ДАСТХАТ

0
238

(Эссе)

Эндигина октябр ойининг тенг ярми ўтганига қарамасдан кун жуда совуқ. Тоғ томондан изғирин шамол эсиб турибди. Назаримда, қор ёққанга ўхшайди. Zаҳри бизгача етиб келиб турибди. Уйдан чиқар эканман, ўйланиб қоламан. Соябон олсаммикин ёки йўқ? Негалигини ўзим ҳам билмайману, лекин негадир соябонни доимо ортиқча матоҳ деб ўйлаганман. Айниқса ҳозирги ҳолатимда. Чунки, ёмғир шивалаб жуда майин ёғиб турибди. Бекат уйимга бир қадам. Бир пасда етиб оламан. Кейин, соябонни йиғиштириб қўяман. Автобус борадиган манзилимнинг шундоққина рўпарасида тўхтаб ўтади. Қарабсизки, соябонни очишга ҳам улгурмайман. Қайтишда яна шу аҳвол. Қолаверса, соябон остида ёмғирнинг асл тароватини ҳис қилиб бўлармиди?! 

  Келишилган қаҳвахонага, ҳар доимги ўзимиз ўтирадиган жойимиз — катта ойнавандли дераза ёнидаги икки кишилик столга келиб ўтирдим. Ортидан оппоқ рутубатли тутун қолдириб кетаётган асабий машиналар, соябонларини маҳкам тутиб олганларича аллақаерларга шошилаётган безовта одамлар, кунлар ўтгани сари баргларидан мосуво бўлаётган ҳорғин дарахтларни кузата бошлайман. Ҳаёт қайнайди. Ёмғир эса эзилиб ёғаверади. Ён атрофида содир бўлаётган воқеа — ходисаларга пинагини ҳам бузмасдан давом этаверади. Куз шамоли дарахтларни силкитади. Бирин — кетин тўкилаётган сарғиш — қизил барглар ёмғирдан ҳосил бўлган кўлмаклар, юзи ювилиб ялтиллаб турган асфальт йўлларга чиппа ёпишади. Пароканда ҳаёлларимни ён — атрофимдан йиғиштириб оламанда, офицант йигитни имлайман.

  — Илтимос, қаҳва! Американо. Ширинлик ҳар доимги мевалигидан олиб келинг! Шоколади керакмас!

Шу тобда офицант йигитчани яна кимдир чақиргани диққатимни тортади. Ўрта бўйли, тўладан келган, 35 -40 ёшлар оралиғидаги эркак йигитчага норози қиёфада нималарнидир уқтириб олдидаги қаҳвали финжонни суриб қўяди. Йигитча хўп маъносида бошини ирғаб финжонни чаққонгина оладида, жўнаб қолади. Эркак эса анчайингина оқ оралаб қолган сочини бармоқлари билан асабий тараганича, билагидаги соатига қараб қўяди. Беихтиёр кузатиб ўтирганимни сезиб қолди шекилли, тунд қиёфаси бир зимда тарқаб, менга жилмайиб бошини ирғаб қўйди. Мен ҳижолат тортиб шу заҳоти бошимни эгиб, телефонимга қараган бўламан. 

  Ваниҳоят, офицант йигитча қаҳвам ва ширинлигимни олиб келдию, шоша — пиша таниш эркак томон юрди. У қачонки, патнисдаги қаҳвани тутқазиб, ҳалиги эркак унга янада асабийроқ қиёфада тикилгандагина, мен қаҳвамни янглиш олиб келинганидан воқиф бўлдим. Американо ўрнига Копучино.

  Беш дақиқа ичида биз ҳеч қачон кўришмаган, умримда суҳбатлашмаган инсон билан ёнма — ён ўтирардик. У жилмайиб қўлидаги қоп — қора аччиқ қаҳвани мен томонга суриб қўйди.

  — Қўл ҳам теккизмадим.

  — Албатта, ахир Американо билан Копучинони фарқлаш учун таътиб кўриш шарт эмас, нигоҳ ташлашни ўзи кифоя.- жилмайдим мен ҳам, -Узр, боя беихтиёр кўзим тушди. Нега қаҳвангизни қайтардингиз?

  — Шакари кам экан!- пешонасини тириштирди у.- Яна етмаганига сизни қаҳвангизга алишиб қолганини қаранг!-яна юзи ёришиб жилмайди.- Қандай ичасиз бу заҳарни?

  — Қаҳвани шунчаки бир тетиклаштирувчи ичимлик сифатида ичадиганлар унга шакар, сут, қаймоқ каби кераксиз, қаҳвани асл таъмини бузадиган қўшимчаларни солиб ичишади.

  — Жуда ақилли гап бўлди!- истеҳзо билан кулди у, — Мободо, файласуф эмассизми?

Бу ҳазил аралаш айтилган сўз ва унинг юзидаги ним табассум ҳамда ортидаги масхараомуздек туюлаётган ифода туйқус жаҳлимни чиқарди.

  — Ҳа, топдингиз, файласуфман. Сиз туришингизга қараганда масхарабозга ўхшайсиз. Қаҳвангизни ичиб бўлдингиз шекилли? Кутаётган одамингиз ҳам келиб қолади, чамамда!?- сумкамдан китобимни олдимда варақлай бошладим.

У юзи ёришиб кулди.

  -Ҳавотирланманг, ҳеч кимни кутмаяпман. Вақтим эса бемалол! Қандай китоб экан?- китобга ишора қилди.

Қовоғимни солиб китобни кўрсатдим. Унинг юзи янада ёришди. Кўзлари қувнаб кетди. Юзига қизиллик югурди.

  — Кўринишидан қизиқ китобга ўхшайди. Нега «Мона Лиза табассуми»?

  — Китоб ҳикоялар тўплами. Ҳикоялардан бирининг номи билан аталган.

  — Муаллифи ким экан? Қани кўрсам бўладими?

Унинг севимли китобимга қизиқаётганини кўриб, яқиндагина сўзлари туфайли пайдо бўлган асабийлигим, гинам тарқайди. Ўзим ҳам ҳайрон бўламан. Жуда тортинчоқман. Одатда, атрофдаги бегона инсонлар билан келишиб, гаплашиб кетишим жуда қийин. Одамлар орасида доимо аурам ичидаман. Аммо, негадир бу инсон билан бемалол суҳбатлашиб турибмиз. Қизиқ!

У китобни эринмасдан варақлаб чиқди. Орқа муқовасидаги ёзувчи ҳақида берилган маълумотни қандайдир тушунарсиз, масхаралашми ёки бепарволик биланми ўқий бошлади.

  — Шерзод Ортиқов.-менга қараб тиржайди,- Тасодифни қаранг адаш эканмиз…1985 йил Марғилон шаҳрида туғилган…Эшитмаган эканман, бу ёзувчи ҳақида.

  -Мана эшитдингиз. Энди китобимни беринг! 

  — Шошилманг, еб қўймайман китобингизни. Келинг, шу китоб ҳақида гапирингчи. Жуда қизиқиб қолдим. Олиб ўқисаммикин деб турибман.

  -Албатта олиб ўқинг!- унинг бу сўзидан қувониб кетдим.- Агар билсангиз, мен бу китобдаги ҳикояларнинг 70%ини нашр этилмасидан олдин ўқиб бўлгандим. Қолган 30%ини кечадан ўқиб бошладим.

  -Йўғе, қандай қилиб? 

  -Муаллифнинг ижтимоий — ижодий саҳифасига икки йилдан буён аъзоман. Ҳикоялар жойланиб бориларди. Мен ўқийверардим.

  — Ашаддий мухлисаси экансизда муаллифни?

  — Ҳа, шундай деса ҳам бўлади. Аммо, мен шунчаки мухлиса эмас, ўзимга устоз деб биламан муаллифни.

Унинг юзига яна ўша асабимни эговлайдиган истеҳзоли кулги ёйилди.

  -Билингки, aнглаш, ўрганиш, билиш учун тирик устознинг этагидан тутиб, ортидан бир умр эргашиб, эркдан айрилиб юриш шарт эмас! Ана кутубхоналар китобга тўла. Китоблардан ўрганиш керак. Манфаатларсиз беминнат ўргатади. Маслаҳатим китоб ўқинг!

  -Албатта, китобдан яхши устоз бўлмайди. Аммо, ўша китобларни ҳам бир пайтлар қайсидир тирик ёзувчи ёзганку. Жуда кўплаб ижодкорларни ўзи билан бир замон ва маконда яшаган устози, ижодига меҳр қўйиб, ўқиб — ўрганган инсони бўлган. Бундай инсонлар кўпинча руҳий яқин, қарашлари, фикрлари ўхшаш инсонлар бўлишади. Хуллас, устознинг саҳифасидаги ёш ижодкорларга берган йўл — йўриқлари, айниқса бадиий танқидга мойилиги, ижоди менда меҳр уйғотди.

  — Бу китоб ҳақида нима дейсиз?-деди у қўлидаги китобни кўрсатар экан. — Ўқиб чиқсам кетган вақтимга ачинмайманми?

  -Бу китоб ҳикоялар тўплами. Ҳар бир ҳикоянинг ўз олами бор. Мен китобдан ўрин олган «Юрагимдаги қабрлар» ҳикоясини гарчи муаллифнинг энг яхши асари ҳисобламасамда, биринчи ўринда тилга олмоқчиман. Чунки, ҳудди шу ҳикояни қайсидир адабий сайтда ўқигач муаллифни қидириб бошлаганман. Илк бор ўқиганимда ўзгача бир руҳдаги ҳикоя бўлиб туюлганди. Бадиий бўёқларсиз реалистик руҳда ёзилишига қарамасдан, ўқиётганингизда қаҳрамонлар, ҳикоя муҳити, туғёнлар сизни ўз оламига тортиб кетади. Бир сўз билан айтганда, муаллиф ижодидан француз прозасининг ифори яққол уфуриб туради. «Қаҳва юқи» ҳикоясини эса мен муаллифнинг ташриф қоғози ҳисоблайман. Мазкур ҳикояни ўқиётганимда ўша серёмғир рутубатли кунда қаҳвахонада бош қаҳрамон эмас мен ўтирганман. Телефон ичига тушиб қолган ҳам мен бўламан. Ота — Онамга дийдорнинг заъфарон соғинчини раво кўриб азоб бераётган ҳам мен бўлиб чиқаман. Эҳҳей қанчалаб оғриқларим, дардларим бўй кўрсатмади дейсиз!

  -Сен ҳам ижодкормисан? Таърифларинг бошқача, ёки соҳанг адабиёт билан боғлиқми?

-Ажойиб, танишганимизга неча соат бўлдию, сенсирашингизни қаранг ҳуддики юз йиллик қадрдондай!

  -Менга шуниси маъқулроқ. Сизлаш узоқлаштиради. Самимийликни йўқотиб қўясан. Сен бошқа гап. Бемалол кўнглингни очишинг, яқин суҳбатдош бўла олишинг мумкин.

  -Фикрларимиз бир жойдан чиқаётганини қаранг. Қўққисдан сенсирашингиз «Пушаймонлар фасли»даги Бахтиёрни ёдимга солди. Биласизми, муаллиф бу ҳикоясида ўзининг табиатини бош қаҳрамон — рассом йигитга сингдирган деб ўйлайман. Тиксўз, қўрс, жанжалкаш мусаввир. Ҳаётда бу каби инсонларни кўпчилик ёқтиришмайди. Мен эса аксинча ўйлайман. Аслида, Бахтиёр яхши инсон. У ҳаётнинг бор азобларини тотган, инсоният дардлари, оғриқларини чуқур ҳис этган ҳақиқатга тик боқа олувчи софдил инсон. Ҳақиқатлар эса одамларга ҳеч қачон ёқмаган. Асл инсоний ҳислатларинг сабаб сени ёқтирмасалар қандай яхши.

У хо-холаб кулади. Қаҳвадан бўшаган финжонимга ишора қилади.

  — Аччиқ қаҳвани хуш кўрувчилар ҳаммадан ўзгача фикрловчи, аураси ниҳоятда мустаҳкам бўлган тундроқ, тўғрисини айтсам тушунарсиз инсонлар бўлади деб эшитгандим. Тўғри эшитганман шекилли.

  -Балки, аммо, боя айтганимдек, қаҳвага кераксиз унсурларни қўшиб истеъмол қиладиганлар, асл қаҳва таъмини, унинг фақатгина танага эмас, руҳга ато этувчи сурурини ҳеч қачон ҳис қилишолмайдилар. Сохта мазани сезадилар холос. Ҳуддики, «Қаҳрабо кўзлар, нозик бармоқлар» ҳикоясидаги истеъдодли ва мафтункор пианиночи аёлнинг ҳаёти каби. Китобдаги ҳикоялар ичида ҳудди шу xикоянинг финиши чин маънода «портлаган». Тасаввур этинг, югуриш мусобақасида энг олдинги маррада кетаётган абжир ва чаққон спортчини ғолиб деб турганингизда, охирги ҳал қилувчи сонияларда ярқ этадию, охирида келаётган, ҳеч кимни ҳаёлига ҳам келмаган иштирокчи финиш чизиғини биринчилардан бўлиб босиб ўтади. Ажойиб!

  -Гапларинга қараганда, тўплам фақат севги -муҳаббат, «ўлдим — куйдимлар»дан иборат эмасга ўхшайди? Айниқса, олди — қочди, сафсатабозликни ўзгинаси бўлган мотивациядан иборат бўлган асарларни жиним суймайди.

  — Ҳикояларда жуда кенг қамровли долзарб муаммолар — ижтимоий, инсоний оғриқларимиз, яширин ёки очиқ, барчамизнинг кўз ўнгимизда содир бўлаяпдию, кўз юмиб кетаётган дардларимиз очиқланади. Шу маънода, яна бир ҳикоя ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмасам бўлмайди. Бу ҳикояни ўқиганимда ҳудди жанг майдони катта шахмат тахтасию, икки баҳайбат махлуқ рақибликда доналарни сурмоқда. Тўғрироғи, уларнинг бармоқларига шахмат доналари бўлмиш ҳарбий жангларга масъул шахслар, отлиқлар, пиёдалар ип ёрдамида боғланиб ўйнатилаётгандек ҳисни туйдим. Гуёки, муаллиф ўша қирғинбарот машъум урушга боргану, бошдан оёқ жангга шайланиб, елкасига автоматини илиб олиб жангда қатнашган. Ёв чекинган пайтда эса окопда ноутбугини тиззасига қўйганича «Сталинград қарғиши»ни

ёзаверган. Жанг саҳналарини ўқийверганим сари Ремарк услуби ва реалистикасини ҳис этавераман. Назаримда, муаллиф ижодида Ремаркнинг ҳам таъсири бор. Чунки, иккиси ҳам руҳий яқин — реалист ижодкорлар. Менимча, асл сабаби ҳам шунда. Яна бир хулосам, олган энг катта дарсим десам ҳам бўлади, айнан шу ҳикоя туфайли мен адабиёт, адаб эмаслигини, ижодкор ҳаётда борини, ҳақиқатни, ҳаттоки, кўча одами бўлиб жаргон сўзларни, керак бўлганида одамлар уят деб ҳисоблайдиган(айниқса биз ўзбекларда шундай ҳисоблашади) ноодатий сўз ва таърифларни келтириши мумкин экан. Ахир асарнинг асл моҳияти бу эмас. Ҳаётни борича, тўлиғича очиб бериш, ҳикоя ғоясини ўқувчига рўйи — рост етказиб бериш деб ўйлайман.

  У кулимсиради. Китобни ёпиб олдига, стол устига қўйди.

  -Демак, тушунишимча, китоб бошдан- оёқ мукаммал ҳикоялардан иборат эканда?!

  — Мукаммаллик яратганга хос. Банда эканмиз мукаммал, айбсиз бўлолмаймиз. Энди сизга айтмоқчи бўлиб турган гапимни сўраб қолдингиз. Агар мен китобдаги илк ҳикояларни қаердадир муаллифсиз ўқисам, уланинг муаллифга тегишли эканлиги етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган бўлар эди. Бу ҳикоялар муаллифнинг ҳозирги мукаммал ижод намуналарига ўхшамайди. Нисбатан бўш ёзилган. Услуби ҳам ўзгача. Сабаби нима биласизми? Бу ҳикоялар анча йиллар олдин ёзилган. Мен ҳудди шу ҳолатдан ҳам улкан куч олдим. Демак, ижодкор ёзавергани сари камолотга эришиб бораверар экан. Демакки, тинмасдан меҳнат қилаверсам мен ҳам ўзим ҳавас қиладиган, улардек ёза олишимни ҳаёлимга ҳам келтира олмайдиган даҳо ижодкорлар сингари ёза олар эканман! Гарчи, китобдан ўрин олган ҳикояларнинг аксариятини олдиндан электрон кўринишда ўқиган бўлсамда, асл китобда қайтадан тартиб билан мутолаа қилганим менга янада кўпроқ тушунча, янги фикрлар ва энг асосийси, катта мактаб бўла олди.

  -Сенга қойилман! Устозим деб турибсан, аммо, танқидни ҳам ўринлатяпсан.

  -Булар танқид эмас, менинг ҳақиқатларим, қарашларим. Ёлғонни, сохта мақтовни кимга кераги бор? Хушомадни эса кўргани кўзим йўқ. Кўнглимда борини айтаман қўяман. Қолаверса, шахсиятга даҳл этмайдиган, ўринли адабий танқидни ҳақиқий ижодкор тўғри қабул қила олади.

У соатига қарайди. Самимий жилмайиб, китобни қўлимга тутқазади.

  -Боришим керак, кечикишни ёқтирмайман. Кел, хайрлашишдан олдин сенга бир маслаҳат берай. Кўпроқ китоб ўқигин. Изланишдан тўхтама. Ижодкорнинг қора меҳнатига чидасанг, ҳаракатдан чекинмасанг, истеъдодинг бўлса, ҳатто Толстойдек ҳам ёза олишинг мумкин. Айтганча, сен кимни кутаётгандинг?

  -Ўзимни!

  -Сизчи, қаерга шошиляпсиз? Ёлғизсиз?

  -Чўққига! Билиб қўй, фақат ёлғизликдагина ўзинг истаган чўққига эришишинг мумкин! Хайр! Омадингни берсин!

  — Хайр! 

У кетганидан кейин ҳам қаҳвахонада анча вақт қолиб кетаман. Китобни варақлайман. Ҳаёлларга бериламан. Ўрнимдан қўзғалмоқчи бўлиб, китобни ёпар чоғимда бош муқова ичидаги шарикли ручкада ёзилган сатрга кўзим тушади. Ҳайрон қоламан.

«Муаллифдан эсдалик учун!» /Ш.Ортиқов/

26/10/2022

Кумушбиби

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting