АЛВОНРАНГ АЗАЛИЯ

0
130

(Новелла)

Мен уни ўн қўлим, ҳаттоки ундан ортиқроқ ҳам яхши биламан. Ҳудди ўзимни билганим каби. Мендан узоқлашаётганини ҳам дарҳол билгандим. Авваламбор, унинг кўзларидан барчаси маълум бўлди.(У жуда сипо, совуққон юриш-туришидан сезиб бўлмайди.) Илк танишган палламизда унинг кўз қорачиқлари тоза асал рангида эди. Қиёшда олтиндек товланар, меҳр-муҳаббат балқиб турарди. Нигоҳига ҳеч қачон тик боқолмасдим.

Тўйимиз куничи? Ҳа, ҳамон ҳозиргидек кўз олдимда турибди. Унинг кўзлари тоза шоколад рангига кириб, аста-секинлик билан сут қўшилиб, бахт рангидаги сутли шоколад тусига ўзгараётгандек эди. Энди бу кўзларга бемалол боқишим мумкин эди. Аммо, сеҳирли ёғдусига чидай олмай кўзларим ёшланиб кетаверарди. Ҳуддики, офтобга боққаним сингари. Шу сабабли дарров нигоҳимни бошқа томонга олиб қочардим.

Кўп йилларни бошимиздан ўтказдик. Унинг гоҳ оловли, кўпинча совуқлик ҳукмрон бўлган дунёси ва менинг тўлиқ аланга билан қопланган телба оламим бирга ўтказган умримизни мўътадиллаштириб тургандек эди.

-Сенга фақат ўша бир чақага қиммат ёзувларинг, беъмани асарларинг керак!-деди у бир куни жазавага тушиб. Шу кундан бошлаб унинг кўзлари ўзгарди. Қорачиқлари кенгайиб, қопқора кўмир тусини олди. На бир чўғ, на бир ёруғлик топа олардим бу нигоҳлардан.

-Мени ҳеч қачон тушунмагансан. Ўзингдан бошқани ўйламайдиган худбинсан!-дедим мен ҳам ўжарлик билан. Қаттиқ кўнглим оғриди. Ўзимни янада эътиборсиз тутдим. У ҳар куни уйдан ишга кетмасди, ишидан уйга келиб кетарди. Гуёки, ҳаётида йўқдай эдим. Ўзимга тинмай савол берардим. Мен у учун севган ишим, ижодимдан кеча оламанми? Йўқ! Буни иложи йўқ ахир!

-Азизим, кел гаплашиб олайлик!

-Нимани гаплашамиз?-деди ҳиссизлик билан.

-Ўйлаб кўр, сен мен учун севимли ишингдан кечмайсанку, тўғрими? Менда ҳам ҳудди шундай! Лекин мен сени энг олий ўринга қўяман. Юрагим шу қадар кенгки, адабиёт, ижод, сен, барчангиз сиғишасизлар!- кулиб ҳазилга йўйдим.

-Ёш бола бўлма! Сен ва мени ишим бошқа-бошқа ҳолатлар. Мен фақат сен учун яшайман, ишлайман, сен эса йўқ! Кимларни ҳаёл суриб ўтирасан, айтчи?

Унинг бу тутруқсиз гапларидан вужудим аланга олиб ёна бошлади.

-Кел унда ажраша қолайлик! Энг тўғри йўл шу. Ҳеч бўлмаса биримиз…

-Бас қил! Гапни бошқа томонга бурма!-қичқирди у,-Сени ҳеч қаерга қўйиб юбормайман.

Мен яна нимадир десам жанжал бўлишини тушундим ва жим бўлдим. Шу куниёқ ёзишни вақтинчага тўхтатдим. Ноутбугимни ҳам кўзим тушмайдиган жойга қулфлаб қўйдим. Тамом, бугундан бошлаб бор эътиборимни унга қаратаман.

Аммо, билдимки, аслида мен эмас, у ўзгарганди. Уни билганимдан буён аччиқ ва совуқ атирдан фойдаланар эди. У атирини ўзгартирмади, аммо, енгил-бошидан бегона атирга аралашиб жуда ширин ҳид келар, иккиси биргаликда ачқимтир-ширин, бетакрор бир ифор таратмоқда эди. Шу кундан бошлаб юрагимда бир чўғ пайдо бўлди. Ўзим истамаган ҳолда ҳар куни ўз қўлларим билан ўтин ташлаб аланга ёқавердим. Унинг ортидан пойлайдиган одат чиқардим. Ҳамма ишимни йиғиштириб қўйдим.

У ишидан чиқа туриб гуллар ҳарид қилар, кўзлари ҳам яна ўша илк бор муҳаббат билан боққан нигоҳлари каби асал рангига киргандек эди. Мен у ҳар куни ташриф буюриб, чексиз бахт билан чиқиб кетаётган уйни ҳам билиб олгандим. Ана иккинчи қаватда оппоқ парда тортилган деразасида алвон рангли Азалиялар қийғос очилиб турибди. Юрагимдаги улкан аланга вужудимни куйдириб, ҳар куни кулга айлантирар, эртасига қайта йиғилардимда яна шу жараён такрорланаверар эди. У аёлни ҳали бирор марта бўлсин эрим билан ёнма-ён кўрмаган эдим. Лекин, унинг ўзимдан устун тарафларини санай олардим. У жуда чиройли бўлса керак. Кўзлари ҳам меники каби маъюс қўйкўз эмас, юлдуз каби чарақлаб кулиб туради. Бу аниқ! Чунки, гулларни севиб яшната оладиганлар доимо чеҳраси очиқ инсонлар бўлишган. Бу деразасидаги Азалия гулидан маълум. Азалия жуда инжиқ гул. Уни ўстириб, гуллатиш осон иш эмас. Азалиялар оқкўнгил, гўзал чеҳрали инсонларни ёқтиришади. Уларга нозиклик, эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлинмаса яшаб кетолмайди. Гулини кўрсатмайди. Мен айнан ўша ўзим севган Азалияларни нечтасини бошига етган эдим. Қанчалик ҳаракат қилмай парваришлаш қўлимдан келмас эди.

Шу қадар сиқилдимки, дарди-дунёйимни зулмат қоплади. Эримдан воз кеча олмаслигим, уни ҳамон севишим бу дардларимни янада кучайтирар, дош беролмай яна ноутбугимни олишга мажбур этганди. Энди бу дўзахий олов сатрларга жо бўлар, асарларим алангадан бунёд бўлаётганди.

Бу оғриқлар, қийноқлар охир-оқибат юрагимни тошга айлантириб, муҳаббатим кучли нафратга айланганини ўзим ҳам сезмай қолдим. Қачон амалга ошди бу жараён? Пайқамай қолибман. Энди ўч олишни истардим. Шундай истардимки, иккиси ҳам қийналсин, менга берган азобларини ўзари ҳам татиб кўрсин. Ҳис этсин!

Яна эримни ортидан пойлай бошладим. Кўнглим айниди, атири бунчалар бадбўй бўлмаса? Иккисининг ифлос атири қўшилиб, иркит ва жирканч ҳидга айланибди. Бурунни ёраман дейди. Ичим қайтарилиб, кўзларимдан ёш чиқиб кетди. Йўл четидаги дарахтзорда кўп вақт қолиб кетдим. Йўлнинг нарги юзидаги ўша Азалияли деразага тикилганимча, эримни пойладим. Ана парда кўтарилдида у — ўша аёл кўринди. Масофа яқин эди. Чироқ ҳам ёп-ёруғ, эримнинг бахтдан сармаст кўзлари ёритиб тургандир балки? Аёл азалийларга сув қуйдида кўздан йўқолди. Бемаврид келган кўз ёшлар уни кўра олишимга тўсқинлик қилди. Аламдан титраб кетдим. Бўлди тамом! Миямда пишитиб юрган режамни ҳозироқ амалга ошираман.

Баҳайбат қарағай дарахти остига бекитиб кетган ошхона пичоғимни қалтираб қўлларимга олдим. Эримни йўлини пойлай бошладим. Ана у қандайдир қўшиқни ҳиргойи қилиб келяпди. Сен доим шундай бўлгансан келишган, ёқимтой махлуқ! Ортидан пусиб бордимда, иккиланиб қодим. Қўл-оёқларим дағ-дағ қалтираб, совуқ терга ботдим. Йўқ бундай қилолмайман! «Қила оласан»- деди ичимда кимдир. -Қани бошла! Ўлдир уни! Бўл, сенга азоб бераётган махлуқни йўқ қил!» Қичқирганимча, вахший ҳайвондек ўкириб пичоқни санчавердим. Қайта ва қайта! У гурсиллаб, юзтубан қулади. Хириллай бошлади. Қулоқларимни ёпиб тўғри келган томонга югурдим.

Кўзимни очганимда аёлнинг уйи остонасида турардим. Эшигини қоқа бошладим. Энди менда қўрқув йўқ эди. Ҳайрон қоларлиси, ҳамон қўлимда турган пичоқда ҳам, усти-бошимда ҳам қон юқи кўринмас эди. Аёл эшикни очиши билан кўксидан ичкарига итара туриб, эшикни ёпдим. Тахмин қилганимдек кўзлари юлдуз каби чарақлаб турувчи, шахло кўзли аёл эмас экан. Ҳудди меники каби, оддийгина қўйкўзлар! Ҳайратдан озгина бўшашдим. Қорнига тегмасликка ҳаракат қилдим. Юрагини нишонга олдим…

Енгил нафас олдим. Ёки ҳўрсиндиммикин?! Ваниҳоят, тугатдим. Ноутбугимни ёпдим. Эрим ётоқда ёш боладек беозор бўлиб ором оляпди. Доим шундай ухлаган. Бундай қилма дейишимга қарамай, беланчакдаги Азалиямни яна бағрига оливолибди. Гўдаккинамни бошини силадим: «Мен бундай бўлишини, бу тарзда юз кўришишимизни истамагандим!»

Энди тайёрман. Самолёт чиптасини ва бир жомадон пулни қўлимга олдим. Суррогат* онамизни ўз юртига жўнатишим керак! Йўлларига кўз тикиб турган қашшоқ оиласи ва оч наҳор фарзандларини бахтли этсин…

 

Суррогатлик* — бу аёл соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли болани мустақил равишда кўтара олмаган ва туға олмаганида қўлланиладиган ёрдамчи репродуктив технологияларнинг бир вариантидир.

 

6/01/2023

Мастура Абдураим қизи

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting