(ЭССЕ)

Эрнест Хемингуэй менга ҳеч қачон ёққан эмас. Уни таниганимдан бери ёзувчидан кўра журналистга, ёзганларини бадиий асардан кўра писта чақиб ўқиладиган ҳафталик газеталарда босиладиган даврий репортажларга ўхшатардим. Ҳикояси бўладими ёки романими,  “ Чол ва денгиз” ни ҳисобга олмаса, ижодида бадиий тасвирнинг мутассил тақчиллиги, публицистикадан узила олмаслик касаллиги ҳар гал эътиборимни тортарди. Балки бунга  уни кўп йиллар мобайнида турли хил газеталарда мухбир сифатида фаолият юритгани сабаб бўлгандир( Ҳатто Биринчи жаҳон уруши йиллари ҳам у фронтда мухбир сифатида иш олиб борган). Балки у ҳам Достоевский сингари бадиий тасвирни прозанинг бирламчи мезони сифатида кўрмаган ва шу мазмундаги  хулосада бир умр собит қолгандир. Нима бўлган тақдирда ҳам унга нисбатан талпинмаганим, симпатия билдирмаганим рост.

Уни қачон ва қайси маҳал кўз олдимга келтирмай, кундалик қайдларида мудом адабиётни бокс рингига қиёслагани дарров хотирамда жонланади. У ўз кундалигига шундай ёзганди: “ Агар адабиётни бокс рингига қиёслайдиган бўлсак, унда мен Тургеневни биринчи раунддаёқ нокаутга учратдим. Стендаль билан роса жанг қилдим, аммо охир-оқибат дурангга имзо чекдим. Граф Толстой билан эса рингга чиқишни хаёлимга ҳам келтирмадим.”

Камтарликдан бир неча юз чақирим узоқликда бўлган инсоннинг кўнгил иқрори бу, шундай эмасми? Назаримда Пушкиннинг “ Мен ўзимга ҳайкал ўрнатдим” деб бошланувчи сийқаси чиққан шеъри ёки Лев Толстойнинг даражаси ўзи билан бир хил бўлган Шекспирни чиқитга чиқариб юборган мақоласи ҳам нокамтарлик борасида  юқоридаги кундаликдаги қайдлар билан беллаша олмайди.  Бошқа томондан уларга дуч келганимда “Тургеневни енгган, Стендаль билан дурангга имзо чеккан адиб менимча мутлақо бошқа савияда бўлиши керак” деган мулоҳазага боришдан ўзимни тийиб туролмаган, Хемингуэйни бу икки улуғ адиб билан бир қаторга қўя олмагандим.

Ҳар сафар унинг бу иқрори хусусида бош қотирарканман, туриб-туриб у билан суллоҳларча баҳслашгим, худди бокс рингида бўлгани каби аёвсиз жангга киришгим келаверарди. Ёшим улғайиб, дидим мустаҳкам шакллангани ва ҳаётий таржибам ортггани сари мазкур жангнинг рўй беришини интизорлик билан кутар, амалга ошиши кун сайин ойдинлашиб борарди. Сурбетларча уни рингга чорлашни, рингда унга муносиб қаршилик кўрсатишни, юзи аралаш жағига кетма-кет зарбалар беришни ва охир-оқибат устидан зафар қучишни истардим. Фақат ундан фақрли равишда  асарларим билан эмас, унинг асарлари таҳлили ва бадиий қиймати шарҳлари билан бу ишни уддалашимга ич-ичимдан ишонардим.

Ниҳоят, бир куни бу ниятимга етдим. У билан ўзига хос рингга чиқишим куз фаслининг серёмғир оқшомларидан бирига тўғри келди. Бунга сабаб қуйидагича эди:  Одатда куз фаслида мен энг кўп кучга тўлган бўлар, оқшом эса жанг ўтказиш учун тонгдан кўра бир мунча қулайроқ эди. Ахир, ҳақиқий бокс жанглари шу пайтгача дунёнинг исталган бурчагида  заминга оқшом чўкканида ўтказилиб келинган-ку!

Жанг аввалида ижодхонамдаги ёзув столининг бир тарафига Хемингуэйнинг ойнали четлари зарҳал рамкага солинган портретини қўйиб( рамкани жанг улуғвор кўриниши учун атайин сотиб олдим), бошқа тарафига ўзим жойлашдим( худди калласида бало ҳам бўлмаган Бухоро амири Амир Олимхондек ястаниб). Рингдаги ҳакамликка нозиктаъб Фрэнсис Скотт-Фитцежарльдни танладим, ринг четидаги ҳакамлар эса Фолкнер, Дос Пассос ва Драйзерлардан иборат бўлди. Барчасининг суратларидан фойдаландим. Ўзлари аллақачонлар ўлиб кетишган, тупроғидан бир чимдимдан стол устига сепиб қўяй десам қабрлари  бу ердан узоқда бўлса, бошқа нима ҳам қила олардим.

Ажойиб жангга шу йўл билан “яшил чироқ” ёқилди. Жангни мен, Эрнест амаки ва ҳакамларнинг портрети бир овоздан тўрт раунддан иборат бўлишига ва ҳар бир раунд қизиққон адибнинг асарлари номи билан аталишига келишиб олдик. Биринчи раунд  “Чол ва денгиз” деб аталди. Асарни илгари ўқиган, ундаги ғоя кўзимга аҳамиятга молик кўринган бўлса-да, мени сира таъсирлантирмаганди. Асарни мутолаа қилиш чоғида ўлгудек зерикканимни бўйнимга оламан. Агар у яна озгина давом этганида ўзим чолни денгизга итариб юборган бўлардим.

Бу гал ҳам нимадир ўзгарди деб айта олмайман. Фақат ёш жиҳатдан камолот босқичида қайта ўқиганим боис унинг бадиий структурасида бир неча ютуқларни кўрдим. Бежизга шу асар учун муаллифга Нобель мукофоти беришмагандир, деб фикр қилдим. Хуллас, Хемингуэй қанчалик чиранмасин, зарбалари билан мени илк раунддаёқ мувозанатдан чиқаришга эриша олмади. Беҳуда тер тўккани қолди, холос. Биринчи раунд дуранг билан якунланди.

“Қуёш барибир чиқаверади” деб номланган иккинчи раундга бонг чалиниши билан Эрнест амаки яна ҳужумга ўтди. Қаршимга келиб зарбалар ёмғирини ёғдириб ташлади . Қовоғини солганча “Қуёш барибир чиқаверади”, “Фиеста” деб ғулдиради. Мен мудофаа позициясига ўтиб, қўлларим ёрдамида ўзимни ундан ҳимоя қилганча асарни хотирамда тикладим. Уни илгари мутолаа қилганимда, илк лаҳзадаёқ  “Хемингуэй ҳам майдалашар экан” деган хулоса яшин тезлигида тафаккуримда уйғонган, ундаги қаҳрамонларнинг майда-чуйда ҳаёти кўзимга ёзиш учун арзимасдек туюлганди. Эндиликда ҳам шу фикрим ўзгармаган бўлса-да, асар учун прототип қилиб олинган -Биринчи жаҳон урушидан чиққан йўқотилган авлод вакилларига юрагим тубида бир мунча ачиниш ҳиссини илғадим. Бутун асар бўйлаб номи тиллардан тушмайдиган корридадаги урушқоқ буқа улардан кўра тирикдек, ҳеч бўлмаганда унда яшашдан мақсад бордек, матадор билан олишувдан омон чиқиш мақсади экандек кўринди. Асар қаҳрамонлари тахминимча ўша буқадан-да ожиз эдилар. Иккинчи раунд ҳам  шу йўсинда дуранг билан якунланди.

Учинчи раунд “Алвидо, Қурол!” номи билан аталганини кўриб хахолаб кулдим. Қитмирлигим тутди. Фурсатим келганини бир зумда пайқадим ва раунднинг бошидаёқ бир зарба билан Хемингуэйни енгил нокдаунга туширдим. У жойидан қалқиб кетди ва чайқалиб бориб ринг четига урилди. Унга зимдан боқарканман, “ Алвидо, Қурол!” ни талабалик пайтимда онамнинг тавсияси билан  қўлга олганим ёдимга тушди. Ўшанда, тўғриси, асар персонажларидан бири бўлган Кэтриннинг ўлим саҳнасидан кўра  Ремаркнинг шу мазмундаги “Уч оғайни”асаридаги Патрисиянинг ўлим саҳнаси кўзимга таъсирлироқ тасвирлангандек  кўринганди. Гапнинг дангалини айтадиган бўлсам, Кэтрин туғаётиб ўлгани учун ҳечам таъсирланмаган, онамга ўхшаб кўз ёш тўкмагандим. Мазкур хотиралар таъсирида шекилли,  Кэтриннинг ўлими учун бу оқшом ҳам ҳўнграб кўз ёш тўкмадим.

Учинчи раунд мени устунлигимда якунига етди. Раунд бошидаги нокдаун оғир тош босгани, буёғига барча раундлар якунига кўра устунлик мен томонимда экани кундек равшан эди. Олдинда ҳал қилувчи раунд турар, наздида Тургеневни нокаутга учратиб, Стендаль билан дурангга имзо чеккан Хемингуэйни лоақал очколар ҳисобига енгишим учун қулай фурсат аллақачон келган, буни ҳис қилиб ўзимда кўтаринки кайфиятни туярдим.

Пича ўтиб бундан ҳаяжонланиб кетдим. Ўзимни назорат қилиш ва фикримни бир ерга жамлаш учун бирин-кетин аччиқ-аччиқ қаҳва ичдим. Финжонни қайта-қайта, лиммо-лим  тўлдириб, лабларим тамшаниб бир пасда бўшатишимни кўрганида борми, бир кунда эллик финжон қаҳва ичган бақалоқ Бальзак ҳам  ҳавас қиларди.

Тўртинчи раунд бошланди. Бу раунд учун Хемингуэй қаламига мансуб на роман, на қисса, на ҳикоянинг номи танланганди. Ном оддийгина бўлиб, олтитагина сўздан иборат бўлган драбллдан олинган эди: “For sale, baby shoes, never worn”. Бу сўзларни дарҳол инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилдим: “Сотилади, гўдак бошмоғи, ҳеч қачон кийилмаган”. Таржима қилиб, маъносини тушунишим билан  Хемингуэйнинг аперкот зарбасини ўтказиб юбордим ва бу гал энди менда нокдаун қайд этилди. Гўё минглаб томошабинларга лиқ тўла рингнинг четида нокдаундан ўзига кела олмай, ринг арқонига таппа ёпишиб олган боксчидек  қўлларимни тушириб, бир муддат бошимни эгдим. Ҳушим ўзимда эмасдек тўрт атрофимга нуқул аланглар, кўз олдим борган сари тиниб кетарди. Хаёлимда эса фақатгина битта савол кезарди: “Нега ҳеч қачон кийилмаган?”

Шунда қаердандир йўғон овоз пайдо бўлди. Худди операларда ария куйлайдиган тенорга ўхшаш. Бу овоз Херберт Уэллснинг “Кўринмас одам” асаридаги ўзи кўринмай, кўпинча овози эшитиладиган Жонатаннинг овозини ҳам ёдга солди. У фақат битта сўзни такрорларди: “Чунки гўдак вафот этган, шунга ҳеч қачон кийилмаган”. Бу сўзларни тушунишим учун ўзимни кўп уринтирмадим. Бир лаҳзада кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетди, азобли ўйлар гирдобига тушиб қолдим. “У ким эди?”, “Кимнинг боласи эди?”,  Қандай вафот этган?  каби саволларни ўзимга бетўхтов берар, жавоб излаб қаршимдаги кўзи қонга тўлган Хемингуэй ва тобора мағлубиятим юзага чиқаётганини фаҳмлаб, ҳадемай рингга қулашимни чамалаётган Скотт-Фитцжеральдга аланглаб қарардим.

Дарҳақиқат, у ким эди? Хемингуэйнинг бирорта қўшнисининг фарзандими?  Балки,  у ҳар тонгда дўконидан ширин кулча харид қилган хушмуомала новвойнинг ёки унга ялтироқ қоғозга гўшт ўраб берган девқомат қассобнинг фарзанди бўлгандир? Балки, унинг истеъдодига қойил қолиб, ортидан эргашиб юрган, оқибатда мухлисига айланган кашанда такси ҳайдовчисининг ёки унинг тоби қочганида корига яраган зиёли врачнинг жигарбанди бўлгандир?  Балки у дам олишни хуш кўрган Валун кўли бўйидаги ранчога туташ пастак уйларда кун кечирган  пиёниста фермерлар ёки саҳардан шом пайтигача отдан тушмаган шўх-шаддод ковбойлардан бирининг дилбанди бўлгандир?

У қандай бола эди? Ўғил болами ё қиз бола? Неча ойлигида ҳаёт билан видолашган? Ақалли бир ёшга ҳам тўлиб-тўлмаганми? Демак, тўлмаган. Ахир, гўдакларнинг оёғига кўпинча бир ёшдан ўтгач пойабзал кийдирилмайдими? Кўриниши-чи, қандай бўлган? Дўмбоққина, жингалаксоч, кўзлари мовий, юзи лўппидеккинами? Балки, малласоч, кўзлари чиройли, алвон яноқли,  худди Барби қўғирчоқларини эслатадиган нафисгина қизбола бўлгандир. У нимадан вафот этган экан-а? Ўша пайтлари Осиёда ҳам, Оврўпода ҳам, Америкада ҳам қизамик, ич терлама ва сув чечакдан кўпчилик болалар нобуд бўлишарди. У ҳам шуларнинг бирортасига чалиниб ҳали ҳаёт нималигини тушунмай туриб омонатини топширгандир. Яратган эгам-чи? Унинг жонини бамайлихотир олаверганми? Ҳаётда бир оз яшашига, уни ҳис қилишига, ундан завқланишига наҳот имкон бермаган бўлса? Ахир, у ҳеч бўлмаганда бир марта  лунжининг атрофи ва кийимларига суртиб юборганча музқаймоқ, олмали пирог, апельсин, сутли шоколадларнинг таъмини татиб кўриши, мусиқа ёки қушлар сайрашини меҳр билан қулоғини тутиб тинглаб кўриши, кўзларини катта-катта очиб камалакнинг жилоси-ю оппоқ қорнинг гупиллаб ёғишини томоша қилиши, чаналарда ҳайқириб учиши, отаси ихтиёридаги машинанинг орқа ўриндиғида ўтирганча Она Ер тароватини кўздан кечириши керак эмасмиди?! Музқаймоқни татиб кўргач, ширин экан дейишга, қушларнинг сайроғи остида кўзлари илиниб ширингина  пинакка кетишга, қор зарраларини кафтида тутиб жилмайишга, машина орқа ўриндиғидан  осмонўпар биноларга ҳайратланиб қарашга у ҳам бошқа миллионлаб болалар каби ҳақли эмасмиди?!

Болажоним менинг..Беихтиёр шу сўзлар ичимдан бир нидо каби отилиб, лабларимда такрорланди. У тасаввуримда ўғил бола эди. Юрагим сезди буни. Ҳали бир яшар ҳам бўлмаган, эндиликда эмаклашни ўрганган, шамоллаб қолмаслиги учун ташқарига кам олиб чиқилган, шу боисдан онасининг қучоғида дераза олдидан ҳаётга боқиб, кўзларини лол қолгандек очадиган, ухлаганида қўлчаларини мушт қилиб тугиб оладиган фариштасимон гўдак эди. Волидаси уни ҳеч қачон қўлидан қўймаган, эмизаётганида унга оналик муҳаббати билан тикилган, падари эса унга атаб бир жуфт пойабзални эндигина харид қилган, қадам ташлашни бошласа, унга кийгазишни кўнглига тукганди. Эҳтимол, келажакда у ақли расо, келишган ва хушбичим, энг гўзал қизларнинг муҳаббатига сазовор бўладиган, ота-онасининг орзусидаги йигит бўлиб вояга етармиди. Агар тақдир сийласа Хемингуэйдек машҳур ёзувчи ёки Ван Гог каби улуғ рассом бўлиб етишиши ҳам мумкин эди.

Болажоним менинг…Бу дунёдан кўз юмаётганида унинг жажжи юраги нималарни ҳис қилган экан? Дунёда музқаймоқ ёки сутли шоколаддек ширин, мазали нарсалар борлигидан, уйларининг олдидан чўмилганда тана яйрайдиган сой ўтганидан, чигирткалар сайрайдиган ўтлоқда майсаларга ёнбошлаб ухлаш мароқли эканлигидан,  ҳар йили ёзда мевалари ғарқ пишадиган олма дарахтига тирмашиб чиқиш тоққа чиқиш билан баробарлигидан, доим кўчада ўтган-кетганнинг ортидан эргашадиган ёки уларга акиллайдиган кучук аслида меҳрибон жонзотлигидан, турли-туман одамларга лиқ тўла чиройли шаҳардаги осмонўпар бинолар устидан одамлар бамисоли чумоли каби майда кўринишидан беҳабар ҳолда кўзлари юмилгандир? Буларни қўйиб турайлик. Ақалли оёқ ўлчамига мос олинган пойабзални бир марта бўлсин кийиб қадам ташлаш унга насиб этмаганининг ўзи бир фожеа.

Мен нокдаундан ўзимга келолмасдим. Хемингуэй рўпарамга туриб олган, аямасдан кучли зарбалар берар, аҳволим сония сайин ёмонлашар, нокаутгача бир баҳя қолганди. Охири, нокаут ҳам юз берди. Жағимга тушган зарбадан хаёлий рингга юзтубан йиқилдим. Қаердандир бошимда Фитцжеральд пайдо бўлди. У тинмай санарди. Бир, икки, уч…Мен эса ўзим билан ўзим хаёлан суҳбатлашишда давом этардим. 

Жажжигинам менинг…Унинг қабри қаерда экан? Американинг бирор сершовқин шаҳридами? Овлоқ қишлоғида ҳам бўлиши мумкин. Одамларнинг ўлимини кутиб яшайдиган тобутсоз унга ҳам атаб кичкинагина тобут ясаганмикин? Черков руҳонийси-чи, унинг руҳига бағишлаб шам ёққан, гуноҳлардан покланиши учун ( ҳатто, гуноҳ қилишга ҳам улгурмаган бўлса шўрлик гўдак) ҳаққига дуо қилганмикин? Қабри ҳам миттигинадир? Қабристондаги ёшини яшаб, ошини ошаб ўтган юзлаб кимсалар орасида ҳали ҳаётнинг биттагина арзирли лаҳзасини ҳис қилмай ўтган бу гўдак ўзини бегона сезмаганмикин?

Ҳакам ўлгур тинмай санарди. Ўнгача санаб бўлгач,  Хемингуэй томонга қараб “сен ютдинг” деб сўз қотди. Шу дамда мен ҳам ўзимга келдим. Кўзларим жиққа ёш, кўнглим бузилган,  стол четини ушлаган қўлларим титрар, шу тобда биров тегинса барглари сарғайиб, омонат турган дарахтдек тўкилиб кетишим муқаррар эди.

Хемингуэй портрети орқали  мендан кўзини узмасди. Уни бир амаллаб қўлимга олдим ва истаб-истамай бошим узра баланд кўтардим. У тепамдан  ўзигагина хос бўлган ва айнан шу жиҳати билан нуқул ғашимга теккан виқорли нигоҳини менга қадади. Мен ютқазганимни тан олдим ва одатда ҳакам томонидан бокс жанглари якунида ғолибнинг қўли баланд кўтарилгани каби, портретни  янада баланд кўтардим.

Шубҳасиз, Хемингуэй бу жангда тўлиқ устунлик билан зафар қозонган, бир неча минг сўздан иборат бўлган роман, қисса ёки ҳикоялари билан эмас, атиги олтита сўздан иборат бўлган драблли билан мени руҳан парча-парча қилиб ташлаганди. Худди қачонлардир Тургеневни нокаут қилгани ва Стендаль билан дурангга имзо чеккани каби.

2022 йил, сентябрь

Шерзод Ортиқов

1 izoh

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting