Чарльз БУКОВСКИ. Шеърлар

0
218

Шоир, ёзувчи ва журналист Ч. Буковски 1920-1994 йилларда Америкада яшаб ижод қилган. “Исқирт реализм” йўналишининг вакили. Икки юздан ортиқ ҳикоя, олтита роман ва ўттиздан ошиқ шеърий тўпламлар муаллифи.  

Охирги сигара  чекилган,

Паққос туширилган сўнгги бурда нон.

Бу сўзлар

Қайғунинг ўткир исин таратмасин десанг

Ўрчимчакни шаробда чўктир.

Яшамаяпман, демоқ этмас кифоя:

Ўз хокингнинг кулдонисан сен,

Нафасингнинг сўнгги ютуми.

Энг даҳшатлиси – тан олмоқдир

Унинг сени тарк этганини. 

***

КИМГА, КИМГА?

Кўряпсанми бу шеърларни?

Уларни ҳушёрлигимда ёздим.

Умуман олганда ёзиш учун

Ичишим шарт эмас мутлақо.

Ёза олгум майхўрликсиз ҳам –

Ҳарқалай, рафиқам шундай дер.

Даъво қилгум

Мутлақо ичмаслигимни

Ва ёзгум –

Кўряпсанми бу шеърларни?

Мен уларни ҳушёрликда ёздим.

Айт-чи, энди

Кимни тутар шароб хумори?

Билишимча, ўқувчини.  

***

УЙҒУНЛИК ТОВУШЛАРИ

Аскарлар қуролсиз машқ қилар

Мозорлар бўшаб қолар

Товуслар учар ёмғир орасидан

Даҳолар зина бўйлаб пастга тушар табассум ила

Емак ҳаммага етар, ижара ҳақига пул бор

Фурсат ҳам етарли

Қаримаслар хотинларимиз

Мен ҳам кексаймам

Олмос кўзли узук ялтирар дайдилар бармоғида

Гитлер саломлашар яҳудий билан

Бироқ ҳавода анқир куйган эт ҳиди

Мен олов туташган пардаман

Мен айландим сув оқимига

Мен стаканнинг кескир қирраси

Мен қонман

Митти қизил шиллиққуртман

Судралиб  ини томон кетаётган

Гулноз Мўминова таржималари

***

Юрагимда кўк қуш яшайди

учиб кетмоқ истар

лекин бунга йўл қўймайман

унга шу ерда қол, бошқалар

сени кўришини истамайман дейман.

Юрагимда кўк қуш яшайди

ташқарига чиққиси келар

аммо мен унинг устидан виски қуяман

тамаки тутунини пуркайман,

фоҳишалар ҳам, югурдаклар ҳам

ултрамарин ишқибозлари ҳам

ҳеч қачон била олишмайди

унинг ичимда эканини.

Юрагимда кўк қуш яшайди

лекин уни қўйиб юбормайман

шу ерда ўрнинг, ташқарида

тартибсизлик чиқаришни

истайсанми дейман

ишларим чаппасига кетишини?

Европадаги китобларим савдоси

касодга учрашини истайсанми?

Юрагимда кўк қуш яшайди

учиб кетмоқ истайди

мен шафқатсиз эмасман, баъзан

тунлари уни қўйиб юбораман

ҳамма уйқуга ётган паллада

мен унга қаерда бўлишингни

биламан дейман, ўзингни

қайғуга қўйма.

Сўнг яна ичимга жойлайман

бу ерда қўшиқ куйлар у

ҳархолда унинг ўлишига

йўл қўймайман.

Биз бирга ухлаймиз

сиримизни пинҳона тутиб

бу жудаям ёқимлики,

хатто сени йиғлашга

мажбур қилади.

Мен йиғлаяпман,

сен йиғлаяпсанми?

***

САМОЛАРГА РАВОНА БЎЛГАН ОТАМ

Отам ишбилармон одам эди,

у режаси билан бўлишди.

“Ўғлим, кўряпсанки” деди у,

“умр бўйи мана шу уй учун ишладим,

энди у меники.

Ўлганимда уни сенга қолдираман.

Сен ҳам бир умр ишлаб уй сотиб оласан,

ана шундай уйинг иккита бўлади,

уларни ўғлингга қолдирасан,

у ҳам умр бўйи ишлаб уй олади,

ўлганингда унинг уйи…”

“Тушунарли”, дедим мен.

Отам стакандан сув ичишга уринаётиб

ўлиб қолди. Мен уни кўмдим.

Катта жигарранг тобутга.

Дафн маросимидан сўнг

стадионга бордим, у ерда баланд бўйли

малласоч бир жононни учратдим.

Пойга тугагач, унинг уйига бордик,

тушлик қилдик ва кўнгил ёздик.

Орадан бир ой ўтиб отамнинг уйини сотдим.

Унинг машина ва мебелларини ҳам,

картиналарини пулладим, фақат биттасидан ташқари,

мева соладиган вазалар ҳам кетди

(иссиқ ёз кунлари унда компот турарди).

Отамнинг кучугини аллакимга бервордим.

Унинг дугонаси билан икки марта учрашдим,

лекин бир иш чиқмади,

воз кечдим ундан.

Бор пулимни ютқаздим ва совурдим.

Ҳозир эса Голливуддаги арзон бир уйда яшайман,

чиқинди ташийман кун бўйи

ижара ҳақини вақтида тўлаш учун.

Отам ишбилармон одам эди.

У сув ичаман деб тиқилиб ўлди

ва касалхона архивида из қолдириб кетди.

***

УЛАР ВА БИЗ

Улар айвоннинг нарёғида

турганча суҳбат қуришарди:

Хемингуэй, Фолкнер, Т.С. Элиот,

Эзма Паунд, Ҳамсун, Уолли Стивенс

Э.Э. Каммингс ва бошқалар.

“Менга қара” деди онам,

“уларга айтолмайсанми,

гап сотишни бас қилишсин”.

“Йўқ”, дедим мен.

“Улар гўнгқўнғиздек минғирлашади”, деди отам

“бунинг ўрнига бирор иш топишса бўларди”.

“Уларнинг касби бор”, дедим.

“Жаҳаннам каби” деди отам.

“Айнан” дедим мен.

Сўнг Фолкнер ичкарига кирди довдираб

жавондан виски излаб топди ва

кўтарганча ташқарига чиқиб кетди.

“Қўрқинчли одам” деди онам.

Сўнг ўрнидан туриб 

айвондан ташқарига қаради.

“Уларнинг ёнида бир аёл бор”

деди у, “лекин эркак кишига ўхшайди”.

“У Гертруда” дедим.

“Бошқа бир эркак эса

мушакларини ўйнатмоқда”

давом этди онам

“учовингни ҳам бир уринишда

йиқитаман деб даъво қиляпти”.

“У Эрни” дедим мен.

“Мана бу эса” отам менга ишора қилди

“ўшалардек бўлмоқчи!”

“Шу гап ростми?” сўради онам.

“Улардек эмас” дедим мен

“Лекин уларнинг қаторида”.

“Худо урган бир касб топдинг-да”

деди отам.

“Жим бўлинг” дедим.

“Нима?”

“Жим бўлинг дедим. Мен

уларни тинглаяпман”.

Отам рафиқасига қаради:

“У менинг ўғлим эмас!”

“Умид қиламан” дедим мен.

Фолкнер яна уй ичига кирди.

“Телефон қаерда?” сўради у.

“Нима жин урди?” деди отам.

“Эрни ҳозиргина пешонасидан

дарча очиб қўйди”, деди у.

“Уларга ўхшашнинг оқибати

қандай тугашини кўрдингми?”

жаҳл қилди отам.

Мен эса аста

ўрнимдан турдим ва

Биллга телефонни

топиш учун

ёрдам бердим.

***

АДАБИЙ РОМАНС

Мен уни ёзишмаларимиз ва журналлардаги шеърларини ўқиб танигандим,

у менга зўравонлик ва эҳтирос ҳақида беҳаё шеърлар юборарди.

Нимагадир ҳижолат тортдим ва машинамга ўтирганча Шимолга йўл олдим,

тоғлардан, водийлардан, йўллардан ўтдим,

ухламасдим, ичмасдим, ажрашгандим,

ишсиз эдим, ёшим ўтган, чарчагандим, ҳаммасидан ҳам кўпроқ

беш-ўн йил ухлашни истардим, ва ниҳоят мотел учради.

Серқуёш митти шаҳарчанинг иркит кўчаларида тўхтаб

бир жойга ўтирдим ва тамаки тутатдим,

ўйладим: сен чиндан ҳам аҳмоқсан.

Сўнгра яна йўлга чиқдим ва бир соат ўтиб

ўша қаламкаш аёл билан учрашдим, у чиндан қариб қолибди

ҳудди мен билан тенгдошдек, жозибали ҳам эмас,

менга жуда нордон олма узатди,

уни кемшик тишларим билан ғажидим;

аёл қандайдир бедаво дардга чалинган экан,

астмага дедими, хуллас шунга ўхшаш, у дедики:

“Сенга бир сирни очмоқчиман”. Мен айтдим:

“Биламан. Сен қиз боласан ва ёшинг 35 да”.

Аёл ён дафтарини чиқарди, у ерда ўн-ўн иккита шеър бор эди,

ҳаёт заҳматлари ҳақида, мен уларни ўқидим

ва бағрикенг бўлишга ҳаракат қилдим,

лекин улар жуда расво ёзилганди.

Уни ўзим билан олиб кетдим, қандайдир бокс жангига бордик,

у тутундан бўғилиб йўталди,

ва одамларни томоша қилишда давом этди,

кейин унга қўл узатган

жангчиларга назар ташлади.

“Сен сираям ҳаяжонланмадинг, тўғрими?” сўради у,

аммо ўша оқшом мен ҳаяжонда эдим.

Кейинроқ у билан уч-тўрт марта учрашдик,

унинг шеърларини таҳрир қилишга ёрдам бердим,

у эса менга лабини тутди чираниб.

Бироқ у билан хайрлашган чоғим

у ҳамон бокира эди

ва жудаям нўноқ шоира.

Ўйлашимча, аёл киши оёқларини

Ўттиз беш ёшгача ёпиб юрар экан,

демак, энди жуда кеч

на кимнидир севишга

ва на шоир бўлишга

Нодира Иброҳимова таржималари
 

***     

ОЛИСДАН МАКТУБ

у менга хат ёзган

Сенага яқин

аллақайси ҳужрадан

айтишича, рақс синфига қатнар эмиш эндидан

яна

тонглари 5 дан уйғониб

шеър ёзармиш

ё чизармиш мўйқалам билан,

гар келса йиғлагиси

дарё лабида

у учун алоҳида

бор эмиш ўриндиқ

Қўшиқлар деган китоби

чиқар эмиш кузда ҳарқалай

унга не дер эдим?

оғриқ тишларингни суғиргин дедим

ва яна француз жазманлардан бўлсин эҳтиёт

сўнг унинг суратини паррак ёнидаги

радиоприёмникка ёпиштирдим

у худди тирикдек

кетди ҳилпирай

қолган 5-6 сигарет тугамагунча

мен унга тикилдим

термилдим роса

сўнг турдиму

кетдим ётгани.

***

Дам олиш кунларин кўраман ёмон.

кўчани тўлдирар издиҳом

ким пинг-понг ўйнаган

ким майса текислар

ким  ярқиратган машинасин

ё йўл олар бозорга

ё соҳилга

ё боққа

ҳар ерда издиҳом.

энг яхши куним – душанба…

***

На куним

на ҳафтам

на ойим

на йилим

на ҳаётим ўзимники…

Жин урсин!

***

Ўзим дайди –
Яхшиман дайдилар билан.
Жирканчдир
Қонунлар,
ахлоқ, дин ва қоидалар
Хусусан,
Жамият шакл берган лой бўлмоқ.

Алишер Файзуллаев таржималари

***

ЎЛИМ МЕНИНГ СИГАРАМНИ ЧЕКЯПТИ

Биласизми, менинг яна бугун кайфим тароқ,
радиодан Чайковский
куйи янграяпти.
Ё худо,
буни тинглаганимга ҳам 47 йил бўлибди;
ҳў ўша ейишга нони йўқ ёзарман бўлиб
юрган пайтлар, энди, улар.
Мана, яна у…
Мен бугун довруғи кўкка етган ёзувчи бўлдим,
гарчи, ўлим
менинг сигарамни чекканча
винойимга кўз олайтириб
хонамда у ёқдан бу ёққа кезиб юрибди.
Чайк эса йироқда
ўзининг шавқ тўла мусиқаси билан банд.
Э, бу бир қисқа сайр бўлди-да!
Нимададир омадим келган бўлса,
демак, бу менинг ошиқни
тўғри ташлаганимдан:
ижодга оч эдим мен, унга сарф этилган
лаънати 5 дақиқа, 5 соат, 5 кунга оч эдим.
мен, бор-йўғи,
қоғозга сўз қадаб чиқишни севардим;
обрў, пул, ҳаммаси ҳеч.
Ёзишни севардим мен фақат.
Улар эса мендан
универмагда омборчи бўлишимни исташди.

Бўпти, дейди ўлим, қаршимдан ўтаркан,
сен ким бўлганингдан қатъий назар –
ёзувчими, таксистми,
қўшмачими, қассобми, парашутчими,
мен билан кетасан…

Яхши, миттивой, дейман унга.

Ҳозир у билан бирга ичиб ўтирибмиз.
Соат эса кечки бирдан
иккига томон силжияпти,
кетиш вақтини эса фақат у билади,
лекин фирибим иш берди:
беш лаънати дақиқани,
ҳатто, сал ошиғи билан ундуриб олдим.

***

ЭСДА ҚОЛГАН КУЛГУ

Бизнинг тилла балиқчаларимиз
кўча манзарасини тўсиб қўйган, оғир дераза пардаси ёнидаги столда,
аквариум ичида тинмай айланарди, айланарди.
Онам – ҳар дам кулиб юргувчи аёл,
бизнинг ҳам бахтиёр яшашимизни истаб, тинмай таъкидларди: хурсанд юр, Генри!
Ҳа, у ҳақ эди, агар қўлингда келса, бахтиёр яшашга нима етсин?
Бироқ отам, ғазаб отига минди дегунча, онам иккимизни
ҳафтасига икки ё уч марталаб дўппослашда давом этаверди.
Чунки бунақа пайтлар у эс-ҳушини йўқотиб қўярди.

Менинг онам, мунглиғ балиқчам,
ҳафтасига икки-уч бор тепки еса ҳам, мендан бахтиёр яшашни сўрайверарди:
кулсангчи, Генри! Нега ҳеч кулмайсан, қароғим?

Кейин менга ўргатиш учун унинг ўзи куларди ва
бу жилмайиш мен ҳаётда кўрган
энг аянчли жилмайиш ўлароқ ёдда қолди.

Бир сафар тилла балиқларнинг бешови ҳам ўлиб, сув юзига қалқиб чиқиб қолди.
Қоринлари тепага қараган, кўзлари эса ҳамон очиқ эди.
Отам уйга келгач, уларни ошхона полига ташлаб, мушукка едираркан
биз тикилиб қараб турардик,

онам эса жилмайиб қўйди.

Рафиқ Ўзтурк таржималари

***

Тибет тоғларига йўл ол

истасанг,

ором ол энг совуқ тепаликларда,

мовий бўшлиқларга узатиб оёқ.

Истасанг,

инжилни ёд ол биродар,

ё соқол ўстиргил тиззангача то.

Истасанг,

дунё кез қоғоз кемада,

«Эртангги янгилик»ларга обуна бўл,

оғзинг чап томонида чайнагил овқат.

Истасанг,

бир оёқли аёлга уйлан

ва унга совға қил бор ташвишингни.

Истасанг,

тишингни бензин билан юв,

кундузлари ухла,

сўнгра кечалар

тирмашгил шаҳарнинг дарахтларига.

Сармаст бўл ўлгудай,

тинмасдан ичгил

пивани вискийга аралаштириб.

Истасанг,

бошингни ҳовузга босиб

оёқ бармоғингда скрипка чал

ё бир партияга номзод бўлгину

итинг ўлимига чиқаргил ҳукм,

ертўлада яша

ё

бошингни ёр,

ёмғирлар ёққанда қўзиқорин эк.

Хат ёзгил,

ариза,

ҳар нарсани ёз,

фақат, шеър ёзма…

Раҳмат Бобожон таржимаси

***

ёлғиз қолишдан ҳам ёмон

нарсалар бор

бу ҳаётда

аммо одатда

бир умр кетади

тушуниб етишга буни

у вақтда эса

жуда кеч бўлади

ва бундан сўнг

янада ёмон

бошқа ҳеч нарса

юз бермайди

ҳаётда

***

Ван Гог қулоғини кесиб

бир

фоҳишага берди

фоҳиша

шафқатсизларча улоқтирди

қулоқни

кўчага жирканиб

Ван

фоҳишаларга

қулоқ

керакмас

улар фақат

пул исташади

ўйлашимча, шу сабабли

буюк бир

рассомсан сен

бошқа

ҳеч нарсани

тушунмаганингдан…

***

йўқ

ғолиб бўлолмаймиз, мумкин эмас

ғолиб бўлолмаслигимизга амин бўлдим

бир он учун ғолиб бўлдик деб ўйлагандик

аммо бор йўғи бир он учун

энди биламан, ғолиб бўлолмаймиз

ҳаракатсиз ўтирсак ҳам ғолиб бўлолмаймиз, югурсак ҳам

тўғри амаллар қилсак ҳам ғолиб бўлолмаймиз

хато қилсак ҳам барибир

бошқа биров ғалаба қозонади

шунинг учун

бошқа бири у ерда

биз эса бу ердамиз…

Алпасли таржималари

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting