Жуманазар Йўлдош

(Ҳикоя)

  …Уйғонганида теварак-атрофини бўйи баравар қамиш қоплаганини кўрди. Тун. Юлдузсиз, яйдоқ осмонда ёлғиз ойнинг хира шуъласи қамиш баргларида жилванарди.

  У тўсатдан қўзғалган ваҳм титроғи билан атрофига аланглади. Қамишларни оралаб аллақаёққа югурди. Бу чакалакмисол қамишзор уни бус-бутунича ютиб юборгандай адоғи ҳеч кўринмасди. Тун зулмати, бўйи узун ўтлар ортида яшириниш эҳтимоли бўлган қўрқинчли нимарсаларнинг ҳаракатга келишини кўрсатаётгандай шитирлаши одамнинг қўрқувини кучайтирар, кўринмас оч арслоннинг ҳамласидан қўрқаётган жониворнинг ҳолига соларди.

  Ваҳима вужудини япроқдай титратарди. Шу сабаб ҳам йўқ рўёлар унинг сезимларига рахна солар, ҳар ёқдан шивир-шивир, тағин шитирлаган товуш, яна аллақандай бегона саслар қулоқларига чалингандай бўларди. Тобора исканжага олаётган ваҳм азоби ичра тун зулматида музлаб бораётган кимсани фақатгина шуъла тафти, ёруғликкина халос этиши мумкиндай эди…

  Қулоғига, юрагига ўрнашиб олиб, сира ҳам тарк этмаётган, шуурини ва руҳини омонсиз тимдалаётган саслардан қутулмоқ учун боши оққан томонга тағин югура бошлади. Бу саслардан қутулмоқ рўйи заминни қоплаган ёввойи  ўтзор, осмони фалакни чулғаган қоронғуликдан қутулишга уринишдек бесамар эди…

  Чопиб бораркан, алҳол қадамлари зил-замбилдай оғирлашаётганини, масофа тобора унмаётганини, ортидан аллақандай шарпалар қадам-бақадам изғиб келаётганини сезди. У буткул ҳолдан тойиб юзтубан йиқилди, жонини қақшатувчи оғриқ туйиб, инграб юборди. Таъқибчилар энди ҳар ёндан ўраб сиқувга олиша бошлашди. Қийқириқлар, ёқимсиз қаҳқаҳалар, аллақандай тушуниксиз хитоблар, ғалати товушлар атрофида гир айланиб кезиб юрарди.

  У ноилож таслим бўлган қочоқдай ерга тиз чўкди, буткул жонидан умидини узиб ғужанак бўлиб ётиб олди. Атрофида қамиш япроқларини шитирлатиб, ваҳимали товуш чиқариб айланиб юрган шарпалар унга борган сари яқинлашиб келаётганини овозларидан пайқар эди, шу сабаб юраги пўкиллаб урар, кўзларида милт-милт ёш халқаланарди.

  У умидсиз ва ўлимга рози ҳолатида кулча бўлиб ётган кўйи тинмай калима келтирарди. Шарпалар энди у томонга бостириб келиша бошлашди. Уларнинг ҳадик қўзғатувчи товушлари тобора авжлаб борарди.

   – Илоҳим, ўзинг мадад бер… – аста пичирларкан, кўзидан сизаётган ёшлари лабига тегди.

Шарпалар унинг нақ тепасигача келишди, овозлари ҳам энди аниқ-тиниқ эшитила бошлади.

  – Мадад бер… – беҳол лаблари унсиз шивирлади.

Шарпаларнинг шовқини унинг товушини босарди. Ногоҳ унинг танасига ёт, мурданикидай совуқ қўллар теккани ҳамон улар кутилмаганда ёрилган пуфакдай ғойиб бўлишди. У ўрнидан ирғиб турган ҳам эдики, шарпаларнинг изсиз йўқолганини кўриб ҳайратда донг қолди. Энди аввалгидан ҳам кучлироқ бир қўрқув унинг вужудида ўрмалай бошлади. Бор нарса ё кимсанинг мавжудлигига амин бўлгач, унинг бирдан ғойиб бўлиши ҳаётига қанчалик хавф солиб турган бўлишидан қатъий назар одамни даҳшатга солади. У ҳам ўша даҳшатни ўз дилидан ўтказмоқда, баданини қалтироқ босмоқда эди.

  Қўрқувдан оғирлашган танасини кўтариб турган оёқларидан мажоли қочиб чўккалаб қолди. Шу чакалакни забт этган зулматдай қоронғу ва ҳеч қаерга олиб бормайдиган ўйлари бошида чарх урар, оддий ҳаракатларни-да бажаришга сустлашаётган куч-қувватини зулукдай сўрарди. Энди унинг шуури қўрқувга мослашган, одатий ҳолат дея қабул қилган эди. Бунинг замирида кўнувчанлик ва даҳшат олдида ожизлигини тан олиш, ваҳимага нисбатан заифлик тасдиғи ётарди. 

  У карахтлашиб бораётган ҳушини йиғиб, қаён юришни билмай тўрт томонига тикилиб қолди. Умуман, қаёққадир юриши керак-керакмаслигини билмас, юришга мажоли ҳам қолмаган эди.

  “Бу бир рўё… бу бир туш…”

  Мудҳиш манзара қаршисида айтилган бу сўзлар ҳам унга таскин бермади, кўнгил хижиллиги йўқолмади.

  Туш деб ўйлаётгани айни пайтдаги оғриқли ҳаётини тугатиш мақсадида қамишзор узра чўзилиб ўзини мажбурлаб ухламоқчи бўлди.

  “Ҳозир кўзимни юмаман, очганимда ҳаммаси йўқ бўлади. Чакалак ҳам, оғриқ ҳам, зулмат ҳам, ваҳима ҳам…”

  Кўзларини юмди… Мана шу қоронғу дунёдан кетиш учун. Аммо бу дунёни тарк этиш учун кўзлари умрбод юмилиши, яъни ўзи ўлим ҳузурига бориши керак эди. (Ўлимдан кейинги ҳаёти ҳам бундан дурустроқ бўлишига кафолат йўқ эди).

  – Кўзлар унутиш учун керак. Ҳозир кўзимни юмаман, ўшанда бу қоронғулик мендан кетади, уни унутаман ва унинг ўрнини чарақлаган осмон эгаллайди, – деди секин орзиқиб.

  У чалқанча ётар, текис жойда ётмаганидан тўлғониб у ёнидан бу ёнига ағдарилар, сира ухлашни эвини қила олмас эди. Уйқуга кетишга бўлган уринишлари фойдасиз кетаётган худди анашу паллада қаердандир шитирлаган ва бўғиқ одам товуши эшитилгандай бўлди. У бирдан овчини сезган оҳудай сергак тортиб атроф-жавонибга аланглади.

   Туйқус шундоқ орқасида кимнингдир чуқур нафас олаётганини, ҳадикдан титраётганини, афтидан қочиш учун секин ҳаракатланаётганини аниқ сезди. Ўзида қаердандир пайдо бўлган кучли жасорат ва ботирликдан бутун вужуди билан қамиш оралаб ўша мавжудотга ҳамла қилди.

– Шафқат қилинглар, шафқат қилинглар! – деди аллақандай Одам ўлжага айлангандай буткул ипак қурт каби ётиб оларкан. – Ё худо!

Одам эканини билиши ҳанузоқ унинг устидан тушди.

–   Мени ўлдирманглар, шафқат қилинглар! – деди у. Одам бошини чангаллаб олган, жон ширинлигидан ё бўлмаса ўлим азобидан қўрқаётганидан ҳўнграб йиғлар эди.

–  Тинчлан, ҳей одам! Сени ўлдирмайман, – деди у йиғлаётган одамга таскин бериб.

Одам унга ҳайрон бўлиб тикилди, ўзи қўрқаётган нарсаси ўзи излаётган нарсасига дўнгани каби хурсандлигидан қийқириб юборди:

–  Сен одам боласимисан?! Наҳотки эт ва суякдан иборат одам боласи бўлсанг?! Ё худойим!

Одам уни бағрига босиб қучоқлади, у ҳам ўзига хилқатдош кимсага меҳри ийиб, минг йиллик қадрдонидай қучоқлади.

 –  Мен сени ана улардан биримисан дебман… – деди одам, сўнг бирдан ундан ўзини олиб шубҳали тикилди: –Ростан одам боласимисан?

–  Ҳа, Худо яратган одам боласиман.

Одам самимий жилмайди. Бу жилмайишда узоқ соғинилган ва узоқ кутилган бахтиёрлик балқиб турарди:

–  Умрим шу чакалакли зимистонда кечиб биронта одам боласини кўрмагандима…

–  Наҳотки бу ерларда биронта тирик одам боласи бўлмаса?

–  Йўқ, кўрмаганман, – деди Одам хўрсиниб, кейин юзидаги ҳолати ўзгарди: жилмайди. – Лекин сени кўрдим. Бугун энг бахтиёр куним!

  Одамнинг юзидаги хурсандлик аломати сира сўнмас, унга ҳадеб тикилар, нигоҳларида бошида кўрганида уйғонган шубҳадан асар ҳам қолмаган эди. Унинг юзида эса мулоҳазакорлик, ўзи тушиб қолган чоҳдан қутилишнинг имконини излаш ифодаси акс этар, ақли таҳлика аралаш ўйлар денгизига чўмган эди.

 –  Сен “ана улар” деб кимни айтган эдинг? Ахир бу ерда тирик одам йўқ дедингку? – деди у жиддий алфозда. У бу ерда иккисидан бошқа одам йўқлигига ишонқирамаётган, ва бу ҳақиқат бўлиши мумкинлиги уни изтиробга солиб қўйганди.

 –  “Ана улар” деганим – шарпалар! Мен уларни икки бора кўрганман, лекин нимадир бўлиб мени худо асраган, йўқса ҳозир тирик бўлармидим. Улар одамни қони билан озиқланса керак деб ўйлайман… Уларга дуч келганимдан сўнг умримни қўрқув билан ўтказдим. Бу ерда нима ҳам қила олардим бошқа… Ҳар қадамда шарпалар ҳамла қилиши мумкин. Мана ҳозир иккимиз гаплашиб турибмиз, соғ-омонлигимизга хурсандман.

–  Балким бундай ҳаёт тарзидан ўша шарпаларга учраганимиз яхшимиди?..

–  Наҳотки сен учун ўлим азоби қўрқинчли бўлмаса?!

–   Бундай ҳаёт кечиргандан кўра…

–   Тавба… худди яшаётганларни кўриб улардан фарқ қилиш учун ўзини жони ҳалқумига келгандай қилиб кўрсатадиган одамларга ўхшаб гапираяпсан.

У Одамга ялт этиб қаради.

–   Мен яшаяпман, – дея давом этди Одам. – Бир томондан ўлим қийноғидан қўрқиб яшаётган бўлсам, бир томондан умид қилиб яшаяпман. Нима яшаш ё умид қилиш гуноҳми? Мен шу зимистон бир кун барҳам топар деб, шу ёввойи чангалзор ўрнини чаманзор эгаллар деб яшаяпман…

–  Наҳотки бу жойлардан қутулишнинг сира имкони бўлмаса?! – деди У ҳазин талваса билан.

–  Бўлганида мен уни топган бўлардим. Мен неча кунлаб неча минглаб йўл босдим, лекин биронта сайҳонлик, ақалли биронта кўлни ҳам кўрмадим, фақат жирканч қамиш… Энди эса мен қутулишни унутиб қўйдим. Менда фақат хаста умид ва илтижо қолди, холос…

У жуда-жуда ночор хўрсиниб қўйди. Гўё шу билан ичини тирнаётган бахтиқаролик, сиқилиш ва эзилиш уқубатидан халос бўлмоқчидай, тақдир ҳукми олдида ожизлигини англатадиган бир тусга киргандай кўринди. Бу ҳолат айни ҳамроҳи – Одамникига мос келар, иккиси ҳам бир ҳолатнинг икки бандисига айланишган эди.

–  Мен ҳаммасидан чарчадим, – деди Одам аста қамишлар узра узала тушаркан. – Мизғиб ҳордиқ олиш керак. Бу ҳам бир таскин. 

 –  Мен ҳам чарчадим, – деди У ҳам чўзиларкан. – Оёқларимда мажол қолмади.

 –  Мен гапирмай қўя қолай унақада.

 –  Сен бу ерда неча кундан берисан?

 –  Бу ерда кун билан тунни фарқи бормидики, санасам?! Анчадан бери!

 Улар жимгина яйдоқ, тунд ва хира осмонга, юзларини доғ босган тўлин ойга тикилиб ётишар, сассиз зимистоннинг жимлигига сингиб кетишган эди.

–  Сенга бир сирни айтайми? – деди Одам хиёл ёнбошлаб.

–  Айт-чи.

–  Бу ерларда бир роҳатижон ҳур бор, кезиб юради. Қарая, уни одам демаяпман, ҳур деяпман, жаннат париларини биласанми? Худди ўзи! У ўзидан ойдан ҳам ёрқинроқ нур таратиб, зимистонга қандайдир файз, сеҳр, жило бериб юради. Мен уни бир мартагина кўрганман. Ёлғиз унигина кўриш учун умрим сўнгига қадар шу ерларда яшашга розийдим… Оҳ, унинг чеҳрасидаги нафис гўзаллик, нозик назокат!.. Сутдай оппоқ, тиниқ юзлари, шу қоронғуликдан ҳам қора сочлари, нозиккина қўллари, этаклари узун-узун хушбичим либоси, енгил қадамлари кўнглимда, тасаввуримда бир умр  муҳрланиб қолди. Уни кўрганим онда юрагим қинидан чиқибкетаёзди ва мен бутун вужудим, бутун инон-ихтиёрим билан унга бош эгиб, сажда қилдим. Лекин у менга мутлақо парво қилмади, фақат оний сонияларгагина назар ташлади, холос. О, ўша лаҳзаларни қайта бошдан кечириш учун жонимни ҳам аямасдим. У менинг шундоқ ёнгинамдан ўтиб кетди. Манашу қўлим унинг этакларига тегди ўшанда… Шу қўлимни қучоқлаб ухлайман доим… Сўнг у кетди. Юрагимда бир олов ёқди-ю, кўздан йўқолди.

–  Ортидан бормадингми?

–  Қандай борай эди?! Оёқларим шалвираб шол бўлиб қолган бўлсам…

Энди одам узала тушиб ётиб олган, кўзлари сузила-сузила уйқусираш билан алланималар деяр эди:

–  Уни ўзимча “Ҳур қиз” деб атайман, ҳур қиз… Яна бир бор кўрсайдим уни… яна бир бор…

Унинг алаҳсироқ тилида “Ҳур қиз” деган жумла айлана бошлади. Айланаверди, айланаверди…

Чарчоқ элтди.

У уйғонганида бошида кучли оғриқ туйди. Енгиб бўлмайдиган даражадаги бу оғриқдан бесаранжомланиб атрофига аланглади. Атрофида Одам йўқ эди! У энди оғриқни бутунлай унутиб, худди яшашга бўлган ягона таянчини йўқотиб қўйгандай хавотир гулханида ёна бошлади. Ёнди, ёнди – бутун атрофни кезиб ҳам топа олмади – умиди кулга айланди. Энди у умидсиз, ёлғиз қолди…

–  Балки уни тушимда кўргандирман, – деб ўйлади ўзича. – Балки бу қамишзору зимистон ҳам тушдир. Балки ҳаётимнинг ўзи тушдир?..

У  Одам аслида мавжуд эмас, мен худди саҳройи каби саробга алдандим деб ўйлай бошлади ва бу фикрини бу қоронғу дунёда ақлдан озган бўлса ҳам бир ҳамроҳ бўлишини қаттиқ исташ орқасидан кўринган рўё деб хулосалади.

У жуда сиқила бошлади. Қамишзор оралаб юриш ҳам, фақат ой сузиб юрган тунд осмонга тикилиш ҳам, бўлиши мумкин бўлган хатардан қўрқиш ҳам, умуман нафас олиш, яшаш азоби ҳам уни бездирган ва шу асосда зериктирган ҳам эди.

У чўк тушиб олиб, зулумот чойшабига ўралган, ваҳима ҳовури уфурган бу оламнинг зерикарлилиги, маъносизлиги, совуқлиги, арзимаслиги ҳақида оғир ўйларга чўмди, хомуш тортди.

Кўксини тўлдирган бир фарёд отилиб чиқди. Бу фарёдда ўз ёзғитидан рози эмасликнинг аччиқ аламлари бор эди ва бу аламлар эриб кўзларидан оқмоқда эди…

Анашу чоғда бу оламнинг сукунати яна ҳам теранлашгандай бўлди. Кейин эса майин шабада эсиб, ёқимли, енгил қадам товушлари эшитила бошлади.

У эшитиш қобилятидан бошқа қобилятлари сустлашиб бир он турди ва қадам овози келган томонга қаради. Қаршисида Ҳур қиз турар эди! Энди унинг кўзлари гўзалликнинг олий намунасига қадалиб қотиб қолган, юрак маромини тезлатиб юборган, бир тароват, ҳарорат бахш этган эди… ҳур қиз ўзидан зарёғду таратиб, шундоқ ёнгинасидан ўтиб кетаркан,  хиёл тўзғиган паришон сочлари, хиёл сузилган оҳу кўзлари, ақиқ лаблари ҳусннинг бемисл қудратини намоён этиб турар эди. Этаги узун либоси қамишга илашар, шиғирлаган товуш чиқарар эди. Ҳур қиз унга ёнидан ўтаётиб оний нигоҳ ҳадя этди, лекин шу бир назар билан ўзига буткул мубтало қилиб қўйди.

–  Ҳур қиз!.. – деб ҳайқирди у маълум узоқликка кетгач тили зўрға айланиб.

Ҳур қиз қадамини ҳатто секинлатмай, кетаверди. У яна қийқирди. Кетаверди. Яна. Кетаверди…

У эндигина ўзига келди, қўл-оёқларига буйруқ бера оладиган ҳолга келди ва ўрнидан сапчиб туриши ҳамоноқ Ҳур қиз кетган ёққа чопди. У югургани сайин қамиш барглари йўлини тўсишга урингандек олдига чиқар, қадами ҳам унмаётгандай туйиларди…

У Ҳур қизни топса нима қилишини, нима дейишини билмас, уни яна бир бор кўриш учун жонини нисор қилишга тайёрлигини билар эди, холос. 

 Таассуф… Ҳур қиз ғайбга сингигандай йўқ бўлган эди.

 –  Ҳур қиз… – деди У маъюс ва ўтинч оҳангида. – Сен маъно эдинг.

Ҳолсиз йиқилди. Дилхун хўрсинди. Кўзларини қайтиб очмаслик умиди билан юмди…

Энди бу зимистон бағрида янги бир қамиш ўсиб чиқди.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting