ҲИС
Сен топилгач бари йўқолди –
қўрқув, андиша, турғунлик, жимлик
(қайда учрадинг сен?).
Ичимда сас берди
нимадир
ўша — мен доим занжирбанд қилган
ҲИСлар уйғонди
бош кўтарди
тик қаради
кўзимга.
Қўлларинг-ла
юзимга тегиб
силадинг ва
юлқиб олдинг жилмайган
ниқобимни.
Ниқоб ортидаги аянчли,
абгор – менга боқдинг
қучдинг: кетдик…
ҲИС юлқиди мени
диққинафас офисдан,
автолар шовқинидан,
юмуш тўла уйдан.
Олиб кетди ўз оламига
эрк иси уфуриб турган
баландликларга.
Сен билан мен барини йўқотдим –
ҳаёт ва ўлим орасида
сарсон бўлган номсиз туйғуларимни.
Сен кимсан?
Нимасан?
Қандайсан?
***
Мен сени деярли билмайман –
ёқтирасан қайси гул,
қайси фаслни.
қайси филм, қай китоб
сен учун севимли.
Мен сенга тикилиб
қарамаганман –
менга номаълум
кўзларинг ранги.
қандай ифор таралар сендан
қўлларингни тафти қанақа.
Мен сен билан
қўнғироқлашмаганман
билмайман ҳатто
телефон рақамларингни.
Иссиқ қаҳва ичмаганман
сен билан бирга,
овозингни эслолмайман ҳам.
Лекин…
Биламан
ичингдаги исёнларингни,
ҳеч кимга айтмаган
иқрорларингни,
юракдаги мангу
оғриқларингни,
сени забт этган
қўрқувларингни.
Биламан,
сиртингда сокинсан
қалбингда тошади
пўртана.
ичингда яшайди бир одам
ҳар куни у сени
…ўлдирар.
Ҳисларга бўйсуниб яшайсан
ёзасан, ёзасан,
йиртасан.
отасан оловга – куласан
ўзинг ҳам жизғанак бўласан.
Мен сени деярли билмайман –
Кимсан сен?
Нимасан?
***
Бугун англадим –
ҳеч кимга
ҳеч қачон керак бўлмаганман
Керак бўлган –
мендаги оналик
мендаги хотин
мендаги дугона
мендаги шогирд
мендаги имкониятлар
мендаги ютуқ
мендаги эҳтирослар
мендаги даромад
Ичимда кўплаб менлар яшайди
бор ҳар бирининг ўз бурчи
ўз оғриқлари, чарчоқлари
улар орасида йўқотиб қўйганман
аслиятимни.
Бугун бўй кўрсатди
йиғлаб юракнинг қаеригадир
яшириниб олган митти қизалоқ
ҳеч ким қўл чўзмади унга
бағрига олмади
юпатмоқ учун
юз бурдим мен ҳам
кўргим келмади ожизлигини
Унинг оғзини ёпди
сиёҳ теккан қўллари билан
мендаги ижодкор
силтади кет дея
мендаги намунали ходим
Мен буларни кузатганча
туравердим жим…
ва англадим теран
ҳеч қачон
ҳеч кимга
керак бўлмаганимни.
***
Бегоналик тўйдирди мени
жамият, одамлар, оламга
сўнг ўзимни тушунгандек кўрсатдим
гарчи тушунмасдим одатларингиз,
қарашларингиз, орзуларингиз,
туйғулар ва мақсадларингиз
ҳаммаси бегона эди менга
ҳозир ҳам сизларни англолмай
йиғлагим келяпти…
Мендан ясадингиз саккизқўл одам
яратдингиз ўнлаб ниқобларимни
майда ва арзимас муаммоларни
битталаб тердингиз елкамга
мен эса бегона бўлмай деб дунёга
яқиндек сездирдим кўнглимни
пинҳон тутдим изтиробимни
энди қулоқларимни маҳкам ёпиб
учгим келяпти!
Сизга бегона эди мендаги орзу,
қизиқиш, оғриқ ва туйғулар
фарқсиз бўлиб борар тобора
ўзимнинг ўзимга етти ётлигим
кўзгуларни синдириб ташланг
унда кўргим келмаяпти аксимни
қолди фақат биргина истак —
ўлгим келяпти,
ха, ўлгим келяпти.
***
Эшикни ҳеч кимга очмайман
Келишар, қўнғироқ босишар,
Ва кейин жимгина кетишар –
Бошқа бир эшикни қоққани.
Телефон тинимсиз жиринглар
Экранда кимлиги билинар,
Мен яшил тугмани барибир
Босмайман жавоб бергани.
Автобус кутаман – лиқ тўла
Мен эса бекатда қоламан,
Манзилга пиёда кетаман
Сени бир узоқдан кўргани.
Сен келсанг…
Эшигим очардим
Жавоб ҳам берардим
Қўнғироқ қилсанг.
Юр десанг кетардим
Қайга бўлса-да
Лиқ тўла автобус
Ёки пиёда.
***
Дунёга сиғмасанг
ухласанг,
ухласанг беомон
қандай яшаш
кераклигин
тушунмай
ухласанг
Туш кўрсанг
июлни
ва уни
ёз қанот
уйқунгда
сев-севил
истасанг
Ухласанг
кексаймай
қачондир ўзга
макон ва замонда
кўз очсанг
англасанг
тушунсанг.
унгача ухласанг
безовта қилмаса
ҳеч кимса.
***
Ўзимни яхши ҳис эта бошладим –
Аҳамияти қолмагач ҳеч нимани.
Энди фарқи йўқ қандай яшашни
Нима ейиш, нима ичишни
Тунда неча соат ухлашни
Ишга ўз вақтида боришни
Фақат кулиш мумкин чин дилдан
Йиғлаш мумкин истаганингча
ва ёзиш кечирган туйғуларингни
эркинлик сезасан узоқлашсанг
одамлар, одатлар, оқибатлардан
ўйламасанг келажагингни
эсламасанг ўтмишингни ҳам
яшасанг ҳозирги сонияларда
тузмасанг бирор бир режа
ёпиб қўйсанг орзу дарчаларини
тинглаб ётсанг битта қўшиқни
ва рақс тушсанг унга ҳамоҳанг
мактуб ёзсанг узундан узоқ
ташласанг уни почта қутисига
(ахир қачондир етиб борар у)
соғинсанг, шунчаки жилмай
пичирлаб қўй шаббодаларга
аҳамияти йўқ қаердалигинг
шаҳарнинг бетон деворлари
қуршаб олган бўлсада сени
ичингда бор керак ҳаммаси –
денгиз, орол ва ўрмон
ва юрагингга қамаган инсон
сен яратган митти дунёда
яшаяпсан бирга бахтиёр
юрак асабий ғижимлансада
қақшасада асаб торлари
балки бордир бунинг чораси —
тамаки тортиш ўпка тўлгунча
томга чиқиб тонггача ухлаш
қабристонда тўйгунча йиғлаш
токи ўйласин атрофдагилар
марҳум учун чекяпти фарёд
сезмасин аслида ўзингни
ўлдирганинг ва кўмганингни
***
Ўрани ким ёпади?
Ким нуқта қўяди бунга
Сизифнинг елкасидаги
Оғир тошни келтиринг
Оғзини маҳкам ёпинг
Юз аср очманг сўнг
Ишонинг ҳеч кимса
Сезмас йўқолганимни.
Мўраламанг ўра ичига
Бирор жон борми деб
Ғам чекиб ўтирманг –
Тирик вужуд йўқ бунда
Кўмилишни истайдиган
Дунёдан беркинишни
Оламдан узилишни
Истайдиган руҳ бор, холос.
Руҳки, исёнлари ошкор бўлмаган
Сиз каби Годони ноумид кутган
Кечиккан ўзгалар яратган
Тақдирини қайта қурмоққа
Жазо топган фақат ўзидан
Вужудидан сирғалиб учган
Само эса қабул қилмаган
Аросатда қолмоқ истамай
Ер остин макон қилган.
Илтимос, ўтманг бефарқ
Минг йилдан сўнг эҳтимол
Руҳим топиб ўзлигин
Кирганида янги вужудга
Сизни топиб албатта
Қўлингизни сиқиб қўяди
Сўнг кўзлари қамашиб
Боққанида чексиз самога
Булутлар ҳам йўл очар унга
Яқинлашар балки худога.
Ҳозир эса ўрани ёпмоқ керак.
***
Одамлар елкамга ўтказган
игналарни санайман бир-бир
ҳар бирининг бор тарихи,
ўз оғриқ ва изтироблари
рангба ранг иплардан
ўргимчакдек тунлари беун
тикаман камалакранг кашта
то қолмасин теримда чандиқ
билмайман ким санчган
дўстми у, душманми ё
ахир иккиси ҳам йўқ эди менда
(кўринмайди уларнинг афти)
балки ҳамон ёнимда игна
чархлаётган бўлса эҳтимол…
мен уларга ўтказиб мовий,
пушти, сариқ, оппоқ ипларни
яратаман бир куни қанот
ва шубҳасиз кетаман учиб
мени кутар чексиз коинот
тезроқ қанот қоқишим учун
бермоқдасиз сиз менга кўмак.
***
Беркинишни истадим
Бу мен болаликда ўйнаган
Беркинмачоқ эмасди
Мен аввало ўзимдан
Беркинишни истадим
Бироқ зум ўтмай
Топиб олавердим
Ўзимни ўзим
Беркина олмадим
Қолмади шаҳарда
Беркинишга арзир
Бирорта макон.
Балки юрагингни
Бир чеккасидан
Ажратарсан жой?
***
Мен сендан сўрадим
Қаттиқ соғинганимда
Изтироб чекайми
Ёки тамаки
Қай бири менга
Бермайди озор
Сен дединг тамаки
Чекканинг афзал
Бу соғлиғинга камроқ
Келтирар зарар
Мен эса барибир
Изтироб чекдим.
***
Ишон
Пайдо бўлади
Кимдир ва
Олиб ўтар
Йўлнинг
нариги тарафига