Баҳодир Баҳром: “Ўша ижарада турадиган ижодкорларнинг бириман”

0
1675

Ёш ижодкор билан гурунг

Баҳодир Баҳром 1990 йил 11 июлда Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган. 2006-2010 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факултетида ўқиган. 2008 йилги Зомин семинарининг иштирокчиси. “Энг сулув армон”, “Ўттизинчи февраль” номли тўпламлари чоп этилган.

— Бирор яхши ҳикоя ёки шеър ўқиб қолсам ва у менга ёқса, муаллифи буни қарангки, кўпинча Қашқадарёлик бўлиб чиқади. Сиз воҳаликларнинг ижодга иқтидори сири нимадайкин, генетикадир балки, ўзингиз нима деб ўйлайсиз?

— Билмадим, ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Дарҳақиқат, қашқадарёликлар орасида ижодкорлар кўп. Биласизми, шу ўринда бир гапни айтиб ўтсам, негадир менга ижодкорни у туғилиб ўсган диёр билан боғлашса, эриш туюлади. Ахир, пурвиқор тоғлар билан ўралган диёрда яшовчиларнинг ҳаммаси ҳам шоир эмас-ку, бепоён саҳролар узра болалиги қум кечиб ўтган инсонларнинг ҳаммаси ҳам адиб бўлиб кетавермайди. Ижодкорлик халқнинг руҳи, кайфияти билан чамбарчас боғлиқ. Қашқадарёликлардан кўп ва хўп ажойиб ижодкорлар чиқаётган бўлса, демак элининг кўнглида айтилажак гаплар мўл. Тасаввур қилинг, бутун вужудингиз, руҳингиз қандайдир аламдан зирқираяпти. Бироқ сиз уни фақатгина тилингиз орқалигина билинтира оласиз. Ё бўлмаса кўз ёши билан. Ижодкор ҳам элининг ана шу тили, унинг кўз ёши, ўрни келса, мушти деб ўйлайман. Ҳа, энди қувонса кулгиси! Шунинг учун ҳам минглаб одамлар орасидан битта шоир ёки битта носир чиқиши аслида эл учун катта бахт. Мен нафақат қашқадарёликларни, балки бутун халқимизни ана шу бахт билан қутлайман! Илоҳим, айни шу бахти кемтик бўлмасин. Аро йўлларда сарсону саргардон бўлиб, кўнглининг бир четида хазон ёнмасин.

— “Ўттизинчи феврал” номли китобингиз жавонимдан ўрин олган. Оригинал номлар барибир ўқувчини тортади-да. “Шеър сеҳри” дастуридаги видеочиқишларингизни ҳам оилавий тез-тез тинглаб турамиз. Китоб чоп этиш, ТВга чиқишлар, матбуотда доимий кўриниш бериш — ижодкорга ўта зарур деб ҳисоблайсизми ёки зўр асар қайдан бўлсаям ўқувчиларини топадими?

— Келинг, шу ўринда қашқадарёлик бир шоирни хотирласам. Мухтор Комил. Унинг бир китоб бўларли шеърлари қўшиқ бўлиб инсонлар қалбидан жой олган. Бирок кўпчилик бу номни билмайди. Мен ундай ижодга хос эътиқод билан қарайдиган шоирларни кам кўрдим. Жойи жаннатдан бўлсин, умри давомида шоирлигидан орланмай ва бу машаққатли йўлда зорланмай ўтди. Бирорта китоби чоп этилмади, бирор шеъри газета юзини кўрмади. Фақатгина 2010 йилда “Қашқадарё баёзи” номли тўпламда учтагина шеъри чоп этилди. Бор йўғи шу. Унга тегишли шундай сатрлар бор.

“…Йиғладим ҳаётнинг мушкул бу пайти,

Тақдир расволикни кўрганида эп.

Кўрлар кўрмайди деб ахир ким айтди,

Ким айтди эркаклар йиғламайди деб…”.

Худди шундай ижодкорлардан бири хоразмлик Жуманазар Юсупов. Олтмишдан ошган шоирнинг бор йўғи икки-уч йиллар аввал биринчи китоби чоп этилди. Улар зўр шоир, улар бетаъма шоир. Лекин таниқлиғи йўқ. Шуларни ўйларканман, ижодкор ёзган асарини ўқувчига етказиш ҳақида ҳам жиддий бош қотириш керакмикан, дейман. Лекин бу борада ўзим ҳам сал ҳафсаласизроқман. Матбуотда кам чиқаман. Йилда бир-икки шеърларим чоп этилади. Ҳозир ижтимоий тармоқлар ривожланиб, Хоразмда, Навоийда, Сурхондарёда у ёки бу маҳаллий газеталарда шеърим чоп этилганини эшитиб қоламан. Биласизми, шундай пайтда ёш боладай қувонаман. Шеърларини у газетаю, бу газетага кўтариб бориб, омади чопмаган ижодкорлар ҳам йўқ эмас. Барибир тарғибот борасида телевидениенинг ўрни бўлак. Ҳай, майли, кўп гап ҳозир одамга ҳам юк бўлиб қолган. Келинг, яхшиси “Китоб чоп этиш, ТВга чиқишлар, матбуотда доимий кўриниш бериш — ижодкорга ўта зарур деб ҳисоблайсизми”, деган саволингизга жавоб бериб қўя қолай. Ўта зарур эмас. Ижодкор учун энг катта зарурият ҳар қандай ҳолатда ҳам ижод қилишдир. Энди, “Ўттизинчи феврал” ҳақида. Китобнинг ичида худди шу номдаги шеър бор. Муҳаббат ҳақида, айрилиқ ҳақида. Шеър қаҳрамони агар ўттизинчи февраль ҳам тақвимдан жой олганида эҳтимол, ёридан айрилмаслиги ҳақида ўйлайди. Ўттизинчи февраль келишини кутади. Шеърнинг ёзилганига ўн бир йил бўлди. Бирдан тенгдошларим орасида овоза бўлди. Энди мақтаняпти демангу, бир-икки шоира бўлиш орзусидаги қизлар ҳам ўша пайтда шу номда шеър ёзгани бор гап. Аммо бугун бир нарсани айтмасам бўлмайди, менда ҳам ўша пайтлари Абдували Қутбиддин ижодидан таъсирланиш ҳолатлари бўлган. Шоир “Ҳайрат осмонида бизни кутмоқда ўттизинчи февраль” деб ёзади. Демак, мен ҳали ижод йўлида ҳеч қандай янгилик қилолганим йўқ.

— Ўзингизни китоб жавонингиздан қандай асарлар муҳим ўрин эгаллаган, кимларни севиб ўқийсиз?

— Биласизми, мен нўноқ ўқувчиман. Тенгдошларим мактаб давридаёқ ўқиб, ёдлаб олган китобларни энди ўқияпман. Мутолаа жараёни барибир қизиқ. Лекин битта китобни икки-уч марта ўқийман. Жавонимда мени кутиб турган китоблар кўп. Менга Ремарк ёқади, Жек Лондон асарларини севиб ўқийман. Энди, шеърий китобларни кўп ўқиганман. Уйимда ҳам кўп.

— Мен билган кўп истеъдодларнинг ёшлик йиллари ижараларда ўтяпти. Балки шундандир улар яхши ёзишяпти, деб ўйлайман. Ижодга моддий аҳволни таъсири қай даражада, сизнингча?

— Ўша ижарада турадиган ижодкорларнинг бириман. Ҳозирча, шукр қоғоз қоралаб турибмиз. Ёшмиз, келажакка умидимиз бўлак. Эҳтимол, шунинг учун ҳам ёзаётгандирмиз. Бироқ саксон ёшида ҳам ижарада туриб, шукр, мен ёзяпман, деган ижодкор дунё миқёсида ҳам кам топилади. Инсон иродаси ҳам бутун умр синовларга дош беролмайди. Ижодга моддиятнинг таъсири ҳақида эса бир нима дейишим қийин. Чунки ҳали бойиб кетганим йўқ. Бироқ бойиб кетган баъзи шоир акаларимизнинг ёзганлари негадир юракка ботмайди. Уларни ўқирканман, турмуш ташвишлари билан ўралашиб, шеър ёзмай кетган ижодкорлар кўзимга шарафлироқ ва улуғроқ кўринаверади. Биласизми, адабиёт боғ эмаски, ҳар турли қуш билган куйини нағма қилса. Адабиёт бу майдон: Ҳақиқат ва адолат, муҳаббат каби покиза тушунчалар унинг ҳайбатини ошириб туриши керак.

— Тенгқур ижодкорлардан кимларни кузатяпсиз, адабиётимиз эрталари кимлар бўлса?

— Ҳаммасини кузатаман. Тошкентда ижод қиладиганларни қўя туринг, вилоятларда ҳам яхши-яхши истеъдодли тенгдошларим борлиги хурсанд қилади. Наманганда Муслим Мусаллам бор. Мен у билан 2008 йил ёш ижодкорларнинг Зомин семинарида иштирок этганман. Бухорода Гўзал Рўзиева, Саодат Файзиева бор. Навоийда Умид Худойқулов, Самарқандда Алишер Алиқулов… Хуллас, санайверсам саноғи тугамайди. Бироқ, адабиётнинг эртаси ким бўлиши ҳақида келганда негадир бироз сукут сақлаб ўйлашга мажбурман… Ким бор, Ким бор? Носир акаларимиз бор. Нурилла Чори, Жасур Кенгбоев, Боборавшан Ғозиддинов, Санжар Турсунов… яна ким бор? Ҳа, Жавлон Жовлиев бор. Мен ўзбек насрини ривожлантириш шу дўстимизнинг зиммасига қисмат қилиб берилганмикан, деб ҳам ўйлайман, баъзан. Худдики,  у қаршимдан чиқиб, мана ўттизга кирмасдан роман ёздим, дейдигандай туюлаверади. Илоҳим шундай бўлсин. Шоир акаларимизку, энди бисёр. Лекин Шодмонқул Саломдан ўтиб, зўрман дейдигани тенгдошлар орасида кам топилса керак. Маъзур тутсинлару, шоир акамизнинг ўзи бугунги довруғини ҳашаматли саройлар томон бурса, адабиётнинг эртаси биз бўламиз-да. Чуғур-чуғур қилиб бир тўда бўлиб юрибмиз. Масалан, Нажмиддин Эрматов, Суҳроб Зиё, Хуршид Абдурашид, Дадахон Муҳаммадиев, Дилмурод Дўст, Ҳусан Мақсуд, Исломжон Қўчқоров,  Алибек Анварий, Бобур Элмурод, Жонтемиру Рафиқ  Сайдулло, санайверсам адоғи йўқ. Бири адабиётга кириб, чиқиб кетишгаям улгурадики, бу сафнинг охири ҳамон йўлда бўлади.  

— Адашмасам, ҳикоялар ҳам ёзасиз-а?

— Шу саволингизга йўқ, деб жавоб берсам, тўғрироқ бўлар. Ҳикояга ўхшаш нималардир қоралаб тураман, улар даъво қилишимга арзимайди. Киноқиссалар машқ қиламан. Хуллас, шеъриятдан бошқа жанрларда ҳам ижод қилишга уриниш бор. 

— Қизларингиз ҳам ижодкор бўлишини истармидингиз?

— Яқин тарихга назар соларканман, ижодкор аёллар ҳақида гап кетса, Саида Зуннунова ва Ҳалима Худойбердиевани биринчилардан бўлиб эслайман. Қизларим ҳар томонлама уларга мос ижодкор бўлса, бунинг нимаси ёмон. Бир ота сифатида фахрланган бўлардим. Аммо бу топшириқмас. Уларнинг иродасини бундай ўта залворли юк билан синамаслигини худодан сўраб қоламан.

— Ҳозир нималар билан бандсиз, янги ижодий намуналарингиз бўлса улашинг.

— Ижод учун мутлақо кераксиз ишлар билан бандман. “Маҳалла” телеканалида ишлаяпман. Нолисам уят бўлар. Ишим яхши. Шеърлар ёзиб турибман. Кўпроқ, лирик шоир бўлиб қоляпман. Бу мени чўчитяпти. Барча қолипларимни парчалашни истайман. Гоҳ-гоҳ аруз вазнида ҳам урунишлар қилиб кўряпман. Шулардан бирини илинсам, вазнда камчиликларга йўл қўйган бўлсам, узр.

***

Ўшал сафсар, ўшал гулру, ўшал моҳитобон сенму,

Ўшал сунбул, ўшал сарву қаду шамшодсимон сенму?

Улуғ туйғу эрур севги, чикора гар ғаюр нечун,

Кимлара бахт ҳижронимиз, гулми, бағри қон сенму?

Толе осмонида Зуҳро юлдуздек порлаған эрдинг,

Ки кўзим чексизлиғинда ёш тўла жаҳон, сенму?

Юзинг намозшомгулдек очилур эрди кўрсанг,

Эдимким қуёш қудратли, сўндирған мужгон сенму?

Суратинг руҳимга сингмиш, руҳим худо инъомидур,

Вужудим тарк этиб, парвоз тусар парвозижон сенму?

Ки жонинг мандадур ёр ўлимга бўйсуниш нечун,

Ва ё ажалми сен, пари либосинда пинҳон сенму?

Гар баҳодирлик рутбасин ечмағайман ўлсамам,

Ишқу, ҳажру, васли лаззат, ўлмағай имон, сенму?

— Илҳом доим ёр бўлсин!

— Эътибор учун сизга ташаккур.

                         Нодирабегим Иброҳимова суҳбатлашди.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting