КЎЗЛАРИНГНИ РАНГИ – КУЗ!

0
224

Бону Саримова (Эрматова) Шуҳрат қизи 2000 йил 4 апрелда Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида туғилган. Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари иштирокчиси. (2019)

ИККИ КАФТ ДУО

Биз келдик…

Биз кўрдик…

Биз кулдик…

Бунга ҳеч ким жонин тўшамайди-да.

Жон деса ортиғин тутгувчи одам –

Ота сизга ҳеч ким ўхшамайди-да!

Сиз мудом айтасиз устим бут дея,

Кўнглин бўлагидан нон тутган отам.

Йиқилсам, кўз ёшим оқмасин дея,

Кўзин чироқ қилиб йўл кутган отам.

Онамнинг бағридан ойдинроқ йўл йўқ,

Борар бўлсам унга меҳрим тўккани.

Эрка кўнгли билан ҳеч ерда жой йўқ,

Пойингиздан ўзга мен тиз чўккани.

Ҳамма – ҳаммасини бир четга суриб,

Бир тўйиб соғинсам, тўлиб соғинсам.

Менга умид қўлин тутади тунлар,

Тонгда эса қуёш бўлиб уйғонсам.

Мени асраб борар икки кафт дуо,

Сизни ёруғ бўлар илло юзингиз.

Сизларни суяди — она, дадажон,

Мана шу йи-ғ-лоқи қизингиз!

Мени асраб борар икки кафт дуо…

НИЯТ

Дадажон!

Кўзимда изиллаб боради,

Куз келмай тўкилган қорачиқ.

Кўз очсам гуллайди бутун тан,

Дард аччиқ.

Излари қолади бахтни юракда,

Бахтлими юраги борлар дадажон.

Оққушга айланиб қолишга дердим,

Жон – жон…

Вақт тортиб боради қўлимдан ушлаб,

Мен эмас доимо шошиб борар вақт.

Ўн тўққизнинг тонглари охир,

Кўзим очсам БАХТ!!!

Менга ҳавас қилар кўнгилдаги қуш,

Бир ғайир ёяди ичимдагини.

Руҳимни эркалар энди уйғоқ туш,

Фақат дард қолади изимдагина…

Фақат бахт қолади юзимдагина…

Чекиниб кетади оҳири вақт ҳам,

Менга қўйиб берар ҳаммасин бир он.

Жоним гуллаб кетар қуёшга боқсам,

ДА-А-А-А-ДАЖОН!!!

БОНУГА

Ўйлаганинг каби айланмади ер,

Ўйларинг ўйларга қоришиб кетди.

Сендан олдингилар йўлда йиқилиб

Сендан кейингилар мақсадга етди.

Чорасин топмадинг ҳеч қайси дардни,

Фақат ғолиб бўлди дил тўла ҳасрат.

Кўз ёшинг кўрмайди ўзга ўзингдан,

Пичирлаб айтасан Худога раҳмат.

Томчилар англатар ҳаётнинг қадрин,

Ҳар бир нафасингда онанг овози.

Чарчадинг руҳинг мудом аллалаб,

Гулламай ўтди-я, баҳоринг ёзинг.

Бир кун уйғонасан, сен ўзинг эмас,

Нур бўлиб оламга тараласан.

Шоиринг кўксида қайта туғилиб,

Шеър бўлиб яраласан!

КУЗ

Тўкилди туйғулар хув япроқ каби,
Олтинлар конига ғарқ бўлиб гўё.
Шунчалик нозикки ҳазонлар таби,
Дайди шамолларга боқмаслар қиё.

Эгилди дарахтнинг юввош гавдаси
Силкиниб қўяди турган ерида.
Бир зумда бошланса шамолнинг саси,
Тўполон бошланар кузнинг бағрида.

Хушқомат дарахтлар бугун бетартиб,
Мезон эшиклари очилган қия,
Кўлмак сувига ҳазон кетар бет артиб,
Фасли кузни этиб бўлмас тарбия.

Хазонлар тўкилмоқ шавқига моне,
Ёмғирли кузнинг ҳам туйғуси соҳир.
Шамолдек ҳислари шамолга тобе,
Деразага келиб урилар ёмғир.

МУҲАББАТ

Сен кетсанг, капалак сингари умрим,

Гул келиб ҳолимни сўрамайсанми?

Кўнглимдан дард сирқиб оқади сим — сим,

Оҳ ғунча, бағрингга ўрамайсанми?

Ҳадикда сочларим силайди шамол,

Шамолдан асрашга ярамайсанми?

Дунёмни ёритган эй ёруғ ҳилол,

Умримни бахтларга беламайсанми?

Лабим титроғида сирғалар исминг,

Сен-чи сукутларда тутқазмайсанми?

Келмасанг…

Ҳижронга бўламан таслим,

Мени бу савдода ютқазмайсанми?

Олис олисларга кетсам бош олиб,

Афсусдан кўнглингни тиғламайсанми?

Бир куни…

Соғиниб кўзга ёш олиб,

Ўксиниб — ўксиниб йиғламайсанми?

***

Ёмғирли кечада,

Кўнгил деразаси очилган қия.

Муздек соғинч хонага кириб,

Дилгинамни титратади – я…

Кўчада шивирлар  ёмғир,

Бир нигоҳ мунғайиб кутади.

Елкалар титрар,

Успирин хорғин,

Йўталиб ўтади… ўтади…

Ёмғирли кечада,

Йиғлоқи осмон.

Умидвор шамоллар учади…

Биламан, шу кеча бегумон,

У мендан кечади… кечади…

***

Мен куздан нолидим, куздан дарак йўқ,

Ёлғизлик ичимда азалий карахт.

Ёмғирлар истиғфор айтган бир дамда,

Мен учун дуолар ўқир бир дарахт…

Елкамни езғилаб қушлар,чўқиган

Охири тошлар ҳам ҳасратин айтди,

Фақат шу қисматга тескари қараб,

Елкалари қизил куз яна қайтди.

Осмон осойишта, ерлар сарғайган,

Кафтлари қизариб кетган тупроқнинг.

Ҳали тўкилмаган сўзларим фарқлаб,

Қоғоздан теради қора ва оқни…

Сенинг кўзларингни ранги – Куз!

Мен ёшлар тўкаман тонглари фарах…

Мен сиздан нолийман сиздан дарак йўқ,

Ич – ичимда ёниб сарғаяр ДАРАХТ!

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting