Қирқ йиллигимда

1
490

Шерзод Комил Халил

(эссе)

Мен учун охирги йиллар жуда қақшатқич келди. То шу кунгача умрнинг қандай ўтиб кетаётганини ҳеч қачон сезган эмасман. Худди ҳамма қариб ўлиши мумкину, фақат мен абадул-абад ёш қоламан деган иштибоҳ юрагимнинг туб-тубларида яшарди, вақтнинг атрофга ўтказаётган ҳукми ҳаммага тегишли бўлиши мумкину мени четлаб ўтишига қандайдир телбавор ички хотиржамлик билан ишонардим. Йигирма саккиз ёшимда уйланганимда синфдошларим билан мени таққослаган келиннинг дугоналари мен каби ёш бир йигитни шу одамлар билан бирга ўқиганидан ҳайратга тушишганди. Дарҳақиқат, табиатан мен жуда ёш кўринардим. Иттифоқо, пойтахтнинг турли университетлари ва институтларида фалсафа, социология, маданиятшунослик ва ижтимоий антропологиядан лекциялар ўқиб юрган вақтимда мен эндигина йигирма уч ёшга кирган йигитча эдим, пўримроқ кўриниш берадиган костюм-шим ва бўйинбоғ тақардим. Албатта бу ўзимга ёқар эди дея олмайман, аммо катта ёшли кўриниш лектор учун мақбул деб ҳисоблардим. Шунга қарамай ўтган йиллар давомида ёшлик элексири менинг ҳаётимнинг ажралмас бўлаги каби менга доим ҳамроҳлик қилганини катта ҳиссиёт ва қониқиш билан туйдим.

Зерикарли лекторлик ишидан воз кечиб, мен ўзимнинг бутунлай ёзувчиликка бағишлашга қарор қилганимдан кейин ҳам мен қачондир сочларимга оқ туша бошлашини ва шунда улуғвор қиёфа касб этишим мумкинлигини чамалардим, аммо бу ҳол қирқ ёшимгача юз бермади. Вақтнинг тенгқурларимга кўрсатаётган ваҳшиёна таъсири мендан олисдалигидан ҳайратга тушардим. Бироқ қирқ ёшга ўтарканман, бир куни ойнага боққанимда сочларимдаги илк оқ толаларни кўрдим. Шунда илк бор ҳаётимнинг абадий эмаслигини, ёшлик ўтиб, умрнинг ғамғусор йиллари яқинлашаётганлигидан вақт  менга хабар бераркан, юрагим шиғ этди. Мен шунда, шу вақтгача нима қилганимни, қанча олтин даврларни шамолга совуриб юборганимни, ҳаётимнинг энг гуллаган пайтларини беҳуда нарсаларга сарф қилганларимни ўкинч ва аянч билан эсладим. Энг ёмони энди ҳеч нарсани ортга қайтариб бўлмасди. Маиший муаммолар, турмушнинг арзимас орзулари инсон умрини, инчунун, мен каби ёзувчини, ҳаётини сарф қилиб юбориши учун даҳшатли фожеа эканлиги аён бўлди.

Тўғри буни анча олдин тушунгандим. Кейинги ўттиз йилда Москвада яшаб ижод қилаётган классик ёзувчимиз Темур Пўлатов Тошкентга борганида, ижодимни янги поғонага кўтаришим учун муҳитни ўзгартириш ва фақат адабиётга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб, мени Москвага, ёзувчилар шаҳарчаси Переделкинога чорлаганида мен бу таклифни бир истак ўлароқ қабул қилдим. Оиладан, яқинлардан узоққа кетиш ва бу мискин ҳаётимда туб бурилиш қилиш осон бўлмади, аммо ортиқ ўзимга қарши боролмасдим. Биқиқ адабий давралар, ҳасад ва кўролмаслик касалига чалинган ижодкорлар муҳитида мен мутлақо бегона эдим, ҳеч қандай адабий гуруҳ ва тўдаларга мансуб бўлмаганим учун, уларнинг сохта пиар ва ўз-ўзини мақтовчи салафлари ичида ўзимни мутлақо тасаввур қилолмасдим. Мегашаҳарга кўчиб ўтганимда, мен энди бутунлай йўқ бўлиб кетсам керак, ижодий муҳитдан мосуво бўлиб, ёзолмай қолсам керак деган қўрқувда эди. Бироқ ҳамма нарса бунинг тескарисини кўрсатди. Мен ёзиш учун мутлақ максимал имкониятга эга бўлдим. Аммо яқинларимнинг соғинчи, боламнинг болалиги кечаётган энг яхши даврларида ёнида бўлолмаслигим менга қаттиқ азоб берарди. Бундай кезларда мен ёзувчиликдан воз кечиш, бир оддий инсон ўлароқ яшаш, ижод иддаоларидан бутунлай юз ўгириб, уйга қайтиб кетишни ва жимгина ному-нишонсиз йўқолиб кетишни ўйлардим. Иккисидан бирини танлашдек, экзистинциал танлов қаршисида қоларканман, мен иккита одам бўлиб яшардим: улардан бири цивилизациямиз маҳсули бўлган алоқа воситалари орқали ҳар куни яқинларини кўриб, эшитиб гаплашар, масофалар узоқ бўлсада, улар билан маънан яқинликни ҳис қилар ва қўлидан келиши мумкин бўлган имкониятлари билан уларга далда бўлар, бошқаси эса, бир шафқатсиз ёзувчи ўлароқ, умрининг сониялари қоғоз қоралаб ўтказар, шеърлар, балладалар ёзар, публицистик адабий мақолалар қоралар, ҳикоялар, эсселар, очерклар  битар ва юрагини қон қилиб ётган романлари устида ишларди.

Кунлар ойларни, фасллар эса йилларни қувиб ўтарди. Вақт эса худди қумсоат каби келажакни ўтмишга қуяр, бу тезлик оқимига ҳеч нарсага улгуриб бўлмаслиги очиқ-ойдин кўриниб турарди. Илгарилари мен олифтаарчилик билан фақат илҳом келса ёзаман, ўзимни мажбурлаб ҳеч қачон ёзмайман деган иштибоҳда қалам тебратган бўлсам, эндиликда унча-мунчага қадам ранжида қилмайдиган илҳом отлиқ кўнгил иронияларини кутиб ўтиришга менинг вақтим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ эди. Бир нарсани билдимки, муайян тажрибага эришганингда, ёза олиш имкониятинг, инчунун, сен қанча хоҳласанг шунча ёзиш салоҳиятинг бўй кўрсатар экан. Фақатгина муайян режа асосида ишлаш, муайян соатларни ёзув столи устида ўтказиш, мен қилишим мумкин бўлган энг ажойиб воқейлик эдики, шубҳасиз бу менга адабий маҳсулдорликни оширишга хизмат қилган бўларди. Мен эса ниҳоятда тартибсиз ўқир ва тартибсиз ёзардим. Ҳолбуки мени ўқиш ва ёзишдан ортиқ нимадир қизиқтирмасди. Адабиёт ҳаётимни асосий мақсадига айланганига чорак асрдан ошганди. Аммо энди яшаш учун умр соатлари борган сари камайиб бориш хавфига дучор бўлганимда, тартибсиз яшаш ва ёзишдан ўзимни қутқаришим керак бўларди. Алалхусус, мен ҳаётимни тартибга солиш ҳақида ўйлай бошладим. Узоқ яшаш имконига эга бўлиш одамга, хусусан, ёзувчига кўпроқ асарлар ёзиш имкони ҳам эканлигини рад эта олмасдим. Қолаверса, душманларингдан узоқ яшаш имконига эга бўлишинг, қандайдир маънода улар устидан маънавий ғалабангни ҳам англатади. Улар сени эмас, сен уларни вақтнинг бешафқат ғаладонида забун бўлишини кўришинг, сенга нисбатан улар амалга оширган тубанликлар учун қисматнинг қаҳрига дучор бўлганини кузнинг салқин ҳавосида бир финжон кофе ичганча кузатиш имконига эга бўлиш ҳамдир. Бундай паллаларда сен файласуфона фикрлар юритасан, эҳтимол, бирон фалсафий трактат қораларсан; ким билсин, ахир ҳамма нарса бўлиши мумкин. Воқеатан, ҳаёт ҳеч кимга абадий берилмаган. Христиан мифологиясидаги Агасфернинг борлигига, ёки ислом дини ҳукм сурган мамлакатлардаги Хизрга бўлган ишонч истисноли ҳолатлар эканлигини ва уларни рационал тасдиқлаш имкониятига эга эмаслигимизни назарда тутсак ва бу кибр ҳамда риё тўлиб-тошган дунёда биз учун қанча фурсат қолганини чамалаш ихтиёрига эга бўлмаганимиздан сўнг, эҳтимолий умримизни қанча қолганини қайдан ҳам билардик. Балки, душманингдан олдин ўлиб кетарсан, у сен ҳақингда ўтганингдан сўнг, бўлмағур гапларни сайраб юрар; албатта, мен умрни Яратган томонидан аввалдан белгилаб берилган деган имоний ишончга эгаман. Шунга қарамай, шарқона донишмандлар ичикиш эҳтиёжи билан айтган: «Ўзини асраганни, Худо ҳам асрайди», деган фикрларида ҳам маълум ҳақиқатлар борлигини инкор этолмайман.

Алалхусус, ҳаётимни тартибга солиш ҳақида узил-кесил қарорга келарканман, халқ табобати ва замонавий медицина инсон организми учун зарарли деб топган кимёвий усулда қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларидан, инчунун ўзим илгаридан нисбатан кўп истеъмол қиладиган шакар ва кока-коладан ва шунга ўхшаш нотўғри овқатланишга доир мазахўракликлардан бутунлай воз кечишга қарор қилдим. Иложи борича табиий маҳсулотларни овқатланиш рационида кўпайтириш, соғлом бадан тарбия билан шуғулланишга қатъий риоя қилишни, одатга айлантиришга ўзимни ишонтирдим. Ёзувчилар шаҳарчасидан ишхонамга эрталаб икки соатда жамоат транспортида борардим. Бу ҳолат кечки қайтишда ҳам такрорланарди. Демак, ҳар куни деярли тўрт соат ҳаракатда бўламан. Яқин оралиқ масофаларда пиёда юраман. Бу моддалар алмашинуви ва организмнинг жисмоний фаоллиги учун зарур. Мен ишонаманки, бу каби юришлар Харуки Муракамининг кунлик югуришларидан кам аҳамиятга эга эмас. Агар мен муҳожирликдан Тошкентга қайтадиган бўлсам, юришдан воз кечиб, мактаб стадионида ёки паркда югуришим мумкин. Ўзимни шу фаолиятга тайёрлар эканман, мен ёзувчилик ишларимни ҳам тартибга солишни, ёзув столида йигирма тўрт соат ичида саккиз соатлик иш режимига эга бўлишга эътиборимни қаратдим. Саккиз соат оила учун ишлаш, саккиз соат дам олиш ва саккиз соат ижодий иш билан банд бўлиш. Бу максимализация. Ахир Бальзак ўн олти соат ишлаган кунига, бу соатларни ярмига эга бўлиш маҳсулдорлик учун мени муайян маънода қаноатлантирарди.

Бундан камида албатта рози бўлолмайман. Яна қирқ ёшнинг миёнасида бундан камига рози бўлиш ўлчовли умримизнинг олтин сонияларини ҳудудсиз вақт оқимига нодонларча сочиб юбориш билан тенг эмасми?! Темур Пўлатов менга нуқул кўп таъкидлайдиган гап: «Мен қирқ ёшимгача асосий асарларимни ёзиб бўлганман. Сен шеърларинг ва ҳикояларингдан бошқа нима ёздинг?!» Яна нималар ёзганман, сиз билмайсиз, — пичирлайман ичимга. Аммо бошқа томондан бундай гаплардан кейин бироз зил кетасан. Хаёлингга қирқ ёшга етмасдан вафот этиб кетган сенинг адабиётдаги кумиринг Томас Вульф гавдаланади. «Қўнғироқ нимадан бонг ураётир»ни ёзганда Хеменгуэй неча ёшдалигини эслайсан ва ўзингга савол берасан: -Мен-чи?!  Пессимизм юрагингни қора доғ каби қоплайди. Бетўхтов чекасан сигарет. Сўнг яшаш ҳақида ўйлайсан, узоқ яшаш ҳақида. Сигаретни эзғилаб улоқтирасан. Тирик ёзувчи ҳамма нарсага эришиши мумкин. Ўлгандан кейин ихтиёр сенда қолмайди. Шунинг учун тирик қолиш муҳим, инчунун, узоқ яшаш ҳам. Ахир Айтматов оламшумул романларини эллик ёшдан кейин ёзганини эсла. Қирқ йиллик туғилган кунимни нишонлашни ният қилганимни жаз мусиқаси маэстроси Сергей Летовга айтганимда, у бу ёшда ирим қилиш кераклигини, иложи бўлса, нишонламаслик муҳимлигини шипшиганди. Ёмон руҳлар бор, бу ёшни нишонлаб бўлмайди деганди, хотиржам бир ишонч билан, аммо мен Москвадаги шарқона чойхонада бунга терс ўлароқ юбелийни дўстлар даврасида нишонладим. Қолаверса, шу ёшда бир қанча хавфли қадамларни ташлаётганимни инкор этолмасдим. Коронавирус тарқаётганига қарамай, энди мен таъассуфки, ниқоб тақмай қўйгандим. Яна мен ижтимоий антропологик тадқиқотлар учун йўқолиб кетаётган халқларни ўрганиш учун илмий тадқиқот сафарига тез орада жўнаб кетишни айни қирқ ёшда режалаштириб турибман. Мен минглаб чақирим масофаларда ҳаво кенгликларидан самолётда учиб ўтаман ва ўзим билмайдиган, кўрмаган одамлар дунёсига ташриф буюраман, у ерда мени нима кутаётганини, қандай қисматга рўпару келишимни билмайман. Яшаш ва ёзиш тўлқинлари баъзан шундай пародоксал тарзда режалар билан ҳаётинг аъмолларини қарама-қарши қилиб қўядики, сен ҳаётингни ўзинг эмас, қисмат чархпалаги бошқараётганини тушуниб етасан. Аммо сенда бир нарса мавжуд, бу – ихтиёр эркинлиги, ўз қисматингни ўзинг танлашинг, ўзингни белгилаш эркинлиги бор. Ёзиш учун албатта яшаш керак, ёзмоқчи бўлган нарсаларингни ўз кўзинг билан бориб кўришинг, бу икки карра ишонч, ўзингга ҳам, ўқувчиларга ҳам, ахир бундан ортиқ бахт борми ёзувчи учун; тасаввурларингда жонланган манзаратни, одамларни, характерларни кўрганингда асар янада жонли, янада ишончли чиқишига шубҳа йўқ. Мен шунга ишонаман. Бас, шундай экан, нега хатарли сафарга чиқмаслигим керак?! Мен қўрқоқ эмасман. Ҳар бир инсон Яратган берган умрни ҳар қандай ҳолатда ҳам яшаб ўтади. Қаерда бўлсам ҳам имконим даражада ўзимни асрайман, сафарларда бўламан, бораман, кўраман, яшайман ва ёзаман. Ўтган йиллар нима бўлса бўлиб ўтди. Афсусланган билан ҳеч нарсани ортга қайтариб бўлмас. Энди қолган умр ва келажак йилларини мазмунли ўтказиш мен учун муҳим. Чет элларда босилаётган асарларим, менинг ижодий интилишларимнинг самараси, ёзиш йўлидаги меҳнатларимнинг юзага чиқиши. Мени ўттиз ёшимдан ўзга тилларга ўгира бошлашди, бу жараён давом этмоқда, демак, мен ҳам ёзишда давом этишим керак. Бунинг учун саёҳатлар керак, ўрганишлар лозим. Интилишлардан чекинмаслик, ижодий ғояларни арзон баҳоламаслик, қаламни сотмаслик керак. Қирқ ёшдан эса ортиқ чўчимаслик лозим. Менга бу борада ким ёрдам берганини айтайми?! 1998 йилда, нобель мукофоти лауреати бўлган, ажойиб португал ёзувчиси Жозе Сарамаго: «Агар мен олтмиш ёшимда вафот этганимда эди битта ҳам асар ёзмаган бўлардим,» — деган у. Ҳа, худди шундай. Айнан Жозе Сарамаго илк ижодини қирқ ёшдан кейин бошлаган ва кейин ажойиб натижаларга эришган улуғ ёзувчи. Унинг илк романи адашмасам эллик беш ёшида ёзилган. Мен эса, аллақачон, ўттиз уч ёшимда илк романимда ёзгандим. Яна қўлимда неча йиллардан бери ишлаб келаётган иккита романим бор. Демаккки, Сарамаго кечикмаган экан, оптимистик руҳ берадиган интилиш кучини ўзимда сақлаб қоламан.

Ахир қирқ ёшга кирган бўлсам нима бўлибди, осмон узилиб ерга тушармиди?! Ё, атом уруши бўлиб ҳаммамиз йўқ бўлиб кетамизми?! Дариғо, қирқ ёшимда мен ҳозирда шундай глобал хавф бўлган мамлакат ҳудудида турибман. Юрагимда эса ҳали қанча инжа орзуларим ҳилвираб турибди. Яшашга куч берадиган, ёзишга қувват бўладиган бу туйғулар ҳеч қачон шуҳратпарастлик ва манманликдан эмас, билъакс, яшашга бўлган интилишдан, ўлимни тик қаршилаш туфайлидир. Зеро, ижод – ўлимни бутунлай рад этиш, узоқ умрга  интилиш, худди ўлмайдигандек яшаш демакдир. Бир сўз билан айтганда ижод – ўлимга қарши исёндир. Ёзишнинг табиати, ёзувчининг бетин асар қоралашининг фитрати шундан иборатдир. Қирқ ёшнинг нари-берисида бунга моне бўладиган бошқа жўялироқ сабабни кўрмаяпман…

2022.

Москва-Переделкино.

1 izoh

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting