Эссе

Сизга ҳозирги ҳолингиз яхши.

Ҳадисдан

Бобомнинг ўлимидан сўнг ўзимни бегемотдай ҳис қиляпман. 

У қоқ суяк – тупроқнинг остида. Мен эса диваннинг устида ялпайиб ётибман. Кўринишим ҳам, хатти-ҳаракатим ҳам одамни эслатмайди. Ойнага ҳам қарамай қўйдим. Хоҳиш ҳам, хурсанд қилгулик манзара ҳам йўқ. Ўзимга бегона жониворни кўргандек бўламан. Ёқимсиз. Фойдасиз. Қўланса сувга беланганнамо кавшанаётган хўппа семиз маҳлуқ диванга чиқиб олгандай. Лекин у ва мен бегемотнинг ўртасида зиғирдаккина фарқ бор. У осмонга қараб  кавшанаётганида мен каби соатлаб алланималарни ўйлаб эзилмаса кераг-ов.

Ўшандай бемаъни ўйлардан бири кеча ярим тундан бери уйқу бермай миямда айланаверяпти: нега айнан бегемот? Нега ўзимни чивин ёки илондек эмас, умримда кўрмаганим, кўришни ҳам ҳеч орзуламаганим бегемотдай ҳис қиляпман.

Яхшиямки, бегемотга бегемотлигини англаш ва ўлик вақтни тирилтириш учун китоб билан сийлаган ўша марҳум бобом. У олдиндан билган чиқар ўлимидан сўнг невараси бир кунда бегемотга айланиб қолишини. Уммон қадар, осмон қадар меҳрни энди кимдан олади? Меҳр кўриб ўрганган кўнгил ахир яна ўша меҳрга талпинади-ку. Бир уй китоб меҳрнинг яшовчан прототипими?

Шифтга бобомдай термилиб ётавериб, аҳён-аҳёнда аввалгидек қичқириқларидан ҳушимни йиғмасам, одамликдан чиққаним аниқ бўлиб бораётганди. Рўпарамдаги қоп-қора ноутбукка қараб, туйқус Аллоҳнинг: “Осмондаги ва Ердаги нарсаларни кузатинглар” деган даъвати мудроқ миямни уйғотиб юборди. Ноутбук ёнидаги зиғирдеккина чипга кўзим тушди-ю, вужудимдан аламли йиғи отилиб чиқиб, бўғзимни куйдириб туриб қолди. Қўлимда бобом билан боғлиқ олам-олам хотиралар сақланган чипни қалтираганча тутиб турибман. Чипга бир хира чивин келиб қўнавериб, ғашимга тегяпти. Уни бир-икки қўлим билан, кейин дивандаги ёстиқнинг тагида букланиб ётган газета билан ҳайдайман. У эмас, хаёлларим, бобом билан боғлиқ хотиралар учади, кўз олдимдан йўқолади. Чивин қайта-қайта келаверади. Чип ва чивин. Нега ишоратларга эътибор бермай қўйдим? Энг ҳақир махлуқ – чивиндаги мўъжизаларни мен махлуққа эслатмаяптими Худо? Бир ёки икки миллиграммли 3-5 миллиметр келадиган чивиннинг бошида юзта кўзи, кўкрагида учта юраги борлиги, ўлжасини шакли ёки рангидан эмас, ҳароратидан аниқлайдиган, қон таҳлил қилувчи ноёб жонли аппарат экани ёзилган ёзувлар унинг оппоқ қоғозга қолдирган қора доғларидек жимирлаб кўз олдимдан ўтяпти. Анестезиолог, моҳир хирург. Докторларимиз сендан ўрганиши керак, дейман аммамнинг қизини бачадонини юлиб олиб, туғмас қилиб қўйган чалахирургларга раҳмат айта. Олтига бўлинадиган ҳуртумининг тўрттаси терини тўртбурчак шаклда кесиб, операцияга тайёрлайди, иккитаси эса нишини санчиб қонни сўриб олади. Чаққан жойи ачишиб, гўё ўлдириб қўйгудек шапатлаганимизда, чивин жонивор аллақачон бошқа пациентининг қўлида бўлади. Мана шу кичкинагина махлуққа шунча мўъжизани жойлаган Аллоҳ нега хаёлингга бегемотни келтиряпти, тафаккур қилмайсанми? Битта чипни яратган олимга тасанно ўқиётганингда, чивинни яратган Аллоҳга нега ҳамд айтмай қўйдинг?!

Бегемот ва мен. Нега бегемотни яратди? Нега бу тимсолни менга рўпара қиляпти? Нимани англашим керак? Ўша куни тунни тонгга, кунни намозшомга улаб, бегемотдан маъни қидира бошладим. Топганларим эса мени қўрқитар, тунга бу қўрқув билан қандай кириб боришимни ўйлардим. Кимнингдир пинжига тиқилиб олиб, беркингим келарди. Бегемотдай гавдам билан қаёққа беркинаман? Кимдан беркинаман? Қаёққа қочаман? Қўрқаётганим ҳам, уялаётганим ҳам моҳиятан бир нарса. Менинг шу кўйга тушишим учун бобомнинг ўлиши шартмиди, дейман яна ўзимдан, тақдирдан ўпкалаб.

Бобом ўлган куни мен қайта туғилдим. Бегемот бўлиб. Аслида, у вужудимда аввалдан бўлган. Кўргим келмаган. Тўқнаш келишдан чўчиганман. Энг яқин инсонимнинг ўлимигина барча қўрқувларимни менга рўпара қилди. Назаримда, энг катта қўрқувни бошдан кечириб бўлганим учунми, қолганлари потирлаб изинма-кетин сафланиб чиқишяпти. Бобомни йўқотишдан нега қўрқардим ўзи? Энг катта сабаб бобомнинг сиймосидаги Меҳрдан маҳрум бўлиш қўрқуви эди. Иккинчиси, бегемотдай жасад ва куч билан умримни ялпайиб, бекор ўтказаётганим ва унинг ортидан келадиган ҳисоб-китоб кунидан қўрқув. Фойдасизлик, кераксизлик ва ёлғизлик қўрқуви. Ўзидан қониқмаслик, ҳатто нафратдан ўзингни жисман йўқ қилиб қўйиш қўрқуви. Қўрқувлардан, одамликдан қочиш мени бегемотга айлантирди. Шу билан тамомми? Қутулдимми баридан? Йўқ! Изтиробнинг юки бегемотнинг вазнидек оғир, жигар-бағримни эзиб юбормоқда эди.

Ҳамма қўрқувни бир ёнга қўяман-да, бегемотни эслайман. Оғзини очганда оғзи очиқ тўртбурчак чемоданни эслатувчи калласи бегемот танасининг тўртдан бири дегани, нақ 1 тонна-я! Бақувват калта оёқлари 4 тонна жасадни кўтарар-кўтармай лорсиллаб ёрилиб кетай дейди. Қорни ерни сийпалаб юради. Бармоқлари сузишга асқотувчи кўринар-кўринмас парда билан қопланган. Бурни, кўзи ва қулоғини тўртбурчак доскага кетма-кетликда чизиб қўйгандек, тана, ҳатто бошнинг учдан бири сув остида қолиб, шу тўртбурчак доска юзага чиқса кифоя: уч аъзо милтиқдай ишлайверади. Африка кенгликларига сиғмаса қаерга ҳам сиғарди шундай баҳайбат махлуқ. Африка иссиқ бағрига олмаса, ким ҳам унга ҳайиқиб кел дерди, дейман-у, яна менинг хаёлимга қаёқдан келиб қолганига таажжубланаман. Сахий қуёш жаззиллатиб танасини куйдирганда, ундан потирлаб қон оқяптими, деб юборасиз. Яраланган отдек кишнаб ётганга ўхшайди. Аслида, тана фақат шу махлуққагина тегишли қизғиш шилимшиқ без чиқараётган, уни ташқи бало-офатлардан ҳимоя қилаётган бўлади. 2004 йили япон олимлари қон тусли тери безлари ултрабинафша нурларидан ҳимоялайди, деган гипотезани инкор этиб, ўзларининг “дезинфекция қуроли улар” деган тахминини илгари суришди. Унга кўра, қизғиш секреция безлари бегемот терисида доимий равишда мавжуд бўлган кўп сонли тирналган жойларни даволаш, қолаверса, сув ҳавзалари яқинида ватан қурган қон сўрувчи ҳашаротларни нари қилишда қўл келувчи ҳимоя воситаси экан. Менинг ҳам қаерларимдандир мана шундай қон тусли безлар ажралиб чиқаётганини сезяпман. Фақат у кўринмайди. Ичкарида.

Бу махлуқни Худойи таоло нега яратди экан? Унинг табиатдаги вазифаси қандай? Қўлимдаги бегемотнинг бошига ўхшаш тўртбурчак қора матоҳдан маълумот қидириб, дунёнинг у ёғидан кириб-бу ёғидан чиқдим. Кўнглим ҳовурини туширадиган жавоб бўлса қани энди. Топганим ҳам, “Бегемотлар Африка дарёларининг табиий мувозанатида ҳал қилувчи ўрин тутади. Худди бир кунда 50 килограмм ўт-ўланни қайта ишлаб, ўғит чиқарадиган аппаратга ўхшайди. Бу нафақат дарёдаги балиқлар, ўсимликлар, балки қушлар, қуруқликдаги ҳайвонлар, жумладан, маймунлар учун ҳам озиқ. Улар Африка сув ҳавзалари биотизимида, ҳайвонлар ўртасидаги муносабатларда ҳам муҳим роль ўйнайди. Бегемотлар сув ҳавзаларини тарк этгач, у ерда деярли ҳаёт тугайди” мазмунидаги гаплар. Аммо унинг чеварлигига қойил қолиб пиқиллаб куламан – шунча мавжудотнинг ризқини биргина бегемотнинг ўғитига қаратиб қўйган-а! Кимнинг ризқи кимнинг қўлида эканини билсак эди. Бобомнинг нафақасига кўз тикиб турган бир уй одамнинг ризқи энди қаердан келаркин, қизиқ!

“Бегемот ҳам бўладими? Нима дегани ўзи у?” Бобомдан қолган катта кутубхонага киргунимча ҳам ўзимни икки оёқли одамдек ҳис қилмадим. Миямга келган фикрдан аъзойи баданим қалтириб, шошибгина бошдан-оёқ назар солдим ўзимга. Ўша гавда, ўша лола гулли сариқ кўйлак, пайпаслаб сочларимни ҳам ушлаб кўрдим, ярми тепага йиғилган, ярми ёйилиб елкамга тегиб турибди. “Рўмолнинг тагида сезмадиммикан сочимни, елкамга тегиб турса ҳам сезмабман”. Ҳайрият-ей ўзим эканман! Нега бўлмаса, бесўнақ, оғир, дам айиқ, дам бегемотдек ҳис қилаяпман? Китобларни титкилаётган қўлларимга ҳам бир қур қараб оламан. Одамники.

Энциклопедия, зоологияга оид китобларни қучоғимга тўлдириб, яна диванга қайтдим. Бир-икки маълумот чиқади. Европа тилларига лотин тилидаги “гиппо” сўзидан келиб ўрнашган бу сўзни юнонлар “дарё оти” деб талқин қилганлар. Араб, иброний, серб-хорват, шунингдек немис тилларида бегемот “Нил оти” деб ҳам аталган. Бегемот қаёқда-ю, от қаёқда деган ҳайронлик менгача ҳам бўлган экан. Африка ҳақидаги кўплаб саргузашт асарлар муаллифи, инглиз ёзувчиси Томас Майн Рид ҳайрат билан таъкидлаган: “Нега гиппопотамусга “дарё оти” номи берилганини тушуниш қийин. Дунёда отдан бунчалик фарқ қиладиган бошқа тўрт оёқли мавжудот йўқ”. Унинг сув остида даҳшатли овоз чиқариши кўпчиликка отнинг кишнашини эслатгани боисидан шундай ном билан аташган, деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Тасаввур қилинг-а, шундай баҳайбат жуссадан қандай ўкирик чиқиши мумкин. Мен ҳам оғзимни очиб, “ААА” деб кўраман. Овозимни яхшироқ эшитиш учун уч-тўрт марта қайтараман. Қўшни хонадаги хотинларнинг икки-учтаси югуриб чиқади: “Яхшимисан?” “Ҳа” дегандек бошимни ликиллатаман. “Овозим одамникига ўхшаяптими ё бегемотникигами?” Баттар таажжубда қолишади. Бир-икки дақиқа анграйиб, ҳеч сўз демай чиқиб кетишади. “Жойида шекилли”, дейман хурсанд бўлганимдан ўтирган жойимда сакраб.

Баҳайбат гавдасию ваҳимали ўкиригидан ўзининг ҳаддини билган ҳайвонлар унга камдан-кам рақиб бўларкан. Бегемотнинг ақлига қойил қолган зоологлар хотираларида ёзишича, ўтлаб юрган бегемотга тўсатдан ҳамла қилган шер кўлга чўкиб, тимсоҳ эса тупроққа беланиб ҳалок бўлган. Иккисини ҳам ўзига тескари ҳаётга судраб, масхаралаб, хор қилиб ўлдирганмиш. Тўғри, бегемотнинг 800 килолик миясига келган бу айёрона режа баъзан одамнинг хаёлига келмайди. Тағин одамлар “катта бўлса нима бўпти? Бизнинг миямиз борлиғимизнинг қирқдан бири, бегемотники эса 2789дан бирига ҳам базўр тўғри келади”, дейди. Гап вазндамас, ақлда!

Рус тили ва унинг таъсирида собиқ мустамлака давлатлари тилларига ҳам бу махлуқ бегемот шаклида кириб келган. У ибронийча “бегема” – “ҳайвон” сўзининг кўплик шаклига ишора қилади. 2006–2008 йилларда қайта нашрдан чиққан А.Мадвалиев таҳрири остидаги “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам шундай маълумот берилган: “Бегемот (қадимий яҳудийча behemoth – сув оти) Тропик Африка кўл ва дарёларида, шунингдек, уларнинг атрофларида яшайдиган, териси қалин, йирик сутэмизувчи ўтхўр ҳайвон; сув айғири”.

Бу махлуқ мен қатори кўплаб сайёҳлар, ёзувчиларга ҳам қизиқ мавзу бўлган кўринади. Ҳамиша сирли ва баъзан қўрқинчли туюладиган ёзувчи Михаил Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” асарида ҳам Бегемот бор. Ёзувчи дунё халқлари мифологияси, дин, одам ва иблис мавзуларини сув қилиб ичиб юборгани ҳавасимни келтирса, баъзан чўчитади. Унинг қаламининг сеҳри билан Бегемот исмли мушук Воланднинг мулозими сифатида эсда қоларли персонажга айланган. Бегемот персонажининг яратилиши учун манба И. Порфиревнинг “Эски Аҳд шахслари ва ҳодисаларининг апокрифик эртаклари” (М., 1872) китоби бўлиб, унда “танланганлар ва солиҳлар яшайдиган боғнинг шарқи” – кўринмас чўлда яшовчи йиртқич денгиз ҳайвони бегемот ҳақида сўз юритилган. Бундан ташқари, М.Булгаков М.Орловнинг “Инсон ва иблис ўртасидаги муносабатлар тарихи” (М., 1904) китобидан фойдаланган, ундан парчалар ёзувчи архивида сақланиб қолган. Булгаковнинг иккинчи хотини Л. Белозерская уларнинг уй мушуги Флюшка Бегемотнинг прототипига айланганлиги ҳақида гувоҳлик берган.

Булгаков образ ортига қандай характер ва вазифа юклаган? Бегемот демонологик анъаналарга кўра очкўзлик жини ҳисобланган. Ёзувчи театрдами, дўкон ёки исталган жойда халқининг жин ургандек пулга, ялтир-юлтур, ҳашаматга ўзини уришига киноя ўлароқ, шунингдек, мушукдаги макрга ишора қилиб, иккисини бир образда омухта қилган.  Эътибор берсак, Бегемот қарама-қарши сифатларни ўзида жамлаган. Маргарита хонимни манзират қилувчи меҳмоннавознинг фириби ва тажовузидан баъзан ёқа ушлайсиз. У нимаики ишга қўл урмасин: бир қарасангиз, паттачига йўл ҳақини тўлаб, Иван Бездомнийни ақлдан оздиради, бир қарасангиз, Стёпа Лиходеевникида меҳмон бўлиб, қиттак-қиттак отади, кейин Варенухани уради, ундан кейин Бенгалскийнинг бошини тишлаб узиб олади… охири бехайр якун топади.

Бегемотни “орқа оёқларида юрадиган, мўйловлари узун диккайган, чўчқага ўхшаш улкан қора мушук” ёки “йиртиқ қалпоқни пешонасига қўндирган, пакана, хўппа семиз, мушук қиёфали одам” кўринишида тасаввур қилсак бўлади. У одам қиёфасида томоша биносида ғала-ғовур қўзғатади, Торгсин ва Грибоедовлар уйида ёнғин чиқаради, томоша комиссияси раисини гумдон қилиб, ўриндиғида фақатгина тикланган костюмини қолдиради, отишма уюштиради… Бироқ, эпизодларнинг аксариятида у мушук табиатида ҳаракат қилади, одамларни бутунлай инсоний одоб-ахлоқ билан ҳайратда қолдиради.

Роман охирида Бегемот ўқувчи кўз ўнгида ҳақиқий қиёфаси – иблиснусха ёш йигит кўринишида намоён бўлиб, хўжайини билан абадий саргардонликка маҳкум этилади. Гўё жинлар каби қуёш чиқмасдан бурун “солиҳлар ва танланганлар” – Уста ва Маргаританинг мангу бошпанаси бўлмиш чўл ҳудудидаги боғ яқинида, тоғли тубсизликка сингиб ғойиб бўлади.

Ёзувчининг салбий бўёғига қорилган бегемотнинг шакл-шамойили Илоҳ томонидан одамзодга таништирилган илк ҳайвон тасвири ўлароқ қандай баён этилган эди? Кўр-кўрона тақводорликдан, кейин атрофимдаги одамларнинг динсизликда айблашларидан қочиб, яширинча насронийлар, буддавийлар, яҳудийлар, зардўштлар… хуллас, ҳаммасини мусулмонлар китобига чоғиштириб ўқиб чиққандим бир вақтлар. Ва у китобларни жавоннинг энг орқасига яшириб қўйганим ёдимга тушиб, яна кутубхонага отландим. Яширган жойимдан топдим. Уни бировларнинг кўзи тушмасин учун ўша ердаёқ кўз югуртириб, яна жойига қўйиб қўйдим. Инжилда, Эски Аҳдда бегемот ҳақида қуйидагича маълумот келтирилган:

Худо Айюб алайҳиссаломнинг нолалари, (нолишлари)га ғазаб қилиб: “Бегемотга қарагин, худди сени яратганимдай уни ҳам Мен яратганман. У ҳўкизга ўхшаб ўт ейди. Унинг белида кучи кўп, қорин мушаклари кучга тўла. Думи садр дарахтидай кучли, сон мушаклари жуда ҳам бақувват. Унинг суяклари бронзадан ясалган новлардай, қўл-оёқлари темирдай мустаҳкам. Мен яратган жониворлар орасида у энг ажойибидир, Яратганнинг Ўзигина унга бас кела олади. Ёввойи ҳайвонлар ўйнаб юрган қирлар унга озиқ беради. У халқоблардаги қамишлар орасида, нилуфар гулларининг соясида ётади. Ирмоқ бўйидаги толлар уни ўраб олади. Дарё жўшиб оқса ҳам у қўрқмайди, Иордан дарёсининг тўлқинлари юзига урилса ҳам У бехавотир тураверади. Биров унинг кўзларини кўр қилиб, ушлай оладими?! Илмоқ билан бурнини тешиб тута оладими?!” (Инжил, Эски Аҳд, Айюб китоби, 40-боб). Насронийларнинг муқаддас китобида бегемот ва Левиан куч-қудрат ва ёвузлик тимсоли сифатида гавдаланган.

Закий таржимон Иброҳим Ғафуров таржимасида Айюб қиссаси Қуръони каримдаги оятларга таяниб, “Айюб нидоси” тарзида, бегемот эса “сув сигири”, левиан бўлса “тимсоҳ” шаклида танланган. (“Айюб нидоси”. Янги аср авлоди, 2021).

Сўнгги илоҳий китоб Қуръони каримнинг “Ва Айюбнинг Ўз Роббига нидо қилиб: Албатта мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлигисан!” деганини эсла. Бас, Биз уни (дуосини) истижобат қилдик. Унга етган зарарни кетказдик. Унга аҳлини, улар иблан бирга яна шунчани ҳам бердик. Буни Ўз раҳматимиз ила ва “Обидларга эслатма бўлсин”, деб қилдик”. (Анбиё сураси, 83-84 оятлар) ҳамда “Бизнинг бандамиз Айюбни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: “Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди”, деди. Оёғинг ила тепгин! Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ сув. Ва Биз унга аҳлини ва яна улар билан бирга мислларичани ҳам ҳадя этдик. Бу, Биздан раҳмат ўлароқ ва ақл эгаларига эслатма учун бўлди. “Қўлингга бир дастани ол-да, у билан ур. Қасамингни бузма”. Биз уни сабрли топдик. У қандай ҳам яхши банда. Албатта, у ўта қайтгувчидир”. (Сод сураси, 41-44 оятлар) оятларида Аллоҳ пайғамбарининг кайфиятини яширган. Очиқ баён этишни лозим топмаган.

Инжилдагидан фарқли Қуръони каримда Айюб алайҳиссалом сабр эгаси, ҳар қандай ҳолда ҳам Аллоҳга қайтгувчи сифатида Роббининг Ўзи  томонидан азиз қилинган. Мўмин киши бошига мусибат тушган биродарига қарата “Айюбнинг сабрини берсин” дея тилак билдириши бежиз эмас. Дунёда ҳеч бир инсон Айюб алайҳиссаломчалик қаттиқ имтиҳон қилинмаган ва ҳеч ким у зотчалик сабрли бўлмаган. Ўғлини йўқотган Иброҳим алайҳиссаломнинг йиғлайвериб кўзлари кўрмай қолган. Айюб алайҳиссалом эса 7 ўғил ва 3 қизидан бир кунда айрилганида ҳам, беҳисоб мол-давлати, саноқсиз дўст-биродарларидан жудо бўлганида ҳам, ҳеч кўрилмаган дард билан синалганида ҳам сабрда мустақим бўлган собир зотдир.

Бобом. Мен. Бегемот. Айюб алайҳиссалом. Хаёлларимда чалкашиб кетаман. Бу чалкашлик тобора ортиб, саноқдагиларнинг сони кўпайиб бораверади. Худди Инжилдаги махлуқнинг бизга таниш бегемот билан чалкашлигига ўхшайди. Муқаддас китобдаги гиппопотамуснинг қандай мавжудот эканини олимлар қадим замонлардан бери тушунишга ҳаракат қиладилар. Натижада турли тахмин, гипотезалар урчиди: уни улкан буқа, фил ёки каркидон деб атайдиганлар ҳам чиқди. Гиппопотамус ҳатто Айюб алайҳиссаломнинг жасадини ейдиган чигирткалар ва қуртлар сифатида ҳам кўрилган. Москва диний академиясининг Инжилшунослик кафедраси ўқитувчиси, руҳоний Дмитрий Баритскийга кўра, биз уни “баҳайбат махлуқ” дебгина атай оламиз. “Айюб китоби” буюк рус олими Михаил Ломоносовни ҳам шу қадар мутаассир этганки, ҳайратлари қоғозга шеър бўлиб тўкилган.  

“Воззри в леса на бегемота,

Что Мною сотворён с тобой;

Колючий терн его охота

Безвредно попирать ногой.

Как верьви сплетены в нём жилы.

Отведай ты своей с ним силы!

В нём ребра как литая медь;

Кто может рог его сотреть?”

1747–1751 йилларда ёзилган мисраларни ўқиб, хаёлотимнинг кичик туйнугига сиғадигани – фантастик кино кўргандек бўламан. Суяклари мисли темир ғўла, оёқлари мис қувурларидек келадиган баҳайбат махлуқ ўрмондан чиқиб, устимга бостириб келаяпти. Шу топдаги даҳшатдан ўзимнинг бегемотга айланганимни унутдим. Бегемотга айланса-да, “Лизюков кўчасидаги мушук”дек бўлдим-қолдим. 1826 йилда инглиз рассоми ва шоири Уилям Блейк томонидан “Айюб китоби” учун ишланган гравюралар ва суратлар тўплами орасидан бегемот тасвирига кўзим тушди-ю, рангим докадек оқариб кетди. Кечаси билан ухлолмай тўлғаниб чиқдим: суратдаги бурни қисқа ҳартумга ўхшаган, оғзидан тишлари чиқиб турган, думи ерни сийпалаётган махлуқ бостириб келаверди. Жиққа терга ботиб тураман. Кўзимни очишим ҳамоноқ яна бегемотни кашф қилишга киришаман. Унинг сир-асрорини миридан-сиригача ўрганиш – қўрқувни енгишнинг йўли, деганча куч топаман ўзимда.

Гиппопотам билан чалкашлик қачон ва қандай пайдо бўлган? Ва бу чалкашликми ўзи?

Иккиси бир ҳайвон экани ҳақидаги ғоялар Европада XVIII асргача пайдо бўлган. Жуда ишонарли далиллардан бири этимологияга бориб тақалади, ибронийча “ҳайвон” сўзининг арабча “сув буқаси”га жуда ўхшашлиги, мисрликларнинг бу сўзни гиппопотамусга нисбатан ишлатишлари асос бўлган. Иккинчидан, бегемот қадимги даврларда чиндан ҳам Инжилда келтирилган мамлакатлар оралиғида яшаган. Уларнинг белгилари Яқин Шарқда, Саҳрои Кабирдаги петроглифлар орасидан, суяк қолдиқлари Месопотамиядан топилган. XVIII асрда бегемот сўзи илк бор “Россия академиясининг луғати”га киритилган ва илмий мақолада “гиппопотамус амфибус” деб аталган.

Айюб китобидаги Бегемот ҳалигача сир бўлиб қолмоқда. У қай махлуқот бўлишидан қатъи назар, Муқаддас Битик тафсирчилари бу, биринчи навбатда, Худонинг инсонга бўлган қудрати ва раҳм-шафқатининг жонли тасвири эканлигига аминлар. IV аср буюк илоҳиётчиси Авлиё Йоҳанн Златоуст шундай ёзган: “Худо Ўз иродасига гувоҳлик бериш учун улкан йиртқич ҳайвонларни яратди. У ҳамма нарсани шундай баҳайбат, қудратли ярата олади, лекин яратмади, чунки У ҳамма нарсани сиз (одам)нинг манфаатингиз учун яратган. Бу ҳайвонлар бизни Худо ҳақидаги билимга етаклайди”.

Динда қудрат ва ёвузлик тимсоли сифатида эсланган бегемот мифологияда қандай талқин қилинади?

Мазкур образни йиртқич ҳайвон, жин талқинида Инжилда, яҳудий битиклари, кўплаб муаллифларнинг асарларида, рисолаларида, маданият ва псевдофолклорда учратиш мумкин. У асосан ўрмон, саҳро, ер остида ёки дўзахда яшовчи махлуқ сифатида тасвирланади. Ҳайвонлар ва қушлар шоҳи (шерларга ўриндош), дўзах жаллодларидан бири вазифасида кўпинча Левиафан, Туннану, Иблис ва Исо алайҳиссалом образлари билан ёнма-ён келади. Асосий белгилари – оловли нафас, турли шаклга кира олиш, йиртқичга хос белгилар, бошининг кўкракда жойлашгани.

Ўрта аср демонологиясида Бегемот (гиппопотамус) – куч, очкўзлик, енгилмаслик рамзи. У шунингдек, денгиз кучини ифодаловчи Левиафан ва ҳаво кучини ифодаловчи Зизудан фарқли ўлароқ, шафқатсизлик, ҳалокат, унумдорлик, Ернинг кучини ифодалайди. Яҳудий урф-одатларига кўра, бегемот ҳайвонларнинг шоҳи ҳисобланади; охирзамонда, Бегемот ва Левиафан охирги жангда бир-бирларини ўлдиришлари керак, уларнинг гўшти Масиҳ байрамида солиҳлар учун емак сифатида тортилади, дея ишонишади.

Ўрта аср демонологиясида гиппопотамус – очкўзлик иблисидир. У зилзилага олиб келиши мумкин. Катта ҳайвонлар шаклида пайдо бўлади.

Француз ҳуқуқшуноси ва жинлар назарияси тадқиқотчиси Пьер де Ланкр (1553–1631) маълумотларига кўра, бегемот ҳар қандай йирик ҳайвон, шунингдек, мушук, фил, ит, тулки ва бўри қиёфасига кириши мумкин бўлган жиндир. Яна бир француз олими, “Сеҳргарлар демономанияси” (1580) асари муаллифи Жан Боден уни Миср фиръавнига қиёслайди. Йоҳанн Виер эса “Жинлар ҳақидаги фаразлар, уларнинг сеҳр ва зарарлари” (1563) асарида “Бегемот – одамларга ҳайвонликка мойиллик уйғотувчи жин, у одамларнинг бел ва киндикдаги шаҳвоний васвасасини қўзғаб ҳужум қилади. У васвасага солиш учун ҳатто аёл қиёфасига ҳам киради. Бегемот одамларни куфрга, ножоиз сўзларни ишлатишга ундайди. Шайтоннинг энг ишончли мулозими бўлиб, зиёфатларни бошқаради, дўзахнинг тунги қўриқчисидир”, деб ёзган.

Ўрта аср фалсафасига кўра, бегемот дўзахнинг энг шафқатсиз жаллодларидан бири бўлган, гуноҳкорлар унинг карнайини узоқдан эшитганларида титраганлар. Гиппопотамус ваҳимага солувчи қўшиқлар куйлаши билан ҳам машҳур. XV асрдаги француз апокалипсисидан олинган миниатюрада Бегемот Левиафанга мингашаётгани тасвирланган; Ҳиндистонда у боши елкасида эмас, кўкрагидан чиққан, дея тасвирланган.  

Гиппопотамус уни ҳамиша Нил қирғоғида учратган мисрликлар маданиятида муҳим роль ўйнаган. Баҳайбат ва қудратли ҳайвондан қўрқув, эҳтимол, Қадимги Миср аҳолисининг диний эътиқодларида унинг бир нечта худолар тимсолига айланишига олиб келган. Аслан, бегемот ёвузлик ва ҳалокат кучларини ифодалаган, чунки у қадимги Мисрда экинларнинг асосий зараркунандаларидан бири бўлган. Гиппопотамусга сиғиниш бошқа ҳайвонларни (скарабей, ибис, лочин) илоҳийлаштирганларичалик чўққига чиқмаган бўлса-да, ҳатто энг ёвуз худо – Сет (Сетҳ. Қадимги Миср мифологиясида ғазаб, қум бўронлари, ҳалокат, хаос, уруш ва ўлим худоларидан бири) ҳам баъзан бегемот сифатида тасвирланган. Бегемотга сиғиниш шимоли-ғарбий Делта бўйлари, шунингдек, Пемже, Ал-Файюм шаҳарларида авж олган. Оксиринх (ҳозирги Пемже)да туғилиш, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларнинг ҳомийси Таурт маъбуди ибодатхонаси бўлиб, у одатда ҳомиладор бегемот кўринишида тасвирланган. Қадимги Мисрда бегемотга бағишланган кўплаб ҳайкалтарошлик намуналари сақланиб қолган. Археологлар томонидан Миср чегараларидан узоқда топилган бегемот тишларидан ясалган турли ҳунармандчилик буюмлари Миср, Кипр, Месопотамия ва Сурияда жуда машҳур бўлган.

Қадимги Мисрда бегемотга икки хил ёндошув, қараш мавжуд эди. Бир томондан, у билан учрашув ўлимга олиб борувчи хавфли ҳайвон деб қаралган бўлса, бошқа томондан, у яшовчанлик, ҳаёт белгиси деб ҳисобланган. Бундай қарашга сабаб унинг мисрликлар учун ҳаёт манбаи бўлган Нил дарёсида яшагани эди. Бундан ташқари, вақти-вақти билан нафас олиш учун сув юзасига кўтарилган бегемот табиатнинг даврий қайта туғилиши рамзи сифатида кўрилган. Шу сабабдан Ўрта ва Ўтиш даври подшоликлари даврида қабрларга сопол бегемот ҳайкалчалар қўйиш урф бўлган. Бегемот марҳумга ёки унинг руҳига зарар етказмасин дея оёқсиз ясалган.

Кўпгина Африка халқлари ва қабилалари учун бегемот тотемик ҳайвон бўлиб, уни овлаш диний кўрсатмалар билан тақиқланган ёки чекланган. Суданнинг бир қатор минтақаларида маҳаллий аҳоли бегемотлардан хурофий қўрқувга эга, уларни шайтоний мавжудотлар, қоронғи кучларнинг хабарчилари деб билишади. Маҳаллий аҳоли деҳқон даласига адашиб келган бегемотни нафақат ҳайқириқ ва шовқин билан, балки Қуръон оятларини баланд овозда ўқиш билан ҳам қўрқитишга ҳаракат қилади.

Бир махлуқки ўзида шунча сир-асрор, мўъжиза, қудрат ва ишораларни жамлаган экан, одам бўлиб нега аслимни ўрганмайман? Бегемотга айланиш қўрқуви у ҳақдаги жами билимларни эгаллашга, Чуковский эртакларидан тортиб, мультфильмларни кўришгача, ўйинчоқлару сувенирлар орасидан уни излашгача бўлган ғайриоддий тобелик, мубталоликка ғарқ қилди. Бегемот ролига шу қадар кирдимки, жасаднинг одам ёки ҳайвонни кўтариб юрганининг маъниси йўқолди.

Бобомнинг вафотига ўн кун тўлди. Ҳар куним-туним, фикри-зикрим бегемот билан ўтиб, одамни бир марта эсламадим. Ўн кун аввал бегемотни зоҳиримда кўргандим, бугун у ботинимни эгаллаб, кишнагиси келяпти. Беъмани ўй-хаёллардан қочиб, кўчага отландим.

-Намозшомда кўчага чиқмай қўявер, эртага чиқарсан, – деди бувим.

Кўчанинг бошига чиқиб, қайтиб келаман.

-Тез келгин!

Юряпман, яна юргим келаверади. Қаёққа, нимага кетяпман, билмайман. Тонг ёришиб қолди ҳамки, чарчоқни билмаяпман. Эмаклаб кетаётганга ўхшайман. Йўлдагилар ғира-шира шарпамни кўрибоқ бақириб, орқа-олдига қарамай қочиб кетишяпти. Лола гулли кўйлагим ҳам, рўмолим ҳам жойида. Нега бундай қарашяпти? Семириб, кўйлакларим тирсиллаб турганигамикин. Бирдан ҳаммаёқни машиналар сигнали, одамлар қий-чуви, мелисалар босиб кетди. Нима бўлаётганини билишга уринаман. Гўё ҳамма мени ўраб олгандек. Россияга кўкат элтадиган қўшнимизнинг поезддек келадиган фура машинасига ишора қилиб “Чиқ! Чиқ!” дейишяпти. Бирор хавф бор шекилли, деб пайсалга солмай чиқаман. Нега бошқалар чиқмади? Энди уларга нима бўлади? Хавфдан ҳолимикин?

Машина эса учириб олиб кетяпти. Уч-тўрт соат ўтса ҳам машиналарнинг сигналлари тинмаяпти. Нега зоопаркка олиб келишди? Панжара билан ўралган, ҳовузчали, кенг майдон. Ҳамма тарафдан шарақ-шарақ фотографлар суратга оляпти. Тумонат одам. Панжарага “Африка бегемоти” ёзувли лавҳа илинган.

-Қандай яхши! Бегемотни энди тиригини кўрар эканман. Уйдагилар ҳавотир оладиган бўлди-да…

Севара АЛИЖОНОВА

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting