Ёзилмаган ҳикоя

0
722

О`Генри

  Мен сизларга ҳикоя қилмоқчи бўлган ушбу воқеа «Тонгги маёқ» газетасида ишлаб юрган пайтларим содир бўлган. Мен Нью Йорк кўчалари бўйлаб кезар, йўлимда учраган не ходиса борки, ҳикоя қилиб ёзаверардим. Тирикчилигим ҳам шунинг орқасидан, газетада доимий штатда бўлмаганим учун маблағ масаласи ҳаминқадар эди.

Оддий кунларнинг бирида столим қаршисида Трип пайдо бўлди. У газета чоп этиш бўлимида ишларди. Шунинг учун ундан доим кимёвий бўёқларнинг ҳиди келиб турар, бармоқлари ҳам кислота туфайли бужмайиб кетганди. Трипнинг ёши 25да эди, бироқ кўрган одам унга 40дан кам бермасди. У бирор сурат масаласида келган деб ўйладим. Трипнинг тикан-тикан соқол қоплаган юзи айни пайтда жуда бечораҳол ва аянчли тус олганди. Унинг одати ҳамма қатори менга ҳам маълум: у кўп қарз сўрарди- 25 центдан то бир долларгача. Трип инқиллаганча кўлини столга тираб, бир амаллаб ёнимга ўтирди. Унинг бармоқлари титрарди! Яна ичибди-да.

     Бугун мен ёзган бир ҳикоям учун 5 доллар гонарар олгандим. Шу сабабли дунё кўзимга ниҳоятда чиройли кўриниб ўтиргандим.

     -Хўш, Трип?- гап бошладим мен. –Аҳволлар қалай?

     -Сенда бирор доллар топилмайдими?- унинг аҳволи ҳар кунгидан оғир эди.

     -Бор, -дедим. –Очиғи, 5 доллар пулим бор. Бунга минг машаққат билан эришганимни ҳам айтишим керак. Айни пулга муҳтож пайтим олдим-да, ўзиям…

     Мен унинг пул сўраб улгурмасидан гапларимни қалаштириб ташладим.

     -Мен қарз олмоқчи эмасдим, -Трипнинг бу  сўзларидан тетикландим. –Мен сенга яхши бир ҳикоя учун воқеа топиб бермоқчийдим. Бу сенга кўп фойда келтиради, ишонавер. У жуда кизик! Бироқ улар сенга бир неча долларга тушади, холос.

     -Хўш, қанақа фикрлар экан, айт-чи?

     -Айтаман, –давом этди Трип. – Бир қиз… гўзал… Ҳеч қачон ҳаётингда у каби хурлиқони учратмагансан. У бир гул… 20 йилдан буён бир қишлокда яшаган ва умрида Нью Йоркни кўрмаган! Мен уни 34-кўчада учратдим. У дунёдаги энг чиройли қиз, ишонавер. Қисқаси, у мени ўша кўчада учратиб, тўхтатди ва Жорж Браунни қаердан топиши мумкинлигини сўради. Ишонаяпсанми, у Нью Йоркдай катта шаҳардан Жорж исмли кимсани топиб беришимни сўради! Бу хақида нима дейиш мумкин, ахир? Мен қиз билан суҳбатлашдим. У келаси ҳафтада Хирам Додд исмли бир фермерга турмушга чиқаётган экан. Бироқ, у илк муҳаббатини унутолмапти- яъни Жорж Браунни. Жорж бир неча йил бурун қишлоқни ташлаб, шаҳарга- ўз бахтли келажагини излаб кетган экан. Кейин эса қишлоққа қайтмапти. Қиз уни кута-кута ахийри Хирамга розилик берипти. Бир неча кун олдин эса Ада – ҳа, қизнинг исми Ада Ловери экан- бирданига поездга ўтирибдию, Нью Йорк томон йўл олибди: Жоржни излаб… Демак, қизга Жорж жудаям керак экан. Табиийки, мен қизни катта шаҳарда ёлғиз колдиролмадим. Билишимча, у шаҳарга келаману истаган одамдан Жоржни сўраб топиб оламан, деб ўйлаган. Унинг қандай болафеъллигини тушуняпсанми? Беғубор гўдак у! Сен уни кўрмасанг бўлмайди. Менинг қўлимдан нимаям келарди? Эрталабдан  пулим бўлмайди. Қиз ҳам бор пулини билет олишга сарфлаган экан. Қисқаси, қизни тўғри ижара уйимга олиб бордим ва ўзим у ерни тарк этдим. Биз унинг бир кунлик ижара ҳақи учун бир доллар тўлашимиз керак. Юр, сени у ерга олиб борай…  

     Менинг асабим бузилди.

     -Нималар деяпсан, Трип? Мен муҳим мақолами, дебман. Ҳар куни поезд шаҳарга юзлаб қизларни олиб келади! Мен бундан қанақа ҳикоя тайёрлашим мумкин ахир?

     -Шундай қизиқарли нарсани кўра олмаётганингдан афсусдаман. Сен гўзаллик ва муҳаббат ҳақида ёзишинг мумкин, тушунсанг-чи? Ишончим комил, сен бунинг учун 15 доллар оласан. Бу эса сенга атиги 4 долларга тушади.

     -Нега энди 4 доллар? –ажабландим мен.

     -1 доллар хона учун, 2 доллар қайтиш билети учун.

     -Яна бири-чи?

     -Менга-да. Виски учун. Норози бўлма…

      Мен жавоб бермадим ва ўз ишларимга машғул бўлгандай коғозларимга тикилдим.

     -Сен тушунмадинг, -Трип бўш келмасди. –Қиз уйига қайтиши шарт! Бугуноқ! Бунинг учун ҳамма нарсага тайёрман. Мен бу ҳакда бирор нима ёзиб пул ишлаб оласан, дегандим. Лекин аслида менга ёзасанми, йўқми, барибир. Нима бўлганда ҳам, қиз қоронғу тушмасдан уйига қайтиши керак!

     Бу гаплардан сўнг мен қизга ачина бошладим.  Қизга 3 доллар сарфлашга-ку розиман, бироқ Трипга виски учун бир чақа ҳам бермайман. Мен оғриниб пальто ва шляпамни қўлимга олдим.

     У ерга ярим соатда етиб бордик. Трип эшик қўнғироғини босди.

     -Менга тез бир долларни бер, -деди Трип шошилиб.

     Эшикни бир аёл очди. Трип индамай унга пулни берди. Аёл ҳам жимгина бизни ичкарига бошлади. Кейин бизга ўгирилиб деди:

     -У умумий хонада ўтирибди.

    Нимқоронғу хонага киргач кўзим у ерда ўтирган қизга тушди. У йиғларди. Ҳа, қиз чиндан ҳам гўзал эди. Йиғлаганида янаям чиройли кўринар- биллур ёш томчилари унинг кўзларида нақш каби товланарди.

     -Ловери хоним, бу менинг дўстим жаноб Калмерс. –деди Трип. Мен кийиниши афтодаҳол бу одамнинг дўсти эканимдан бироз ҳижолат ҳам бўлдим–У анча ақлли ва ишбилармон одам. Газетада ишлайди… Ҳа, сизга албатта ёрдами тегади. Ишонаверинг, хоним, у сизга энг тўғри йўлни кўрсатади.

     -Ловери хоним…- мен гапимни тополмай бироз жим колдим. –Агар сизга ёрдамим тегса, жуда хурсанд бўлардим. Аввал сиз менга барини батафсил гапириб беринг…

     -Менинг Нью Йоркка биринчи келишим, –гап бошлади қиз. –Мен бу ерни бунчалик катта деб ўйламагандим. Бу ерда мен жаноб… жаноб Флиппни учратдим ва бир дўстим хақида сўрадим. У эса мени шу ерга олиб келиб кутишимни тайинлади.

     -Маслаҳат бердим, Ловери хоним, -аралашди Трип. –Мен йўлда жаноб Калмерсга барини тушунтирдим.

     -Ҳа, албатта, -деди Ада. –Менинг айтадиган гапим ҳам йўк, факат бир гап — мен Хирам Доддга келаси пайшанбада турмушга чиқаяпман. Унинг қишлоқда 200 акр ери ва катта фермаси бор. Бугун эрталаб онамга дугонам Сюзиникига кетаяпман, дегандим. Бу ёлғон эди… Лекин менга барибир. Мен поездга чиқдиму келавердим… жаноб… жаноб Флиппдан Жоржни сўрадим.

     -Ловери хоним, -Трип қизга қаради. –Сиз Хирамни ёқтиришингизни ва Хирам ҳам сизни жуда севишини айтгандингиз-а?

     -Албатта ёқтираман. У яхши одам. Умуман, ҳамма одамлар яхши, уларни яхши кўраман. Лекин… лекин мен ўтган тундан бери Жорж ҳақида ўйлай бошладим. Мен… -қиз йиғлаб юборди. Ҳудди баҳор ёмғиридек. Мен унга етарли ёрдам беролмаслигимдан ўкиндим. Чунки мен на Жорж эдим, на Хирам. Ниҳоят “ёмғир” ҳам тинди. Қиз давом этди. –Биз Жорж билан бир-биримизни ёқтирардик, ўшанда у 8, мен эса 5 ёшда эдим. Жорж 19га тўлганида, яъни 6 йил олдин, қишлоқни тарк этди. У шаҳарга келиб полициячи ёки темирйўл бошлиғи, умуман бирон касб эгаси бўлмоқчийди. У сен учун албатта қайтаман, деганди. Бироқ шу кетганича у ҳақда бирор хабар эшитмадим. Мен… мен уни севардим.

     Қиз яна йиғлай бошлаганди, Трип уни тўхтатиб менга юзланди.

     -Жаноб Калмерс, хозир Ада учун энг тўғри йўл қандай?

     -Ловери хоним, -гап бошладим мен. –Ҳаёт йўли мураккаб… ҳаммамиз учун ҳам. Бу дунёда камдан кам инсонлар ўз муҳаббатларига эришадилар. Сиз Хирамни яхши инсон ва уни ёқтираман, дедингиз. Ишончим комилки, унга турмушга чиқиб, албатта бахтли бўласиз.

     -Ҳа, -деди Ада. –Уни бу аҳволда тополмас эканман. Мен тўйим яқинлашган сари у ҳақида кўпрок ўйлай бошладим. Мен биламан, у билан бирор бахтсиз ҳодиса юз берган, акс ҳолда у менга албатта хат ёзарди. Унинг кетишидан олдин биз битта тангани болғача билан ўртасидан иккига бўлгандик. Иккимиз ҳам доимо қалбан содиқликка ва бу яримта тангани то учрашмагунимизча асраб-авайлашга келишиб қасам ичгандик.

    Трип негадир кулди. Мен унинг виски учун қизга ёрдам бераётганини билгандим.

     -Оҳ, -деди Трип. – Йигитлар шунака, шаҳарга келиб ўз ёрларини унутадилар. Менимча, у бошқа бир қизни топган ёки… ичкилик йўлига кириб кетган. Сиз Калмерсга қулоқ солинг ва уйингизга боринг. Шунда ҳаммаси изига тушади.

     Қиз ахийри уйига кетадиган бўлди. Уччаламиз вокзал томон йўл олдик. Унинг қишлоғи томон элтадиган билет нархи 1 доллару 80 цент экан. Мен билетга қўшиб бир дона қизил атиргул ҳам сотиб олдим. Биз хайрлашдик.

     Ниҳоят бари ортда қолди. Мен Трипга қарадим. У янада чўкиб қолганди.

     -Сен бундан бирор ҳикоя ёзоласанми? –сўради у.

     -Бирор сатр ҳам…

     -Узр, ёзолмасанг ҳам пулингни сарфладик.

     -Буни унутайлик. Бироқ сенга виски учун пул беролмайман.

     Трип пальтосининг тугмасини бўшатиб чўнтагидан дастрўмол чиқарди. Шу пайт унинг ички чўнтагида осилган занжирнинг жаранги эътиборимни тортди. Бир неча сонияда мен бир нарсани илғадим: занжирда яримта танга осилиб турарди. Ҳа, болғача билан бўлинган танга!

     -Ахир… -дедим мен ҳайратланиб.

     -Ҳа, -оҳиста жавоб берди у. –Жорж Браун. Ҳозир эса оддийгина Трип…

    Мен чўнтагимдан бир долларни олдим ва Трипнинг қўлига тутқаздим…

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

Таржимаси

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting