Иосиф Бродский. Шеърлар

0
211

Бемаъни гапларни қилиб иддао,
Ёзганим бир пулга қиммат битиклар.
Балиқ мўйнасидан эгнимда пальто,
Оёғимда эса совуқ этиклар.

Дўстларни йўқотдим, орттирдим душман,
Газ ва чироқ учун тўладимку пул.
Яна нима қилдим, ҳа дарвоқе ман,
Йўқ севгини фақат изладим нуқул.

Икки йилнинг ичида

Икки йилнинг ичида
Қурийди акация,
Ва тушади акция,
Ортади солиқлар ҳа.
Икки йилнинг ичида,
Кўпаяр радиация.
Икки йилнинг ичида.
Икки йилнинг ичида.

Икки йилнинг ичида
Кичраяр  костюмлар заб,
Ҳақиқат ўтар ўртаб,
Ўзгаради мода-да,
Икки йилнинг ичида
Ёшлар эскирар  қурқшаб
Икки йилнинг ичида.
Икки йилнинг ичида.

Икки йилнинг ичида
Бўйним узилар балким,
Ё синади қўлларим,
Юзимдан нур сўнар ва
Икки йилнинг ичида
Биз турмуш қурамиз жим,
Икки йилнинг ичида.
Икки йилнинг ичида.


Видолаш,
унутгин
ва  ҳеч айблама.
Хатлар ёнсин,
бамисли кўприк.
Жасоратли бўлсин
ҳа сенинг йўлинг,
тўғри бўлсину у
ва оддийгина.
Ҳа, зулмат ҳам бўлсин
сен учун ёнсин
юлдузлар зарафшон,
бир умид бўлсин
қайноқ тафтли
сенинг оловинг билан.
Ҳа бўронли бўлсин,
қору ёмғирлар
ва ғазабнок олов гулдурослари
сенга омад бўлсин олдинда
менга қараганда доимо кўпроқ.
Ҳа бўлар курашда шиддату жаранг
Кўксингда гулдурар момақалдироқ.

Мен эса улар-чун хушбахтман не ҳол,
ким сен билан бўлса гар бирга,
эҳтимол,
йўлда.
1957

Яҳудийлар қабристони

Петербург яқинидаги яҳудийлар қабристони.
Чириган фанердан  бино бўлган қийшайган девор.
Қийшиқ девор ортида ётар
юристлар, савдогарлар, машшоқлар, инқилобчилар қатор.

Улар ўзлари учун куйлашди  қўшиқ.
Улар ўзларини қутқардилар шан.
Бошқалар учунку ўлмоқдалар лек.
Фақат аввал солиқ тўлашди,
ардоқли суд ижрочиларидек,
ва бўғзига қадар моддиюнчилар дунёга,
Талмудни талқин қилдилар,
қолган идеалистлардек.

Эҳтимол улар кўпроқ нарсани кўришгандир.
Балки кўр-кўрона ишонишгандир.
Аммо болаларни сабр-тоқатга ўргатдилар
ва баҳаққи улар ўжар эдилар.
Шул сабаб буғдой экмадилар.
Нон  яратмак учун ҳеч не қилмадилар ҳеч қачон.
Шунчаки ўзлари ётдилар  совуқ ерга, худди дон каби
ва абадий ухлаб қолдилар.
Аммо кейин ўзгалар келиб  — заминни қоплаган,
шамлар ёқдилар,
уларни Хотирлаш кунида
баланд овозда оч қариялар очликдан энтикиб,
улар тинчланиши учун нутқи ирод қилдилар.
Ва улар тинчликни топдилар.
Материянинг парчаланиш шаклида.

Ҳеч қиси йўқ биз эсламаймиз.
Ҳеч қиси йўқ биз  унутмаймиз.
Чириган фанернинг қийшайган  девори ортида ётганларни
трамвай халқасидан тўрт километр узоқликда.


Аввал тубсизликка қулади стул,
Сўнгра — ағанади кароват беҳол,
Итариб юбордим мункиди стол.
Ортиқ истамасман яшашни бу ҳол.

«Она тили нутқи» дарслиги кейин,
Сочилди оилавий фотосуратлар.
Сўнгра тўрт девору печка чекди ун,
Фақат пальто билан мен қолдим мустар.

Алвидо азизам. Бу узугингиз
Кўринишингиз шарт модада тилсим.
Тупуришингиз-чун юзларига сиз,
Шу тахлит ўрнимни эгалласа ким.
1966.


Ўлим — бу скелет эмас қўрқинчли узун сочлари шудрингга чўмилган.
Ўлим — бу бир бутоқ, ҳаммамиз шу шохда жой олганмиз шан.
Бу дафн маросими эмас, қора камон эмас шубҳасиз гарчанд.
Ўлим — бу қарғанинг чағ-чағи, қора — қизил банк.
Ўлим — бу барча машиналар, қамоқхона ҳамда боғ.
Ўлим — бу барча эркаклар, бўйнига бўйинбоғ осилган бу чоғ.
Ўлим — бу ҳаммомдаги терилган шиша, черковларда, уйларда қатор.
Ўлим — бу ҳамма нарса, туганмас хунхор.

Ўлим — бу бизнинг кучимиз, меҳнатимиз, томчи теримиз.
Ўлим — бу бизнинг томирларимиз, руҳимиз ва жисм сиримиз.
Бизни энди тепаликка чиқармаслар, оловлар бор уйимизда йўлни бурмаслар.
Биз уларни кўрмаяпмиз — улар бизни энди кўрмаслар.
1962.


Келар афсус вақти муваққат.
Чироқларнинг ним нури билан,
Фикратларнинг зулматида қат
Устозларни танимаслик тан.

Ўрталиқда ҳаракат бино,
Ҳаёт, ҳаёт, таслим бўлишу,
Вақтинчалик ғалаба иншо,
Ошиқларга чақириқдир бу.

Ҳа, ҳаёт шу — юрак уни-да,
Сўз айтишу, айбнинг порлаши
Қайғули қовушиш тунида,
Сукунатнинг ёрқин чорлаши.

Хайрлашиш, яратиш доғи,
Ўжар неъмат ижодий овоз.
Зерикарли жуфтлик иттифоқи,
Ва ғалаба қилинган парвоз.

Дунё қандай чарх урар Раббим
Бизлар заиф сўзлашганда боз,
Хушланмаган манзар узра жим
Шамойилим нафаси дилроз.

Бул қорайган майсазорда зеб
Ораларкан камситгувчи вақт
Бас, фонийлик донин сидириб,
Ғолибликни қозонар асфалт.

Ҳамма нарса келар оз-оздан
Яшаб қолинг — яшанг ва яшанг.
Доирада айланингу шан
Телба ишқда тобланинг дилтанг.

Порланг доғу келган фурсатда,
Ғам чироғи тортса барчани;
Кифтингизни қоқиб зулматда,
Эзиб ташланг барча нарсани.


Мен уйғониб кетдим,  қўлларим-ку йўқ,
Шубҳали, аммоки бешта бармоқ бор.
Кўзларда доира чизар қорачўғ
Мен эса ухлабман бетийиқ такрор.

Мен уйғониб кетдим иккинчи бора,
Ҳаддан зиёд хавфли ухламоқ узоқ.
Раббим пичирлайди: кўзни юмгин-да,
Ухлай қол, мен яна ухлабман бу чоғ.

Мен уйғониб кетдим, оёқларим йўқ,
Кўксимга ёшларим оқади мил-мил;
Уйғондим гулчамбар тутганлар қуллуқ,
Кўзларимни юмдим о тағин бедил.

Мен уйғониб кетдим ва бўлдим ғойиб,
Бутунлай йўқ бўлдим — қайдаман ҳозир;
Мен кўкдан қарайман ўрнимга сойиб,
Унда нафсим ётар мўлтираб ғаюр.

Мен уйғониб кетдим, о, мен жаннатда,
Мен ила у ерда қалбим бор ёлғиз.
Булутлардан пастда боқдим ҳайратда,
У ёқда туганмас уруш бор эссиз.


Боқийликни ўлимдан сўрамасман асло йўқ,
Қўрқиб кетган тиланчи каби жовдирамасман, —
Мен ҳар кунда яшадим, ҳаётга қилиб қуллуқ
Қарадим келажакка орзу ҳамда ҳавасманд.

Қирғоқларда мен учун кенгликлар эди ҳадя,
Абадият нафаси, изғирин ҳамда шамол;
Деразадан булутлар ўтиб борар ҳар баҳя,
Сингиб умрим кўкида муваққат, енгил алҳол.

На куз, на ёзда асло ўлмагайман боякбар,
Қишнинг чойшаби о, боз поёндоз ёзганда ҳам;
Пучмоқларда ҳайтовур солганча пушти зафар,
Ўргимчак тўри каби ёяркан севги олам.

Эзилган тартанакдай ичимда алланарса,
Ғалати ғимирсилаб юриб ўтаркан бебахт;
Унимни чиқарганча, қўлим силкийман ҳарса,
Чўзилганча ўртада ҳорғин нафас олар вақт.

Ҳа. Вақт — ўз тақдиримиз, қисматда битилган ҳақ,
Баландроқ қичқирамиз афтодаҳолу ҳорғин;
Ҳа. Вақт-ла сўйлашамиз, гурунг сотганча чақ-чақ,
Лекин у сукунат-ла, жавоб беради толғин.

Ойнадан учиб ўтар ва оловдай липиллар,
Учиб ўтар саросар очкўз бир махлуқ каби;
Дарё-чи, шовуллайди, чорлаб кимдир шивиллар,
Оловли қўнғироғим — Петербургим сингари.

Етар, вақт мен ҳақимда, сўз айтмасин беҳуда,
Бебош шамол йиғласин мен йўқман о, ниҳоят.
Лекин яҳудий нуқси урган қабрим устида,
Ёш бир ҳаёт қичқирар кўрсатганча қатъият!
1961/2022


Монастр боғидан ўтди сирриқиб,
Бўшлиққа ёпишиб қолди сўнг беҳол,
Сувга тушди, ортга қайтди интиқиб,
Бесабр атрофга қаради не ҳол.
Ҳайҳот порлоқ бешта гумбаз устидан,
Қулаган дарахтлар тўнкасин кўрди;
Майсалар гилами ям-яшил чиндан,
Қуёш нурларини уларга бурди.
Жигарранг тароғи билан таралиб,
Монастр томлари сузилди сузук;
Нурафшон ёғдулар кўкдан яралиб,
Ўт-ўлан бошини кўтарди чўзиқ.
Ва девордан кўкка қаради ҳайрон,
Кимникига келган қизилсоч меҳмон.

У эса йўлларни орқага ташлаб,
Ҳасадин қўзитди қолган йўлларни;
Сувга қайтиб келди, боғларни ошаб,
Гумбазга тикилди ёқиб дилларни.
Шу куйи жим қолиб ўйлади бир пас,
Қайтиш тадоригин кўрмоқлик учун;
Ҳали эртамикан, қайтмоққа хуллас,
Кўкка кўтарилди о, тағин бутун.
Кўрди борлиқдаги ҳамма нарсани,
Тўлқинлар урилган шиддат қирғоқда;
Ҳайратга қолдириб бирдан барчани,
Қайтиш қандай бўлар ахир бу чоғда.
Тўлқинлар ўзини қирғоққа отди,
У парда тутдию зулматга ботди.


Мен яна сайилни қиламан қабул,
Ранго-ранг баргларни қайтишин қутлаб,
Ўрмончи сингари юрганча мақтул,
Сас-садо бераман атрофимга заб.

Шаффоф барг учади ярим уйқуда,
Эмандан то менинг эшигим қадар.
Ариқни беркаман мустар, осуда,
Ёмғир ўтлоқларга етади бадар.

Бурқсийди мўрининг устида тутун,
Қоронғу аралаш тонг уради барқ;
Октябрнинг маъюс нигоҳи бутун,
Нам туман ичида ғамга бўлар ғарқ.

Шошадиган жой йўқ, топганман қўним,
Бахтсизликда, юрак эркда хайрият.
Ҳавони ютасан, кузатасан жим,
Серрайиб боқади совуқ табиат.

5.10.1963. Комарово.


Сузиб борар эди туманда қалин,
Мен кема барида ўтирар эдим;
Кофе ичиб, роман варақлаб бетин,
Сокит айланарди ер шари лим-лим.

Кема сузиб борар, туман-чи, оппоқ,
Оқликка ўралган чор-атроф роҳи;
Гўё сутда сузар кемамиз бу чоғ,
Фақат қора шабдек мен ичган кофе.

Денгиз бепоёндир. Туман зич, сўхта,
Лангар ташлаб кема қўнар портга жим.
Агар кема бўлса бу қора нуқта,
Атроф самоватни оқартирган ким?!
1971/2022.

Рус тилидан Шерзод Комил Халил таржималари

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting