Эпик турнинг энг кичик жанри бўлган ҳикоя ёзувчидан оз сўзда кўп маъно ифодалашни, асарда ҳаёт фалсафаси билан бадиий тасвир уйғунлигини таъминлаш маҳоратини талаб этади. Бунинг устига, ҳақиқий ёзувчи бошқаларни такрорламаслиги, ўз ижод услубига эга бўлиши, воқеликни ўзига хос тасвирлай билиши зарур. Бу талаб ижодда катта тажриба орттирган атоқли адибларга қанчалик тегишли бўлса, адабиёт остонасига эндигина қадам қўяётган ёш қаламкашларга ҳам шунчалик алоқадордир. Чунки бадиият мезони ҳамма учун бирдай мўътабардир. Ижод майдонида ҳеч кимга алоҳида имтиёз берилмайди. Бугунги ёшлар ҳикоячилиги ана шу юксак мезонларга қай даражада жавоб беради, деган савол, шу жиҳатдан, муҳим ва долзарбдир. Биз 2022 йили “Биринчи китобим” рукнида чоп этилган ҳамда Шукур Холмирзаев номидаги халқаро ҳикоялар танлови тўпламига кирган кичик наср намуналари мисолида ана шу саволга жавоб топишга ҳаракат қилдик.
Ҳисобот йилида “Биринчи китобим” рукнида икки нафар ижодкор: Маъмура Тўраеванинг “Битирув кечаси”, Наврўза Муҳаммадхўжаеванинг “Қўшиқ” ҳикоялар тўпламлари чоп этилган. Уларни алоҳида-алоҳида кўриб чиқамиз. Маъмура Тўраева тўплами 19 та ҳикояни ўз ичига олган. Ёш адиба ижодида айрилиқ, ўлим мотивлари етакчилик қилади. Жумладан, “Ажаб дунё” ҳикоясида эрта отасидан айрилган қаҳрамон руҳияти, “Армонбулоқ” ҳикоясида турмуш ўртоғидан бевақт ажраб қолган Дилнозахон кечинмалари тасвирланган. “Айрилиқ” ҳикоясида фарзандини кўриш илинжида яшаётган онанинг, “Йўл” ҳикоясида бир умр хотиралари билан яшаётган Эрмат отанинг вафоти, “Жазо” ҳикоясида Жасурнинг норасида гўдагидан айрилиши, “Ўчаётган шам” ҳикоясида эса касалликдан вафот этган Хадича образи бадиий талқин этилган. Маъмура Тўраева ижодида пейзаж ўзига хос тасвирланиши билан алоҳида ажралиб туради. Пейзаж тасвири ҳаётий ҳодисалар билан уйғунликда тасвирланаётган воқеликни ўқувчи кўз ўнгида ёрқин гавдалантиришга хизмат қилган. Масалан, “Бахт” ҳикоясида самовий жисмлар “…сон-саноқсиз юлдузлар осмонда оймомонинг эртагига қулоқ тутарди” тарзида жонлантирилса, бошқа ҳикояларда “Оқ қушнинг тўзғиган патларидек булутларни шамол ҳайдайди. Қуёшнинг заррин ёғдулари кўнгилларни қувончга тўлдиради” тарзида пейзаж тасвири қаҳрамонлар руҳияти билан ҳамоҳанг тарзда тасвирланади.
Маъмура Тўраева ҳикояларида қаҳрамонлар портрети тасвирига урғу берилмайди. Фақатгина “Учинчи кун” ҳикоясида “тандир каби семиз, симёғоч каби новча кишилар бор эди” дея бекатда турган инсонлар ташқи кўриниши тасвири берилади. “Айрилиқ” ҳикоясида ота-она ғанимат эканлиги, уларни борида ардоқлаш, ҳолидан хабар олиб туриш зарурати. Хаста онасидан хабар олмаган Саъдулланинг отасини юпатиш ниятида дўстининг касаллик боис келиш имкони бўлмаганини айтган Шокирнинг кечинмалари ишонарли талқин этилган. Онаси вафот этгач, кечикиб келган Саъдулланинг ёлғондакам важларни келтириб, сохта йиғи-сиғи қилишини кўрган Шокир унинг кўнгли чиндан хаста эканини англайди. Чунки ўзлигини йўқотган, ҳатто онасини қадрламаган кимсанинг касалдан фарқи йўқ. Ҳатто бундай инсонни тирик мурда дейиш мумкин. “Битирув кечаси” ҳикоясида Жовли образи орқали меҳнатсеварлик, ота-онага бўлган меҳр-муҳаббат туйғулари ифодаланган.
Маъмура Тўраеванинг ҳикоялари унинг анъанавий йўлдан бораётганини кўрсатади. Унинг ҳикояларида Чингиз Айтматов ва бошқа жаҳон адиблари таъсири яққол сезилади. Эндигина биринчи китоби нашр этилган ёш адибанинг ўз йўлини ва услубини топишига умид билдирамиз.
Адабиёт – хоҳ шакл ва мазмун жиҳатдан бўлсин, хоҳ образ ва услуб жиҳатдан – янги изланишлар туфайли такомилга эришади. Ёш ўзбек ёзувчилари ҳикояларида бадиий шакл ва ифода услуби, тасвир принсиплари ва мазмун-моҳияти, қаҳрамонлари билан янгича йўналишдан боришга интилиш ҳолатлари кузатилаётгани эътиборга моликдир. Миллий ҳикоячилигимизда инсон руҳияти ва ахлоқи, дунёқараши ва туйғуларини оҳорли талқин этишга ҳаракат қилинаётгани эстетик тафаккур ривожи учун бениҳоя зарурдир. Ёш ҳикоянавис Наврўза Муҳаммадхўжаеванинг “Қўшиқ” номли тўпламига кирган ҳикояларида айни шу ҳолат кузатилади. Бу тўплам 6 та ҳикояни ўз ичига олган. “Сургун” ҳикоясида ровий – ҳамшира. Ҳикояда олим ва раққоса образи ўзига хос услубда тасвирланган. Умрининг салкам чорак қисмини муҳим тадқиқотга бағишлаган олим илмий изланишлари қадр топмагач, бошқа юртга кетади. Лекин у ўзини шунчаки кетган эмас, балки сургун қилинган, деб ҳисоблайди. Бутун умрини санъатга бағишлаган раққоса қиз эса одамларнинг унга бошқа назарда қараши, санъатни тушунмасликлари боис изтироб чекади. У ҳам ўзини сургунда ҳис этади. Илм-фан ва санъатни ҳамма ҳам тушунавермаслиги, бу ҳолат олим ва ижодкор учун фожиали таъсир қилиши мумкинлиги ҳикоянинг асосий бадиий консепсиясини ташкил этади. Наврўза Муҳаммадхўжаеванинг ушбу ҳикоясида қаҳрамонлар руҳияти чуқур мантиқ ва гўзал бадиият уйғунлигида тасвирланган.
Аждодлар кечмишига доир хотира, ёш авлод ҳаётида ёши улуғ инсонларнинг ўрни қанчалик муҳим экани “Эрк соғинчи” ҳикояси бадиий мантиғининг асосини ташкил этади. “Тирноқ”, “Қўшиқ” ва “Гирдоб” ҳикоялари рамзларга бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. “Тирноқ” ҳикоясида фарзандидан айрилган аёл образи тасвири, унинг руҳияти ишонарли ва таъсирли ёритилган: “Тартибга келтирилган хона бурчида аёл бир маромда, оҳиста бесҳик тебратганча алла айтяпти. Рўмоли елкасига сирпаниб тушган, ўсма изи солган қошлари ора-орада юқорилаб, яна ўрнига қайтар, кўзларини эса чиппа юмиб олган”. Ҳикояда бу оиланинг турмуш қурганига 8 йил бўлгани айтилади-ю, аммо қачон фарзандли бўлган, фарзандидан нима учун айрилгани ҳақида сўз бормайди. Аммо аёлнинг ҳолати, эрнинг руҳияти орқали буни ҳис этиш мумкин. Зеро, бадиий ижоднинг асосий хусусиятларидан бири ҳам айтмасдан билдиришдир. Наврўза Муҳаммадхўжаева ҳикоялари композицияси ўзига хос. Портрет, интерер тасвирлари ҳикояларига бадиий жозиба бағишлайди.
Яна бир қувонарли ҳолат: бу йил илк марта Шукур Холмирзаев номидаги 1-халқаро ҳикоялар танлови ташкил этилди. Танловга келиб тушган кўплаб ҳикоялар орасидан муносиб деб топилган 44 таси сараланиб тўплам ҳолида нашр қилинди, бу адабий ҳаётимиздаги муҳим ҳодисадир. Бу тўпламдан таниқли адиба Рисолат Ҳайдарованинг “Қурбон ҳайити” ҳикояси ҳам ўрин олган. Ушбу ҳикояда 1892-йилда Тошкентда вабо касали тарқалгани натижасида қанчадан-қанча инсонлар вафот этгани, бу даврда мустамлакачилик сиёсати боис улар мусулмонларга хос тарзда дафн этилмагани, аёл ёки эркак бўлса-да, устма-уст кўмиб, вабо тарқалмаслиги учун устига оҳак сепилгани аниқ инсонларнинг аянчли тақдири орқали тасвирланган. Ҳукуматга билдирмай, яқинларини дафн этганлар қамаб қўйилгани, бу ҳолат эса халқнинг қўзғолон қилишига сабаб бўлгани талқин этилган. Ҳикоядаги Қосимхон Шайх Азизон тимсолида халқпарвар, эл дардига дармон бўлган валий зот образи, айниқса, таъсирли чиққан. Ҳикояда 1581-йилда Кармана аҳолиси вабодан азият чекканда, бу улуғ зот Аллоҳга илтижо қилиб, халқнинг дардини унга беришини сўрагани, шайх вабога учраб, 78 ёшида вафот этганию юртдан касаллик аригани маҳорат билан тасвирланган.
Тарихдан маълумки, эшонлардан Азизёр, Абулқосимхўжа ва бозор оқсоқоли Зиёмуҳаммад 1892-йилда Тошкент ҳокими С.Р.Путинсев ва оқсоқол Муҳаммад Ёқубга қарши исён кўтарган. Рисолат Ҳайдарова ушбу ҳикоясида Шайх Абулқосим образини халқ учун жонини фидо қилган, мард ва жасур инсон сифатида талқин этган. Ҳикояда шайх Абулқосимнинг тушига Қосимхон Шайх Азизон киради ва эртасига шайх: “Оллоҳ бандасига илмни эл корига ярасин деб беради” дея, халқнинг дардини ўз бўйнига олиб, Шайх Азизон каби вафот этади. Ҳикоя хотимаси ҳаётий ва бадиий мантиқ жиҳатидан мукаммал экани билан қимматлидир. Доктор Вяземский шайх Абулқосимнинг ўлганини Путицевга етказар экан, унинг ўлкага келган вабони зиммасига олиб, ўзини қурбон қилгани хабарини беради. Ҳақиқатан, ўша куни ҳеч қандай касаллик қайд этилмайди. Ҳикоя якунида: “О! – дея хитоб қилди Путинсев. – Мўжиза! Жуда ажабтовур ўлка бу Туркистон! Тушуниб бўлмайди”.
Тарихий ҳақиқатни бадиий ҳақиқатга айлантириш осон эмас. Воқеликни шунчаки баён этмай, инсонлар қисмати орқали жонлантира олгани Рисолат Ҳайдарова ҳикоясининг ютуғини таъминлаган асосий эстетик омилдир.
Ушбу тўпламга Амангелди Ирисовнинг “Иккинчи ўғил” ва “Осмон йиғлаган кун” номлари билан икки ҳикояси киритилган. Ижодкор асарлари содда тилда ёзилгани, миллий руҳиятни акс эттиргани билан алоҳида ажралиб туради. Ҳикоялари аввалида тугун берилиб, тадрижий равишда бадиий ечим ифодаланади. Жумладан, “Иккинчи ўғил” ҳикояси мана бундай сўзлар билан бошланади: “Сен туғилганда отанг роса маст бўлган… Чиқсам отанг маст, мана бундай чайқаляптими. Орқасида кўк кўзлари сузилиб, Бобоқул иршайиб турибди”. Сюжет давомида отанинг ичиб келиши, Бобоқул унга нима мақсадда эргашиб келгани сабаблари очила боради. Бобоқул пора бермагани учун доктор норасида гўдакка тузук қарамагани, унинг уч ойлик иккинчи ўғли шу боис вафот этгани қаҳрамонлар хатти-ҳаракати ва кечинмалари орқали таъсирли ифодаланган.
“Осмон йиғлаган кун” ҳикояси Мухтор аканинг ўлими тасвири билан бошланади. Унинг жанозасига йиғилган Давлат ака, Ғайрат, қўшнилари Сабен бобо ва Қувондиқ ака марҳумни эслашмайди ҳам. Бири ити ўлгани, бошқаси ит боқиб олгани, учинчиси ити бировни тишлагани ҳақида мақтанади-ю вафот этган Мухтор акани эслаш, унинг ҳақига дуода бўлиш хаёлининг учига ҳам келмайди. Буни англаган Сабен оға: “Бир адамнинг жаназасида итден ҳенгаме қилгандаринг неси. Асбанга қарасей, адам ўлгенига асбан жилаватир, сендер адамсандар-ғуй” дея одамийликни унутганларга эслатма беради. Ҳикоянинг “Осмон йиғлаган кун” деб номланишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Шундай яхши инсон вафотига ҳатто осмон кўз ёши тўкяпти-ю лэкин баъзи инсонлар аслида бу ҳаётга нима учун келгани-ю, зиммасида қандай вазифа борлигини ҳам унутган. Жаноза вақтида ёқилғи омбори мудири Ғайрат жанозада инсон ҳаёти ўткинчи экани, умрни эзгу ишларга сарфлаш зарурлиги ҳақида ўйламай, кийимига ёмғир тушаётганию, бетондан сачраганлари кийимини ҳўл қилаётганига ачиниб: “яхшиямки, норка телпагимни киймабман, бўлмаса дабдала бўлар экан” дея матоҳ ҳақида қайғурганини ёзар экан, одамлар инсонийликни бой бераётганидан изтиробини таъсирли ифодалайди.
Фозил Жабборовнинг “Жума”ҳикоясида авваламбор исмлар эътиборни тортади. Қаҳрамонларнинг исмлари Мониқул бобо, Нурқул, Ҳодиқул ва Қирғизбой. Ҳикояга эпиграф сифатида Лев Толстойнинг “Мусулмонликнинг насронийликдан устунлигига…бутун қалбим билан ишонаман” деган фикрлари танлангани бежиз эмас. Мониқул бобо беш ўғлига Империя 1853-1876 йилларда Туркистонни босиб олгани натижасида биз мусулмонлар аёвсиз руслаштирилганимиз, миллий ва диний камситилганимиз ҳақида сўзлар экан, уни бир савол кўп қийнайди: “Нэга биз миллат сифатида шакллана олмадик?”. Унингча, тарихни эсдан чиқарган кишиларнинг келажаги бўлмайди, тараққиётга иттифоқлик орқалигина эришиш мумкин. “Аҳил бўлинг, бир мушт бўлинг, орангизга ҳеч ким низо солмасин. Жума намозидан ҳеч ҳам қолманг”, дея таъкидлайди у. Эътиқодда собит бўлиш, ўзликни асраш – ҳикоя сюжетининг ўқ чизиғини ташкил этади. Ҳар бир образ, ҳар бир поетик детал ана шу ижодий консепсияни ифодалашга йўналтирилгани ҳикоянинг адабий-эстетик қиммати баланд экани исботидир.
Умуман, ушбу тўплам ҳикоячилигимиз янги бадиий топилмалар, ижодий ютуқлар ҳисобига бойиб, ривожланиб бораётганини кўрсатиши жиҳатдан аҳамиятлидир. Ҳикоячилигимизда мактаб яратган улуғ адиб Шукур Холмирзайэв анъаналари давом этаётгани, маълум даражада янгиланаётгани ушбу жанр истиқболи ишончли қўлларда экани исботидир десак, муболаға бўлмас.
“Орзу ва денгиз ” номли насрдаги_навқиронлар ҳештеги остида нашр этилган ҳикоялар тўплами ҳам мазкур жанрнинг ўзига хос намуналарини жамлаган. Тўпловчи: Нодирабегим Иброҳимова. 41 та ҳикояни жамлаган ушбу тўпламдаги Нурилла Чорининг “Ташвиши йўқ одамлар”, Нодирабегим Иброҳимованинг “Ҳайкаллар”, Фаррух Жабборовнинг “Олам бус-бутун”, Санжар Турсуновнинг “Оқ овулнинг озодаси”, Жавлон Жовлиевнинг “Хотира китоблар”, Биби Робиянинг “Хизр ташлаган қанот” ҳикоялари бадиий тасвирнинг тиниқлиги, услубий ўзига хослиги, муаллифларнинг китобхонга айтадиган ўз сўзи борлиги жиҳатидан қимматлидир.
Хулоса қилиб айтганда, бадиий насрнинг энг ихчам ва нисбатан тезкор жанри ҳисобланган ҳикоячилик ўзига хос ривожланиш жараёнларини бошдан кечираётир. Ёш носирларимизга устоз адиблар ва жаҳон ҳикоячилигининг улуғ намояндалари ижод лабораториясини чуқурроқ ўрганиш орқали бадиий кашфиёт даражасидаги ҳикояларни яратишларида куч-қувват, илҳом, завқ ва шавқ тилаб қоламиз.
Ойбарчин Абдулҳакимова,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори