(ЭССЕ)

Сўнгги кунларда менга нима бўлаётганини ҳеч тушунолмаяпман. Нуқул ўлиб кетган шоир ва ёзувчилар билан боғлиқ бир-биридан ғайритабиий ва энсани қотирадиган тушлар ҳар куни субҳидамгача мени таъқиб қиляпти. Бундай тушлар сабаби ва моҳияти, боз устига таъбирига ўз вақтида  жиним суймаган Фрейднинг китобларида ҳам дуч келмагандим. Оврўпонинг ёқимтойи бўлган яҳудийнинг психоаналатик таҳлилидан кўнглим анча илгари қолган бўлишига қарамай  эндиликда уни қайта синчиклаб ўргансам-да, ўзим тушиб қолган лабиринт қурғурнинг чиқиш эшигини топиш имкони бўлмаяпти. 

Бу тушларнинг ўзига хослиги дебочасидан бошланади. Кўзимни юмишим билан кўз олдимда худди ўзим яшаётган ҳаёт саҳнаси қисқа вақтга намоён бўлиб, бир пасда гоҳ олис, гоҳ яқин ўтмиш билан уйғунлашиб кетади.Мана масалан кеча ёстиққа бош қўйишим билан Жеймс Жойс каминани йўқлаб келди. У билан бир финжон қора чой устида бир кунлик воқеаларни ўз ичига олган зерикарли романи хусусида роса тортишдим. Учига чиққан атеист бўлган мусаввир йигитнинг ёшликдаги шамойили ҳақидаги қиссаси учун уни хийла танқид қилдим. Ундан олдинги куни эса узилиб кетган қўл ва оёқлар, қонга беланган бош чаноқларини кўтариб келиб, тушимда Ремарк роса қўрқитганди. Бунинг оқибатида ярим кечаси дод солиб уйғониб кетган, шу бўйи бомдодгача  кўзим илинмай кун давомида уйқусираб юргандим.

Барчасидан бугунгиси ўтиб тушди. Тушимга кимсан Вислава Шимборская кирди( ёлғон гапираётган бўлсам тил тортмай ўлай). Мен Лев Толстой ёки Уильям Фолкнер, жуда бўлмаса Херман Хессе тушимга киргудек бўлишса, буни тўғри қабул қилган бўлар, бунга ажабланиб ёки ўзимни сўроққа тутиб ўтирмасдим. Боиси уларнинг гўзал ижоди ва ўлмас асарлари хусусида ўй сурмаган куним йўқ. Деярли юрган йўлимда ҳам, ўтирган еримда ҳам хаёлим уларга қараб кетаверади.

Вислава Шимборская ҳақида эса…  Ўлай агар бу поляк аёли ҳақида  туғилганимдан бери дўппини бошдан қўйиб икки маротаба  ўйлаган бўлсам. Ўттиз ёшимгача уни деярли танимаган( ҳатто суратини кўрмагандим), энг қизиғи, икки йил олдин ҳам назокатли, лекин ўларча одамови кампиршо ҳақида ҳеч балони билмасдим. Шу кунгача фақат бир марта у билан астойдил қизиқиб кўрган, таржимаий ҳоли ва ижодини хафсала қилиб ўрганган, эрмак учун , балки тажриба бўлар деб битта насрий шеърини  ўзбек тилига ўгиргандим. У ҳақида билганим- поэзияга хос бўлган кўтаринкиликдан  холи,  ноодатий услубдаги шеърлари адабий жамоатчиликда эътироф этилгани ва ўз пайтида Нобель мукофоти лауреати бўлгани эди. Бошқа поляк шоирлари Адам Мицкевич ёки Халина Посвятовская ҳақидаги бисотимдаги маълумотларимни уники билан солиштирадиган бўлсам, бу тоифа менгзаш учун денгиз билан кўлмак жуда мос тушган бўларди. 

Бўлар иш бўлди. Энди буёғини оқизмай-томизмай айта қолай. Тушимдаги саҳнада аввалига чоғроққина меҳмонхона гавдаланди. Унинг одатда чўнтаги бақувват бўлмаган, йил-ўн икки ой маошини кутиб яшайдиган ўртаҳол кишилар банд қиладиган одмигина хоналаридан биридаги  кўзгу қаршисига келиб, қўлимдаги бир уюм қоғозларни ҳавода ўйнатганча ўзгача оҳанг ва семиртирилган пафос билан билан( Худди Ленин ёки Гитлерга ўҳшаб) нутқ ирод қилаётган эканман. Сочларим силлиқ таралган, кимёвий суюқлик суртилгани учун ялт-юлт қилар, эгнимда оҳори тўкилмаган қора костьюм ва шим, бўйнимдаги ихчамгина капалакли бўйинбоғ кулранг кўйлагимга жуда ярашган, ўнг қўлимда имиллаб тутаётган сигаретни трюмо устидаги кулдонга орада бостириб-бостириб қўйиб,  четида турган финжондаги қаҳвадан ҳўплаб қўярканман.

-Вислава Шимборская даҳо ижодкор эди. Унинг шеърлари бошқача услубда- мен, сиз ва бошқалар кўникмаган услубда ёзилган. Шунинг учун бўлса керак дастлабки шеърий тўпламлари- “ Тирикмиз шу сабаб”,  “Ўзимга бериладиган саволлар” ва “ Кифоя” китоблари нафақат Польшада, балки шеърий китоблар одатда икки минг нусхадан кўп ададда чоп этилмайдиган АҚШда , савияли ўқувчи ва танқидчиларга эга бўлган Германия ҳамда Швеция да бир неча ўн минг нусхада чоп этилган….

Шунда кимдир хонага ичкарилаганини сездим. Эшик томонга ўгирилдим. Остонада сочлари оқ аралаш сариқ, думалоқ кўзлари ичига ботган, юзи озғин ва ажинларга тўла, кўринишидан вазмин ва ҳокисор, менга таниш букинистлар марказидаги  ноёб китоблар сотадиган рус кампирларидек содда, лекин дид билан кийиниб олган кекса аёл  жилмайиб турарди. Уни биттада танидим ва лабларим беихтиёр секин-аста пичирлади: Ахир бу Вислава Шимборскаянинг худди ўзи-ку!

-Алифбодаги ҳарфларга маъруза ўқиш учун тайёргарлик кўряпсанми, болам?- деди у дераза олдидаги креслога ҳорғин чўкаркан.

-Бу нима деганингиз Вислава хола?- дедим бир томондан машҳур шоиранинг тиригини кўрганим учун шекилли ҳаяжонимни босолмай, бошқа томондан эса ҳеч нимага тушунолмай.- Маъруза ўқишга тайёргарлик кўраётганим рост. Лекин, одамларга. Алифбодаги ҳарфларга эмас. Бир соатдан сўнг ушбу меҳмонхонанинг  конференциялар залида сизнинг ижодий меросингизга бағишланган адабий кеча бўлиб ўтади.

-Бундан хабарим бор,- давом этди у  кеч куз бўлгани туфайли кўчада ҳарорат тушиб кетган ва хонанинг ичи ҳам камин боягина ёнишга тушгани учун илиқроқ бўлмагани учун  жунжикиб-жунжикиб кафтларини бир-бирига ишқаркан.- Афсуски, у ерда одамларга эмас, алифбодаги ҳарфларга маъруза ўқийсан.

Мен росманасига ҳеч нимага тушунмас, бошим қотган, кўзгу олдида талмовсирар, яна нима десам экан бу қайсар кампирга деб тафаккурим кенгликларидан муносиб сўз қидирардим.

-Менга худди Марсдан тушган одамга қарагандек тикилма,- деди у бир оз ўтиб юзига жиддий тус бераркан ва ёнимга келиб, кўзгу ёнидаги столда тартибсиз ҳолда турган китобларини бирма-бир қўлига олди.

-Менинг китобларим,- деди хира кўзлари билан китобларни кўздан кечираркан уларни хафсала билан варақлаб.-Муқоваларини чиройли ва бежиримлигини қарагин.

-Булар мен севиб ўқиган китоблар ,- дедим кўзгу олдидан узоқлашиб, дераза олдига борарканман.

У ердан ташқарини кузата бошладим. Кўчада куз ёмғири шиғалаб ёғар, осмоннинг хўмрайиб туриши юракни сиқарди. Ҳарорат пастлиги боис одамларнинг кўпчилиги қалинроқ кийиниб олган, бошлари узра соябон тутиб олган қисми ҳам камчиликни ташкил қилмасди. Шунгадир эҳтимол тепадан қараганда тош ётқизилган кўчада негадир улар эмас, ранг-баранг соябонлар ҳаракатланаётгандек туюларди.

-Маърузангда бу китоблар, менинг бадиий оламим, таржимаий ҳолим ҳақида гапиришга деярли бир ҳафта олдин тайёргарлик кўришни бошлагансан,- сўз қотди Вислава хола бир оз пауза ушлаб тургач.- Бундан ҳам хабарим бор.

-Худди шундай,- дедим унинг гапларини тасдиқлаб.- Икки ҳафта олдин ҳам деяверинг.

У мен томонга ҳорғин нигоҳини тикди-да, китобларни қўлтиқлаганча креслога қайтадан чўкди.

-Сал ўтиб сен конференциялар залига шошиласан. Адабий кеча ўтказиладиган зал кенг, қандиллар кўплиги боис ёруғ, бир-бирига мослаб танланган ва астойдил безатилган жиҳозлари фонида шинам кўзга ташланади. Кечага айримлари белгиланган вақтда, айримлари шунчаки кечикиб сен ва ташкилотчилар таклиф қилган алифбодаги ўнга яқин турли мақом ва касбдаги, паст ва баланд бўйли, ориқ ва йўғон ҳарфлар келишади. Оммавий кечалар учун махсус тиктирилган кийим кечаклари, гўзаллик салонларида ясалган соч турмаклари ва макияж қилинган юзларини кўз-кўз қилишиб улар кўришиш учун навбатма навбат сенга қўлларининг учини узатишади, виқор ёки ноз-карашма билан ҳол-аҳвол сўрашади, сўнг бир қатор қилиб терилган стулларга бориб, худди бирор нарсани қойиллатгандек ёки давлат аҳамиятига эга шахслардек шоҳона алпозда ўтиришади.

Юқорида айтганимдек улар кечикиб бўлса-да, албатта келишади. Келмай қолишмайди. Сендан миннатдорлик, эҳтимол қарамлик ҳисси, ўзларини сендан тили қисиқ деб ҳисоблашмаса-да, манфаат дейилмиш кўзга кўринмас куч уларни келишга ундайди. Боиси   уларнинг бири билан уюштирилган суҳбатни сен телевиденияда, иккинчисининг ижодий иши ёки интервьюсини матбуотда, учинчисининг бадиий асарларини хорижий нашрларда, тўртинчисининг китоб тақдимотини марказий кутубхонада ташкил қилиб берган бўласан ва ҳоказо.

Вақт ўтиб манфаатли адабий кеча расман очиқ деб эълон қилинади. Сен гапиришга тушасан. Мени 1923 йилда Польшанинг Познань шаҳри яқинидаги Бнина шаҳрида туғилганимдан бошлаб Ягеллон университетининг поляк филологияси факультетида таҳсил олганим-у кейин адабиётга қандай кириб келганим ҳамда нималарни ёзганим, нашр қилинган китобларимнинг йили ва адади қанча нусхада бўлгани-ю, ижод қилиш билан биргаликда қайси соҳаларда фаолият юритганим, қандай адабий мукофотларни қўлга киритганимдан тортиб 1996 йилда Нобель мукофоти лауреати бўлганимгача йиғилганларга батафсил етказасан. Маърузанг сўнггида эса 2012 йилда вафот этганим билан бу “томоша”га нуқта қўясан .

Шунчалик тинмай ва жон куйдириб гапирганинг учун кўп ўтмай толиқасан, ҳолинг қурийди. Стол четида турган финжондаги минерал сувдан ҳўплаб оласан-да, яна сўзлашда давом этасан. Сўзларинг бир маржонга тизилиб- тизилиб, менинг ижодкор сифатидаги қиёфам вақт ўтган сари маълумотлар билан бойитилиб, адабий кечада чинакам элитар адабиётнинг нафаси сезилиб борилаверади. Сен жўшиб ва илҳомланиб маърузангдан бошингни кўтариб, йиғилганларга эътибор қаратганингда эса  у ерда худди мен таъкидлагандек одамларни эмас, алифбодаги ҳарфларни кўрасан.

Кузги юбка билан унга мос кофта кийиб, оёқларини чалиштириб ўтирган, ғар кўзи одамга мастона боқадиган, турқи совуқ, аёллик жозибаси-ю латофатидан табиат негадир бебаҳра қолдирган, сигарет кўп чекканидан тишлари сарғайиб кетган, алкоголь ичадиган аёллардек қўллари енгил қалтирайдиган, юрган йўлида феминизм  ҳақида гап сотиб, қўйиб берса ҳатто кўчадаги писта сотиб ўтирадиган олтмиш яшар аёлга унинг мана шу ҳаёти абсурддан иборат эканини уқтиришидан ҳам тоймайдиган шўрпешона  А сени диққат билан тинглаб ўтиргандек кўринса-да, аслида ўзидан қилчалик фарқ қилмайдиган юбкали чаласавод муридлари билан( уни феминизмга оид алаҳсирашларини шулардан бошқа ҳеч ким тингламайди) бу оқшом бирор кафеда тўпланиб, аёллик мақомига тупурганча сасиб ва бўкиб спиртли ичимлик ичишни шуурида пишитаётган бўлади.

Ҳали кети артилмаган пайтда давлатнинг садақаси эвазига нашр қилинган пиёзнинг пўстлоғи каби юпқа китобини қўлтиқлаб, сочларига оқ оралаган бўлса-да, она сути оғзидан кетмаган жипириқлар тўпланган давраларда шоирман деб гердайиб юришни ўзига эп кўрадиган, йўқ истеъдодини Есенин ёки Байрондан кам билмайдиган ношуд ва хашаки Б сийрак сочларини силаб-сийпалаб, қиртишланган иягини қашиб-қашиб, сен терлаб-пишиб маърузангни яримлатганингда учинчи нав ўйнаши билан қўл телефонида хабар алмашиб ўтирган бўлади. Менинг ўрнимга Анна Ахматова ёки Нелли Закс ҳақида маъруза ўқисанг ҳам унга фарқи йўқ, бир тукини-да ўзгартирмайди. Бир марта бўлсин бошини кўтариб, нима ҳақда гапиряпти бу ўлгур деб сен томонга назар солиб қўймайди.

Узун юбкага дидсизларча худди шундай, бунинг устига кенг костьюм кийиб олганидан қоп ичида тургандек таассурот қолдирадиган В аксинча сен томонга маъносиз ва бетоқат боқади. Орада маърузанг тезроқ якунига етишини азбаройи истаганидан сездирмай “уҳ” тортиб қўяди, юраги дук-дук уради, климаксга чалинган аёллардек танаси ловуллаб қизийди. У бу ердан иложи борича тезроқ чиқиб, ўзи ўқийдиган университетнинг талабалар ётоқхонасига боришни истайди. У ерда хонасини ичкаридан беркитиб олиб, диванда мастурбация билан шуғулланиш истагида ёнади. Шу туфайли игна устида ўтиргандек безовталаниб, кетини кетига улаб дақиқа санайди.

Кўчадаги симёғочни эслатадиган  Г  ҳам сендан кўзларини узмайди. Сен уни диққат билан маърузамни тинглаяпти деб ўйлаб, кўнглинг кўтарилади, шодумон бўласан. Аслида эса тили билан дили бир эмас, хушомад борасида олдида биров ип эшолмайдиган, дуч келганга куйдирган калладек кулиб боқса-да, қалби моғор ва пўпанак босган,  хонтахта китобини фақат мактаб қоровули ёки бозордаги фаррошгагина ҳадя қилмаган бу “янги Маркес” яқинда китоби нашрдан чиққан конкурентига ҳасад қилаётганини, унинг ютуқлари сабаб ичини ит тирнаётганини сездирмаслик учун ўзини шу адабий кеча билан чалғитаётган ва овутаётган, адабиётни келгусида яна қандай йўллар билан булғашни хомкалласида режа қилаётган  бўлади.

Д  негадир ўтирган жойида оғир-оғир хўрсинади. Маърузанг билан сариқ чақалик иши йўқ. Қизиқишнинг энг майда унсури ҳам башарасида кўзга ташланмайди. Мажлис ва давраларда она тили ҳақида бонг уриб, унинг муқаддаслигини рўкач қилиб, уни эъзозлаш зарурлиги хусусида жар солиб, бировга тинчлик бермайдиган, ўзини миллий тил ва истиқлол ҳимоячиси сифатида оммага кўз-кўз қилишдан роҳатланадиган бу “адвокат” мустамлакачилар тилига ихтисослашган мактабда таҳсил оладиган ўғли борасидаги унинг муаллимаси юборган қониқарсиз ҳисоботни ўқиб, синфида энг қолоқ ўқувчилардан бирига айланиб бораётган фарзандини ўзбек халқ оғзаки ижодида ҳам камёб бўлган жаргон сўзлар билан сўкиб ва қарғаб ўтиради.

Е ҳам сени эшитмайди. Ишонавер гапимга. Сен маърузангни ярмидан ўтганингда ёшлигида уч-тўрт марта аборт қилдириб, танасида юраги уришни бошлаган бегуноҳ гўдакларни ўлдирган, эндиликда шарти кетиб парти қолгач, ён- атрофига тўплаб олган енгилтак қизларда ўз ёшлигини кўраётган ва уларга оналик қилаётган бу хоним сумкаси чўнтагидан калькулятор чиқаради-да, уйининг ҳожатхонасидаги тешилиб қолган қувурни қандай қилиб арзонга таъмирлатишни ҳисоблашга киришиб кетади.

Алифбодаги қолган ҳарфлар ҳам юқоридагилардан қолишмайди. Ё бу адабий кечадан кўра репетиторлик марказидаги инглиз тили машғулотларида фаол қатнашиб, эшик қоқиб турган имтиҳондан иложи борича етти баллдан кам олмай ўтиб, дарров четга суришни, Ж кундан кунга нархи ошиб кетаётган автомашиналар хусусидаги бир тийинга қиммат дебатда чиқиш қилиб, монопол ташкилотни қоралаш учун омма олдида ўзини қаҳрамондек тутиб нималар деб вайсашни, З оқшом чўкканда бўлиб ўтадиган яқин дугонасининг туғилган куни учун гардеробидаги қайси кўйлагини кийишни, И ажрашиб кетган хотини билан боласига тўлаётган алимент суммасини қандай йўллар билан  камайтиришни ўйлаётган бўлади ва ҳоказо…

Туш кульминациясига чиқиб улгурганди. Дераза олдида сукут сақлаб, қимр этмай турар, икки кўзим креслога чўккан Вислава Шимборскада, қўлларим бўм-бўш, маъруза матним аллақачон оёқ остига тўшалган гиламда сочилиб ётарди. Бир оз ўтиб Вислава хола эгилганча қоғозларни бирма-бир тўплашга тушди.

-Буларни яхшиси каминдаги оловга ташла,- деди сўнг камин томонга ишора қиларкан.- Маърузангни бекор қилгин-да, алифбодаги ҳарфларни хижолатпазликдан қутқар!

Уйғонганимда эндигина тонг отган, ноябрнинг совуқ ёмғири майдалаб ёғарди. Каминдаги олов деярли ўчиб бўлган, бурчакдаги кресло бўм-бўш эди. Маъруза матни ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас, диван ёнидаги жавон устида бир уюм қоғозлар ўрнига оҳори тўкилиб, чети ғижимланган биттагина қоғоз турарди.

Тушдаги бўлиб ўтган воқеаларни хотирамда тиклашга уриниб бир пас жойимда чордана қуриб ўтирдим. Чаккамни уқалай-уқалай барини эслашга уриндим. Кийимларимни алмаштираётиб қоғозни қўлимга олдим. Бу бир неча кун олдин Вислава Шимборскаянинг ижодидан қилган таржимам эди:

Ҳеч қачон билиб бўлмас

Мен ҳақимда А нимани ўйлаганини.

Б кечирдимикин мени батамом?!

Нега В барчаси жойида дегандек қилар ишора?

Г нинг дахли борми Д сукутида?

Нима кутганди Е кутган бўлса башарти?

Нега Ж намойиш этмади

Гарчи бўлса-да яхши хабардор?

З да яширишга арзиргулик бор эди нима?

И га нима туртки бўлди

Қўшимча қилмоққа етмади сабри

К, Л ва алифбонинг бошқа ҳарфлари учун

Аҳамият касб этганмиди йўқми

Ёнларида туриб берганим?!*

-Балки бу тушимга Фрейддан жавоб қидирарман,- дедим хонада у ёқдан бу ёққа юрарканман, аммо сал ўтиб фикримдан қайтдим.-Фойдаси йўқ. Худди одамлар каби ҳаракатланадиган алифбо ҳарфларини у тушунтириб беролмайди. Қачонки туш пайти етмиш яшар Вислава холамни зўрлагудек бўлсам кейин унга мурожаат қиламан.

Изоҳ:

*Шеър муаллифнинг таржимасида берилди.

2022 йил, сентябрь

Шерзод Ортиқов

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting