Фарзанд

Ташқарида томчилаб ёғаётган ёмғир олис хотиралар сари етаклади. Асли мен уни ёмон кўраман. Шаррос қуйган лаҳзалари билан боғлиқ оғир дақиқаларни унутолмайман. Масалан, соябон остида болалар уйининг эшигини қучиб бўзлаб-бўзлаб қолганим ёдимда.

Айни дам Қариялар уйида меҳрга муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш учун турибман. Во ажаб! Анови осмонга тикилиб турган аёл онам эмасми? Синчиклаб тикиламан.  Чиндан чиндан ўша. Оёқларим ёнига чопқиллаб кетди.

Бугун ёмғир бир замонлар тортиб олган бахт аталмиш туҳфани яна ўзимга қайтарди.

Лайло Шокирова

Наманган Президент мактаби 8-синф ўқувчиси

Алвон лолалар

— Бувижон, бобом қаердалар?- деди поезд ойнасига томон термулиб ўтирган Зебо.

— Ҳу-у-в мана шу лолазор ичида ухлаяпти.

— Юринг уйғотайлик.

— Кечикдик, қизим, кечикдик.

Қиз унчалик тушунмади. Гуллар кўзига қон рангига буркангандек кўринди. Онахон эса то манзилга етгунга қадар урушни қарғаб кетди.

Сўпижонова Дилноза

Наманган Президент мактаби 6-синф ўқувчиси

Уруш

Баҳор… Кун кечга бориб қолган. Булутларнинг авзои бузуқлигини ҳисобга олмаганда, ҳамма ёқни кўклам «чалган» гўзал куй ва тоғлар оралаб «юрган» ҳавонинг этни жимирлатувчи  саслари  атрофга ўзгача нафислик бахш этмоқда. Қуёшнинг  илиқ нафаси қуршаб олган қирдан нарироқда охири йўқ вагонлар ўтади. Уни мўрисидан чиқаётган қора буғ эса осмонга кўтарилиб, қора дудини таратиб ўтади. Гўё бу  тутун  вагон ичидаги болаларни аввал иситиб кейин тарк этаётган ширин хотиралари. Шаббодадан майин силкинаётган алвон лолалар — уларнинг қондек тўкилган кўз ёшлари, гўё. Осмон парларининг  тобора тўсилиб бораётгани,  беғубор қалблардаги сўниб бораётган умид мисолидир. Поезд қанчалар узоқда бўлмасин, ундан кўнгилни ғаш қилувчи йиғи товушлари эшитилиб турар, уни ортидан кимнидир вужудни ларзага солувчи бақирган оҳанги янграр ва охир-оқибат, орага сукунат чўкарди.

Гулшода Худойбердиева

Наманган Президент мактаби 8-синф ўқувчиси

Ёлғон

У урушда ҳалок бўлганларнинг рўйхатини текшираётиб,  таниш исмга кўзи тушди:

«Валиев Қаҳраман Атаханович».  Ичидан бир нима узилди.  Пешонасидан совуқ тер оқиб ўзини йўқотди. Хаёлида атрофи кўмирдай қораликка бурканди. Худди ўзини бирдан ўлдирилгандай сезди.

— Укам, нега қотиб қолдинг, бирор нима десанг-чи!  Ҳой!  Қаҳрамоним  тирик эканми?

— Ҳа, ҳудо хоҳласа, тирик. Ишонаверинг,  опа!  Ўлганлар рўйхатида йўқ экан. Қаҳрамон қайтади. Ҳа, қайтади…

Султон Шоҳ Жаҳон Бобурий

Наманган Президент мактаби 9-синф ўқувчиси

Ғалаба

-Дадажон, имтиҳонга кечикмадикми? -деди Ойдин бино ҳовлисига югургилаб келаркан.

— Асло. Омад ёр бўлсин, қизим.

У шу куни имтиҳон топшириб, билимини синовдан ўтказди. Лекин саволларга белгилаган жавобидан кўнгли тўлмади. Натижалар чиқадиган вақтда ҳам чеҳраси тундланди.

Дадаси фарзандининг натижаларини ташқарига илиғлик катта жадвалдан узоқ излади. Вақт ўтган сари умидсизланди. Ниҳоят топиши билан беҳад севиниб, кўзлари ёшланиб кетди.

Унинг ўрни биринчи рақам остида эди.

Моҳинур Нўмонжонова

Наманган Президент мактаби 6-синф ўқувчиси

Сўнгги уриниш

Август ойи. Абутирентларнинг имтиҳон натижалари эълон қилинишига саноқли кун қолди.

Нафисанинг хаёлида минг хил ўй. Бу йил ўқишга топширишининг иккинчи йили. Юраги ҳовлиқди. Ягона хавотир унга тинчлик бермасди. «Ишқилиб, ўтган бўлай…»

Ўзбек миллатига ҳос ҳусусиятлардан бири — яхши тарбияли қиз мактабни битирдими уни сўраб эшиги ёнига совчилар тизилашади.  Бечора табиатан оғир босиқ, синглиси каби ота- онасига ўз истакларини очиқ айтолмасди. Эшигидан сўраб келгичларнимг эса кети узилмасди. Ўтган ҳафта отасининг яқин дўсти ўғлига сўраб келганди. Холматнинг ҳам бу галги  қарор қатъий эди.  «-Қизим тунов кунги меҳмонлар менга ёқди. Киролмасанг, йиқилсанг, узатамиз…

Имтиҳон натижаларини кўриб, қизнинг бошига муздек сув қуйилгандек бўлди. Куз ўртасида  Нафисанинг уйидан «ёр- ёр» садоси эшитилди.

Хосиятой Рустамжонова

Наманган Президент мактаби 7-синф ўқувчиси

Кутилмаган учрашув

Сув париси оёқлари булишини жуда-жуда хоҳлади. Кунларнинг бирида сеҳрли чироқ топиб олди. Жиндан бир соатга одамга айлантириб қўйишини сўради. Кейин юриб соҳилга чиқди. Эндигина уч-тўрт қадам ташлаши билан қирғоқда турган кичкина болакай чопиб келиб, қучиб олди.

— Ойи, энди ташлаб кетмайсиз-а бизни?!

Шерзодбек Абдуқаҳҳоров

Наманган Президент мактаби 9-синф ўқувчиси

Меҳр

Дўкон кезиниб қайтган қиз қўғирчоқ ўйнагиси келди. Лекин  сотиб олгани пул йўқ эди. Она ним пушти матодан каттагина «келинчак» тикиб туҳфалади. Қалин қора ипдан тикилган сочлари ўрилган бежирим ўйинчоқ янги эгасини  беҳад хурсанд қилди. Бироқ у онасининг кўйлаклари яна биттага камайганини сезмади.

Умаралиева Сарвиноз

Наманган Президент мактаби 8-синф ўқувчиси

Қочоқлар

— Опа нега хафасиз, ахир кунбўйи ёмғир тагида ўйнасак ҳам ҳеч ким индамади!

— Етимхонага йўл ёдингдами?

Шоҳ Жаҳон

 Наманган Президент мактаби 9-синф ўқувчиси

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting