Исажон Султон: “Мен оиламсиз бир сатр ҳам ёзолмайман”.

1
1076

Суҳбатдош ҳақида

Исажон Султон сўлим Фарғонанинг Риштонида, Авазбой қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат Университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида таҳсил олган. Бир қанча романлар, қиссалар ҳамда ҳикоялар муаллифи. “Муножот”, “Ойдинбулоқ”, “Боқий дарбадар”, “Озод”, “Боғи Эрам”, “Генетик” тўпламлари ўқувчи ва мутахассислар эътиборини қозонган. “Боқий дарбадар” романи 2011 йилнинг, “Генетик” романи эса 2016 йилнинг энг яхши асари деб эътироф этилган. “Озод” романи Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ватан учун яшайлик” танлови ғолиби.

Асарлари инглиз, немис, рус, турк тилларига таржима қилинган. “Қисмат” ҳикояси АҚШнинг “Lexicon” журнали халқаро танловида (2011), “Боғи Эрам” ҳикояси Туркиянинг “Guncel Sanat” журнали танловида (2015), “ТODD” ҳикояси Россиянинг “Улуғ ғалаба қаҳрамонлари” халқаро танловида (2015) фахрли ўринларни эгаллаган. “Ҳазрати Хизр изидан” асари Швециянинг Стокголм шаҳрида бўлиб ўтган OEBF танлови ғолиби (2017). 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими (2014).

-Исажон ака, суҳбатимизни анъанавий савол билан бошласак, ижодга кириб келишингиз, илк машқларингиз ҳақида озроқ сўзлаб берсангиз.

-Ижодга онам қизиқиш уйғотган. Фарғонанинг Риштонида, Авазбой деган кичкина қишлоқда туғилиб-ўсганман. Тиғиз боғлари, кишиларининг сиймолари ҳалигача кўз ўнгимда. Онамнинг маҳалласи Қуйи Авазбой, у Юқори Авазбойга келин бўлиб тушган. Бутун ҳаётини болаларига бағишлаб юборган бу мушфиқ зот ҳақида қанча гапирсам оз. Кишилар тўнғич фарзандига жуда катта умид боғлашади. Онаизор ҳам адабиётга шоён қизиққани боис, ўғлининг адиб бўлиб етишишини орзулаган бўлса не ажаб… Хуллас, ўн-ўн бир ёшда бўлсам керак, икковлон “Тошкелинчак” деган ҳикоя ёзганмиз. Ҳозир ўйланиб қоламан, у маҳаллар ўзимда бир нимага истеъдод борми-йўқми фарқлаёлмас, ўйин-кулгига қизиққан пайтларимиз эди. Онаизор “Шу боламда бир нима бор-ов” деб ўйлаганми, ишқилиб, мени бадиий ижодга йўналтирган.

-Бошқалар фарзандлар-чи?

-Йўқ, бошқалар бу йўлдан боришмади. Ҳаёт олатасирларида ўз йўлларини топиб кетишди. Лекин сингилларимда, холамда адабиётга иштиёқ кучли. Балки қондан ўтгандир… ким билсин.

— Нима деб ўйлайсиз, ижодкор учун устоз керакми? Ҳар бир соҳада мураббий талаб этилади, аммо ижод қилиш учун шундай туғилиш керак, дейишади. Ижодкор учун ҳаётнинг ўзи устозми ёки? Сизнинг устозингиз бўлганми?

-Устозсиз сира иложи йўқ. Бир ижодкорнинг шаклланишида ота-онаси, яқинлари, мураббийлари билан бир қаторда, турли-туман кишиларнинг – ҳамюртлар, тенгдошлар, дўсту биродарлар, қисқаси, умр давомида тақдир рўпара қилган минглаб кишиларнинг улуши бўлади. Шу сабабли устозларимизга, улуғларимизга, тенг-тўш дўстлару ака-сингилларга, эл-юрт аро оддийгина умр кечираётган ҳамда асар яралишига ўзларининг мавжудиятлари билан ҳисса қўшган барча кишиларга чексиз ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш керак.

-Яқиндагина Стокгольмда бўлиб ўтган “Open  Eurasian Book Forumтанловида ғолиблардан бири бўлганингиз билан табриклаймиз. Айтингчи, жаҳон стандартларида ёзиш учун нималар талаб этилади? Шундай халқаро танловларда қатнашишни истаган ёш қалам аҳлига қандай тавсия берган бўлардингиз?

-Сиз айтган танлов Англиянинг “Hertfortshire Press” нашриёти ҳамда “Eurasian Creative Guild”томонидан 2011-йилдан буён ўтказилиб келинади. Бу йил унда Ўзбекистонимиздан 47 киши қатнашди, беш киши финалгача етиб борди. Дунёнинг 37 мамлакатидан 1100 дан ошиқ ёзувчи иштирок этган танловда бу жуда катта натижа.

Шартларига келсак, бундай тадбирларда аввало оригиналликка, яъни оламнинг биз кўриб турган қисмидаги илғанмаган жиҳатларига, шунингдек, тижорий томонларига ҳам эътибор қаратилади. Янада каттароқ танловларда эса инсонни илгари чорловчи, илҳомлантиручи ғояларга диққат қаратилади. Аслида жаҳон андозаларига кўра ёзиш деган тушунча йўқ. Ўз муҳитида одам боласини ҳаётда тутиб турувчи энг қувватли туйғу, мулоҳаза қайси? Унга нима куч-қудрат ато этаётир? У ғоя оламдаги барча инсонларга ўрнак бўла оладими? Мана шу сингари жиҳатлар изланади. Ёш ука-сингилларимизга эса шуни айтардимки, сира тортинмаслик керак. Бизнинг ўзбекона тарбиямиз ёшлар онгига “Эл-улус олдида, катталар қаршисида одоб сақлаб тур” деб уқтиради. Бу- ўз муҳитимизда, Ўзбекистонимизда тўғри. Халқаро танловларда қатнашишга ҳар кимни чорлаган бўлардим. Чунки дунё миқёсидаги ёки хорижий танловларда Ўзбекистон номи янграшининг ўзи катта гап.

-“Ҳазрати Хизр изидан” асарингиз ҳақида икки оғиз…

Бу ҳам халқ орасидан олинган асар-да. Ўзбекистоннинг жанубидан шимолига қараб юрсангиз, минг чақиримдан зиёд йўл босасиз. Ҳар қишлоқнинг тутуми, шеваси ўзга… Ҳар бирида қачонлардир, қайдадир Хизрга дуч келган киши ҳақида ривоятлар эшитасиз. Гоҳида ажабланасиз ҳам: қанақа ажойиб юрт бу, ҳар қишлоғига бир Хизр қадам қўйган бўлса? Қолаверса, у ғаройиб зотнинг ўзи ким? Киши умри давомида Хизрга уч бора дуч келади, дейишади. Қай қиёфада, қай маҳал намоён бўлади? Ота-она, дўсту ёрми сиймосидами, фарзанд ёки шунчаки бир ҳамюрт кўринишдами? “Олдимдан Хизрдай чиқдингиз” дейди мушкули осон бўлган киши кўмакдошига. У ҳолда, эл-юртнинг Хизрлари кимлар? Хуллас, бутун дунё излаётган нуроний зот билан боғлиқ ўзбекона тасаввурлар ҳақидаги асар.

-Ўзбекистонда эълон қилинганми?

-Насиб қилса, шу ой “Шарқ юлдузи” журналимиз тўлиқ ҳолда эълон қилади. Шунингдек, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи китоб ҳолида нашрга тайёрламоқда.

-“Генетик” номли романингиз ҳаётий воқеаларга асосланганини ҳамма ҳам билмайди. Унинг қаҳрамони – бизнинг юртдошимиз, реал шахс, тўғрими? Нима учун генетика фанига қизиқиб қолдингиз?

-Ҳа, унинг рамзий қаҳрамони – Бутунжаҳон Фанлар академияси аъзоси, генетик олим Иброҳим Абдураҳмоновдир. Иброҳимжон — ўсимликлар ва инсон генетикаси соҳасида катта кашфиётлар қилган олим.

Мени қизиқтирган мавзу –тоғ этакларидаги жуда оддий бир қишлоқ боласининг олимга айланиш жараёни. Ҳамма қишлоқлар бир-бирига ўхшаш, “ўқиб олим бўлармидинг” ёки “сендан ким чиқарди” деган танбеҳларни болалар кўп эшитган. Лекин “Умид билан суқилган таёқ, Бир кун берар меваю япроқ” дейилганидек, ўша оддий қишлоқ боласи бугун оламни лол қолдирган кашфиётлар эгасига айланди.

Генетика фани айтадики, ҳар сулола кишиларининг истеъдоди йўқолиб кетмасдан, авлоддан-авлодга сифатида ўтиб бораверади. Сулола қанчалар қадимий бўлса, истеъдод калитлари шунчалар кўп бўлади. Кишиларнинг ҳар бир ҳужайрасига ўчмас тарзда муҳрланган шонли тарих бу! Мана шундай мулоҳазалар чет бир қишлоқда туғилиб, тирик жон эгалари ҳаётини бошқариш усулларини топган эл боласи ҳақидаги “Генетик” асарининг яратилишига туртки бўлди.

-Ижод қоидаларингиз қанақа? Айни дамда бирор ижодий иш билан бандмисиз?

-Теваракда асарлар йилт-йилт этиб кўриниш бераверади. Воқеалар, ҳодисалар, айтимлару тутумлар асар бўламан деб туради. Лекин кишиларга айтадиган гапнинг масьулияти ҳам бор.

Нокамтарлик демасак, айтсам бўлар: мен оиламсиз бир сатр ҳам ёзолмайман. Ҳозир бир асар устида ишлаяпман, ёзиш анча қийин бўлди. Тарихийроқ-да. Атай Фарғонадан онаизоримни чақириб олдим. Вазият шундай: эрталаб саҳар уч ёки тўртда туриб ишимни қиламан, онам ҳам эрта туради. То тонг ёришгунча ижод. Кейин биргалашиб нонуштада ҳар хил гапларни гаплашиб ўтирамиз. Бугун нималар қилишни маслаҳатлашамиз, оғзига нима ёқишини сўрайман, орада мен бозорга бориб айтганларини олиб келаман, она-бола кечга биргалашиб овқат пиширамиз, хурсандлигини кўриб ўзим ҳам шодланаман… Болалар ўқишдан қайтишади. Уларга ҳам яхшигина ўрнак: отанинг ўз онасига муносабатини кўра-кўра улғайишади. Ҳар хил гапларни гаплашаверамиз, суҳбат эса тугаш билмайди. Ижод эса енгиллашгандай туюлади.

Ким билсин. Балки кимдандир хавотир олиб турсангиз, асар ёзилмас? Балки асар ёзилиши учун мутлақ хотиржамлик, ором керакдир? Ёки бахт керакдир-у, менинг назаримдаги бахт шудир?

-Ёш ижодкорлар орасида шогирдларингиз борми? Уларга қандай маслаҳат берасиз? Ижодий сабоқларингиздан мухлисларга ҳам улашсангиз.

-Ёшларнинг ўзига хос бетакрор истеъдодини кўриб, шогирд дейишга ҳам ийманасиз киши. Гоҳида уларнинг машқларини кўриб, ўзимнинг ўшандай пайтим ёдга келади. Бугуннинг навқирон ёшларида менинг ўша маҳалда ёзганларимдан кўра анча кучли асарлар бор.

Ўрни келганида ижодкор ука-сингилларимизга бир мулоҳазамни айтсам айб бўлмас. Халқимиз онг-ўйида яшаб келаётган тимсоллару ифодаларни жаҳоннинг баъзи ўлкаларининг ёзувчилари эшитишса, хазина топгандай севиниб кетишарди. Жуда кўпчиликнинг хаёлига келмаган, дунё учун янгилик туюладиган образларимиз бор. Мисол учун, ҳамма биладиган Эр Кенжа эртагини олайлик. У бўлғуси ёрини излаб дашт кезиб бораётганида тошбақага, илонга, чумолига дуч келади, уларга ёрдамлашади. Мушкул вазифани адо этиш вақтида эса улар ҳам кўмакка келишади. Эсладингизми? Энди бунинг замонавий талқинига қаранг: халқимиз айтяптики, эзгу ният ила йўлга чиққан кишига бутун теварак ёрдамлаша бошлайди. Чунки жуда улкан ҳодиса рўй бермоқда: элнинг бир боласи ўзига жуфт изламоқда, у жуфтликнинг ҳақиқати эса зурёддир. Бу — бор-йўғи биттагина ривоятнинг тагмаъноларидан бири. Эртагу достонлардан тортиб ҳар қишлоқнинг ўзига хос ҳикоятлари халқ орасида олтиндай сочилиб ётибди. Уларни ифодалашнинг замонавий усулларини топиш керак. Элни дунёга танитадиган шу шарафли йўлда ҳар бир ёш ижодкорга сабот, матонат ва зафарлар тилайман.

-Қизиқарли суҳбат учун раҳмат.

Нодирабегим Иброҳимова суҳбатлашди. (2018-й)

1 izoh

  1. Ёзувчи Исажон Султон билан суҳбатни ўқиб чиқдим. Самимий ва дилдан айтган сўзлари менга маъқул бўлди.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting