. Шуни Олий адабиёт курсида даволамоқчи эдим. Ҳозирча насиб этмади.

— Шоир сифатида сизни қандай адабий муаммолар ташвишга солади, ўйлантиради, шунингдек, нималар илҳом бағишлайди?

— Мени нималар ташвишга солади? Шеъриятда ёлғон кўплиги, асл моҳиятдан йироқлашув, шоир-ёзувчиларнинг ижтимоий позицияси сезилмаётгани, шеъриятку ёмон эмас, насрнинг оқсаётгани, кам ўқиётганимиз… Ижодкорларнинг жамиятда ижтимоий роли тушиб кетган бир даврда яшаяпмиз. Лекин қайси ижодкорга қараманг, блоггерларнинг шон-шуҳрат учун бақир-чақир қилаётганидан ёзғиради. “Сенинг айтар гапинг ичингда моғорлаётган пайт гапираётган одамни нега сўкасан?”, дегим келади. “Уларни халқ ўқияпти, улардан умид кутяпти, улар халқнинг муаммосини олиб чиқяпти, сен нима қиляпсан?”, дегим келади. Бу адабий муаммо эмаску, дейсиз, эҳтимол. Адабиёт бошқа, ҳаёт бошқа эмас. Ҳаммаси битта жараён. Одам ишда ҳам, ижодда ҳам битта миссияни бажаради. Агар у ўз миссиясини англаб етган бўлса. Ижодкорнинг бугунги миссияси нима эканини тушуниб етганимиз йўқ. Ижодкор халқнинг овози бўлиши керак. Навоий бобо бежизга “улус ғамини емаган”. Шоир бутун умр ўз туйғуларига алданиб, шу туйғулари билан ўқувчини ҳам алдаб яшамаслиги лозим. Биз ўзимизда фикрни шакллантиришимиз, тафаккуримизни ўстиришимиз зарур. Бугун туйғуларга эмас, фикрга урғу берадиган бир адабиёт керак бизга. Одамлар фикрлашга уриняпти, биз эса уларга адабий маҳсулот етказиб беролмаяпмиз. Кам ўқияпмиз, кам фикрлаяпмиз. Ижтимоий ҳаёт асарда бадиий синтез қилиниши ва унинг бадиий-ижтимоий юки бўлиши керак. Бугун ёлғон кўп, жамият ёлғонни ёқтирса, яшаш тарзимиз ёлғон билан тўла бўлса, ёлғончилар улуғланса, табиийки, ёзаётганларимизга ҳам ёлғон нуқси уриб қолади ва уряпти ҳам. Ёлғонлар тагидан асл ҳақиқатни топиш, уни бадиий талқин қила олиш, одамларни фикрлашга мажбур қилиш, миллатнинг бутунлигини сақлашда курашчи бўлиш бизнинг бугунги миссиямиздир. Кўнгилнинг ичида қолавериш, ўзингни қудуқ билиб уни тинимсиз кавлаш билан чекланиш худбинлик, холос. Рауф Парфи айтмоқчи, “Шоирнинг онаси Изтироб, ахир”. Шундай экан, изтироб фақат шоирнинг ичида эмаску. Кўзни каттароқ очиб атрофга қараш керак. Кўз ўнгимиздаги воқеликни идрок қила билсак, атрофимиз мунгли шеърларга тўла. Гапирсак гап кўп, аммо ёқишга кўмир йўқ. Айтганча, менга нима илҳом беради? Буни ўзим ҳам билмайман. Шууримда нимадир ярқ этади, ёзаман. Шу.

— Тенгдошлардан кимларни ўқиб борасиз?

— Ҳамма тенгдош ижодкорларни имкон қадар ҳамиша кузатиб, ўқиб бораман. Жуда яхши ижодкорлар чиқиб келяпти. Лекин бугун ёлғон метафоралар топиш, шеърни чиройли қиёслару мавҳум ўхшатишлардан иборат деб тушуниш бўртиб кўриняпти. “Шеър ҳикматдир”, деган ҳадис бор. Ҳикмат бу фикр. Шоир ҳикмат айтиши керак, ҳикмат эса шеърий санъатлар билан сайқалланади. Бугун метафораларга ишқибозлик, шеърни иккиламчи воситаларига кўпроқ эътибор бериш, шеърнинг юқумлилигини камайтиряпти. Кайфият, руҳият ўхшашлиги, такрорлар, шеърга ёпишмаган сўзларни қўллаш, “ҳавойи гаплар”, бир шоирнинг шеъридаги кайфиятдан тортиб ташбеҳлару қўлланилган эски сўзларгача кейинги шоирнинг шеърида ҳам учраши дилни хира қилади. Ҳозирги ёш шоирлар авлоди – тенгқурларим (ичида ўзим ҳам бор) “мавзулар тақчиллиги” билан оғриган. Кейин яна бир гап, тенгдош ижодкорларнинг шеъриятдагина эмас, жамиятда ҳам ўз ОВОЗи бўлишини истардим.

— Устозингиз Усмон Азим бўлса керак, ёнма-ён кўп учратганман. Ўзингизга маънан устоз деб билган марҳум ва замондошлар ижод аҳли борасида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Устозларим кўп. Айтишадику, кимдан нимадир ўрганган бўлсам, ўша одам менга устоз. Усмон Азимнинг менга нисбатан бошқача бир меҳри бўлса керак, нима бўлганда ҳам устозни қаттиқ ҳурмат қиламан. Бундан ташқари салафларим Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Муҳаммад Солиҳ, Матназар Абдулҳаким, Шавкат Раҳмон, Эркин Воҳидов, Хуршид Даврон шеърияти менга жуда ардоқли, уларнинг шеъриятидан доим ўқиб-ўрганаман ва уларни ўзимга маънан устоз деб биламан. Қолаверса, Мурод Човуш – чин устозим.

— Ростини айтинг, бирор нашрга ихтиёрий обуна бўлганмисиз айни дамда? Умуман, қайси босма нашрларни ўқиб борасиз?

— Бу саволингизга жавоб беришга уятлиман. Таассуфки, бирорта нашрга обуна бўлмаганман. Лекин бу йил “Ёшлик” журналига обуна бўлиш ниятидаман. Босма нашрлардан “Ёшлик” журнали, “Китоб дунёси”, “Маърифат” газеталарини ўқиб бораман. “Тафаккур” журналини ўқимайману, тафаккур қилиш ҳақида ваъз сўзлаб ўтирибман. Уялдим.

— Отангиз, ака-укаларингиз ҳам ижодга бегона эмас, улар ҳақдаям маълумот бериб ўтсангиз. Истеъдод ген орқали ўтади деб ҳисоблайсизми ёки бу узлуксиз меҳнатлар маҳсулими?

— Истеъдод Худодан юқтирилади. Лекин меҳнатсиз, ҳаракатсиз истеъдод пуч бўлади. Истеъдодим бор деб ўтираверсангиз, худди ишламай, меҳнат қилмай бор пулингизни еб битирганингиз каби истеъдодни ҳам тамом қиласиз. Лекин Худо юқтирмаса тинимсиз меҳнат билангина истеъдодли бўлиб қолмайсиз. Ҳаммаси бўлиши керак, менимча. Гендан ўтиши масаласига келсак, оиламда, уруғимда ижодкор бўлмаган. Дадам ҳам, онам ҳам ижодкор эмаслар, лекин ижодга мойиллиги бор инсонлар деб ўйлайман. Ҳар ҳолда ижодкорлик улардаги яширин хислат бўлса керак, биз фарзандларга оз-моз нимадир юққан. Ҳозирда санъаткор укам Рустам вилоятимизда анча-мунча танилиб қолди, у Хоразм мақомчилиги йўналишида ижод қилади. Ўртанча укам Аббос, бир йилдан бери Фейсбукда фаол. Асли иқтисод-молия йўналиши бўйича ўқийди. Лекин журналистликка қизиқиб қолган, ижтимоий-танқидий мақолалар ёзяпти. Энг кичкина укам ҳали мактабда ўқийди. У ҳали аниқ бир соҳани танламаган. Ижодкорлиги борми-йўқми, ҳали намоён бўлмади.

— Хуршид, Жонтемирга берган саволимни сизгаям берсам. Муҳаббат сиз учун нима?

— Муҳаббат – бу ҳаёт. Токи менинг муҳаббатим бор экан, демак, яшаётганимни ҳис қилиб тураман. Муҳаббат биз қадрли деб билган тушунчаларга бизни боғлаб турувчи туйғу. У турли ракурсда намоён бўлаверади. Муҳаббат изтироб эмас, агар у изтироб бўлганда эди, дунёдан комфорт излайдиган одамзот бу туйғуни ўзига яқинлаштирмас эди. Аксинча, у – бахт. Ватанга муҳаббатингиз бўлмаса, сизни бу тупроқда тутиб турувчи ҳеч нарса йўқ, демак. Ота-онага муҳаббатингиз бўлмаса, улар ҳам сиз учун бошқа одамлар каби одам. Инсонни муҳаббат тарк этган куни яшашдан маъно қолмайди. Агар мен уни ўзим тасаввур қилганим каби сизга тасвирлаб бера олганимда эди, бошқа шеър ёзмас эдим.

— Ўринли фикрлар ва куянчак жавоблар учун раҳмат.

— Раҳмат сизга ҳам. Яхши лойиҳа бошлагансиз. Очиғини айтиб қўя қолай, саволларингиздан унчалик қониқмадим.

— Эътирозингизни инобатга оламиз. Ижодингизга барака.

Нодирабегим Иброҳимова суҳбатлашди.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting