КУМИРИМИЗ БЕВАҚТ ЎЛСА ЁХУД ЭҲТИМОЛЛАР НАЗАРИЯСИ

0
168

эссе

1791 йилнинг 5-декабрь куни  Венада оғир хасталик туфайли  Вольфганг Амадей Моцарт оламдан ўтгач, унинг ижоди ихлосмандлари бўлган кишиларнинг аксарияти бу ўлимда бошқа бир санъаткор- итальян бастакори  Сальерини айблашади. Австрия Императори хонадонининг хос бастакори бўлган маэстродаги ичиқоралик ва кўролмаслик ҳисси Моцартни жувонмарг қилганини, унинг бевақт ўлимини юзага келтирганини улар бир бўлиб, баралла таъкидлашади.

Бу айблов эгаларининг ҳар бири Моцартга чексиз меҳр қўйган, уни телбаларча севган ва ўз кумири деб билган, нафақат гўзал ва оҳанграбодек ўзига тортадиган симфонияларидан ҳайратланган, балки уларнинг ҳар бирини партитурасигача ёддан билган, “Севильялик сартарош” операсининг оламшумул аншлагига бир неча бор ўз кўзи билан гувоҳ бўлган ва ҳар гал саҳналаштирилганида четда қолмаслик учун опера театрига учиб борган, фоний дунё ташвишларини унутганча асарнинг ичида гўё нафас олмай бошидан охиригача  яшаган, “Дон Жуан”ни томоша қилгач, бастакор маҳоратига лол қолиб, эс-ҳушидан айрилаёзган, хуллас Моцарт мусиқасининг ашаддий ва муттаасиблик руҳидаги ихлосмандлари эди.

Айнан ўша кундан бошлаб кўҳна ва файзли Вена шаҳри оёққа қалқийди. Турли дунёқараш, турмуш тарзи ҳамда касб эгаси бўлган ихлосмандларнинг пала-партиш гап-сўзлари, сочни тикка қилиш хусусиятига эга бўлган памфлетлари ва аламга йўғрилган дод-фарёдларидан шаҳарнинг қулоғи том битади. Уларнинг тасаввурида ўртамиёна истеъдод эгаси бўлмиш( аслида у ҳам катта бастакор эди) Сальери охир-оқибат ўзидан бир неча карра истеъдодлироқ бўлган Моцартнинг юлдузини сўндирганини, иродасини синдириб, қаддини букиб, ниҳоят йиқитганини, ўрталаридаги ноҳалол рақобат унга кўпроқ наф келтирганини бу шўрликлар овоза қилишга тушиб кетишади. Кўзларида ёш билан ёки оғир “уҳ” тортиб, “агарда бу кутилмаган ўлим юз бермаганида, Моцарт келгусида яна бир-биридан ажойиб симфония ва опералар яратишга қурби етган бўларди”, “Оврўпони яна ақлдан оздирган, илоҳий мусиқаси билан буёғига олисдаги Чин девори ҳудудида ёки Маялар юртида инсон ҳис-туйғуларини чертишга қодир бўлган Оврўпо мумтоз мусиқаси ютуқларидан бехабар  яшаётган гўл ажнабийларни ҳам мафтун қилишнинг уддасидан чиқарди”, деган тахмин ва фаразларни ўртага ташлашади.

Моцартнинг тупроғи совумай туриб, қуюқ мотам либосига ўранган Венанинг ғийбат аримайдиган емакхоналари, сершовқин бозорлари, зерикарли жамоат жойлари, ўзига бино қўйган аслзодаларининг салонларида Вольфи номига ҳамдардликка тўла пафосли ва баландпарвоз сўнгсўзлар аталади, Тангрининг ҳузурига йўл олган руҳига азадор қиёфа ва паст овозда истиғворлар айтилади, қанчадан қанча шойи дастрўмоллар изтиробни кўз-кўз қилиш учун риёкорлар қўлида бирма бир намланади, уйларнинг кўча томонга қаратилган деразаларига расм-русумга кўра қора пардалар тутилади. Сальерига эса аксинча, улар томонидан худди ҳар Ҳаж мавсумида Маккайи Мукаррамада мусулмонлар томонидан шайтони лаъинга тошлар отилгани каби хаёлан тошлар отилади, йиллар давомида мисқоллаб йиққан шаънига бўлмағур нисбатлар берилади, уни ҳасадгўй ва майда одам деб аташ урфга айланади, суюкли бастакорларини фақатгина у ҳаётдан безитиб ўлдирганлиги хусусидаги ғайритабиий версия бутун шаҳар аҳлининг онгига сингдирилиши учун жонбозликлар кўрсатилади.

Орадан  қирқ олти йил ўтиб, 1837 йилнинг 28-январида  Петербургда Моцартнинг ана шу ўлими мавзусига бағишланган “Моцарт ва Сальери“ драмасини ёзган рус шоири Александр Сергеевич Пушкин  Жорж Дантес деган турқи совуқ нусха томонидан дуэлда қаттиқ яраланади. Ўша куни ҳаво тунд, рус ўлкасида мудом қаттиқ ўтадиган қишнинг изғиринли кунларидан бири эди. Оёқ ости қилинган номуси ҳамда енгилтак хотини сабабли нафсониятига теккан ҳақорат учун қўлига револьвер олган шоир ўзининг ҳаёти давомидаги йигирма биринчи дуэлида мағлуб бўлади ва орадан икки кун ўтиб, ўттиз саккиз ёшида ҳаёт билан видолашади.

Бу воқеа кейин бутун Петербургнинг шоирга нисбатан оммавий хайрихоҳлиги ва ҳамдардлигига замин ҳозирлайди. Шу билан биргаликда олатасир замон ва асрий зулмга қарши омманинг нафратини кучайтиради. Пушкин ижодига меҳр қўйганлар иш юзасидан Россияда бўлиб турган дипломат- Дантеснинг ўгай отаси барон де Геккернни бир лаънати ҳаромзодани ўзига ўғил қилиб олгани учун қоралашади. Акаси Константин ўрнига тахтга ўтирган подшоҳ Николай номига “мана ниятингга етдинг, золим, шоирнинг ҳур овозини ўчириш учун уни аввал Кавказга сургун қилгандинг, энди бўлса одам ёллаб ўлдирдинг” деган мазмундаги аноним мактублар юборишади ёки бу гапларни кўча-кўйларда овозларини пастлатмай ўзаро валақлаб-вайсаб юришади.  Кекса шоирлар Жуковский ва князь Вяземский бошчилигидаги Пушкиннинг дўстларини уни душманларидан муҳофаза қила олмаганликда айблашади. Бир неча йил аввал ҳукумат томонидани қонли бостирилган аслзодалар исёни қатнашчилари- Декабрчиларнинг қолган-қутганларини шоир бир пайтлар уларга елкадош бўлгани каби унга мушкул дамда елкадош бўлмаганликлари учун кечирмасликларини билдиришади. “Шоирнинг ўлими” деб номланган шеър ёзиб, Пушкиннинг овозини ўчиргани учун бутун давр ва жамиятни қалами орқали жавобгарликка тортган навқирон Лермонтовдаги жасоратни олқишлашади.

Қоралаш, тош отиш ва айблашлар интиҳосига етиб, орадан маълум бир фурсат ўтгач, унинг ихлосмандлари энди шўрпешона кумирлари агар дуэлда отиб ўлдирилмаганида “Евгений Онегин” шеърий романининг давомини ёзиши( унинг давомида Татьяна эрига хиёнат қилиши кўзда тутилганди), савияси жиҳатидан “Борис Годунов”дан  қолишмайдиган тарихий драмалар битиши, “Капитан қизи” ёки “Пиковая дама” даражасидаги насрий асарларга қўл уриши ва энг асосийси, “Дубровский” номли қиссасини якунлаши мумкинлигини айтиб, айюҳаннос солишади.

1904 йилнинг 15-июлида Германиянинг Баденвайлер шаҳрида ўз даврининг энг яхши ҳикоянависи ва драматургларидан бири, Пушкин номидаги давлат мукофоти лауреати Антон Павлович Чехов қирқ тўрт ёшида сил касалидан вафот этади. Бундан хабар топган ва Чеховнинг жасади солинган тобутни кутиб олиш учун Москвадаги Николаевский вокзалига тўпланган унинг ихлосмандлари мазкур жудоликка чидолмай уввос тортишади. Хўрсинишиб, юз-кўзларига қайғули тус беришиб, адибни сўнгги йўлга кузатиш учун тобут кетидан пойтахт четидаги Новодевичево қабристони сари йўл олишади. Унинг тобути тупроққа қўйилаётганида, қабр атрофига йиғилган театр актёрлари, журналистлар, ноширлар, Чеховнинг яқинлари юксак истеъдодни йўқотганликларини теран англаб турган пайтда, ихлосмандлари ўз тафаккурларида “агар ёзувчини лаънати сил ораларидан олиб кетмаганида, у куни келиб худди Граф Толстой каби дурдона романлар яратарди”, деган фикрнинг туғилишини ғусса билан кутиб олишади ва кейинчалик улар томонидан бу фикр шиширилиб, семиртирилади.

Моцартнинг ҳам, Пушкиннинг ҳам, Чеховнинг ҳам ихлосмандлари ўз кумирларини ўтмишда шунчалик кўр-кўрона севишганки( ҳозир ҳам шундай), уларнинг юқоридаги мулоҳазаларидаги ишонч билан билдирилган тахминлар одамни ҳайрон қолдиради ва туриб-туриб уларни эҳтимоллар назарияси борасида гўё ҳеч бир математикдан қолишмайдиган тарзда мушоҳада юритганликларига ишонишга ундайди.

Ваҳоланки, Моцартни Сальери эмас, носоғлом турмуш тарзи заҳарлаган. Аниқроғи, уни атрофга тун чўкиши билан кун ора шубҳали , гадой топмас, пана-пастқам ерларда енгилтак ва саёқ кишилар билан оёқда туролмайдиган даражада сархуш ичимликлар ичгани-ю учинчи нав суюқоёқ аёлларлар бағрида тонг оттиргани эрта кундан гўрга тиққан. У ҳатто Залцбургдан Венага ташвишланиб, сатанг ўғлининг ҳолидан хабар олгани  келган кекса, ҳокисор отаси жаноб Леопольднинг куйиниб айтган гаплари ва панд-насиҳатларини  беэътибор қолдирганини уларга бир маълумот сифатида айтиб кўрсангиз ва бунга ишонч ҳосил қилишлари учун лоақал Милош Форманнинг “Амадеус” кинофильмини томоша қилишни тавсия қилсангиз ҳам бу иддаонгиз уларга чивин чаққанчалик таъсир қилмайди. Улар кўзингизга бақрайиб тикилганча айни қизғин палласида узилиб қолган бастакорнинг баракали ижоди ва келгусида яратилиши муқаррар бўлган (эътибор беринг: тахмин ёки фараз эмас) опера ва симфониялари учун қайғуришда давом этаверишади.

Пушкиннинг ихлосмандлари ҳам тасаввурларида шоирга гард юқтирадиган исталган аргументни киприк қоқмай рад қилишиб, икки оёқларини бир этикка тиқиб тураверишади. Масалан, уни ашаддий дуэлянт ва хотинбоз бўлгани бир зумда ёдларидан кўтарилади. Қонида саҳройи хабашлар қони оққан шоир Петербургда машҳур бўлган Воронцов ёки Голицын каби таниқли шариф-у шажараларга мансуб бўлган оқсуяк ва ишратпараст аёллар билан бетиним ишқий муносабат ўрнатиб, жинсий алоқа пайти кўпинча “олтмиш тўққиз”, “от устида чавандоз”, “минет”, “кунилингус” каби ҳирсни юқори нотада қондирадиган усулларга муккасидан кетганди. У бу муносабатлар туфайли  уларнинг даъюс эрларини ўзига қарши қилиб, улар талаб қилган ва чорлаган дуэлларда бир мўъжиза сабаб омон қолгани ёки пухта ўйланмаган аслзодалар исёни асосчилари бўлмиш Декабрчиларни қўллаб-қувватлаши натижасида ҳукуматнинг жиғига тегиб, сургун билан бир ўлимдан қутулиб қолгани ҳам бор гап. Охир-оқибат бу хатолари унинг бошини еганини юқоридагиларга юрак ютиб айта олсангиз, улар учун сиздан ёмони бўлмайди. Улар сизни бефарқлик билан сийлаб, тамомланмаган “Дубровский” қиссаси учун подшоҳ Николайнинг, “Евгений Онегин”нинг давоми ёзилмай қолиб кетгани учун эса Дантеснинг гўрига қайта ва қайта ғишт қалайверишади.

Чеховнинг ихлосмандларига ҳам унда ҳеч қачон романист салоҳияти бўлмаганини, қазо қилгунча ёзган ҳикояларида фақатгина маҳоратли ва бетакрор ҳикоянавис бўй кўрсатганини, кундаликлари ва мактубларида келгусида роман ёзишига ақалли бирор бир ишора бўлмаганини уқтириш даргумон. Улар бунга очиқчасига ишонишмайди ва “Чехов ҳеч бўлмаганда олтмиш йил яшаганида Толстой романлари билан рақобатлашадиган романлар ёзган бўларди”, деган хаёлдан бир умр қутула олмай сочларини оқартиришади.

Моцарт, Пушкин ва Чехов ҳақиқий даҳолар. Ер юзи бўйлаб уларнинг минглаб, балки миллионлаб ихлосмандларини учратиш мумкин. Ихлосмандлик эса афсуски, басирлик билан ўзаро синоним ва айнан шу сунъий басирлик юқоридаги бевақт ўлим топган санъаткорларни ардоқлаган ҳамда ўзига кумир деб билган сон-саноқсиз одамларни (балки кучли муҳаббат ёки чуқур қайғу сабабдир)то қиёматгача худди математиклардек эҳтимоллар назарияси билан фаол шуғулланишга мажбур қилади.

Шерзод Ортиқов

 

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting