Сарёғда ёнган жигарлар

1
516

Ҳикоя  

Тушимда уйғонсам аёл эмишман. Сочларим ҳам, кўкракларим ҳам,  кийимларим ҳам аёлники. Белимга ошхона фартуги боғланган.

Тўшакдан тура олмай ётибман. Англашимча, кимдир менинг танам  билан жинсий алоқа қилаяпти. Эркак киши. Уйқум тўлиқ очилмаганлиги туфайли  жараённи тўлиқ идрок қила олмаяпман. Шифтга қарадим. Таниш жой. Ҳар  ҳолда ўзимнинг ётоқхонам бўлиши керак. Кейин, кўйлагимга қарадим:  одмигина. Қаердан олдим экан? Балки кимдир эскирган кийимларини  тарқатганда олгандирман. Кейин, кўзим белимга боғланган холда  ухлашга ётган ошхона фартугига тушди. Буни аниқ ўзим тикканман. Қўл артилавериб ёғ бўлиб кетган, чети бурмачали фартук эди.

Эслагандай бўлаяпман, кимнингдир кўйлагидан ортган матодан тикиб  олган эдим. Тирноқларимга қарадим. Қачонлардир қўйилган тирноқ бўёқларининг қолдиқлари бор. Кўрсатгич бармоқларимнинг тирноқлари деярли яримигача емирилиб кетган. Тўзғиб, паришон бўлиб турган сочларим  пешонамга тушиб турибди. Шунда, юзларимга ҳалиги одамнинг сўлаги томиб кетди. Бехосдан бўлди менимча, чунки, у юзимга томган сўлаги томчисини бош бармоғи билан артиб олди ва бир кескин ҳаракат билан юзимни ён тарафга буриб қўйди. Шундагина бир оз ўзимга келиб содир бўлаётганлар ҳақида ўйлай бошладим. Балки, фохишадирман. Балки бу жой фохишахонадир? Йўқ, агар фохиша бўлганимда яхшироқ кийинган бўлар эдим. Уй эса ўзим яшайдиган хонадон. Ошхонада тақадиган фартугимгача борку ахир. Балки, у мени зўрлаётгандир?

Шуниси ғалатики, англашга туртки бўладиган ҳиссиётлардан бирортасини сезмаяпман. Ҳеч нарса , на қўрқув, на оғриқ, на роҳат. Фақат, ғайришуурий тарзда сезаман-ки, туриб кета олмайман. Балки, оёқларим қўлларим фалаждир? Фалаж аёл бўлсам-а? Унда бир оз олдинги гапимга қўшимча киритаман. Кимдир менинг фалаж танам билан жинсий алоқа қилаяпти. Янада аниқроғи, кимдир менинг фалаж танамни зўрлаяпти. Фақат, бўйнимдан тепаси ишлайди холос. Ахир, уйқу аралаш бўлсада воқеаларни  идрок қила бошладим-ку. Лекин, бошим ҳамон оғир, кир, ёғ босган бошдай. Тўзғиб юзимга тушган сочларим ўзимга кўриниб турибди. Тим қора сочлар. Мафтункор сочлар. Агар, тоза бўлганида янада чиройлироқ бўлар эдилар. Секин танимга яна бир бор кўз югуртираман. Териларим оппоқ, кўкракларим бўлиқ, белларим нозик, ёш аёлман. Сочларим тим  қоралигига қараганда кўзларим ҳам қоп-қора бўлса керак. Эҳ! қанақа жанонмана? Ўз-ўзимда шаҳват уйғотиб юбораяпман. Фақат, эгнимдаги одми кўйлак, кир фартук ва устимдаги номаълум одам умуман ярашмаяпти. Устимдаги одам. Уни бутунлай унутиб қўйибман.

Аёлларни зўрлаш билан боғлиқ жиноятларнинг охири нима билан тугаши маълум. Энди секин мени қўрқув босиб, муздай қумурсқаларга айланиб бутун танам бўйлаб юра бошлади. Қулоқларимга хонанинг у бурчагидан бошқа бир одамнинг овози эшитилади. «Тезроқ тугат. Навбатини кутиб турганлар бор.» Таниш овоз.

Шунда, бундан кейин яна одам борлигини тушундим. Бир оз енгил тортдим. Энг камида хозиргисининг иши битгандан кейин мени бўғиб ўлдирмоқчи ёки ичак- чавоқларга ажратиб, пуллаб юбормоқчи ёки ўласи қилиб калтаклаб, тилларимни кесиб олмоқчи эмас. Кейингисига қолдирмоқчи. Ундан кейин бир гап бўлар. Баъзан, яқин келажакда сен билан нима содир бўлишини билиш кўнгилни хотиржам қилади.

У мени қанчондан бери зўрлаяпти? Ҳали уйқуда эканлигимда нималар бўлди экан? Бу туш яна қанча вақт давом этади? Нима сабаб бўлдики мен бу ахволга тушиб қолдим? Ахир эндигина уйғондим, буларни қаердан ҳам билишим мумкин.

Ёғ жазиллади. Кимдир ошхонада овқат пишираяпти. Бутун хонани сарёғга ташланган жигарларнинг ҳиди тутиб кетди. Бу дунёда шундан ҳам ёқимлироқ ҳид бормикан? Бу менга қорнимнинг нақадар очлигини эслатди. Шу даражадаки, танам ҳар силтанганида ошқозонимнинг бир бирига ёпишиб турган деворларини янада яхшироқ сезаман. Тайёр бўлгач жигардан бир бурда беришмасмикан. Йўқ, овқатдан олдин бир қултум сув ичишим керак. Ташнаман. Балки фалаж эмас, шунчаки силласи қуриган аёлдирман? Ҳозир муҳими фалаж ёки, фалаж эмаслигим эмас (бир қултум сув ва бир бурда жигар). Улардан сув сўрасаммикан? Йўқ оғзимдан ёмон ҳид келаётган бўлса-чи?

Ошхонада ҳам кимдир бор. Энди, шуниси аниқки, улар мени навбатма навбат зўрлашаяпти. Ҳозир бақираман. Йўқ. Кейин, бир умр кўчаларда “оғзидан ёмон ҳид келадиган аёл” — деб бармоқлари билан кўрсатиб устимдан кулишадими?

Лекин, нимадир қилмасам бўлмайди. Бақирсам-чи. Ёрдам сўраб чақираман. Ёки, уларнинг ўзларига дағдаға қилсаммикан? Балки, ишлари  битгач чиқиб кетишар. Лекин, барибир оғриқ ҳис қилмаяпман-ку. Хорликчи, уни ҳис этмаяпманми? У ҳақда ҳали ўйлаб кўрмадим.

Бўлди етар, ҳозир унинг кўзига тикка қараб “йўқол, мени тинч қўй” дейман. Кўчаларда бармоқлари билан кўрсатиб гапиришса гапиришар. Ахир мен бу одамни танийман. Танийман мен буни. Бу Мен-ку.

Ухлашдан олдинги Мен. Фақат жудаям яхши кийиниб олганман. Негадир мен уни ифлос кийинган ёввойи эканлигини тахмин қилган эдим. Йўқ бу менинг айнан ўзим. Ҳатто одатдагидан анча кўркамроқман. Сочларим чиройли таралган. Бироз тўлишиб ҳам қолибман. Тишларим оппоқ. Жилмайиб турибман.

Ғалати-ку, агар, иккаласи ҳам ўзим бўлсам, унда бақиришимдан нима фойда. “Ҳали бери тугатмайсанми? Яна қанча кутаман?” яна ўша овоз эшитилди. Ахир бу менинг овозим. Энди аминманки навбатини кутиб турган ҳам ўзимман. Ўз овозимни энди танидим. Ошхонада овқат пишираётган ҳам мен. Ахир, мен бу дунёда ҳамма нарсадан ҳам сарёғда қовурилган жигарларни яхши кўраманку. Ҳамма ўзим. Ҳаммаси мен. Унда бақиришдан нима фойда? Ким ҳам ёрдамга келар эди? Кимдир келган тақдирда ҳам кейинчалик. “Ўз-ўзини шундай қилиб четдан ёрдам сўрайдиган экан бу” — деб бутун умр устимдан кулмайдими? Уят эмасми?

Лекин, бошқа томондан чиройли ўзимга термулиш ҳам унчалик ёмон эмас, ўз-ўзимнинг чиройимдан завқлана бошладим. Майли ётавераман. Барибир тушимку. Тезда ўтиб кетади. Кимдир келиб уйғотмагунча ўз-ўзимнинг чиройимдан завқланиб тураман.

 

Оллохёр Зафар ўғли

1 izoh

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting