Уильям САРОЯН
ҳикоя
– Муюлишда, қўлингда йирик икки пўртахол тутиб турасан, ёнингдан битта-яримта мошина ўтганда уларни узатиб табассум қиласан. Донаси – беш цент, учтаси – ўн цент, дўжнаси – йигирма беш цент. Ёдингда тут, доим жилмайишинг зарур, – деди амакиси Жек қаттиқ тайинларкан. – Айтганимдай қиласан, шундайми, Люк? Қани, бир кулиб қўй-чи.
Зўр-базўр илжайди-ю, амакисининг юзидаги ифодадан ҳаракати зое кетганини пайқади. Қани энди бошқалардай шодон кулса; у руҳи баланд ва қувноқ кишиларга доим хавас билан қарарди.
–Сенга ўхшаб лаб-лунжи осилган болани бирор ерда учратмаганман, – деди Жек. – Эшит, Люк…
Кўзларига тик қараш учун амакиси Люкнинг қаршисига тиз чўкди:
–Люк, агар кулмасанг, сендан пўртахол сотиб олмайдилар. Пўртахол сотувчи болалар доим табассум қилиши керак, бу ҳаридорларни қувонтиради, уларга ёқади.
Амакисини диққат билан эшитаркан, унинг нима демоқчи эканини Люк жуда яхши тушунарди, чунки Жек ҳам худди ўзи каби тортинчоқ. Мана, ҳозир ҳам у қаршисида тураркан – худди бир замонлар отаси каби – оғир хўрсинди.
–Люк, – деди у. – Жилла қурса бир марта кулишга уриниб кўр!
–Овора бўлма, – жаврай бошлади амакисининг хотини. – Бунчалар қуёнюрак бўлмасайдинг, аллақачон шу қуриб кеткур пўртахолни кўчага олиб чиқиб, ўзинг сотиб битирардинг. Икки томчи сувдек бир-бирингга ўхшайсан – аканг ким эди-ю, сен ким. Кетидан қаро ергинага кирсанг бўлмасмиди, жойинг ўша.
Шу аёлни деб уйда тинчлик йўқ, Люк ҳам жилмайишга куч топа олмайди. Доим уларни таҳқирлайверадиган аёлнинг бола қовоғини очиб кулишини исташига тушуниб бўлмасди.
Жек отасининг туғишган укаси ва қайсидир томонлари уни эслатиб юборарди. Эҳтимол, шунинг учун аёл доим отаси савдо нималигини билмай ўлиб кетгани ҳам тузук бўлганини айтар. “Худонинг лаънати теккан ерда эмас, Америкадамиз. Одамларга қўшилишинг, улар кўнглини овлашга ҳаракат қилишинг зарур” – Жекка ҳамиша таъкидларди аёл.
–Кўнглини овлаш?! Қандай қилиб уларнинг кўнглини оламан? – дерди Жек.
Шу гапдан сўнг аёл аччиғидан таъналарни бошлаб юборарди: “Нодонсан, нодон. Агар қорнимда ҳомилам бўлмаганида, аллақачон Розенберг омборхонасига ишга ёлланар, сениям, боланиям боқардим”.
Марҳум отаси каби Жек ҳам ғамбода эди. Ўзидан кўнгли тўлмас, яқинларини бахтиёр кўришни истарди. Шунинг учун Люкдан қовоғини очиб юришни сўрайди.
–Бўпти, – деди Жек. – Яхши, яхши… Уйда ўн қути пўртахол бор, ейишга эса на сариқ чақа, на бир бўлак нон топилади. Энди кўча-кўйда ўтган-кетганга пўртахол тутқазиб ўтирайми? Ё бўлмаса, қутиларни аравага ортиб шаҳар дайдишим керакми? Бундан кўра очиқ мозорга кира қолай.
Жекка ўхшаган ғамбода оламда йўқ, Люк амакисининг маюс тортиб қолганини кўриб ўзини йиғидан зўрға тияди. Атай қилгандек, Жекнинг хотини аввалгидан ҳам баттарроқ аразлаб йиғлар, йиғлаганда ҳам ҳазилакам эмас, ҳўнграб-ҳўнграб аччиқ-аччиқ кўзёш тўкар ва бу кўз ёши қайғудан эмас, гинахонлик билан тўкилар, бола, айниқса шу дафъа, атрофидаги ҳодисаларнинг бари нақадар даҳшатли эканини ҳис қилди.
Аёл йиғларкан, тўланмаган қарзлар ва бирга ўтказган барча қора кунларини Жекка бир-бир писанда қилди, ҳали туғилмаган гўдак ҳақида эса “Яна битта савдойи кўпайса не наф?” деди. Кейин ўкириб полдаги қутидан икки пўртахолни чангаллаб чинқира кетди:
–Ҳозир ноябрь, печкада бир бўлак кўмир йўқ! Бунақада муз қотамиз-ку. Уйдан гўшт иси келиб туриши керак. Ма, ол, ушла! Е пўртахолингни. Бўккунингча е!
Жекнинг шу қадар руҳи тушиб кетдики, сўз демоққа мадори қолмади. У телбанамо тебраниб ўтираверди. Булар тағин Люкка кулишни ўргатмоқчи бўлишади! Жекнинг хотини қўлидаги пўртахолларни қўймай у бурчакдан бу бурчакка бориб-келар, йиғлаб бола ҳақида қайта-қайта гапирарди. Бироз ўтиб у тинчланди.
–Қани, уни муюлишга элтиб қўй, – деди. – Балки чинданам пул ишлаб келар.
Жек бошини ҳам кўтармади. Шунда аёл яна қичқирди:
–Гарангмисан?! Уни муюлишга қўйиб кел, дедим! Одамларга кулиб қарасин! Қорнимиз оч!
Атроф қабоҳатга тўла бўлсаю, биров бундан қандай қутилишни билмаса, яшашдан нима маъни? Мактабга боришнинг, ҳисоб-китоб ўрганишнинг, шеър ёдлаб, бойимжон чизишнинг ва шу каби бемаъни, беҳуда ишларнинг нима кераги бор? Уйқу вақтигача муздек хонада дийдираб Жек ва хотинининг жанжалларини тинглашнинг, тўшакка бурканиб йиғлаганча уйқуга кетишнинг, уйғониб тағин ўша мунгли осмонни кўришнинг, совуқдан қалтирашнинг, мактабга бориб нонуштада нон ўрнига пўртахол чайнашнинг нима кераги бор?
Жек бирдан ўрнидан ирғиб туриб хотинига бақира кетди. Ўша қичқирганича уни, ортидан ўзини ҳам чавақлашини айтди; аёли устидаги кўйлагини белигача тилка-пора қилиб, боягидан бадтарроқ йиғлади:
–Ҳа, бу кунимиздан ўлганимиз яхши. Ўлдир мени, ўлдир!
Жек уни қучиб бошқа хонага олиб чиқиб кетди. Хонадан аёл йиғиси, Жекнинг чинакам гўдак, кап-катта-ю гўл болакай эканини бот-бот такрорлагани эшитилиб турди. Шундан кейин Люк анча пайтга довур ўша бурчакда қимир этмай турди. Қанча вақт ўтди – билмайди, фақат жуда чарчаб, очиққачгина стулга чўкди. Сени ардоқлаб севувчи бирор киминг, на отанг, на онанг бўлмагач, якка ўзинг бу дахри-дунда яшашингдан нима наф? Унинг ўпкаси тўлиб борар, аммо кўз ёшидан бир нима ўзгарармиди?!
Ўлгани кунидан тиржайиб Жек чиқиб келди.
–Бор-йўқ ишинг, – деди у, – қўлингга икки йирик пўртахол олиб, ўтган-кетган мошинага чўзиб жилмайиш. Бирпасда бутун бир қутини сотиб қўясан, Люк.
–Жилмаяман, – деди Люк. – Донаси – беш цент, учтаси – ўн, дўжнаси – йигирма беш цент.
–Баракалла, – қувонди Жек.
Жек полдаги пўртахол қутисини кўтариб орқа эшик томон қадам ташлади. Қутининг оғирлигидан Жек иккиси кўчада имиллаб боришар, унинг тишни оқини кўрсатиб жилмайиш кераклиги ҳақидаги тавсиялари эса диққатни ошириб юборарди. Дарахт таналари аллақачон шип-шийдам бўлган, кўчалар маъюс ва аянчли. Ҳатто манави хушхўр, рангдор пўртахоллар ҳам бунда кулгили ва қайғули кўринарди.
Улар машина оқими тинимсиз бўлган Вентура кўчасининг муюлишига етиб келгач, Жек қутини йўлкага қўйди.
–Бир ўзинг турсанг яхши, – деди Жек. – Мен уйга кетдим, Люк.
У яна тиз чўкиб боланинг кўзларига тикилди.
–Ўзинг қўрқмайсанми Люк? Қош қораймай қайтаман. Шомгача икки соатча вақт бор. Қувноқ бўл, одамларга кулиб қара.
–Кулиб қарайман, – такрорлади Люк.
Шунда Жек, худди биров қувгандек, ўрнидан сапчиб турди-ю кўча бўйлаб илдам жўнади.
Люк бир жуфт катта-катта пўртахолни танлаб олиб, ўнг қўлида боши узра кўтарди. Ўхшамади. Аллақандай ғайритабиий эди. Илкингга икки пўртахолни тутиб, бошинг узра кўтаришдан, ўтган-кетган йўловчига жилмайишдан нима наф?
Шаҳардан кўчанинг у турган тарафига илк автомобиль бурилгунча аср ўтгандек бўлди. Машина яқин келди. Рулдаги эркак кўринди, орқа ўриндиқда эса икки боласи билан аёл ўтирарди. Оғзи қулоғига етиб илжайди, бироқ улар тўхташ ниятида экани сезилмагач, қўлидаги пўртахолларни силкитиб йўл қошига чиқди. Уларнинг юзини жуда яқиндан кўрди ва иложи борича оғзини катта йириб жилмайди. Машина тўхтамай ўтиб кетди, йўловчилар эса унга жавобан ҳатто кулиб қўйишмади ҳам. Машинадаги қизча, худди ифлос нарса олдидан ўтиб кетаётгандек, ҳазар қилгандай юзини жийирди. Сиз кишиларга табассум қилсангиз, улар эса афтини бужмайтирса, муюлишда туриб, уларга пўртахол ўтказишга ҳаракат қилишнинг нима кераги бор?
Дунё давлатманд ва бечораҳол кишилардан иборат, мушакларга зўр бериб жилмайишдан нима маъни; бойлар еб-ичади, ўйин-кулги қилади, фақирларнинг егани ҳеч вақоси бўлмайди, доим жанжаллашадилар, “ўлдир мени!” деб бир-бирига қичқирадилар.
У қўлини тушириб, бошқа кулмади. Ўт ўчириш кранига, сув оқар тарновга қаради, икки тарафида қатор уйлар жойлашган, одамлар кириб-чиқиб юрган Вентура кўчаси бўйлаб кўз югуртирди… Кўчанинг охири қишлоққа уланиб кетган, кейин узумзор, мевазор боғлар, дарё, яйлов ва тоғлар келади, тоғлардан ўтиб яна янги шаҳар, уйлар, кўча ва одамлар… Йиғи томоғингга тиқилганда юзингни ўт ўчириш кранига бурсанг, бу дунёда яшашнинг нима кераги бор?
Кўчада яна бир автомобиль кўринди ва Люк тағин қўлидагини кўтариб жилмайди, бироқ машина яқинроқ келгач кўрдики, ҳайдовчи унга қарамаяпти ҳам. Беш центга бир дона пўртахол олиб ейишлари мумкин. Нон ва гўшт тановвулидан сўнг бир-икки бўлак тотинишлари, пўстини арчиб, ажиб исидан бахраманд бўлишлари, кейин шунчаки паққос туширишлари мумкин. Уловларини тўхтатиб, ўн центга уч дона олишса бас.
Яна бир машина ўта бошлади, бола жилмайиб қўл силкиди. Уловдагилар унга эриниб боқдилар. Уларга кулиб қарашнинг нима кераги бор ўзи? Агар ўтиб кетаётиб, ҳеч қурса жавобига жилмайиб қўйишганда ҳам унга бунча алам қилмасди. Жуда кўп машина ўтди, шунда бола ўтирволди, бошқа ҳечам кулмаслик лозим эканини тушунди. Амакиси унга нима деган бўлса деди, аммо одамларга пўртахолнинг кераги йўқ, ҳеч бир табассум уларни чорлолмайди. Болани эринчоқ нигоҳларидан ўтказиб, йўлларида давом этаверадилар.
Кун оғиб, қиёмат қойим бўлгандек туйилди. У маҳшарни шу аҳволида, ўтган-кетган йўловчига жилмайиб, қўлидаги пўртахолни боши узра силкитиб кутиб оляпти.
Наҳот, шу муюлишда туриш учун, одамларга пўртахол узатиб кулиш учун дунёга келган бўлса?! Ҳамма нарса қоронғи ва бўм-бўш, у эса лунжи оғригунича жилмаяди, жавобан қилинган муносабатдан кўнгли ўксийди. Ахир зум ўтмай олам қоронғиликка чўмиши, охир замон келиши мумкин, Жек амакисини ҳам, унинг хотинини ҳам тўнғиз қўпади, барча кўчалар, уйлар ва кишилар йўқ бўлиб кетади ва ҳеч нарса, на бир жон, на бўм-бўш кўчалар, на бир қора тортилган дераза, на ёпиқ эшик қолмайди – чунки одамлар пўртахол олмайдилар, чунки болага кулиб қарамайдилар…
Алишер Файзуллаев таржимаси