ҳикоя
Биз коптокда яшаймиз. Улар эса кун бўйи футбол ўйнашади. Фақатгина тунда тинч қўйишади бизни. Неча бора тешилди у, лекин кўнгилларимиздаги ёнишга улгурмаган умид гулханларини улар дарров ямаб ўчиришади. Гоҳ-гоҳида тўпни дамлаб ҳам туришади. Шунда озгина хурсанд бўламиз, бўларкан-ку ахир дея бир-биримизни қучишга тушамиз.
* * *
Бир куни футбол авжига чиққан паллада қўшним устимга қусиб юборди. Ўл, дедим, бечора, уч кундан кейин ўлиб қолди.
* * *
Биз коптокда яшаймиз. Бир хилги калтафаҳмлар бунга ишонишмайди. Биз коптокда эмас, унинг қизил машинасидаги балонда яшаймиз дейишади. У ҳайдовчи дейишади. Биз уларга қарши чиқамиз: “Ахир катталар кўришган буни. Эшитмаганмисиз, бундан анча йил аввал, тўп каттароқ тешилиб қолганда, улар яшил майдонни ва оёқларни кўришган”. Улар: “Бе, бўлмаган гап. Уларнинг мияси айниб қолган, тўп бунчалик тез айланмайди, футбол эса асосан тунда ўйналади” деб жавоб қайтаришади. Биз ҳам ўз вақтида бўш келмаймиз уларга: “Нега тушунмайсиз, улар кундузи ўйнашади, кечқурун ухлашади, кейин балоннинг тузилиши бошқача бўлади у дум-думалоқ бўлмайди. Ўртасида катта тешикда темир бўлади ва…” Улар гапимизни бўлишади, қаердан биласиз дейишади, бир нарслалар деб бидиришади. Хуллас, суҳбатимиз асосан шу ҳақида бўлади. Бир ўйлаб кўринг, агар балонда яшаган бўлганимизда биз бошқача думалаган бўлардик. Лекин барибир миямга шубҳа ўралайди. Баъзан гапларида жон борга ўхшайди.
* * *
Кеча қўшним ўзига ўт қўйиб юборди. Мана ҳозир унинг кули кўзимга, оғзимга кириб кетди. Хотинини болаларига кўринмайдиган жойга, бизникига боғлаб қўйдик. У жинни ҳаммага ўт қўймоқчи бўлди.
* * *
Бир куни кечаси денг узоққа, ҳеч ким яшамайдиган жойга бориб олдим. Хаёлларга берилиб кетдим. Қачондир тўп чириб кетади, шунда бутун дунёни кўрамиз деб ўйладим. Аммо шу пайт бир ёмон ўй миямга ҳар тарафдан пичоқларини тиқиб олди. Хўш, тўп чирийди дейлик, дунёни кўрдик дейлик, кейинчи, кейин? Нима бўлади бизга? Кимдир бизни кўрмасдан босиб олади ва ҳаммамиз ўлиб кетамиз.
Дарахтга тикилиб қолдим, бир он ўтгач уйдан бориб арқон билан столни олиб келдим. Ўйга чўмдим. Яна умидим тирилди, яна умидим ўлди. Сўнг дарахтнинг шохига арқонни боғлаб сиртмоқни тайёрладим. Энди бошимни тиқаман деб турганимда копток яна юмалай бошлади ва мен йиқиллиб тушдим. Тонг ёришибди, сўкинганча уйимга қайтдим.
* * *
Ким нима деса десин, биз коптокда яшаймиз, балким улар футбол эмас бошқа нарса ўйнашар, лекин нима бўлса ҳам балонда эмас коптокда яшаймиз. Улар борлигимизни балки билишар, балки билишмас.
* * *
Нима деяётгандим? Узр, бошим айланиб кетди. Шу кунларда кирди-чиқди бўлиб қолибман. Тунов куни тўйга айтиб кетишганди. Дўстларимдан бирининг тўйи эди. Шуям эсимдан чиқибди. Ҳа айтганча, биздаги тўйлар қандайдир файзсиз ўтади.
Келин билан куёв зўрға ўтиришади. Одамлар уялганидан келади. Қўшиқчи ўлганининг кунидан қўшиқ айтади. “Сенсан Муҳаббатим”, “Бахтлиман” деб куйлайди-ю ўзи йиғлаб юборай дейди. Бизда тўйлар кечаси бўлади. Ухлолганимиз уч соат ухлаймиз холос. Биз тарафларда хўроз-да қичқирмайди.
* * *
Орамизда ҳануз коптокдагилигимизни синов деб ўйлайдиганлар, иккинчи ҳаётда чексизликда яшаймиз деб ўйлайдиганлар бор. Аммо уларнинг сони кундан кунга камайиб бормоқда.
* * *
Э, падарингга лаънат! Кимдир ҳожатхонасининг эшигини ёпмабди. Яхшиям ҳозир қиш эмас, шом ўтсин, жарга бориб, чўмилиб келаман.
* * *
Минг лаънат, лаънатлар бўлсин менга, жувон эсимиздан чиқибди. Айтяпман-ку кирди-чиқди бўлиб қолганман деб. Қолганларни тушунса бўлади. Меничи? Ўзимнинг уйимда бўла туриб эсимдан чиқибди. Бечора очликдан ўлибди. Қутулибди. Болаларига нима деймиз энди?
* * *
Такрор айтаман, биз коптокда яшаймиз ва мен шу ерда тўхтайман. Ошнам футболга чақириб қолди. Мен ҳам одамман ахир!
Зоир Зокиров