ШЎРЛИК РЕВОЛЬВЕРНИНГ ИЗТИРОБЛАРИ

0
282

(ЭССЕ)

Болалигимда овсар бўри ва эпчил қуённинг саргузаштларига бағишланган “Сеними, шошмай тур!” деб номланган кўп қисмли, машҳур мультфильм телеканалларда кўп айланарди. Ана ўша мультфильмнинг қайсидир қисмида кадр ортида рус қўшиқчиси Юрий Антоновнинг “денгиз, денгиз, бошпанасизлар олами” деб бошланадиган хониши янграр, кадрда эса овлоқдаги денгиз соҳили ва бир абгор ҳолдаги рамақижон мўйсафид намоён бўларди. Бир пасдан сўнг балиқ учун ташланган чолнинг қармоғига  ичига қўлёзма солиниб, ташқаридан маҳкам беркитилган шиша идиш илинар ва буни мурғак вужудим ўша кезлари бир мўъжизадек қабул қиларди.

Кейин болалигимга борибми ёки ростдан мўъжизаларга ишонибми, кўпинча мактабдан қайтгач, юқоридаги мультфильм таъсирида  уйимизнинг орқа тарафидан оқиб ўтган сой олдига шошардим. У ерда отам ясаб берган ва учига чувалчанг қадалган қўлбола қармоқни сой тубига ташлаб, кунни кеч қилардим. Сой четидаги ажриқлар устига узоқ вақт чўк тушганча тоқат қилиб, чурқ этмай ўтирсам-да, бахтга қарши унга ғайриоддий нарса тугул итбалиқ ҳам илинмасди. Буни хазм қила олмай энсам қотганча қармоқни қайта-қайта унинг тубига отар, чувалчангларни янгилар, омадим келар деб турган жойимни ўзгартирардим. Зерикиб кетсам-да сабр қилиб, ўлжа илинжида тишимни тишимга босиб, кутишда давом этардим. Бу болалик хотираларим ичидаги энг ажабтовури эди.

 Яқинда Қора денгизнинг кўп асрлик жозибаси ва тилларда достон бўлган маҳобатини кўриш шарафига муяссар бўлганимда ҳам турли туман хотираларим қатидан ушбу- бир қадар кулгули, бир қадар ачинарли хотира ажралиб чиқди-да, дам ўтмай вужудимни эгаллаб олди. Хиёл жилмайдим, ҳам кўнглим бузилди. Бошқа томондан яна ўша тўққиз яшар болакайга айланиб қолгим келди. Буни чунонам истадимки, ўзим қўнган меҳмонхонанинг сергап эшик оғасига илтимос қилиб қаердандир қармоқ буюртма қилдирдим. Уни қўлимга олгач, шаталоқ отиб соҳил томонга чопдим. Ҳансираб бориб, нафасимни ростлаб-ростламай уни денгизга ташладим.

Кўкдаги зич жойлашган тимқора булутлар сабаб ёмғир ёғиши эҳтимоли ортгани учун шекилли соҳил чўмилиш ва ҳордиқ чиқариш мақсадида тўпланадиган сон-саноқсиз, ярим яланғоч шинавандаларсиз ҳувиллаб ётарди. Денгиз ўтган кунлардан фарқли равишда нотинч, тўлқинлари гўё от каби пишқириб қирғоққа қаттиқ уриларди. Ташлаган қармоғимни у ҳар гал қирғоққа суриб юборар, мен эса қайсарлик қилиб уни бор кучим билан у томонга қайта отардим. Чамаси беш ёки олтинчи марта қармоқни суриб  юборганида, унга нимадир илингани диққатимни тортди. Чунки қармоқ оғирлашди. Оғирлашганини дарров қўлим ҳис қилди. Уни  авайлаб ўзим томонга тортдим. Ҳаяжонланганимдан бурун катакларим кенгайиб, каттароқ балиқ илинган бўлса у билан мақтаниб суратга тушишга ва уни ижтимоий тармоқдаги саҳифамга жойлаштиришга зоҳиран тараддуд кўра бошладим. Бироқ, илинган нарса балиқ эмасди. Бу кичкинагина, занг босган темир қутича эди. У маҳкам ва зичлаб беркитилган бўлиб, ўртасида қотиб, пўпанак босиб кетган денгиз ўтлари қуршовида алмисоқдан қолган қулф осилиб турарди. 

Қўлга киритилган ўлжам наздимда мўъжизанинг ўзгинаси эди. Айни лаҳзада ўзимни ўша мультфильмдаги балиқчи чолдан кам ҳайратланган сезмадим. Синчиклаб қаралганда ўрта асрларда бирорта зодагон ёки қароқчига тегишли бўлгани кўриниб турган қутини тезроқ очгим келди. Нафсим ҳакалак отиб, ичидан бирорта олтиндан ишланган буюм ёки тилла тангалар чиқса ажаб эмас, деган фикр тинчимни ўғирлади. Бошқа томондан уни соҳилнинг ўртасида очиш кўзимга хавфлидек туюлди. Бирорта маҳаллий кўзи ўйноқи турк ёки қизиқувчан ажнабий кўриб қолгудек бўлса, ўлжамга кўз олайтиришидан чўчидим. Шу сабаб уни қўлтиқлаб, пусганча соҳил четидаги қоялар томон юрдим. Уларнинг орасида хилват гўша бўлиб, у ерга баланд қояларнинг сояси тушиб турар, маҳаллий аҳолининг ҳам, сайёҳларнинг ҳам у томонга айтарли йўли тушмасди.

Амаллаб манзилга етгач, қулфни дуч келган тош бўлаги билан уриб очдим. Унинг ичига сув сизиб кирмагани мени қойил қолдирган бўлса, ўзим кутган хазина ўрнига бир четида ётган револьвер хафсаламни пир қилди. У тахминан ўн саккиз-ўн тўққизинчи асрларда ишланган бўлиб, ранги ўчган, стволи уринган, темирдан ишланган қўндоғи занглаб кетганди. Хафсалам пир бўлса-да, уни яхши пулга аукционда сотишим, бирорта пули кўплигидан томи кетган аҳмоқ унга анчагина маблағ сарфлаши мумкинлиги бирдан кайфиятимни кўтариб юборди. Шу сабаб унга шоша-пиша қўл чўздим. Аммо қўл теккизишим билан гўё ток ургандек бўлди-да, кўзларимдан ўт чақнаб ортга тисарилдим. Унинг қўндоғида худди инсон юрагига ўхшаш нимадир ураётгандек дук-дук қиларди.

-Бир кун келиб дардимни эшитадиган инсон боласини учратишимга ишонардим,- деди шу пайт қандайдир ингичка овоз теварак-атрофни тутиб.

Мен тўрт томонимга алангладим. Ҳеч ким йўқ. Алаҳсирамаяпманми ишқилиб, деб ўзимни чимчилаб кўрдим. Эс-ҳушим жойида эди.

-Эй одам боласи,- деди бояги овоз яна ҳайратимга ҳайрат қўшиб.- Нега қўрқув ичидасан? Гапирадиган револьвер отиладиганидан хавфсизроқ-ку!

Овоз қутидан келар, револьвер баайни одамдек сўзларди. Ногаҳон у жойини ўзгартириб бурилди-да, худди одамга ўхшаб керишди ва бир уриниш билан қутидан сакраб ташқарига чиқди.

-Икки асрдан ошиқ давом этган сукунат бузилди,- деди кўзларим ола-кула бўлиб уни кузатаётганимга аҳамият бермай пинагини ҳам бузмасдан.-Сарвари оламга хамду-санолар бўлсин!

У қоя устида худди одамдек бир-икки у ёқдан бу ёққа бориб келди. Орада денгиз томонга тикилиб, одамлардек бош қисмини қимирлатиб қўйди.

-Бўйнимдаги шармисорликни икки асрдан бери кўтариб юрибман,- давом этди қутининг четига суянаркан энди бўғиқ овозда.

Мен шилқ этиб чўккалаб қолдим. Қўлларим шалвираб икки ёнимга тушди. У менга парво қилмас, олисларга тикилгандек денгизнинг сарҳадсиз кенгликларидан кўз узмасди.

-Аввалига ҳаммаси жойида эди. Герхард ота( у каминани ясаган уста) мени ясаб бўлгач, ташқи кўринишимга ишлов берди ва чиройли қилиб безатди. Артиб ва тозалаб, давлат хизматидаги бир олифта зобитга тутқазди. Зобит билан бошдан кечирмаган саргузаштларим қолмади ҳисоб. Қанчадан қанча тутқич бермас давлат жиноятчиларини, пихини ёрган қароқчиларни, ватанини сотган хоинларни, тадбирли жосусларни, кўзи қонга тўлган инқилобчиларни Тангри таолонинг ҳузурига жўнатдим. Зобит мени ўқласа ва нишонни тўғри олса кифоя эди. Пақ этиб отилардим ва мўлжалга олинган инсонни жонини олар, камдан кам ҳолларда ярадор қилардим.

Тез орада зобит ҳам, мен ҳам машҳур бўлиб кетдик. Зобит билан биргаликда мақтов ва олқишларга сазовор бўлдим. Зобитдан ҳам кўра менинг омадим келгандек эди гўё. Бошимга бахт қуши қўнганини, энг яхши мерганнинг қўлида эканимни ҳис қилар, у билан янгидан янги саргузаштлар қаърига киприк қоқмай отилардим. Атрофдагилар ҳам кўпинча мени кўргиси келар, қўлларига олиб у ер-бу еримни кўздан кечиргач, ҳавас кўзлари билан зобитга қайтариб беришар ва унинг елкасига “офарин” дегандек қоқиб қўйишарди. Зобит мансуб бўлган армияда ҳам биринчи рақамли револьвер эдим. Бошқа револьверлар турли гурунглар ва давраларда менчалик кўп тилга олинмас, шаҳарда шаънимга тинмай қадаҳлар кўтарилар, эртакнамо саргузаштларим тилдан тилга кўчар, очиғи, бундай машҳурлик мен каби оддий револьверни бир қадар кибрли ҳам қилиб қўйганди.

Зобит ҳукумат хавсизлиги учун бўлган жангларнинг бирида бошидан яраланиб, омонатини Яратган эгамга топширгач, бир такасалтанг аслзоданинг қўлига тушдим. У ниҳоятда бой-бадавлат бўлиб, мени тун-у кун қизил қайрағочдан ясалган нақшинкор ёзув столининг бежирим тортмасида сақларди. Унга камдан кам керак бўлар, лозим топилгандагина қора фракининг ён чўнтагидан жой олардим. Асосан оқшом пайти кўча бўйлаб сайрга чиққанида ёки тўрва халтасини ортмоқлаб узоқ шаҳарларга борганида унга ҳамроҳлик қилардим. Аслзодалар даврасида ўтирганида ҳам, ҳатто маскардларда ҳам унга бир-икки ҳамроҳлик қилган пайтим бўлган.Унинг каретасида отларнинг дупур-дупурини эшитиб кетиш менга завқ бағишлар, бошқа шаҳарлар ва одамларни кўриш эса бу завқ ҳиссини икки баробарга оширарди. Лекин у билан қонни қиздирадиган, ҳаёт ё мамотни ваъда қиладиган саргузаштларни деярли бошдан кечирмасдим. Шунгами дейман у билан бениҳоя зерикардим. Унинг ихтиёрида бўлган кунимдан то қазосигача атиги икки марта менга эҳтиёж сезгани, шунда ҳам дуэлда иккита гўрсўхтани бошини еганимни айтишим мумкин.

Афсуски, у кекса, бунинг устига қарзлари кўп одам эди. Куни битиб қазо қилгач, унинг буюмлари кимошди савдосига қўйилди. Улар қатори мен ҳам. Каминани  у ердан бир камгап заргар сотиб олди. Бу инсон чинакамига ўз ишининг устаси бўлиб, тилладан турли ўлчам ва кўринишдаги  узук ҳамда билагузуклар, аёллар тақинчоқларининг хилма хил турларини ясарди. У кўчада менсиз юришдан қўрқарди. Чамаси унинг душманлари кўп бўлиб, шунга кўча-кўйда муттасил хавфсираб, Рим императори Август каби зирҳли кийимда, қўлини чўнтагига солганча мендан олмай, кўзлари юрган йўлида олма-кесак териб юрарди. Ҳатто баъзи ҳолларда мени ёстиғи остига қўйиб уйқуга кетар, уйғонганида ҳам биринчи бўлиб менга қўл югуртирарди. У айтарли даражада зўр мерган эмасди. Шунгадир балки уйига ўғри тушганида у мендан яхши фойдалана олмагани натижасида қоқ юрагидан ўқ еб, ҳаёт билан видолашди. Ўғрилар тилла буюмларга қўшиб, мени ҳам ўзлари билан ола кетишди ва бир кўзи ўйноқи баққолга пуллаб юборишди.

Мен йилдан йилга эскириб бораётганимни, янгидан янги револьверлар ишлаб чиқарилиб, ўрнимга даъво қилаётганини теран англаб яшардим. Нархим қимматлиги учун эмас, эскирганим боис баққолнинг дўконида деярли қўл теккизилмай ётар, бундан ичим ёнар, баъзида бир хиллик қобиғида ўзимни қўярга жой топа олмай қолардим. Қанчадан қанча давлат жиноятчилари ва хоинларни, қароқчилар ва жосусларни, ўғри ва ўзига бино қўйган аслзодаларни нариги дунёга жўнатган мендек донгдор револьверга энди иш топилмас, рости, бундан андак таажубланардим ҳам.

Ниҳоят, бир куни баққолнинг дўконидан қутулишнинг иложиси бўлди. Кўринишидан жуда нимжон, ўрта бўй, бошига упа сепилган парик кийган, табиатан йиғлоғи  ва сентиментал инсонларга хос бўлган феъл- атвор соҳиби бўлган, ғирт бўшашган бир йигит мени арзонга  сотиб олди.

-Револьверни нима қиласан, Вертер?- деди баққол у узатган пулларни хушнуд ҳолда санаб оларкан.

-У дардимни олади,- деди йигит кетаётиб томдан тараша тушгандек.

-Йигит дардини вино билан жононлар олишмайдими?- деди баққол унинг ортидан тиржайиб қараб қоларкан.

У билан сайру саёҳатга чиқаман деб ўйладим бошида. Кўз олдимда кенгликлар, тоғ ва адирлар, кўллар манзараси гавдаланди. Баайни дилижанс ғилдирагининг тақир-туқури қулоғим остида чалинди. Натижада анча-мунча энтикдим. Йигитни муҳим топшириқларни бажарадиган касб эгаси ёки жилла қурса махсус почта идораси ходими деб тахмин қилдим. Лекин унинг кулбасига келгач, тарвузим қўлтиғимдан тушди. У шоиртабиат ва девонасифат бир инсон эди. Темир каравотига беҳол чўкиб, қўллари билан юзини яширганча кутилмаганда пиқиллаб йиғлаб юборганини кўриб, мутлақо янглиш фаразга борганимни англадим.

Биринчи кеча у мени ёстиғи остига яшириб қўйди. Бўкиб, оёқда туролмайдиган даражада маст бўлиб ароқ ичди. Оқ қоғозга шеърга ўхшаш нималарнидир қоралади шекилли, ёзиқларни овозини кўтариб ўқиди. Ўрнидан туриб, Дон Кихот сингари кўзга кўринмас ким биландир баланд овозда баҳслашди ва қўлларини пахса қилиб урушди. Тонг отгач , мени чўнтагига яширди-да, шаҳарнинг бошқа чеккаси сари йўл олди. Йўл бўйи немисларда кўп учрайдиган бир қизнинг исмини Инжилнинг пурмаъно оятларидек такрорлаб кетди. Бир уйнинг деразаси яқинига келгач, илкис тўхтади. Иккиланиб ичкарилади. Унга уй бекаси пешвоз чиқди. Аёл ёш ва келишган, ёшига номутаносиб равишда оғир ва вазмин эди. Унинг қаршисида йигит пича сукут сақлаб ўтирди. Назаримда сўзамоллигини йўқотди. Кейин шартта туриб, лом-мим демай уйдан чиқиб кетди. Кечқурун ўз кулбасида яна дув-дув ёш тўкди.

-Лотхен азизам,- деди шойи дастрўмоли билан салқиган кўзларини артиб дераза орқали кўчага назар соларкан.- Сени севаман, севаман, жонимдан ортиқ кўраман. Аммо ўртамизда Альберт бор.

Ўрнидан туриб менга қўлини чўзди-да, дераза томонга яқинлашди.

-Альберт ё сен, ё мен ўлишим керак,- деди нишонга олиш учун қўллари қалтираб мени кўча томонга тўғриларкан.- Афсуски, Лотхенга сен кераксан. Демак бу ерда ортиқча ва ўлиши керак бўлган ягона инсон менман.

У шундай деб бир пайт мени чаккасига тиради ва кўз очиб юмгунча анчадан бери қўл тегмаган тепкимни босди. Орадан ҳеч қанча ўтмай унинг қонга беланган жасади ёнида, тана қисмимга сачраган қон изларидан кайфиятим тушиб, кутилмаган зарбадан сира ўзимга келолмай, инсон боласи биринчи марта менга бундай шармисорликни раво кўрганига азбаройи кўника олмай, юзим қизариб ётардим. Бировнинг хотинини севиб қолиб, ишқ азобларига бардош беролмай арши аълога кетишни ихтиёр қилган инсоннинг умрига зомин бўлганим кўп йиллик фаолиятим давомида илгари учрамаганди. Йиллар давомида мисқоллаб йиққан обрўйим ва гард юқмаган шаънимга бу шунчалик шармандалик олиб келардики, бошқа донгдор револьверларнинг қулоғига етгудек бўлса, улар донг қотиб кулишлари тайин эди.

Эл оғзига элак тутиб бўлмайди деганлари бор гап экан. Бу воқеа кўп ўтмай бутун мамлакатга тарқалди. Бунинг оқибатида обрўйим тўкилди, шаънимга тош отмаган нусхалар қолмади. Тенгқурларим ҳам, кеча тухумни ёриб чиққан револьверлар ҳам бири олиб, бири қўйиб устимдан кулишди. Уларнинг мазахлари ва гап-сўзлари ҳосиласи ўлароқ депрессияга тушиб қолдим. Бу ерда ягона нажот йўли узлатга чекиниш эди. Қолаверса, ҳеч кимга керагим ҳам бўлмай қолган, кундан кунга одам боласини замонавий револьверларга эҳтиёжи ортиб борарди…

Револьвернинг ҳикоясини тингларканман, кўз олдимдан Гётенинг машҳур асари ўтди. Ҳажми катта бўлмаган, ўлгудек сентиментал роман. Асар бош қаҳрамони Вертернинг йиғлоғи табиати асарни мутолаа қилишим мобайнида кўп бора асабимга теккани ва бир неча бор ўзбек халқ оғзаки ижодида ҳам учрамайдиган сўзлар билан сўкинишга мажбур бўлганим хотирамда жонланди.

-Бу ҳаётдан чарчадим,- деди револьер баногоҳ.-Шармисорликни кўтариб юришдан ҳам.

Бу сафар уни ҳеч иккиланмай, дадил қўлимга олдим. У худди одамдек тикиларди.

-Эрлик аёлларни севиб қоладиган сўтак Вертерлар туғилавераркан, то қиёматгача револьверларнинг шармисорлиги давом этаверади,- деди у синиқ овозда.

-Нафақат револьверларнинг,- дедим унга жавобан.-Арқонлар, баланд кўприклар панжаралари, осмонўпар бинолар томлари, бир зумда ёнадиган автомашиналарга қуйиладиган ёқилғиларнинг ҳам.

Унга ҳамдардлик билдиргандек қўндоғига кафтимни оҳиста босдим.

-Энди мени қайтариб қутига солмай, шунчаки денгизга улоқтир,-деди у ялингандек.

Дастлаб бу ишга қўлим бормади. Вақт ўтиб унинг илтижоли боқиб турган ҳолатидаги ўтинчни тушундим. Кўп яшаса инсон боласига тириклик оғирлик қилиб қолади-ю, револьверга нима бўпти. Унга ачина-ачина кучимни ўнг билагимга тўпладим-да, бир ҳаракат билан уни денгиз томонга улоқтирдим. Бир оздан сўнг сувнинг шалоплаши эшитилди ва у кўздан ғойиб бўлди. Ўша куни тонггача мижжа қоқмадим. Кўзимга уйқу келмади.

Эртасига меҳмонхонага яқин ердаги жамоат кутубхонасига кириб, кутубхоначи аёлдан Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” асарини сўрадим. У асарнинг туркча вариантини қўлимга тутқазди. Китоб муқовасини диққат билан кўздан кечирдим, ичини обдон варақладим. Туркчани яхши билмасам-да, ҳижжалаб ўқишга уриндим. Асар сюжети яна ёдимга тушганди, рости, бу сафар ҳам худди олдингидек Вертерга ачинмадим. Аксинча, асабим таранглашди, ғашим келди ва туриб-туриб эндиликда денгиздан мангу бошпана топган бахтсиз револьверга ачиндим. Денгиз тубидан абадий жой олишдан олдин айтган унинг сўнгги сўзларида, дарҳақиқат, жон бор эди. Бу фоний дунёда эрлик аёл ишқида ёниб ва куйиб, кейин ишқ азобига бардоши етмай ўз жонига қасд қиладиган Вертерлар туғилавераркан, фақатгина инсониятнинг буйруғини бажарадиган револьверларга қисмат шармисорликни тақдим этаверади. 

2022 йил, октябрь

Шерзод Ортиқов

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting