Митти ҳикоялар юмор ила…

0
295
кўришлар сони

ИМЛОВИЙ ХАТО

Бир танишимни учратган эдим:

−Биласанми, ҳозир сенга яқинда ҳаётимда рўй берган воқеани гапириб берсам яхшигина ҳажвия қилиб ёзишинг мумкин, − деб қолди.

−Хўш-хўш, қанақа воқеа экан? – сўрадим сергакланиб.

−Шу-у… Уйда жанжал чиқиб, янганг билан ажрашиб кетишимизга оз қолди…

−Сабаб?

−Бир куни ишдан қайтсам, янганг столчада хат қолдирган экан. “Ўқишга кетдим” деб.

−Шунга нима бўлибди? – мен ажабландим. − Муаммо нимада?

Танишим “айтсамми-айтмасамми” деган иккиланиш билан бироз  илжайиб турди-ю, деди:

−Гап шундаки… “Ўқишга” сўзидаги “қ” ҳарфи унча келишмай “п”га ўхшаб қолган экан…

 Байрам АЛИ

Бестселлернинг туғилиши

Янги романим учун жингалаксоч гўзални қаердан топсам экан-а?..

Алия

Зерикиш

– Интернет тез ишлаганидан хатлар ва маълумотлар тез очилаяпти. Беш дақиқада ўқиб ташлаяпман. Кейин зерикиб ўтирибман.

– Опа, порталга ёзамизми – яна блоклашади, ҳаммаси яна жой-жойига тушади.

Зилолабону ХОЛИҚОВА

СМС

Баъзида ўйлаааб қоламан: шу МЧС дегани мени роса бой, бекорчи бир одам, ҳар ҳафта тоққа дам олишга чиқиб туради, деб ўйласа керак. Қачон қарасам шу аҳвол — «Чимёнга бугун-эрта бормай туринг, хавфли», «Тоққа чиқмай туринг, хавфли» мазмунида СМСлар юборади…

Майли-да, яхши гумон қилибди-ку…

Ҳамид Оға

САВОД

Зулфия мукофотига номзодлар йиғилган телеграм гуруҳимиз бор. Бир куни масъул ходим ҳаммадан:

— Хужжатлар тайёрми? — деб сўради.

— Calarode, — деб ёзди бир қиз.

Бу сўзнинг мағзини чақиш учун кўп ўйландим. Ниҳоят, топдим: «чалароқ-да», демоқчи бўлган экан. Кулайми энди, куяйми?

Нодирабегим Иброҳимова

ТАЪКИД

Ман телефонни МЧС, МИБ, ИИВ, ЎзбекТуризм, Госкомстат…яна бир неча ўнлаб ташкилотлар учун олганаканманда. «Светга пул тўлашни унутманг», «Қўлбола печка ишлатманг», «Тоққа чиқманг», «Шаҳарга туалет қуриб беринг», «Ҳисоботни вақтида топширинг», «Уй шароитида тайёрланган консерва еманг»…. Агар хотиним шунча гапни бир кунда бир мартадан қайтарса уйдан чиқиб кетворардим.

Яхшиям телефон олганимда улардан бир сўмам қарз олмаганман.

Баҳриддин АСРОР

ТИЛ БИЛГАН ЯХШИ

Турсунбой олийгоҳга кириш учун ҳужжатларини топшираётган эди.

Унинг  ҳужжатларини қабул қилаётган домла Турсунбойни сўроққа тутди:

-Хўш, ўртоқ Турсунбой, нечта тилни биласан?

Турсунбой жавоб берди:

-2 та тилни: рус ва инглиз. 

Домла деди:

-Йўқ, сен яна бир тилни билмасанг ўқиб кета олмайсан. 

-Қайси тилни, домла?

-Домлаларнинг тилини-да, бўтам!

Хуршид Абдурашид

ХАТ ТАШУВЧИ

Математика ўқитувчимиз қўшнимизнинг қизини севарди. Мен хат ташувчи эдим.

— Мактубимни элтиб берсанг бўлди, дарсдан ҳам озодсан. Сен яхши боласан-ку.

 У менга нуқул «беш» қўярди. Қиз ҳадеганда розилик беравермади, мен роса ҳалак бўлдим.

— Кўнди, — деди ниҳоят муаллим. — Кўндирдим-ей!

Мактабни «беш» билан тугатдим, лекин калла бўм-бўш, оғайни: неча йилдан бери иккига иккини қўшаман, нуқул беш чиқади!

Шониёз Мелибоев

Нодирабегим тўплади.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг