Назм кенгаши ҳисобот йиғилишининг 2022 йилда чоп этилган шеърий китоблар бўйича маърузаси
“Бошимни зўр ишга бериб қўйиб мен”
Чўлпон
“Мақтов ширин оғу, ширин ўлдирар”
Рауф Парфи
Кириш: Ҳар йилгидек шеърият хирмони баракали. Китоблари сон-саноғи анча. Маъноси, мазмуни, мундарижаси ранг-баранг.
Ўтган 2022 йил ўзбек замонавий адабиёти тарихи учун ўзининг бетакрор маҳобати билан эсда қоладиган сана бўлди. “Туркий адабиёт дурдонлари” юз жилдлиги босилди. Мажмуа таркибида ўзбек адиблари ва шоирларининг китоблари, замонавий шоирлар шеърлари жамланган алоҳида “Антология” бор. Тўғриси, халқаро мавқега молик бундай улкан ва жиддий адабий лойиҳалар ҳар йили амалга оширилавермайди. Бу лойиҳа ижросида Ёзувчилар уюшмаси бош-қош бўлди.
Мамлакат миқёсида оташин шоир Усмон Носирга бағишланган анжуманлар ўтказилди ва “Танланган асарлар” қайта нашр этилди. Шунингдек, Рауф Парфининг икки жилдлик “Сайланма”си босилганини мамуният билан таъкидлаш лозим. Бу машаққатли ишни парфишунос-адабиётшунос Олим Тўлабоев бажарди.
Йил давомида чиққан шеърий китобларнинг ҳар бирини ўқиган маҳали одамнинг кайфиятида руҳий ўзгаришлар сезилади. Бу ҳол шоирларнинг ўзлигидан, индивидуал услуби ва дардидан дарак беради. Гарчанд шеърлар мавзулари ўзаро яқин бўлса ҳам, ифода усули, тасвирий воситалари, шеър техникаси, шаклий қурилиши турли-турли. Шеър ҳар кимда ўзига хос ва улар ҳар шоирнинг қараши ва қалби, кайфияти ва ҳиссиётига мос.
Бу ўринда бир йиллик шеърият хирмони борасида сўз юритилади. Аммо шоирларнинг “Сайланма”си ёки “Танланган асарлар”и бир умрлик ижод маҳсули эканини унутмаслик лозим. Назаримда, ижодкорнинг ўз қўли, ўз диди билан ўз назаридан ўтказиб, тартиб бериган бундай китоблар шеърият мухлислари учун улкан туҳфа, адабиётшунослар учун қийматли адабий манба. Зотан, ҳар бир шоир ёзганларнинг қадрини, даражасини, йиллар синовидан ўтганларни ўзи яхши билади, деб ўйлайман.
Бир йиллик нафосат, маънавият хирмонига баҳо бериш, ҳар бир шеърни синчиклаб ўқиб, онтологик нуқтаи назардан уларга ташҳис қўйиш – бир маъруза-мақола доирасида осон иш эмас. Бу имконсиз ҳамдир. Қолаверса, менинг гапим назарийнамо субеъктив фикрлар ўрнида қабул қилинмоғи лозим.
-1-
Тўғриси, шеърий китобларнинг кўплиги боис одам гангиди. Нимадан, қаердан, қандай бошлаш керак? Бир четдан санаш лозимми? Замонавий ўзбек адабиётида ўз ўрнини топганлардан сўзлаш керакми? Ёшга кўра таснифлаган маъқулми? Китоблар ҳажмига эътибор муҳимми? Йил бошидан чиққанидан бошлаб, йил охирига қараб йўналган маъқулми? Мазмун-чи? Бу каби жуда кўплар жумбоқлар ва саволлар гирдобига чўкдим.
Гарчанд аччиқ бўлса ҳам ҳақ гапни айтмоқ керак. Мадҳиялар, ёлғонни пуфлаб шишириш, қирдан тоғ ясаш, пахтачилик ва қовунчилик – булар шеърият табиатига ҳам, илмга ҳам бегона.Кечирасизлар-у, бундай ғаройиб антиадабий ва ғайриилмий ҳодисалар ибрат ўлароқ яқин кечмиш адабиёти тарихида турибди. Қалбдаги ҳис-туйғуга мос СЎЗни топиш, танлаш, ювиб артиш, муносиб ранг бериш, зарурий санъатлар билан безаш, қиртишлаб вазнга солиш, кечинмага лойиқ озғин-семиз, ингичка-йўғон, сирғувчан-сирпанчиқ, титроқ-ўйноқи, қалтироқ-қилтириқ, рангли-рангсиз товушларни хизматга чоралаш – бу иш шоир учун осон кечмайди.
Шундай фикрлар ортидан охирги имконга қараб, хронологик тартибда ёши улуғлардан гапни бошлаш маъқул кўринди.
Бу йил Шарифа Салимова “Танланган асарлар”и, Маҳмуд Тоирнинг тўрт жилддан иборат “Сайланма”си — “Сийратим садоси”, “Омонлик тилайлик”, “Умр китоби”, “Яхшилик ҳаммага ярашади” номли китоблари, яна бир “Танланган асарлар” китоби нашр бўлди. Одил Ҳотамнинг “Хирмон”, Қутлибека опанинг “Чақмоқлар фасли”, Турсун Алининг “Уч жилдлик “Танланган асарлари”нинг шеърлар, драматик достон, таржималардан иборат “Биринчи китоби”, Берди Раҳмат Кўктошнинг “Сукунат қўшиғи”, Абдураззоқ Обрўйнинг учта, Абдумажид Азимнинг тўртта, Рустам Мусурмон, Салим Ашурнинг биттадан улкан китоблари, Сафар Оллаёрнинг иккита китобдан иборат мажмуалари чоп бўлади. Бундай улкан ҳажмли китоблар шоирларимизнинг қайсидир маънода ўзларини ўзлари сарҳисоб қилиш ва шеърият муҳиблари олдига ёзган маънавий дастурхони саналади.
“Сўз билан оламни кўзгуга солган” Маҳмуд Тоир ижодига оид эътирофларнинг ўзи алоҳида бир китоб бўлди. Шоир асарларининг энг саралари, ижодининг барча қирралари бу йилги китобларида жамланди. Шеърни қойилмақом қилиб ўқиш, яъни ижро ҳам ўзига хос санъат саналади. Тўғриси, шеърият шайдолари бутун вужуди билан Маҳмуд ака шеърларини тинглаган вазиятларга кўплар гувоҳ бўлганман, албатта:
“Мен тошларнинг тилиман,
Мен кўнгилнинг гулиман,
Бу дунёнинг гилиман,
Мендан мени сўрама”.
Лирик “мен” ўзини турли нарсаларга қиёслайди. Шеърнинг ҳар бир бандида ўзидан олдин келадиган уч мисра тезисини “мендан мени сўрама” деган навбатдаги мисра — антитезис тажоҳили орифона йўсинда тасдиқлайди. “Мендан мени сўрама” бу жуда бошқача, юракни зирқиратадиган шеър.
Маҳмуд Тоирнинг ихчам шеърлари ҳам эътиборга молик. Дейлик, гарчанд шоирнинг иккиликлари мазмунига кўра ўзаро фарқланса ҳам, улар битта юракнинг юриши ва уриши, садосидек, шоир шууридан ёғилган нурдек таассурот қолдиради. Шеърлар шоир тафаккури ўзанида умумий бир махражга келади. Иккиликларида ҳикмат бор, ҳикматлар негизи шоирнинг бу оламда кўрган-кечирганлари, инсонлар билан муомала-муносабатининг умумлашган хулосалари, инсон характеридаги сирлар, табиат гўзаллиги олдидаги ҳайратлари ифодасидир. “Иккилик – бир дилнинг икки чироғи, Орзунинг, армоннинг икки ирмоғи”дир. Шоир бир ўринда кафтида тутаётган икки мисра шеърига “жонимнинг чашмаси” деб тавсиф берса, бошқа бир жойда уларни “Ҳикмат хирмонидан тўкилган қайдлар” дея изоҳлайди.
Ҳар қандай инсон учун, айниқса, эл олдига чин сўз билан чиққан ижод аҳли учун иймон сўзидан ва юракка ўрнашган айнан иймоннинг ўзидан қадрлироқ иккинчи бир нарса йўқ. Мумтоз шоирларимиздан бири: “На хуш бу дунёда иймону Қуръон, Не бўлғай бу дунёда иймондин ортуқ”, деб ёзган эди. Дарҳақиқат, иймон – қалбдаги покиза нур, вужуддаги бебаҳо дур, иймон – ҳақиқат мезони, инсон фитратининг тенгсиз гавҳари, безаги. Иймон – чин мартаба. Маҳмуд Тоир иккиликларидаги иймон тавсифи, яъни “Иймон бу кўнгилнинг сўнмас нуридир” каби нуқталар эътиборли:
“Инсон йўқотгани гар иймон бўлса,
Энди ишонавер у ҳайвон бўлса”.
Оре, рост!
Баъзан шарқ донолиги, хусусан, ҳадислардаги мазмунни шоир икки мисрага жойлайди:
“Гар иймон дилингда сўнмас чироқдир,
Билгинки, гумон ҳам сендан йироқдир”.
Бу иккилик, фикримча, гумонга берилиш одамни иймонидан ажратиб қўяди, мазмунидаги ҳадиси шарифга мос келади. Иймони тоза одамнинг дили кўркам бўлади. Айш-ишратга берилиб, фақат бу дунёсинигина ўйлайдиган одамнинг тани соғ бўлиши мумкин, аммо унинг иймони хаста. Ҳалол бўлиш ҳам иймонга боғлиқ,“Иймон – бу кўнгилнинг кўзида гавҳар”.
Ҳар бир шоир шеърларининг адабиётимиз хазинасидан жой олишини истайди. Маҳмуд Тоир ҳам шеърларининг умрбоқийлигига асло бефақр эмас:
“Ўқиганнинг ёдида турса,
Дарди бўлса, додида турса,
Йўқолмаса, ёнида юрса,
Шеърларимга умр тилайман…”.
Шоирнинг эзгу тилак ижобат бўлсин.
Ёзувчилар уюшмасида Одил Ҳотамнинг “Хирмон” китоби тақдимоти бўлди. Ўзи қатнашди. Орадан ҳеч қанча ват ўтмай, тақдир экан, раҳматли ўтиб кетди. Ижод аҳлини тирик маҳали қадрлаш, унга яхши сўз айтиш лозим. “Ҳар кимнинг ўзига Мисрдир жойи” – мумтоз аллома шоирларидан бири шундай деган. Умр бўйи вилоятда яшаб ижод қилган Одил Ҳотамдек садоқатли шоирлар хусусида ўйлаганимда шу мисра хаёлимга келади.
Одил Ҳотам “Хирмон”и билан умрлик китобини, ўз маънавий-шеърий дастурхонини сизу бизга тақдим этди. Бу дастурхон файзли, бу дастурхон тўкин, бу дастурхон ҳалол-пок. Китобнинг исталган бир саҳифасини очган одам чин шеърнинг тафтини сезади; шоир нафасини сезади…
Табиатнинг жуда кўп унсурлари Одил Ҳотам шеърлари мазмунига гўзал маънолар юклайди.
“Бу дунёда ҳаттоки тикан,
Тинглаб алқар гуллар сасини”.
Шеърлари бағрида “шошқалоқ дарё” шоввулайди, “мардона дарахтлар” эгилмайди, мағрур “тоғлар сира чўкка тушмайди“, “илонизи сўқмоқ” сайрга чиқади, телбавор еллар “яшилликни юлқилайди”, “шамолларнинг тишларидан қум ғижирлаши” эшитилади, “саксовуллар оҳ чекиб” куйлайди. Гул ёруғлик базмининг туҳфасига менгзайди. Яна қаранг, битта мисрада иккита ўхшатиш: “Оҳудай нигоҳи шабнамдай тоза” — покиза, ҳаёли-иболи муҳаббатли қиз тавсифидир бу.
Ижодкорда учинчи кўз – қалб кўзи, нафосат кўзи, юрак кўзи бўлади. Шу билан бошқалардан фарқ қилади. Одил Ҳотам “Хирмон” китоби структураси етти иқлимдан таркиб топибди. Бу иқлимдаги об-ҳаво бири-бирига мос, ўзаро яқин, бири-бирига ўтиб юради. Чунки бу битта муҳташам кўнгилнинг, шоир юрагининг иқлими.
Шоир Турсун Али учун “шеърият – сўнмас ёрқин камалак”. Шоир камалакаа ошуфта кўнгил одами. Уч жилдиги босилиши бошланди. Ҳозирча “Биринчи китоби” қўлимизда. Турсун Али шеърларида эркинлик бор. “Шеърият… Эркин яралмоғинг, эркин яшамоғинг шарт сен менинг қонли юрагимда…”, дедйи у. Бундай эркин шеърлар оҳанг эркини ҳам талаб қилади. Шоир “руҳият манзаралари”нинг сувратини чизиш, “юрак товуши”ни қоғозга туширишни ёқтиради. Содда ҳаётий тушунчалардан фалсафий хулосалар чиқаради. Турсун Алининг китобида муносабатлар ва бағишлов шеърлар анча. Шу эътибордан шоир замондошининг кўнглини англаб, унинг юрагига йўл излайди. “Қалб суврати” шеърида ёзади: “Қорли сўқмоқ. Оҳ, нақадар оғир Бировнинг изидан юрмоқ!” Шоир учун барча замонларда оригинал ифода, ўзига хос йўл муҳим. Турсун Али бу адабий ҳақиқатнинг қийматини яхши билади.
Бу йил “Танланган асарлар”и нашр бўлган Шарифа Салимованинг шеъридан гоҳ майин, гоҳ “шалоладай гулдуросли” овози эшитилади. Шоира шеърлари муножот билан дуога йўғирилган, эзгу тилак ва қувончлар баёнидир. “Безовта юраги оромдан йироқ”. Ҳамма замонлар учун хос бу ҳол. Беором ва безовта одам ижодкор. Хотиржам ўтириш, лоқайд ва бепарво яшаш ҳар қандай ижодкорга бегона, менимча. Шарифа опанинг айни китоби бошида “Мен бир боғга кираётирман”, деган мисра бор. Бу адабиёт боғи, бу шеърият бўстони. Шунга ҳам бир неча ўн йиллар бўлибди. Кейинги даврдаги бир шеърида боғ образи такрор келади: “Бу боғлар дунёнинг кўзин очажак, Бу боғлар ҳеч қачон бўлмайди хазон”. “Ипак қалб”ли шоира шеърлари самимий ва умидли. Шарифа опа айтмоқчи: “Умид – инсон йўлин ёритган чироқ”. Меҳр-мурувват, табиат гўзаллиги, “қушчалар сайроғи”, орзу-умид кўлами – шу каби қатор мавзуларнинг кўнгил ройишига мос баёни — булар ижодкорнинг сўздаги имзоларидир:
“Эй, кўнгил, Ҳақдин нидо бордир санга,
Биргина Ҳақнинг ўзи ёрдир санга”.
Кўнгилга мурожатнинг мумтоз ифодаси бу.
Кўз тегамасин, Қутлибека опа сўзи шиддатли, чақинли ва куч-қувватли. “Чақмоқ фасли” китобида жамланган шеърларига ҳам сифатлар мос келади. “Юрагим уйғонса, шиддатман, шахтман”. Шоиранинг юраги доимо уйғоқ. У мудроқ ва қўрқоқ, ланж ва ялқов кимсаларни ёқтирмайди. Сукунат бағридан жаранглаган садони истайди. “Жасорат излайман ҳадик, қўрқувдан, Уйғоқлик излайман ғафлат, уйқудан”. Инсоннинг вужудида ҳар бир митти ҳужайранинг ҳам уйғониш тарафдори бўлгани учун уйғоқ шеърлар ёзади.
“Қалб виждон қирғоғидан
Бехос тошса, рошиман.
Доғланган эл доғидан –
Кўнгиллар фаррошиман”.
“Кўнгил фарроши” кирланган тафаккурни, юракларни маърифат суви билан тозаламоғи керак. Рост сўзнинг қадри баланд бўлади. Қутлибека опа бир виждони покиза инсон, мўътабар она, сўзи қутли шоира ўлароқ одамларга, теварак-атрофига бепарво эмас. Дейлик, кўча ёқасида ёқалашаётган икки йигитни ажратиш учун Қутлибека опа ўзида куч, журъат топади. “Сен менга, мен сенга тегмасанг бўлди”, маъносида ҳар қандай йўловчи индамасдан ўтиб кетиши мумкин бўлган шу жойда опа бир зумга тўхтайди. Бунинг учун эса одамга меҳр керак, одамни яхши кўрмоқ лозим. Тасаввуримча, Қутлибека опа исмига журъат-жасорат сўзи синоним бўлиши мумкин. Қолаверса, опа эътироф этадики, “Менинг душманим йўқ шайтондан бошқа”. Яхшиликлардан, жасур юрак садоларидан қувониб яшиш – бу гўзал фазилатдир.
Шоира Зулфия Мўминова “Қутлибекам, қутлуғ бекам, Эй сўзлари ўтлуғ бекам”, деб ёзади “Болага китоб беринг” тўпламида. Китобга ном бўлган шеърнинг ўзи ҳар бир хонадонга кириб борди. Ҳар ижодкорнинг ўз табиати, бадиий тафаккур тарзи, юрак кечинмалари бўлади:
“Онам ойнинг қизи – ойшаҳар эди,
Отам тоғнинг ўғли – тошчайнар эди.
Онам оҳуларнинг кўзидан ўпиб,
Отам айиқ билан тош ўйнар эди”.
Зулфия опанинг шеърларида онага таъзим, отага соғинчли мурожаат, ўзига берилган “мен кимман, ким бўлдим” каби саволлари, турли вазиятлардаги ўй-кечинмалари шунчаки ёзилган эмас ва улар ўқувчини сергак торттиради. Булар самимий, чин ва “момиқ шеърлар”дир. Ўзбекистон, Тошкент, Самарқанд, Нарпай – барчаси Ватан ва она замин, тупроқ, деб уриб турган битта юракнинг акс садолари… “Болага китоб беринг” китобидаги эсселари ҳам шеърларига ўхшайди. Зулфия Мўминова ижтимоий ҳаётда фаол, баъзан анжуманларда қатнашади; гоҳида маънавият-маърифат карвони билан ҳудудларга чиқади. Тўғриси, шоирни билиш учун ҳамсафар бўлмоқ керак.
Мирзо Кенжабек билан Дошўғиз сафарида шеърий туркумлар тўғрисида гаплашдик. Гурунглар асносида “Ҳаёт садолари” тўпламини берди. Китоб “Оламда бошқа ҳеч Ўзбекистон йўқ”, “Ҳаёт садолари”, “Термиз садолари”, “Шеърият эркинлик эсдалигидир”, “Ғазал оқшоми”, “Шероз илҳомлари”, “Янги битиклар”, “Тўрт девор” каби етти туркумдан таркиб топган. Мирзо Кенжабек нафақат шеърий китоб структурасига, балки вақтли матбуотда эълон қиладиган шеърларини ҳам шунчаки тақдим этмайди, туркумлайди. Бу хусусда устозларидан бири Эркин Воҳидовдан сабоқ олган.
Мирзо ака сафар асносида “Хоразм ва Кўҳна Урганч туркуми”ни ёзди.
“Тарихлар қаъридан келур бир фарёд:
Фақат ҳақ қолади мангу, барқарор!
Адолатдан бошқа барчаси — барбод,
Муҳаббатдан бошқа барчаси — бекор”
Мирзо аканинг шеърлари туйғу фалсафасидир. Мисол:
“Гоҳида золимман, гоҳи одилман,
Гоҳида ғофилман, гоҳи оқилман.
Бировдан оғригич дилим йўқ менинг –
Дилин Ҳаққа берган мирзо бедилман”.
Марҳамат, мисрадаги дили ҳам, мирзоси ва бедили ҳам айни шеърнинг нақши-безаги.
Ўзига маломатлар, ўзини тергашлар, ўзни текширишлар Мирзо Кенжабекнинг янги давр шеърларига хос. Шеърларида бир сўзга бир неча маънолар юклаган ўринлари бор. Табиийки, бу жараёнда шеърнинг мумтоз қоидаларига доим амал қилади. Шоир мумтоз алломалар назм булоғидан сув ичади. Уларга мурожаатлари кўп. Шеърларида замон ва тарихни энг нафис сўз ришталарлари билан боғлайди. Мирзо Кенжабек шеърларини англаш учун, дейлик, Термиз ва термизийларни, Бухоро ва бухорийларни, Қусам ибн Аббосни, Маҳмуд Асъад Жўшонни – умуман, тарих ва тарихий шахсларни, динимизни пухта билиш лозим.
“Мирзо! Ким покроқдир саҳобадан ҳам?-
Дилим хароб бўлди харобадан ҳам,
Бас, ўн беш асрлик масофадан ҳам
Ҳазрати Умарни соғинар кўнгил!”.
Назаримда, ҳарзати Умар розияллоҳу анҳуни нима учун шоир ва инсоният соғиниши сабабларини ўқувчи англай олади. Шоир кечинмалари, туйғулари улуғларга, сабоқларга, зиёратларга бориб тақалади. Назаримда, Мирзо Кенжабек учун шеър яхшиликка, комилликка чорлов, бемаънилик, ёмонликларга ғов — амри маъруф ва наҳйи мункардир. Бу тушунча мумтоз шарқ поэтикаси ва, умуман, адабий-назарий мезонлар ўлчовига кўра тўғри ҳамда ўзининг мустаҳкам асосига эга.
Берди Раҳмат Кўктошнинг “Сукунат қўшиғи” лтмиш беш ёши муносабати билан тартиб берилган мажмуа. Китоб шеърлардангина иборат эмас. Битта драма, таржималар, яхши хотира-мақолалар бор унда. Бу ҳам Берди Раҳмат аканинг ўзини ўзи сарҳисоб қилиши, албатта. Шоир кўнглига қарата: “Бойлигининг сенинг — сўздир”, дейди. Ҳақиқат шоирнинг умиди. “Тонг отиши – умид, Кун ботиши – оғир…” — шоир яқинларини шундай хотирлайди.
Сўзга ошиқ бўлган одамнинг ижоди – бу ботиндаги диолог. Ижодда ўзи-ўзинг билан тортишасан, баҳс-мунозара юритасан, ниманидир тасдиқлайсан ва ниманидир инкор этасан. Бу ҳам ижоднинг тугал таърифи эмас. Шеър одамлар қалбига яхшилик уруғини экиб, ёмонлик уруғини туби билан қўпориб ташлаши керак. Яхши сўзни тарғиб этмоқ, ёмон сўз ва амаллардан олис кетмоқ лозим. Бу ҳам шеъриятнинг чўнг вазифаларидан бири.
Абдураззоқ Обрўй пародия ва ҳажвий шеърлар устаси. Унинг бу йил “Ҳозирги ошиқлар”, “Афандининг афандилари” ва “Бояги-бояги…” деган китоблари ўқувчилар қўлига етиб борди. Баъзи вазиятларда адабий танқид ва тарғибнинг ишини Абдураззоқ Обрўй ёзган пародиялар, писандалар, киноялар бажаради. Абдураззоқ ака ўзига ғайритабиий, сунъий ва гоҳида маъқул келган шеърларни ҳам пародия қилади. Шоирниг дарди ҳақиқий шеър. У ҳақиқоний шеърни соғинади:
“Тингладик чақириқларни,
Англадик ҳайқириқларни,
Бас қилинг қийқириқларни,
Қоқиндиқ, шеърни соғиндик…
Ватан бизга шу момо ер,
Буғдой эккан буғдой нон ер.
Устоз Миртемир дер:
-Қоқиндиқ, шеърни соғиндик”.
У ўзини “Зўрмандага ўқланган ўша — Мен – автомат Абдураззоқ Калашников!” деб атабди. Абдураззоқ Обрўй шеърлари маиший ҳаётга яқинлиги, соддалиги билан ажралиб туради.
Исмат Санаевнинг “Ана қизиқ, ана” китобини ўқидим. Ундаги шеърлар сўз ўйини асосига бўлиб, бу адабий ҳодиса шарқ мумтоз поэтикасида “қалб”, “мақлуб” дейилади. Алишер Навоий ҳазратлари уни осон бўлмаган “мушкул санъат” деб ҳисоблайди. Бу ҳодиса дунё адабиётшунослигида “палиндром” деб номланади. И.Санаев жуда кўп изланган, турли сўз ўйинларига, бўғин, товуш, рақамларга, сўзларни тескари ўқилишлари ва шеърий мисра таркибида келадиган бўғинларнинг ўрин алмашишларига диққатни қаратади. Табиийки, бунда шакл баъзан биринчи ўринга чиқади. Палиндром — бу фикр, мантиқ машқлари. Унда маъно-мазмунга заҳа етмаган равишда сўздаги кутилмаган ҳолатлардан янги маънолар чиқишидан ўқувчи завқ топади. И.Санаев китоби сўзбошисида “мақлубот” санъатининг шарқ ва ғарб адабиётидаги ўзига хос назарий жиҳатлари ҳақида яхши тадқиқий маълумотлар беради…
Бу йилда босилган шеърий китоб кўп, улар исчида сирлар бор. Улар саҳифаларида ҳар бир инсон қалби, юрак садоси акс-садо беради. Ҳар кимнинг шеъри мисоли фарзанди, дилбанди. Унда ёмони йўқ. Аслида шеърнинг ҳам, шоирнинг ҳам ёмони бўлмайди. Бошқалар дилига мослари, умумпафосига кўра умуминсонийлар ва шеърият муҳиби қалбига бир оз йўл топа олмай турганлари бўлиши мумкин.
-2-
Шоирнинг кечинмаси, ҳис-туйғуси, тушунчалари, юрак уришига муносиб мавзу топа олиши муҳим. Мавзу сув юзида қалқиб юрадиган ўлик балиқ эмас. Мавзу дарё тубидаги оқимларда тирик балиқдек истиқомат қилади (Р.Ҳамзатов фикри). Чин шоир уни ўз сезими-интуицияси билан топади.
Бу йил турли адабий мавзуларини муҳокама қилган Рауф Субҳоннинг “Оқибат”, Ашурали Боймуроднинг “Учинчи Уйғониш”, Асрор Мўминнинг “Навоийнома”, Зикрилла Неъматнинг “Бобомдан мерос боғлар”, Ғулом Эгамшукур “Қоғозлар ҳайқириғи”, З.Рўзиеванинг “Васфимда Андижоним”, Муҳиддин Омоннинг “Куз сонатаси”, Ҳумоюннинг “Гулбоғ”, Дилшода Саидолимованинг “Хаёлим гули”, Гулчеҳра Шаҳобиддин қизининг “Қанус қўшиғи”, Зокир Худойшукурнинг “Кўнгил манзаралари”, Зилола Хўжаниёзованинг “Соғинч шивирлари” каби шеърий китоблари чоп этилди. Уларнинг ҳажми, мундарижа кўлами турлича, аммо ҳар бирида ўзи айтар сўзи борлиги сезлади. Хусусан, Ватан мадҳи, Ватан соғинчи, Янги Ўзбекистон, она замин, табаррук тупроқ каби тушунчалар “аждодлардан мерос қўрғон” сифатида (З.Неъмат), тавсифланади.
Рауф Субҳон — юраги бутун, орияти кучли ва оқибатли шоир. Рауф аканинг ажойиб табиати бор. Қўшни эдик, кўчиб кетди, алланима йўқолгандек бўлди. Жойига кўчиб келган кимса – мутлақо бошқа олам. Рауф Субҳон шеърларида аллақандай сокинлик бор. Очилмаган қўриқ. Шеърлари ихчам, лўнда. “Полвонга” шеъри беш сўзли: “Олдин нафас, Кейин зарб, сас”. Руҳияти кучли. Билганим, шарқ якка курашлари билан шуғулланган Рауф Субҳон кўпинча ёлғизликка мойил кўринади. Ёлтоқиликни ёқтирмайди. Баланд кулгуси бор. Сўзсиз кулгу у. Шу беғубор ва бамаъни кулгуси билан жуда кўп кимсалардан юқорига кўтарилади. Шамолтегирмонлари гув-гув айланаётган замонларда чин дўст қаҳат бўлади. Йўқ! Топилмайди. Рауф Субҳон кўзимга ҳамиша жонажон икки шоир дўстини соғиниб юрган одамга ўхшаб кўринади. Дўсти тилидан унинг сўнгги шеърини ёзибди:
“Юзимда куз йўлаклари-
Япроқлар хор, умри пайҳон.
Тутиндим дўст шамолларга
Ҳамроҳим бор хазонлардан.
Ассалом алайкум! Ҳей, дўст!
Дўстгинам, дард қалашган-да,
Ётай бироз, ўхшаяпман
Фикримдан сал адашанга…”. Иккинчи дўстини: “Сўзи қилич, Қалби қуёш…”, деб таърифлайди. Инсоннинг инсонлар хотирасида яхши инсон ўлароқ яшаши Рауф ака учун муҳим. “Брюс Ли” шеъри ҳам шу фикрга асосланади. Бир фалсафаси маъқул келди. Шеър юракдан қоғозга тўкилади, аммо унинг аслияти барибир юракда яшайди. Қоғоздаги шеър юракдан олинган нусха, холос.
“Васфимда Андижоним” тўпламидаги ҳар бир шеър З.Рўзиеванинг эл-юрти ва унинг улуғларига эҳтироми ўлароқ майдонга келганига гувоҳ бўлиш мумкин. Ота шаҳри унинг шеърида худди инсондек ҳайратларга чўмади. “Япроқ узра титрак томчи – жоланг кўп, Ҳайратларинг юққан шоир боланг кўп”. Дарҳақиқат, шундай.
Абдумажид Азимнинг тўрт жилдлик “Танланган асарлар”и таркибига “Қиём палласи”, “Мангу йўловчи”, “Ўзбекларим” ва таржималари жамланган “Қора қуёш” номли китоблар киради. Бу шоирнинг ижодий биографияси, яъни 1978 йилдан то 2022 йилгача бўлган ижод намуналари танлаб жамланган. Абдумажид Азим шиддатли, ёруғ, лўнда, “онадек мунис” сўз излайди.
“Сўзлар бўлса навқирон, боқий,
Дарёлардай тошқин ва уйғоқ.
Айрилмасам улардан токи
Кўзларимга тўлганча тупроқ”.
Боқий сўз – шоир орзуси. Иккинчидан, Абдумажид Азим сўз излаётган “мангу йўловчи”дир. Дунёда қўноқ бўлган йўловчининг йўл юргани сари йўлларидан қават-қават йўллар чиқади. Шоир — яхшилик, эзгулик, тўғрилик, ҳаққоният йўлини соғинади. Унинг таъбирича:
“Далли дарё экан умр дегани, —
Умр дегани чексиз, туганмас йўл!”
Ҳа, шоирлар баҳоси учун ҳамиша шундай метафорик тафаккур муҳим ва қадрли.
Абдумажид Азимнинг кўп шеърлари ўзлик ҳақида, унинг лирик қаҳрамони “мен”лигини баён этади. Баъзан эса “Усмон Носир сўзи”, “Уйғон, Туркистон”, “Оналар йиғлайди”, “Ўттиз еттинчи” каби шеърларида ижтимоий-тарихий муҳитни муҳокама этади.
“Куйибман, шунчалар, ёмон куйибман,
Яшашнинг завқидан эрта тўйибман,
Азобим, мен сени шунча суйибман,
“Бошимни зўр ишга бериб қўйибман”.
“Чўлпонга эргашиб” номли ушбу шеърда шоир дардлари юрак призмасидан ўтади. Абдумажид аканинг турли йилларда турли ҳолат, кайфият, муносабат билан майдонга келган шеърлари – катта бир хазина. Шоирнинг “Танланган асарлар”и салкам ярим асрлик ҳосил, хирмон. Унда шоирниг маҳорати, санъати, тафаккур тарзи, дарду армонлари, қувончу сурури – ижодий умри, шеърий ҳаёти йўли акс этади. Жилдликларни тадқиқотчи-адабиётшунослар, тадқиқотчи-таржимашунослар тизимли ўрганиши, кузитиши ва муносиб баҳосини бериши лозим, деб ўйлайман.
Жонлантириш улкан поэтик санъат. Нарса-предмет, буюмларнинг ташхислашуви ва бу жараёнда қаламнинг, хусусан, қоғознинг тилга кириши, айниқса, ҳайқириши ҳам муҳим. Ғулом Эгамшукур “Қоғозлар ҳайқириғи” китобида “Шеър – миллат руҳи” деб ёзади. Шоир – инсон. “Уни ғам йиғлатар, қувонч кулдирар”. Қувончдан шоирлар юраги ҳапқириб ўлиши ҳам мумкин. Тўғри. Шеърнинг туғилиш жараёнларига доир таърифлари кўп. Шеър — кайфият маҳсули, ҳис-туйғулар саси-садоси, шеър фаҳм-фаросат ва ақл ҳосиласи. Шеърда шоирона туйғулар галареяси, инсоний аъмоллари акс этади. Шеърнинг йўли ҳам, юки ҳам оғир. Шеър шуурдан, шоирнинг юрак зарбидан тўралади.
Муҳиддин Омоннинг “Назм бўстони” рукнида “Куз сонатаси” китоби чиқди.
“Ойдин хаёлимнинг жўшқин шиддати,
Тотли туйғулардан тошган муҳаббат.
Ошиқ юрагимнинг ҳаққи-ҳурмати,
Мен сенга шайдоман, Шеърият”.
Шоирона иқрор, эътироф, самимият бу; кўркам сўзга эҳтиром шу. Китобда Муҳиддин Омоннинг “Ишқ — дилдаги абадий баҳор” каби соғинчлари, “Бандаи ожизман нафснинг қошида, Тавба йўлин кўрсат, ҳидоят бўлсин” сингари тазаррулари, ўзига таскинлари, бировга мақтовлари ифодасини топади.
Адабий жараёнда Рустам Мусурмон фаол. “Бир жуфт сўз” китобида ижодининг тадрижини кузатиш мумкин. Рустам “шеърни ижроси қилади” (А.Орипов таъбири). Ижрода юраги, тили, дили – умуман “руҳининг довуши“ ва бутун вужуди қатнашади. “Юрак менинг дулдулим” – деганида инсон юрагининг ураётган товуши эшитилгандек бўлади. Товушлар табиатини сезиш сезими кучли. Уларга жон бағишлайди. Шеърий мисралардаги бўғинларга, қўша-қўша товушлар ва уларнинг такрорига шоир кўнгил дардини жойлайди:
“Гулл экурман жаҳоо-на
Гулзоор ўл-ма-гун-ча-ҳ….
Жоон чекурман жо-ноо-на
Дил-доор ўл-ма-гунн-ча-ҳ…”.
Рустам Мусурмоннинг сўзда ўзи танлаган, англаган йўли бор: ўрни келганида сўзларни парчалайди ва уларни ритмик оҳанг воситасида бутунлаштиради. “Қўриқчи”, “Хиргойи”, “Ёр келар йўлга қараб”, “Чўмилиш”, “Гул базми” каби қатор шеърлари борки, Рустам оҳанг воситасида ҳодиса ва туйғулар сувратини чизади. “Титилиии-иб кетсайдим… Катилиии-иб кетсайдим…” – Лирик қаҳрамон ўзини китобга, пичоққа менгзайди ва товушларнинг кетма-кетлиги таъкидни кучайдиради. Бу типдаги шеърларни фақат Рустам Мусурмонга ўхшаб ўқиш лозим.
“Юрагимда бўзайди бир қуш:
“Кук-ку – жоним, қайдасан? Кук-ку!”
Ўз жуфтини излайди бир қуш:
“Кук-ку — ёрим ҳеч қайда йўқ-ку?!”
Шоир қушлар билан кукулашиб қуш тилида сўзлашади, халқ билан халқона тилда гаплашади. Жуда кўп кузатганмиз, тўғриси, Рустам Мусурмон шеър ўқиш учун саҳнага чиқса, унинг ритмик-мусиқий шеърини тинглашга шайланган йиғин аҳлида бир жонланиш, бир гувраниш пайдо бўлади. Рустамнинг шеъри ўйинли. Унда мисралар ўйини, сўз, сўз бирикмаси ўйини, очиқ-ёпиқ бўғин, унли-ундош товушлар ўйини — такрорлар бор. Дунё адабиётшунослигида мавжуд бўлган ўйин назарияси юзасидан бир қанча адабий манбалар тўплаганман, ўзбек замонавий адабиётидаги шу ҳодиса тадқиқида Рустам Мусурмондан ҳам мисоллар олишим ўринли бўлса керак.
Салим Ашур кўпдан ўз шеърларини мухлисларига тақдим этиб келади. “Мангу эл” — Салимнинг навбатдаги муҳташам тўплами. Ишқ оҳанглари етакчи унда:
“Эй, ошиқлар, менга қарши тиш қайранг,
Ҳаёт яна ўйлаб топди бир найранг,
Сиз, эй, булбул, энди менмас, сиз сайранг,
Ишқ қасрида йўқдир бағри бутунлар,
Эски дардга ошно янги жунунлар”.
Шоир китобида шундай “янги жунунлари”дан намуналар бор. Салим Ашур бу китобидаги “Эски чироқ шуълалари” туркумига кирган ҳар бир тўртликка ном қўйилибди: “Онам”, “Сув”. “Қалб”, “Насим”, “Қуш” … “Ўттиз япроқ” ўттиз ёш сарҳисобларига ўхшайди (“Ўттиз пахса бўлди мен қурган бино, Томида ўтирар мўйсафид дунё…”). Бир қанча шеърларини “Шимол оҳанглари” номи остида бир жойга жамлабди.
Сал кам олтмиш бетни эгаллаган учликлардан иборат “Кўҳна баҳор эпкинлари” ҳам эътиборли.
“Ҳаёт, мамот тўқнашди,
Камонларни ўқлашди,
Кейин айтиб йўқлашди”.
Шаклига кўра барча учликлар етти бўғинли ва улардан “Девону луғатит турк” асарининг қадим оҳанглари келади. “Аюв” – “айиқ”, “кўмоч” – “нон”, “аланг” – “ер, майдон”, “қармашди” – “жанжаллашди” каби жуда кўплаб унутилган сўзларни учликларда таркибида қўллайди. Табиийки, бу ноёб сўзлар ўз-ўзидан ўқувчи хаёлини олис мозий сарҳадлари томон олиб кетади… Шу фикр билан андармон бўлиб юрган паллада учликларнинг “Тафаккур” журналига тақдим этган нусхасида Салим Ашурнинг “Девону луғатит турк”ка ҳавасманд бўлгани хусусидаги ўз эътирофини ўқидим: “Асарнинг бепоён кенгликларида миллатлар, эл-элатлар, юртлар сочилиб ётибди. Тарихлар, орзулар, хаёллар сочилиб ётибди. Очилган, сочилган сўзлар ватан қидиради”. Дарҳақиқат, китобига киритилмаган бу фикрлар менинг таъбим ва тахминимга мос келганидан қувондим, тўғриси…
Сўз заҳматкашларида шеърий таъб бўлиши лозим. Баҳодир Қобулнинг насри услубига кўра индивидуал. Яширин бир танловда бирор жойда эълон қилинмаган ҳикоялардан бири Баҳор Қобулга тегишли эканини ҳеч қийналмай услубидан топган эдим. Бу йил ихчамгина “Салом, Туркистон” номли туркулари – руҳий кайфиятларининг назмий ифодаси нашр бўлди. Унда санаб кўрсам, йигирма битта “битик” бор. Йигирма биринчи асрга тортиқ. Ёш ижодкорларнинг Зомин қурултойи қатнашчиларига бағишлангани достон ҳажмига эга. “Бир елка Ойқорим, бири Шунқорим, Ассалом, Туркистон, ассалом, орим”, деган мисралар билан туганчига етади шеър. Бунда тарих тилга киради ва ёшларни мозийдан сабоқ олишга чақируви бор ижодкорнинг. Баҳодир Қобул сўз излайди, топади, завқланади ва ўз асарлари таркибига киритади. Бу – яхши. Адабий тил шу йўл билан бойиб боради.
Бу йил нашр этилган китоблар орасида ўзининг ноанънавийлиги билан яна бир китоб эътиборни тортади. Сафар Оллоёрнинг икки жилдлик “Танланган асарлар”ининг “Қалб салтанати” номли иккинчи китобини қўлган олдим. Бу шоирнинг эшсонетлари жамланган шеърий мажмуаси. Ҳар бир саҳифада битта сонет ва яна битта қўшсатр берилибди. Китобда беш юзта сонет ва беш юзта қўшсатр – шеърлар бор. Мен учун қизиқ бўлгани китобнинг айни структураси баробарида уларнинг қоғозга тушган пайти – дақиқаларигача ёзиб қўйилгани бўлди. Сафар Оллаёр беш юзта сонетни 2017 йилнинг 11 декабридан 2018 йилнинг 19 апрели оралиғида ёзади. Тўрт ой давомидаги доимий ижод. Кунига тақсимланса, тўртта-бешта сонетга тўғри келади. Тўғри, баъзи кунларда шеърсиз, лекин шоирнинг шундай баракали кунлари борки, дейлик 2017 йил 14 декабрида ўн бешта сонет ёзилибди. Баъзиларининг оралиғи 15 дақиқа ё кўпроқ. Нима демоқчиман? Биз адабиётчилар учун ижодкор ва уларнинг лабараториясини дунё адабиётшунослигида мавжуд бўлган статистик, психобиографик, фенемологик методлар асосида текширишларда бундай белги-аломатлар зарур бўлади. Кўплар ўйлаши мумкин: сермаҳсул, улкан хирмон, хўш, мазмуни қандай деб? Шакли итальянлардан тарқалган сонет жанри талабларига мос. Таркиби иккита катрен ва иккита терцетидан иборат. Қофияланишга кўра сонетнинг фарангча турига мансуб. Муҳими, шоир китоби сиртига олиб чиққан “қалби”, кўнгли билан жуда кўп мулоқотлар қилади. Гўзал инсоний фазилатларни улуғлайди. Ёзади:
“Ҳидоят йўлидан оғиштирмагай,
Одамлик – тўғри йўл абадиятга.
Боғлиқ бўлганидай амал ниятга
Яхши инсон ёмон йўлга юрмагай…”.
Яхши инсон, яхшилик, эзгулик, комил бўлиш ва унинг мадҳи ҳамда шу йўлга чорлов Сафар Оллаёр нияти. Абдулла Орипов “Сафаржон! Сен яхши шоирсан. Доим яхши бўл”, деган тилак ёзган экан. Улуғлар тилаги дуодек гап. Унинг амали эса ораста ижод. Сафар Оллаёр ёзганлари “қалб маҳсули”, унинг нияти ҳам улувғор “оламни қалами билан забт этиш”. Бу ҳар кимда бор туйғу. Беш юзта ёзишга олдидан нияти қилингани ҳақида 184-сонетда айтади: “Камина беш юзта сонет битарман”. Сафар Оллаёр янгиликни, янги шаклларни ва анъаналарнинг янгиланишларини хуш кўради. Буни назарда тутиш ва тадқиқ этиш лозим.
Икром Искандар шеърларида сўз ўйинлари кузатилади. Аввалги шеърий китобларида “қўй” – “йўқ” бўлиб, “овсар” – “расво”га дўнди ва “нодон”- “нодон”лигича қолган эди. Бу палиндром ҳодисасидир. Бу йил босилган “Номаълум номалар” китобининг номидаёқ иккита “нома” ўқувчи эътиборини тортади. Китобда “қалб” шеърий санъати қўлланган ўринлар кўп. Товуш, бўғин ва сўзларнинг ўзаро ўзакдош, тазод ёки тажнис сўзлар, товушларнинг уйқаш ва оҳангдош келишини синчковназар одам илғаб олади. Сўзбошида Эшқобил Шукур, сўнгсўзда Дилмурод Дўст улардан ўринли мисоллар келтиради. Тўғриси, шарқ мумтоз поэтикасида “иқлоб” ўлароқ номланган шу бадиий санъатининг инқилоби — “тўнтарилиш”ида маъно товланишлари ва мазмун ўзгаришлари мухлисга завқ беради.
Икром Искандар ҳис-туйғу, тушунчалари ифодаси учун турли усулларни қўллайди, унинг шеърларини бир хил қолипга солиб баҳолаш қийин. Шаклига кўра “мумтоз наволари” ҳам, эркинлик эпкинлари ҳам, қатъий қофияланган ва “беш сўз”ли тажрибалари ҳам бор. Булар шоирнинг шахсий кўнгил кечинмалари; бундан “инсон қалбига йўл топишдек мушкулотлар” кўзланади. Шеър — кўнгилларга йўл излаш машқлари. Шеър — кўнгил йўли ва йўлдаги турфа фасллар тавсифи. Китобидаги шеърлар Икром Искандар “оҳининг оҳанг”ларидир. “Кутаман” таркибидан “тама” кўтарилса ёки “кутилган” ичдан “тилга” чиқса, ҳар икки сўздан “кун” қолади. “Кун” ҳам семантик жиҳатдан кўп маъноли сўздир. Бундай ўринларда беихтиёр арабий имлога асосланган мумтоз адабиётдаги “кўз”нинг “кўр”, “иймон”нинг “ёмон”га дўниш ҳоллари ёдга тушади. Бир ўринда “рўё”нинг “рўёб”ини кузатар экансиз, кейинроқ “шукр” билан “шокир”нинг ўзаро иштиқоқига гувоҳ бўласиз. И.Искандар шу адабий воситаларга маъно беради. “Битибдурлар” (ёзмоқ маъносида) билан “битиб дурлар” (сўз дурларини маржондек тизмоқ), “ай, ёр” (мурожаат) билан “айёр” (“шум, қув” маъносида) каби ёки “Сиз – баҳор кўксида очилган гулсиз… Мен баҳор кўксида очилган гулсиз” сингари мисраларда келган тажнислар яхши топилдиқлардир. “Қаҳратон қаҳридан қароргоҳ қурган”, “изларимда изғир изғирин” ёки “тоқатнинг тоқати тоқ бўлар” каби аллетерацияли мисралардаги товушлар билан бирга бир қанча бўғинлар такроридан жозиба, оҳанг юзага келади. Шундай лафзий санъатлар қўлланган сатрларни кузатганда адабиётшунослик диакретик аломатлар, синиб бутунлашган қаторлар, унли ва ундош товушлар табиати, юпқа-қалинлиги, ранг-туси, сирғалиши ва тирташи, мазмун-моҳияти юзасидан имманент изланишлари йўлига ҳам ўтиши керак, деган фикр пайдо бўлади. Шунда бир товуш ташвиши ва шавқи, бирор товуш фарқи ва юки, бир товуш адами, алами ва олами одамни ўйга толдиради. Шоир – юраги, қалби уйғоқ одам. Оналари алла айтганида ҳам “Уйғоқ бўлсин юрагинг, Алла болам, алла-ё”, деб айтади. И.Искандар ушбу шеър китобига хос бўлган яна бир хусусият лирик қаҳрамон ўз “мен”ини иккинчи шахс воситасида ифода қилади. Кўп вазиятлардан “мен”дан “сен” ёки “сиз”га йўналтирилади. Бундай морфологик хусусият “кипиргинг, қошинг, сочинг, холинг, қалбинг” каби ифодаларда кузатилади. Бири-бирига ўхшаш, ўзаро ўзаклари яқин сўз ва баъзан қарама-қарши маъноли сўзлар негизида иштиқоқмонанд бадиий санъатларни қўллайди.
Носиржон Жўраевнинг “Аксинча” китоби босилди. Инсон умрининг адабиётда қиёслари кўп. Кириш ва чиқиш, яъни икки эшик ораси, меҳмон, узун йўлдаги бир бекат, “ўнгдан чапга боққанча” фурсат. Носиржон топган ташбеҳи эса: “Икки мисра шеърдек қисқа ҳаёт”. Шеърлари ишқ-муҳаббатлари, ҳижрон ва висоллари билан ўзига хослик касб этади.
“Бир қучоқ гул бир тутам хас бўлгунча,
Яъни гул умримиз абас бўлгунча,
Сўнгги боқиш, сўнгги нафас бўлгунча
Васлу ҳижрон ўртасида енгилмам…”.
Менимча, шоир зоти ҳамиша ўзини, ўзлигини муҳокама қилаётган тафтишчидир. Носиржонга шундай ҳиссиёт бегона эмас. Аҳли қалам ўз зиммасидаги миссияни билиб тургани ва унинг усули-йўлини топиб изҳор қилгани ҳам маъқул:
“Яратган елкам узра қўйган юк бор – шоирман.
Кўксимда юрак отли бир куюк бор – шоирман.
Дилимда ҳақиқатдек энг буюк бор – шоирман.
Мен ёлғон давраларга файз бергани келмадим”.
Юраги ҳақиқат деб ураётган, ичкарисида куюги бор одам сўз одамидир. Шоир шахсиятига ҳақгўйлик, тўғрилик файз бағишлайди. Ора- орада шоирнинг ўзи ҳам “Мен бағоят санъаткор Кузман” деганича фаслга эмас, рамз-образга айланади. Бундай шеърларда “мен” куз сиёқига эврилади.
Менга Н.Жўраевнинг сўзга хитоби маъқул келди:
“Эй сўз, ҳаддинг бил, тамом!
Кўнглимга шайтонга хос
Илм бўлиб келмагин”.
Бу тарздан шайтондан паноҳ тилаш муҳим аъмол. Инсонга тоқати кўтарадиган даражада дард келса, сабр қила олади. Н.Жўраев буни англайди ва ғам-андуҳга: “Ҳаққа терс боргувчи Йўлим бўлиб келмагин”, деб муроса йўлини таклиф этади. Қани, у таклифга кўнса…
Ойдиннисонинг “Арафа” китобига шеърлар ва иккита достон киритилибди. Достонларидан бири “Афв”ни аввал ўқиб, бир-икки гап айтган эдим. Шеърларини ўқидим. Шоиранинг севинч-қувончлари, изтироблари, “мен”ини излашлари ва ўзига, ўзлигига саволлари кузатилади. “Ўзимдан ўзимни излаётган — мен”. Одам ўзига назар солса, топади.
“Бир майса ҳаёти мўъжизасини
ҳис этиб, Худони таниётган – мен.
Дунёни титратган кўзёш сасини
тинглаёлмай, қалбсиз танда ётган – мен”.
Бу ҳол кўпчиликда бор. Тан учун руҳ ва қалб муҳим. Қалби тирик одамгина ҳиссиётли, ҳаяжонли бўлади. Тинглайди, қалб кўзи билан оламни кўради, йиғи сасини эшитади. Қалби уйғоқ, руҳи тетик ва бардам одамгина тириклар қошида ҳақиқатни айтиши мумкин. Чунки шоира айтмоқчи: “Ахир ўликларнинг қошида рост сўзлаши мумкин ҳар қандай одам”. Ойдиннисо шеърий мисрларида баланд тоғлар, “боши узра осилиб турган” осмон, оёғи остида, коптокдай “тепилиб ўйналган” замин, офтоб нурлари ва унга ёндош “саҳройи булутлар” ҳамда “муаттар ҳаво” сингари ҳиссиёт рамзлари кезиб юради.
Ёзаётганлар ўзлари нималар ёзаётганини билишади. Дейлик, ҳазрат Алишер Навоий ўзини билгани учун “Ғазал мулкида чун қилдинг хиром, Сўз аҳилга сўз демоқни қилдинг ҳаром”, деган. Абдулла Орипов умр бўйи тарғиботчиларга эҳтиёж сезмади. 80-йилларда: “Танқидчилар мен ҳақимда нима деса десин, аммо мен нима иш билан машғуллигимни ўзим жуда яхши биламан”, дегани ҳамон эсимда. Ҳамма замонларда ижод бу индивидуал ҳодиса ўлароқ бунёд бўлади ва камол топади; йиллар, асрлар суронидан ўтгандан кейин маънавий-ижтимоий, адабий-умуминсоний мазмун касб этади. Инсоният мулкига айланади.
Шеър ёзишни ўргатиб бўлмайди, аммо ёзмасликдан маслаҳат бериш ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди. Ижодкор гоҳида адабиётчилардан мақтов, муносабат, қарсақ кутишади. Ижодининг умрбоқийлиги учун патта тилашади. Бу ҳолни мен баҳорда деҳқоннинг ерига чигит уруғини қадаб, ершуносдан шу ердан гужум ўсиб чиқармикин, деган илтижоли, мўлтираб туришига ўхшатаман. Чигит уруғидан баҳайбат гужум эмас, балки ғўзапоя ўсиб чиқишини пахтакорнинг ўзи жуда яхши билади.
-3-
Бир сифатлаш билан шеърий китобга ҳаққоний таъриф бериш гоҳида қийин. Мавзулари, ёзилган пайт ва кайфиятларига қараб шеърда оҳанг, руҳ, пафос каби унсурлар ўзгариб туради. Бу йил Фароғат Худойқулованинг “Муҳаббатга кўм дилни”, Зилола Хўжаниёзованинг “Соғинч шивирлари”, , Зуҳра Бегимнинг “Самарқанддан эсган саболар” , Муҳиддин Абдусамаднинг “Учаётган киприклар”, Дилсўзнинг “Биллур томчилар”, Хайрулла Холтўранинг “Кўнгил кўзгуси”, Элмурод Ҳотам ва Шоира Шамснинг ғазаллардан такриб топган “Мумтоз наво шавқи”, Дилрўзнинг “Биллур томчилар” ва бошқа шу каби бир қатор китоблари босилди.
Зилола Хўжаниёзова кўп шеърлари, ҳақиқатан ҳам, “соғинч шивирлари”дир. Лекин айтганимдек, унда бағишловлар, юрт соғинчи, хайёмона, яссавиёна кайфиятда ёзилганлари бор.
“Бу дунё бир бозор экан,
Савдоси ғам озор экан.
Кимга кенг, кимга тор экан,
Кел, эй дўст, сенга ташнаман,
Бу кун мен ғамга ошнаман”.
Ғам-ташвиш, андуҳ, “ҳақ йўлига йўлланган дил”даги дардлар, аслида, шеър шундан пайдо бўлади. Ёки қалб фавқулодда бир фараҳли туйғуларга ошно бўлган маҳалида. “Ортиқ ашъор битолмасман, Қолмади ҳеч ёлғон сўзим”. Беозор, иймон-эътиқодга заҳа етказмайдиган йўсинда ёлғон воситасида ҳақиқатни айтиш санъатидир шеърият. “Рост сўзимга ишон деб, сўйладим ёлғонларни”(М.Кенжабек). Нўширавони Одил замонида шоирлар ёлғон ёзишига доир шикоят ривоятини кўпчилик билади. Зилола Хўжаниёзованинг қуйидаги гапи ҳақ: “Қисматга исён – бу гуноҳи кабир. Биламан, тавбадир – энг олий аъмол”. Ижодкор учун жуда жиддий концепция бу.
Фароғат Худойқулова тинимсиз ишлайди. Ташкилотчилик ишлари кўп. Бўш вақти йўқ ва шу кечимда, табиийки, шеър ёзади. Аслида ижодкор ижод учун бўш вақт изламайди. Ижодкорнинг бўш вақт бўлмайди. Бир хил кимсалар бўш вақтни — нафақани кутиб яшайди. Ва шу бўш вақтида асарлар ёзишни режалаштиради. Мен бир ҳикмат тўқиб қўйганман: “Бўш пайти ёзилган асарлар бўш бўлади”, деган. Ижодкор банд одам, турли майда гаплардан баланд одам, энг муҳими ва биринчиси эса ижодкор – банда одам.
“Шеърларимни йиртиб отинг,
Гарчи бугун шаҳдим паст.
Эрта шеърим тоғ кўксига
Ёзгайдирман қасдма-қасд”.
Фароғат учун шаҳду шижоат, тоғдек баланд бўлиш муҳим.
“Товланган, ойбахти ёлғон дунёда
Шеърим – халоскорим,
уйғоқ виждоним”,
деб ёзган мисралари ҳаққоният изҳоридир. Ижод аҳли учун ўзининг бетакрор-оригинал сўзи – бу умрбоқийлик муҳри саналади.
Муҳиддин Абдусамад қисқа ёзади. Қисқалик – мумтоз поэтикада сўздаги мақом, мартаба саналади. Атамаси – ийжоз. “Сенинг тушларингда яшаб кўрсайдим” тўртта сўздан иборат “Орзу” деган шеър. Муҳиддин қофияни унча хуш кўрмайди. Битта шеърида ёзадики: “Шеърларимни ямаб ўтирибман жимжимадор қилиб қофия билан…”. Бундай юмуш билан шуғулланмайди. Шеърга қофиядан ямоқ солмайди. Шунинг учун кўп шеърларида кечинмани ташбеҳлаб қўя қолади. Дарахт қушга, унинг илдизлари қуш панжасига ўхшайди. “Учиб кетмоқчи бўлади дарахт, япроқларин қанот деб ўйлаб, чангалини ботириб ерга”. Кета олмайди ахир. Тўғрими?! Ўйлайди, холос. Бундаги дарахт қушмас, орзуманд одам! Бу ҳодисага параллел метафора мавжуд. Бу шеърда поэтик воситалар қўлланилган эмас. Ўқувчининг ўзи кўчимни англайди. Муҳиддин Абдусамаднинг “Учаётган киприклар”ида кўзнинг суврати бор. Кўзлар ҳақида битиклари бор. Шоирнинг лирик қаҳрамони дунёни маъшуқасининг кўзларидан иборат, деб билади. Муҳиддиннинг мисраларида кўзлар қуёшдек порлаб, чақнаб туради ва шеърни безайди. У бўғин санаб бармоқ букмайди, қофия учун ичдан келган сезимини ортиқча зўриқтирмайди. Ҳолбуки, салгина изланса, вазнни ҳам, қофияни ҳам қойилмақом қилиб жойига қўя олади. “Учаётган киприклар” тўпламига кирган “Қайтиш”, “Таассурот”, “Танҳоликда юз йил” романини ўқиб…” каби техник структураси пишиқ-пухта ишланган шеърлар гапимнинг исботи бўла олади.
Бу йилги шеър китобларини ўқишим асносида жуда кўп адабий-назарий масалалар муҳокамаси зарурий мавзулар сифатида пайдо бўлди. Анча йил кўринмай қолиб, кутилмаганда қайта пайдо бўлиш, қисқа муддатда улкан бир туркум шеърлар ёзиш, шаклий ўйинлар воситасида ўз истеъдоди, йўланишларини кўрсатиш – булар оддий гаплар эмас. Жамшид Ҳақбердининг “Юрагингга кириб бораман” китоби босилди. Шеър шоирнинг таржимаи ҳоли ҳамдир… Она соғинчи ҳақидаги шеърлари таъсирли. Онанинг эгнига “янги кўйлак киймай ўтган” каби мисраларни ўқиганда одамнинг бўғзига нимадир тиқилади ва беихтиёр кўзида ёш қалқийди… Бир ўринда бундай ёзибди:
“Шеър ёзмадим, юрак сокин,
Ё тиндими аламларим.
Нима бўлди, ай жоним-ай,
Аразлади қаламларим”.
Бу ҳам шоир биографиясидан парча. Баъзан шоирларнинг сувратлари, таржимаи ҳоллари билан танишгандан кўра, сўзлари билан танишган маъқул. “Тераклар” шеърида “телбалигу ўрлиги”, юрагининг озодлиги-ҳурлигидан сўзлайди. Шеърга келганда эса ўзига ўзи баҳосини беради ҳам:
“Теракларим, сиз юксаксиз,
Менинг феъли торлигим бор.
Шеър айтишда камтарману,
Шеър ёзишда зўрлигим бор”.
Жамшид Ҳақберди, менимча, ортиқча иддаоларсиз, самимий ва яхши шоир.
Шеъриятнинг шеърсиз қолиши ёмон. Шеър – кайфият ҳосиласи. Баъзан билим меваси. Шеър туйғулар саси. Шеър – ақл-фаҳам ва фаросат дарахти. Шеърда шоирнинг дунёқараши акс этади. Шеърнинг юки оғир, шеър йўли хатарли. Насрулло Эргашнинг “Йўлга чиққан тоғлар” китоби босилди. Насурллони Миллий университетда ўқиган давридан биламан. Тасаввуримча, ўзига хос шоир, табиатида ўжарлик бор. “Мен оддий бир инсон — ўр шоир эдим” – ўз эътирофи бу. Ўз билганидан қайтмайди. Унга шеър ёзишни ўргатмоқчи бўлганлар бекорга овора бўлишади. У бировнинг гапига қулоқ солмайди. Ўз қалибга қулоқ тутади. Чунки у шамолтегирмонига ўхшамайди, балки бу “мен”лик белгисидир. Гоҳи:
“Кел, руҳим, бир лаҳза суҳбатга келгил,
Бир лаҳза ошкору хилватга келгил.
Кўзларим кўзгу қил, боқай бир фурсат,
Сен менга ўзимни ўзимдай кўрсат”,
деб ўзини, руҳини суҳбатга торса, баъзида мусофирлик бобида Заҳириддин Бобур билан дардлашади. Н.Эргаш шеърларида шахсий дард кучли. Шахсий дарди бўлмаган шоир бошқаларни ҳам, ижтимоий дунёни ҳам англаши қийин бўлади. Шоир учун эса нафақат ўзини, ўзлиги, балки ўзгалар дардига шерик бўлиб, улар қалбидан жой олиш муҳим.
Истеъдод ўз савияси, кимдан баланд кимдан пастлигини, ёзгани қанча умр кўришини яхши билиши лозим. Йиғлаб ёзганми, жўшибми, мажбурият остидами, чин қаҳқаҳа борми ё ёзганида? Булар ижодкор учун жуда муҳим руҳий-психологик жумбоқлардир. Ижод аҳли ёзганини ўзи ўқиганида қандай ҳолга тушса, худди шу кайфият мухлисга ўтади.
-4-
Илм-фан ва ижоднинг барча соҳаларида ёшларнинг истеъдодига, тафаккури ва тасаввур кўламига умид қилинади. Умид билан қадалган ниҳол бир куни улкан чинорга айланади. Табиийки, бундай ниҳоллар парвариши учун сув ва ҳаво, ёруғлик ва рағбат зарур. Назаримда, айни зуруратлардан бугунги ёш ижодкорлар етарлича фойдаланишмоқда. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлишлар, даста-даста китобларининг босилиши, албатта, уларга эътиборнинг амалдаги далолати.
Ёшлар ҳаёт ва хаёл йўлларида ижодни унутмаслиги, қаламини қўлидан қўймаслиги лозим бўлади. Одам ҳаётнинг қанчадан-қанча кўчаларига кириб чиқади. Имзанади – олға юради, изланади – қалам суради. Ёшларнинг китобларини қўлимга олиб, шундай фикрлар хаёлимга келади. Дарвоқе, мен уларнинг кўпларининг исмлари, тахаллуслари, баъзиларининг матбуотда босилган шеърлари билан танишман. Айримларидан адабий давраларда шеър эшитганман. Баъзи бирлари талабларим – бир-икки соат сабоқ берганман. Нима бўлганда ҳам адабиёт — гўзал санъат тилида гурунглашадиган одамлар ўтасида бегона йўқ…
Бу йил Жонтемирнинг “Жазба”, Хуршид Абдурашиднинг “Фақат у қолди”, Феруза Хайруллаеванинг “Тутқун”, Мадина Норчаеванинг “Қумару”, Муҳаммад Сиддиқнинг “Дугоҳ”, Рафиқ Ўзтуркнинг “Ичингда баҳор”, Мирзоҳид Музаффарнинг “Маҳв” деган тўпламлари “Академнашр” нашриётида босилди. Булар давраларда шеърлар ўқиб юрган, айримларининг аввал китоблари босилган, турли адабий ўзанлар сабаб кўпчилик танийдиган ёшлардир.
Ёшлар шеъри ҳамиша ва табиий равишда ишқли, муҳаббатли, ҳижронли, изтироблидир. Ёшликка хос, нафақат ёшликка, балки инсон фитратига хос бу улуғ туйғу. Ёшлар “Муҳаббат бу чиройли тузоқ” (Жонтемир), “Нолам – ишққа сўнгсиз қасида” (Хуршид Абдурашид), “Ҳамон ўзгармаган муҳаббат ранги” (Муҳаммад Сиддиқ), деб ёзишлари табиий.
Тасаввуримча, Жонтемир — жазбали, жазавали юрак шоири. Шеърлари таркибида “Мен ўттизга кирмай қаридим, Милён йилки ўлим навқирон” , “Қулга — қамчи, тоғларга – шамол, Менга фақат ҳурлик ярашар”, “Ой – қайралган туннинг ханжари”, “Иймон – қилич, нафсни чоп, Луқмангни ют ҳалоллаб” каби ўзига хос қуйма мисралари бор. “Қайноқларим – маҳсули шеър”, ҳа, унинг қалб қайноқларидан шеър бунёд бўлади. “Жараён” шеърида ёзади:
“Эркалайди шимол нафаси,
Ифор ёғар, райҳонни силкит.
Менинг эса қўзғар ҳавасим
Занжирини ғажиётган ит”.
Ҳурлик — ҳар қандай инсон қалбида яшайди. Жонтемирнинг “Зиёрат” шеъридаги итлар билан суҳбатлари табиий ва мароқли. Унинг яхши шеърлари таркибида келадиган бир қанча мисралар ўқувчини безовта этиши ҳам бор гап.
Хуршид Абдурашиднинг ишқий шеърлари дардли, гоҳида бу муҳаббат туйғусига шартлар ҳам аралашади:
“Фириб бериб кўйдира кўрма,
Фироқ бериб куйдир куйдирсанг.
Енгил-елпи суйдира кўрма,
Ошиқ қилиб суйдир суйдирсанг”.
Гоҳида Хуршиднинг ҳис-туйғуларини ақли ақли измига ўтади. Шеър шабнамдек биллур ва бутун, шеър ғунчадек юмуқ ва сирли. Шеър дарёдек тошқин ва тоғдек сокин. Шеърнинг юзлаб таърифи бор. Хуршид фикрича, “Шеър – иймонни тобловчи поклик” ёки “Шеър – ўзини излаётган Мен…”. Бу тасаввур тўғри ва рост, албатта…
Ёшларда шиддат кучли. Тафаккур ва тасаввур сарҳадлари гоҳида бепоён ҳам. Улар изидан шунчаки юриб етиб бўлмайди, ҳар қандай одам чопиб югирмоғи лозим. Билъакс кунда ўзгараётган дунёнинг рангини, сувратини, манзаралари сезмай қолади.
Ёш шоирлар учун болаликда боболари айтган ўгитлари қадрли:
“Мана шу қирлар
бир кун тоғ бўлар!
Агар одамлар
устига чиққанча тепкилашмаса!”
Феруза Хайруллаеванинг бу гапи менга кўчимлига ўхшаб кўринади. Ўйладим: агар қўллаб қувватанса, рағбатлантирилса, ёзганларига тўғри ташхис қўйиб, холис баҳо берилса, албатта, бугунги ёшлар бир куни адабиётдаги “тоғларга” дўнадилар.
Зеро, ёшлар қалби биллур ва чиннига ўхшайди. Жаранги ҳам тиниқ. Шу жарангдорлик ва тиниқликни ораста сақлаш – чин шоирлар саодати. Баъзан уларнинг шеърларида оққушларнинг ой нуридан ранг олади (Рафиқ Ўзтурк), гоҳида ғуссалар куздан илгарироқ келади (Мадина Норчаева).
Бироқ “Салом, эй оловтан жаҳаннам”, дейиш тўғримас. Жаҳаннамдан панроҳ тиланади, унга саломатлик тиланмайди. Гоҳида Иблис ёки жинлар билан ошно тутинган байтлар учрайди.“Ўзим — ғўраману ёзганларим — хас”, деган маломатларда ҳам баҳо бор, албатта. Балки камтарлик ҳам.
Ёшларнинг шеърларида баъзан исёнли, гуноҳли, ғуссали, дардли, жаҳаннамли, даҳрийлик тилаган ҳоллари учрайди. Қўрқиб кетади одам. Тавба. Беихтиёр хурсанд бўлади. Чунки тавба келади бирор мисрада, умид уйғонади бирор ўринда…
Ҳар йили шеърлар тинимсиз ёзилмоқда. Ўқувчидан ёзғувчилар кўп. Бироқ Матназар Абдулҳаким айтмоқчи “Ҳамма шеър ёзиши шарт эмас”. Ҳамма шеър ёзишга мажбур эмас. Ёзган тақдирда ҳам бетўхтов эълон қилавериш керакмас. Лекин “ўн саккизга кирмаган ким бор”, деганларидек, бу ёшида шеър ёзмаган ким бор? Истеъдодлар одамни қувонтиради. Бу соҳа илмида талант тарбияси, эстетик тарбия; ижодкор психологияси, психобиографиясини ўрганиш ва руҳий-психологик адабиётшунослик деган тушунчалар ҳам бор.
Бу йилда “Биринчи китобим” рукнида “Адабиёт” нашриётида чиққан Алишер Сабрий “Уч нуқта”, Мажнунанинг “Ноябр оҳанглари”, Севинч Авазованинг “Кулгичимда отади тонглар”, Ҳумоюн Фаттоҳнинг “Бошқача одам” ва бошқа ёшларнинг шеър китоблари чиқибди. Шу юқорида санаганларим менгача етиб келди. Ҳар қандай шоирда гоҳида шукроналикдан кўра нолиш, нолон оҳанглар бўлади. “Имконни қўлдан бериб “Нолишга уста бўлдик” (Алишер Сабрий). Ўз ҳолига теран назар солганлар шундай деб ёзишида ҳақиқат йўқ эмас.
Агар бу замон ёшлари Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Абдували Қутбиддин, Асқар Маҳкамга ҳавас қилаётган экан, уларнинг ёзганларида муайян поэтик қоидалар, ўзига хос адабий-эстетик тамойиллар бор эди. Қанчалик мураккаб бўлмасин, А.Қутбиддинда руҳан покланиш кучли. Ш.Раҳмоннинг сўзи зулфиқор қилич. Бу қилич ҳали ҳамон ялтиллаб, ҳали шу кунга қадар қаллоблар боши узра ўйнаб турибди. Р.Парфи эса, ўзининг поэтик қиёфасини метафорик образлар ортига яшириш орқали намоён қилди.
Рус адиби Лев Толстой ўзининг ёш бир замондошига масалаҳат бериб: “Сен бирор китоб ёзишни ўйладинг. Унинг ҳамма сюжет қирралари тайёр. Компизицияси, ички манераси, пафоси ва ҳ.к. Агар шу асарни ёзмасликнинг иложи бўлса ёзмагин-да, балам”, дейди. Яна бир олим айтадики:“шеър имконсиз, иложсиз қолинганда ёзилади”. Дейлик, “Ёш Вертер”га ўхшаб.
Нима демоқчиман? Бугунги шоирларнинг ёзганларининг маъқул жиҳатлари кўп. Турли поэтик санъатлар қўлланган. Шаклий изланишлари ҳам ёмон эмас. Вазну туроқлари маъқул. Вазинсиз – оппоқ, оқ қилинган оқ шеърлар, верлибермонандлар, мансурамонандлар, парпадоксал, оксиморон, нонсенс вазиятлар – булар ҳам кузатилади. Тақлид ҳам бор ва ёзиш лозим бўлмаган мисралар ҳам кўринади.
Шоир – бу ҳамиша нимасидир нотўкис одам. Кўнгли ярим, дили ўксиган, руҳига симбирғи берилган, муҳаббати армонли, ишқи ҳижронли, тирикчилиги ҳаминқадар, эҳтимол, эрки кишанланган, беватан, орзулари ушалмаган – кўнглида бир кемтиги бор одамдир. Маҳмуд Тоир “Шоирнинг орзуси” деган ҳазил шеърида “Бойваччадан шоир чиқмайди”, деб жиддий гапни ёзади. Бой-бадавлат, тўкис, ҳеч нарсага мухтож бўлмаган одам, агар у кўнгил одами бўлмаса, у бошқача одам, у ижоддан, сўз завқидан олисдаги одамдир.
Туганчи: Биз моддий неъматлар истеъмол қиламиз. Моддий озуқанинг яхши ёмони, тоза-нотозаси, ҳар хил нави, ҳалол-ҳароми бор. Чегара қўйилиб бўлинган. Биз учун маънавий озуқа ҳам муҳим. Маънавий озуқалар инсоннинг руҳиятини тарбиялаши, завқини, қалбини поклаши лозим. Маънавий озуқа ўлароқ тақдим этилган асарлар ўқувчи руҳиятини булғамасин. Худди моддий озуқа каби бу маънавий озуқанинг ҳам покизаси ва акси бўлиши табиий. Назаримда, бадиий адабиётда биз мухтож бўладиган маънавий озуқа – булар гўзали, кўркам, латиф, назиф ва назиҳ бўлмоғи лозим. Бунга бирор ёқимсиз нарса аралашса, одамнинг кайфияти бузилади. Завқ ўрнини асабийлик эгаллайди. Адабиёт покликни суяди.
Алишер Навоий “Маҳбул қулуб”да ишқ мавзусидан баҳс юритиб, уни учга тақсимлайди. Энг юксаги, кейин хослар ишқи ва сўнгра авом ишқи. Авом — оддий одамлар ишқининг энг баланд чўққиси “шаърий никоҳ билан туганчига етади”. Бу оддий одамлар ишқининг қуйи босқичалари бор, уларни қалам ёзишга андиша қилади. Навоий қалами ёзишга андиша қилган нарсаларни дунё қалам аҳли шеър ёки роман шаклида ёзиб шуҳрат қозонди. Кидан ибратланиш маъқул?
Замонамиз шоирларида машрабона, далиёна, сўфиёна кайфиятлар сезилади. Ўтмишдаги улуғ сўфийлар — аҳли тариқат. Йўли, мақсади — маърифатдан ҳақиқат томон. Аммо “Шариатсиз тариқатга кириб бўлмас”, дейди ҳикматгўй шоир. Яна таъкидлайдики: “Сўфинақш бўдинг валек ҳаргиз мусулмон бўлмадинг”. Мусулмонлик сўфиликдан аввал келади.
Муҳтарам қўлига қалам тутган барча азиз шоирлар, ҳамиша Аллоҳ, Унинг Арши, жаннати, малаклари, дўзахи ҳамда унинг олови – булар ифодасида ҳис-туйғуларни жиддий жиловлаб, иймон тарозисига солиб баён этиш фойдалидир. Ноўрин таъбир учун савол-жавоб бор. Шоир бўлиб танилиш – қийин иш эмас. Аммо пушаймонлик келтирадиган қаламдан беихтиёр қочган сўзнинг жавобгарлиги жуда оғир юк. Инсониятнинг юксак маънавий қиёфасини ҳамма замонларда поклик ва иймон белгилайди.
Ижодкорнинг кўркам сўзи покиза, гўзал, ҳаёли ва хаёлий-фантастик, ибратли ва аҳлоқ доирасида бўлмоғи лозим. “Сиз осмонни олмоқ бўлсангиз, Мен нега елкамни тутиб бермайин”, дейди Ғафур Ғулом. Яна айтади: “Шуҳрат қолдирмоққа Геростратдек, Диана маъбадин ёқмоқ шарт эмас”. Бугунги айрим ёш шоирларда шижоат, уйғониш, улуғ ният, уларнинг ўзгача бир тўлқини борлигидан қувониш лозим. Ҳамма замонларда истеъдодлар ўзилигини, янги сўзини, индивидуал “мен”ини, замона талатўплари гирдоби-ичидан баландликка олиб чиқиши осон бўлган эмас.
Ижод оламида фақат шеър эмас, гоҳида оддий мақола-маърузалар ҳам матафорик бўлиши мумкин. Менга саноқ ёқмайди. Исмлар саноқ рўйхатига кириб қолган ижодкор саодатли гўё. Ҳолбуки битта қоида бор немис эстетикасида “Kunstgeschichte ohne Namen”, “История искуства без имён”, “Санъат тарихи исмларсиз бўлсин”. Муҳтарам шоирларга асарлари, қаҳрамонлари, оригинал образлари ҳамиша исмларидан олдинда, тепада, юқорида бўлишини тилайман. Барча шоирларга айтиладиган бир гап, тўғриси, китобларда заифлари, танқидга муносиблари, ёзмаса ҳам бўлаверадиганлари йўқ эмас. Туғилибоқ касалликка чалинганлари бор. Ўликни минг тўқмоқлаган билан тирилиб қолмайди. Айрим шеърий китобларда шеърий тафаккур, образлилик, кульминация – авж, улуғвор пафос етишмайди; маълум оддий гап ва хабарларга ўхшайди.
Муҳтарам қалам аҳли! Биз ҳаммамиз битта давр кемасидаги йўловчилармиз. Бу уммонидаги кеманинг номи — сўз. Сафар бехатар бўлмоғи лозим. Агар ичкарида кемирувчи каламушлар бўлса, кечирасиз, сўз кемаси талофат кўради, балки чўкади. Сўз сафари, сўз йўлчилигидаги йўллар бехатар бўлсин. Тилагимиз эзгу: бизнинг шоирлар орқали гўзал, тоза ўзбекона сўз, миллий адабиёти, кўркам шеърият дунёга чиқсин, шуҳрат топсин, довруқ қозонсин.
Муҳими ҳам шу.
Баҳодир Карим, адабиётшунос
(2023 йил январь-февраль)