САККИЗОЁҚЛАР ВА ИБОДАТХОНА

0
343

(Ҳикоя)

Шундоққина соҳил ёнбошида жойлашган вагон-дўконча мана неча йилки, жойидан жилмайди. Жаноб Масаки хотини билан шу дўконда саккизоёқлар пишириб сотади. Айтишича, энг аввал бу ишни унинг отаси бошлаган. У пайтлар Масаки ёшбола эди, соҳил бўйлаб югуриб юрар, ҳеч нимани ўйламас, гоҳи чиғаноқлар терар, гоҳи денгиз тўлқинлари билан ўйнашар, чинакам беғубор дамлари эди. Кейин кейин бу шўхликлари ўз ўзидан йўқолди. Бу пайт мактабда ўқир, дарслар тугаши билан отаси ёнига шошиларди. Отаси Масакини пул топишга қизиқтирган, уни бир сиқим тангалар жаранги ўзига ром қилганди.

– Ахир, бу пулларга истаган нарсангни сотиб олишинг мумкин, – дерди отаси илжайганча тангаларни сиқимидан битта битта тўкаркан. – Қолгани бекор, пул фақат пул ҳал қилади. Пулинг бўлмаса ҳеч кимсан.

Эҳтимол, отаси бир пайтлар камбағаллигини баҳона қилиб ташлаб кетган онаси сабаб шундай бўлиб қолгандир. Қўли калталиги учун кийим тугул бирор егулик олиб беришга қурби етмаган пайтлари кўп бўлганини эслайди. Бунинг охири кўринмагач, онаси Масакини отасига ташлагану ўзи соҳилга ҳар куни келадиган кемаларнинг бирига ўтириб кетиб қолган. Бояқиш отаси шундан кейин анча пайт то уйини сотиб, ўтмиш хотираларидан кечмагунича ўзига келолмаган эмиш. Кейинроқ унда шу вагончани сотиб олиб, дўкон очиш фикри туғилган. Вагон ичи кенгу мўл, бир бурчида ухлаш, бошқасида сотувчиликни йўлга қўйиш мумкин. Хаёлига келган энг биринчи фикр саккизоёқлар бўлган, қовурилганида ўзига хос таъм ва ўткир ҳиди сабаб бир неча километрдан сезиш мумкин. Айниқса, денгизга яқинроқ жойга ўрнашиб олса, дўконча куну тун сайёҳлар билан гавжум бўлиши, йўқ деганда бирорта йўловчи бош суқиб ўтиши аниқ.   

Албатта, ўшанда асосий мақсади бойиб кетиш эди, бир дунё пул топиш орқали кўпдан кўп мақсадларига эришмоқчи бўлгандир. Лекин кейинроқ тобора мақсадларидан узоқлаб бораётганини сезмай ҳам қолган. Туну кун фақат саккизоёқлар ҳақида ўйлар, қари балиқчини қандай авраш, бир уюм саккизоёқларни қанчага баҳолаш ва сакизоёқларни қай тариқа пишириш кабилар қизиқтирарди, холос. Энг ёмони, Масакига – ҳали мактабни битирмаган ғўр болакайга – бу ишларни миридан сиригача эринмай ўргатарди.

Жаноб Масаки мактабни битирганида отасини ўрнини эгаллашга салкам тайёр бўлиб қолганди. Мактабда ўқиб юрган пайтлари бир муддат қатнаган созандалик курслари, тўртўқувчилик, кемачилик каби майда-чуйда қизиқишларини йиғиштирди. Ҳеч иккиланмай отасининг ишини қўлидан олди. Энди унинг ҳам орзуси бойиб кетиш эди. Отаси бу пайтда элликни уриб қўйган, вагончанинг бир четида ўтириб унга кўмаклашар, гоҳи саккизоёқларни кесиб, чўғга ташлар, гоҳи қоғозлардан варёнка ясаб узатарди. Энг муҳими, у ярим мақсадига эришган, энди энг катта орзусига кўмаклашадиган ўринбосари бор эди.

  Жаноб Масаки қўли қўлига тегмаган пайтлари сира эътибор бермас, дўкон олди бўшаб қолганида эса кўзи тушиб қоларди. Соҳилнинг нариги бурчагида, қоятошларнинг нақ устида омонатгина ибодатхона қад ростлаган, шом пайтлари турли рангларда ёнадиган чироқлари сабаб, одамларнинг қизиқишини орттирарди. Болалик пайтлари соҳилда ўйнаб юраркан, қоронғи туша бошлаганини шу томонга қараб биларди. Чунки ибодатхона чироқлари энг аввал ёнар, сўнгра кўкда ой кўринар, юлдузлар милт милт эта бошларди.

– Дада, ҳув томондаги нима? – илк бор сўраганида, отаси қисқагина, – ибодатхона, – деб қўяқолганди. Кейинроқ ибодатхонага одамлар покланиш мақсадида боришини, у ерда дунё истакларидан ҳоли роҳиб яшашини билиб олди. Қоятошлар устида ўрнашган ибодатхона уни тобора ўзига тортар, кўриб келишга иштиёқи ортиб борарди.

Айниқса, денгиз тўлқинлари ибодатхона жойлашган қоятошларга бош уриб бораётгандай туюлар, хаёлида денгиз гўё унинг асири бўлгандай кўринарди. Гоҳида эса денгиз хафа бўлгандай жимиб қолар, сокинлашар, жаҳли чиқиб ҳаддидан ошган пайтларида эса бебош тўлқинлар ҳар қанча юқорилашга уринмасин, ибодатхонагача етолмасди.

Кейин улғайди, у бу машғулотдан зерикди, денгизни кузатмай ҳам қўйди. Бироқ ибодатхона томон ҳар кўзи тушганида ўша эски иштиёқи аланга олмаса-да, сағал ловуллаб қўярди.

– Инсон қилаётган ишидан мамнун бўлиши керак, шунда чексиз муваффақиятларга эришади. Отасининг гаплари сабабми ҳар қачон ҳурсанд эканини кўрсатишга уринар, ҳаридорларни ҳам доим табассум билан қарши оларди.

Отаси каби ёши ўттизга етиб етмай, ҳар кема тўхтаганида нариги соҳилдан келадиган чексиз сайёҳлар ичидан ўзига қаллиқ танлади. У денгизни умрида кўрмаган, биринчи бор саёҳатга чиққан ва денгиз сабаб юртига қайтиб кетишни истамаган телба бир қиз эди. У денгизга термулганча соатлаб ўтирар, гоҳи тўлқинлар билан ўйнашар, қумликларда оёқяланг чопарди. У қорни очиққанини ҳам сезмасди гўё, у ўзини денгизга топшириб қўйгандай, денгизга ошиқ бўлгандай эди. У саккизоёқ сотаётган йигитчадан ҳам кўра, унинг ортида ўтирган отасига кўпроқ меҳр билан термулди. Балки, бир неча йиллар илгари пул ортидан қувиб кетган отасини эслатгани учундир ёки отаси каби меҳрибон инсонлар дунёда ҳали тугаб кетмаганига ўзини ишонтирмоқчи бўлгандир.

Отаси аввалига икки ёшнинг соҳил бўйлаб беармон сайрларига қўйиб берди. Гарчи ёқмаса-да, арзимаган истаклар учун пул сарфлашига ҳам индамади. Бу гўё балиқчининг катта балиқ умидида сардин ёки макрелни хўрак қилиб, қармоқ ташлашига ўхшарди. Ниҳоят ёшлар одатий сайрлардан зерикди, денгиз шовқинларига қулоқлари ўрганди, чағалайларнинг қий-чувига парво қилмай қўйишди. Ана ўшандан кейин ота иккисини ёнига чақирди, энди олдинда уларни турмуш аталган йўл кутаётгани тушунтирди. Бу пайтда ёшлар бир бирига анча ўрганиб қолганди. Улар учун энди бир-бирининг ёнида бўлиши муҳимроқ эди ва улар ҳеч бир сўз демай кўнишди.

Бироқ Масаки ҳануз орзусидан воз кечмаган, ҳар ҳар замон соҳил бўйида жойлашган ибодатхона томон қараб қўярди.

Кейинги йиллар ҳам улар учун одатий тус олди. Фарзанд қувончи, оталик бахти, оналик меҳри бари чўғга тушган саккизоёқлар каби кичрайиб борарди. Пул топиш, бойиш мақсади эса тобора каттариб бораётгандай, тутун кўзларига парда тортгандай эди. Йиллар… йиллар соҳилга югурган тўлқинлар каби бири келиб бири кетарди. Отаси бу пайтда анча қариб қолган вагонча ичкарисида набираси билан ўйнаб ўтирар, эри хотин эса қўли қўлига тегмай саккизоёқлар пишириб сотарди.

Жаноб Масаки фақат бир кунгина, отаси вафот этганида вагонча эшигини ёпишига тўғри келди. Бироқ отасининг мурдасини ювиб кафанлаётганларида ҳам саккизоёқлари ҳақида ўйларди. Эртаси куни яна одатий ишига киришаркан, гўё ҳеч нима ўзгармагандай эди. Энди унинг ўрнида ўғли соҳил бўйида югуриб чопар, гоҳи у ҳам ибодатхона томон қараб-қараб қўяр, эри хотин эса ўз ишида давом этарди.

– Дада, анави нима? – қайси кун ўғлининг саволига отаси каби, – ибодатхона, – деб қисқагина жавоб берди. У ҳам кейинроқ ибодатхона нима эканини, нима учун барпо бўлганини билиб олар, бироқ ҳозир у ҳам отаси каби мўмай пул топиб бойиш ҳақида ўйлаши керак. Пулга қизиқтиришнинг айни вақти.

Қачонлардир Жаноб Масакини барча истакларига етиштира оладиган маблағ йиғилади, ана ўшанда, бемалол ибодатхонага бориши мумкин бўлади. Унгача саккизоёқлар ўтда куйиб кетмаслиги ва ҳаридорлар кутиб қолмаслиги учун қўли қўлига тегмай пиширишда давом этиши керак.

Рахшона Аҳмедова   

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting