АЗИЗЛАР ҲАҚИДА ЖУМБОҚ

0
391

Алишер ФАЙЗУЛЛАЕВ

ҳикоя

ДЕВОР ДУНЁмизни иккига ажратган. НАРИГИ ва БЕРИГИ ДУНЁларга. Нариги дунёни жаннат дейишади. Ҳар тугул шундай гап бор. Ҳеч ким у ердан қайтмаган бўлса ҳам. Эҳтимол, кетишнинг ўзи мафтункор туюлса керак. Доимий дунёдан. Илк бор қадам ташлаган ва яшаган дунёмиздан. Уни яхшироқ англаганимиз сари у бизга кулранг ва зерикарли бўлиб кўринаверади. Хуллас, НАРИГИ дунёга ҳамма ошиқади. Унга кетишни истайди. БЕРИГИ ДУНЁ эса жаҳаннам. Ердаги жаҳаннам. Бунда одамлар ўлсалар – мангуга. Уларнинг танаси бунда то қиёмат қопгунча қолади. Руҳлари ҳам. Оч арвоҳлар девор сояси етмаган саҳро бўйлаб кезиб юраркан. Шундай гап юради. Яна бунда одамлар қон эвазига тирикчилик қиладилар. Ўз қонлари эвазига. Аммо бу ҳозир унча муҳиммас.

ДЕВОР – улкан. Унинг осмонга туташган ери йўқ. Кўринмайди. Қоядек тик. БЕРИГИ ДУНЁ – қуп-қуруқ. Девор ўша саҳронинг қора рангдаги маҳобатли вертикал давоми. Деворнинг ҳу-ув сояси остида, улкан ҳарсанглар орасида ҳовуз бор. Суви зилол. Унда қуёш нурлари минг бўлакка парчаланиб акс этади. Жилваланади. У оғир асоратдан юзага келган. Портлаш. Нарироқда улкан ракетанинг қуйруғи чиқиб турибди. Сувнинг ўзи эса заҳарли. Бериги дунёнинг барча суви заҳар. Кислотали. Шу боис сувдаги ҳар бир тош, ҳар бир темир ярқирайди. Сув ўртасидаги замбаракли машинанинг бутун кабинаси тозаланган суякдек. Фақат сувдан ташқаридаги ғилдиракдан бошқа. Ғилдирак резиналари аёвсиз қуёшда тарс-тарс ёрилган. Шамол ўша ёриқларни тупроқ билан тўлдирган. Баъзи-баъзида у ўзидан аянчли овоз чиқазади. Бу аянчли овоз бирон ўнгирга кирволиб нажот тиланаётган махлуқнинг овозига ўхшайди. Худди бутун умиди ер билан чил-парчиндек. Умуман, унинг овози умидсиз одамнинг қичқириғини ҳам эсга солади.

Шу ҳовуз тепасидаги тошсупада йигитча ўтирибди. У ёнига бир уюм майда тош йиққан. Ўша тошларни сувга ирғитади ва тинглайди. Шалоп. Чалп. Тиринг. Унинг бошқа ташвиши йўқ.

Соя қочишига ҳали анча бор. Уйида ҳам бирон машғулоти йўқ. БЕРИГИ ДУНЁда бир маромдаги ҳаёт ҳукмрон. Унинг боши ҳам, охири ҳам йўқ. Одамларнинг бекорчилиги ҳам худди шундан.

Унинг исми Азиз. Кенжа Азиз. Азизлардан бири. Отаси  – Жаноб Азиз. Онаси – Азиза Хоним. Опаси – Азиза. Тўнғич Азизни кўрмаган. Ўртанча Азиз эса уни доим шу ерга етаклаб келиб, сувни тинглашни ўргатган. Шу орқали кутиш азобга айланмайди. Шунда сен ўзингнинг бандлигингдан шод бўласан. Ва унутасан. Кутаётганингни. Ахир нимани кутаётганингни англамаслик сени еб битиради. Нима демоқчилигимни тушунаётгандирсан? Хуллас, бир неча йил аввал Ўртанча НАРИГИ ДУНЁга ўтиб кетди. Аввалига хабар келди. УЛКАН ДЕВОРнинг ягона ишлаётган дарвозасида суҳбатдан ўтиши даркорлиги тўғрисида. Ўртанча суҳбатдан хушнуд қайтди. Уни қабул қилишганди. Стол устида овқатланишаркан, Жаноб Азиз ўлик туғилган Тўнғичини тилга олди. У МУРДАЛАР ВОДИЙСИда тамом уйқуга кетган. Жаноб Азиз бу ҳикояни жуда кўп бора сўзлаб берган. Азиза Хонимнинг оғир тўлғоғи. Мурда болакай: туғилганида қилт ҳам этмаганди у. Жаноб Азиз уни қонли матога ўрагани. Ва Кичик Азиз ҳозирда ҳар куни бориб тикилиб ўтирадиган сувга ботиргани. УЛКАН ДЕВОР сояси тушиб турган маҳали ЎЛИКЛАР ВОДИЙСИга ўтгани. Нам матодаги ўлик Тўнғични тош устига қўйгани. Йиғлагани. Кетгани. Эртаси куни яна боргани. Тўнғич устидаги нам мато қуёш ва шамол таъсирида тош саркофакка айлангани. Яна йиғисини тутолмагани. Шу кўйи 33 кун қатнагани. Ўзига келган Азиза Хоним Жаноб Азизнинг сочига оқ оралаганини айтгани. Ва ЎЛИКЛАР ВОДИЙСИга боришни ман қилгани. Ўшандан сўнг у бошқа кўз ёши тўкмагани. Бу Жаноб Азизнинг доимий ҳикояси эди. Оила йиғилиб, хушнуд кунини нишонлаганида ҳам, маҳзун кунларида ҳам Жаноб Азиз ўлик туғилган Тўнғични эслайди, 33 кун тинмай йиғлаганини, ундан кейин бир томчи ҳам кўз ёши тўкмаганини ҳикоя қилади. Бу одат ўша куни ҳам такроран рўй берди. Ўртанча НАРИГИ ДУНЁга кетишидан шод эди. Энди унинг кутиш ҳавотири якунига етганди. Тобора завқланар, отасининг ҳикояси унга заррача таъсир этмасди. Маҳзун кайфият бермасди. Фақат эртасига, кетар маҳали кўзларидан ёш думалади. Азизларни бошқа кўрмаслигидан, НАРИГИ ДУНЁда ҳеч ким уни “Азиз” деб чорламаслигидан.

Кенжа уни дарвозага қадар кузатиб борди. Дарвозага етиб борганларида Ўртанча уни қучди. Видолашди. Эслатдики, сув товушини тингласин. Нимадир билан машғул бўлса, кутиш у қадар оғир туюлмайди. Эҳтимол, 22 га кирганида дарвозадан хабар келар ва Кенжа НАРИГИ ДУНЁга ўтади. Ўртанча Азиз уни дарвозанинг у бетида кутади. Кутиш қанчалар оғир бўлмасин.

Шундай деб Ўртанча Азиз дарвоза томон кетди, сўнг йўқолди дарвоза ортида. Кенжа ўшандан буён ҳовузга қатнайди. Сув товушини эшитиш учун. Вақтни ўлдириш учун. Кутишни ҳаминқадар енгиллатиш учун. Бу шу қадар мантиқсизки… На вақт ўтади, на сув тилга киради. Шалоп. Чалп. Тиринг.

Азиза улкан девор остидаги тошлардан бир-бир сакраб келади. Димоғида қўшиқ куйлайди. Сочларини шамол ўйнайди. У кўзларини юқорига кўтармайди ҳеч. Майда қадамлар билан Кенжа ўтирган тош супага яқинлашади. Сўнг айтадики, Азиз уйга қайтиши лозим. Кенжа миқ этмай унга эргашади. Йўл-йўлакай Азизанинг овози эшитилади холос. У гулгун. У хушнуд. У бахтиёр. Сакраб-сакраб бораверади. Кенжа эса унинг изидан унсиз эргашади. Девор ёқасидаги уйга етиб келганларида қуёш забтига ола бошлаганди. Иккиси ҳам ер ости йўлагига кириб кетадилар. Азиза ер ости бўйлаб кетган даҳлиздан биринчи хонага киради. Бу унинг хонаси. Шифтдаги қуёш чироқлари зириллаб нур тарата бошлайди: эртанги девор сояси бу томонга тушмагунича кўчага чиқиб бўлмаслигидан дарак бу.

Кенжа ҚОНХОНА олдига етганда тўхтайди. Эшик ортида ота-онасининг сўзлари эшитилади. Эшикка яқин бориб қулоқ тутади. Гап опаси ҳақида боради.

-Аниқ кўрдингми?

-Ҳа, девор соясидаги эски омборга кириб кетди. У ерда нима бор экан деб ортидан бордим. Ичкаридан эркак овози эшитилди.

-Бўлиши мумкинмас. БЕРИГИ ДУНЁда Азизлардан бўлак ҳеч ким тирик қолмаган.

-Буни ўзимам биламан, эҳтимол НАРИГИ ДУНЁдан биронтаси ўтгандир деб ўйладим.

-Қайси аҳмоқ НАРИГИ ДУНЁдан воз кечади?

-Ўшқирма. Болалар келган, эшитмасин.

-Хўп, нима қил дейсан?

-Уни ортидан кузатаман. Шунга қараб йўл тутамиз.

-Агар айтганинг рост чиқса, уни тирик қўймайман. Мурдасини ахлат ўрага ирғитаман.

Кенжа гап нимада эканлигини англолмади, бироқ кўнгли аллақандай ҳавфни ҳис қилди. Тушунмасди: ким НАРИГИ ДУНЁдан қайтиши мумкин ва Азиза қандай қилиб у билан танишди, умуман, кўришди экан. Бундан ташқари, қандай қилиб ўша нотаниш тирик қолиши мумкин, чунки қуёш нури соя қочган маҳал танани жизғанак қилиб юборади.

Кечки овқат устида йиғилишганда – унда аллақачон қуёш тикка келган ва тинимсиз зирилларди қуёш чироқлари қувватнинг зўрлигидан – Азиза Хоним дарвозадан овқатга алмаштириш учун қон заҳираси қолмаганини эълон қилди (заҳира ва уни озиқ-овқатга алмаштириш билан у шуғулланарди). Жаноб Азиз эса бу масала икки қариянинг бўйнига тушмаслиги лозимлигини айтди – иккиси ҳам қон олингач узоқ ётиб қолишаётган, танадаги қон жуда секин ўз ўрнига қайтаётган, захира эса тобора жуда кам муддатга етаётганди. Агар яна шу тартибда кетиш бўлса, бутун оила ўлади. Қуёш жизғанак қилиши бу ўринда жуда ножоиз, оила очликдан ўлади ва буни тўхтатишнинг бирдан-бир йўли болалардан бирининг ўз истаги билан бу вазифани бўйнига олиши эди.  Азиза Хонимнинг бўйнидаги тарам-тарам тиртиқлари яна ҳам бўртиброқ кўринди. Азиз онасининг бўйнида 11 та тиртиқ санаган, ҳаммаси ингичка, худди тилла занжирдек нафис – бу бариси АКС тиғининг иши эди.

АКС ертўланинг энг пастки қисмидаги хонага ўрнатилган бўлиб, хона салқин, бунинг устига қоронғи эди. Хонанинг деворларидаги жавоннинг махсус бўлмаларида қон сақланади. Елим халталардаги қон вақти-соати келиб озиқ-овқатга алмашинилади. Дарвозадан. НАРИГИ ДУНЁда озиқ-овқат мўл. Улар озуқани қонга алмашадилар. Бунинг ортида нима турганини билиш мушкул, Кенжа бир куни отасидан буни суриштирган ва мужмал жавоб олган. Жаноб Азизнинг таъкидлашига кўра бу авлодлар алмашиниши туфайли кераксиз ахборот сифатида унутиб юборилган. Яна бир эҳтимол борки, оталар жараённи мураккаблаштиришни исташмаган ва маълумот ўртада берилмай қолдириб кетилган. Ҳозир қон НАРИГИ ДУНЁ билан олди-бердининг асосий воситаси. Дарвозага бориб, қон солинган елим халтани махсус бўлмага қўясан ва (унинг эквивалентига мос) нималар зарур эканига қараб темир тахтадаги рўйхатни тўлдирасан. Бир литр қон қон учун Азизлар оиласи уч ойга яқин муддатга етадиган озиқ-овқат олишлари мумкин. Кенжа қон олиш қай тартибда бўлишини тахминан биларди. Отаси ёки онаси бир неча ойлаб кўзини очмай ётгани, АКСнинг махсус қутиларидан елим халталардаги қонни музхона бўлмаларига ташишганини кўп кўрган. Аммо бунинг нозик томони бор: қон топширган НАРИГИ ДУНЁга ўта олмайди. Дарвоза қоннинг таркибига кўра унинг эгасини рўйхатга тиркайди, рўйхатдаги одамлар ҳеч қачон НАРИГИ ДУНЁГА ўтмайдилар. Бунинг мазмуни ҳеч кимга маълум эмас, ҳеч ким қизиқиб ҳам кўрмаган, аммо ота-оналар ўз бурчини тўлиқ адо этиб бўлганидан сўнг, яъни вақти-соати етиб кучдан қолса ва улардан қон ундириш ҳавфли бўлган маҳал улар ўз фарзандларига бу ҳақда хабар берадилар. Фарзандлардан бири албатта бу вазифани ўз бўйнига олади. Аввало қонсиз йил ўтказиб бўлмайди. Агар оилада кичик фарзандлар бўлса (22 ёшда ДАРВОЗА уни сўраб чақиргунча), у ниманингдир эвазига жон сақлаши лозим. Бу ҳолатда одатда катта фарзанд вазифани ўз бўйнига олади. Ёшининг аҳамияти йўқ. У НАРИГИ ДУНЁДАН воз кечади. Ва табиийки, у ҳам кўпайиши лозим. Азизлар аждодларнинг одатини давом эттириб келаётган сўнгги оила. Буни Жаноб Азиз ҳам, Азиза Хоним ҳам жуда яхши англайдилар. Бу ҳолатда уларнинг тирик қолиши икки фарзандининг иродасига боғлиқ.

Азизани АКСнинг узун ва совуқ тахтасига ётқиздилар. Жаноб Азиз ялонғоч қизининг оёқ-қўлини бирма-бир боғлаб чиқди. Азиза кўзини юмиб олган, аммо димоғида ўзининг эски, аллақаердан ўрганган ашуласини куйларди. Эҳтимол, буни ўзи тўқиганди, Жаноб Азиз эса бутун диққатини жамлаб, шу қўшиқни эшитишга уринарди. У, бир томондан Азизанинг қўл-оёғини қаттиқроқ боғлашга уринаркан, унинг юзига тикилар ва имкони борича эслаб қолишга ҳаракат қилди. У Азиза кўзини юмиб олгани учун кўнгли хотиржам эди, агар қизи кўзларини очиб Жаноб Азизга тикилганида, унинг ҳаракатларини кузатганида, эҳтимол, отасининг кўзларидаги алланимани пайқаган бўларди. Аммо у ҳеч нарсага эътибор қилмас ва тинимсиз димоғида куйларди. Бу овоз ҳеч қандай сўздан иборат эмасди, балки бу сўздир ҳам, унинг димоғидан чиқаётган бари товушлар аллақандай ғўнғиллашга, оҳангга солинган ғўнғиллашга ўхшарди. Азиза Хоним ҚОНХОНАга кирганда ҳаммаси аллақачон тайёр эди. Эшик очилиб-ёпилган заҳоти Азиза кўзини очиб Азиза Хонимга тикилди ва жилмайди: табиийки унинг олдида турган даҳшатни фақат онаси яхшироқ билар ва унинг борлигининг ўзи кўнглини ҳотиржам қилиши мумкин эди. Азиза Хоним қизининг тепасига бориб, бошига кафтини қўйди ва Жаноб Азизга ишора қилди. АКСнинг ишга тушгани сезилди: совуқ темир аста силкинди ва ғинғиллади. Азизанинг кўзлари юмулиб борди ва кескин шиғиллаш эшитилди: қизнинг бўйнида жиғилдонга қадар кесик пайдо бўлди, АКСнинг шаффоф найларида қон югура бошлади. Қоннинг бариси найлардан ўтиб елим халтачаларга қуйилди ва қадоқланиб махсус жойга тахланиб борди. Охирги қадоқ чиқиб, АКС ўз ишини якунлаб ўчди: ҚОНХОНА аввалгидек ўлик сукунатга чўкди. Азиза шу билан бир ойларга қадар кўзини очмайди: унинг янги очилган ярасида қирмизи қон излари ва гўшт кесимлари кўриниб турарди. Энди сўнгги иш қолганди: Жаноб Азиз қизнинг ярасини тикиб қўйиши ва танани АКСнинг махсус бўлмасига киритиб қўйиши лозим. Бир ой давомидаги муолажадан сўнг қиз кўзини очиб, яна аввалги ҳаётини бошлайди, димоғида куйлаши, укасини чақиргани сув бўйига бориши мумкин, фақат бўйнида АКС тиғининг биринчи тиртиғи қолади: бу тиртиқ энди унинг БЕРИГИ ДУНЁ фуқароси эканлигининг белгиси сифатида ўлгунича танасида қолади. У жизғанак дунёда яшашга маҳкум, фарзанд орттиришга, эҳтимол ўша димоғида куйлаган қўшиғини овоз чиқариб, сўзлар билан айтишга уриниб ҳам кўрар.

Жаноб Азиз қизнинг бошига икки қўлини қўйди, Азиза Хоним юзини бурди, кескин “ғирт” этган товуш чиқди: қизнинг жонсиз боши АКС тахтаси лабида шалвираб қолди. “Ахлат ўрага ташлаш керак” деди Жаноб Азиз. Унинг кўзларида ёш томчилар, аммо нигоҳи ўша-ўша қаттиқ эди. У ялонғоч танани латтага ўраркан, димоғида минғиллаб қизнинг қўшиғини куйларди.

Кенжа Азиз опаси йўқолганидан сўнг сувга кам борадиган бўлди. Жаноб Азиз уни қайга кетганини айтиб ўтирмади. Азиза Хоним ҳам, у шунчалик кўп йиғлай бошладики, кўп ўтмай кўр бўлиб қолди. У энди Жаноб Азиз билан ҳам аввалгидек гаплашмас, унинг баъзи саволларига шунчаки имо билан жавоб бериб қўя қолар, Жаноб Азиз эса Кенжанинг ўрнини эгаллаган: энди уни доимий сувга тош отаётган ҳолда кўриш мумкин эди. Қанча ўтгани аниқмас. Оила ҳаёти бир ритмда борар, кейинги йиллар эндидан ота-она ўзлари қайтадан АКСга ўтира бошладилар. Кенжа Азиз қон билан бўладиган муаммо ҳақида сўз очганида ота-она унинг 22 га тўлишини кутган маъқулроқ эканини айтишди. У бу жаҳаннамда қолиб кетиши мумкин эмас, 22 га кирсин, ДАРВОЗАдан чақириқ келсин, мабодо уни олмайдиган бўлишса, ўшандагина Кенжага АКС тиғига ётишга рухсат беришларини тушунтирдилар. Азиз буни жуда қуруқ қабул қилди. У аллақачон Ўртанчани унутганди, кутиш ҳақида ҳам асло эсламас, хаёлининг бир чеккасига ҳам келтирмас, энди у камдан-кам ташқарига чиқар, хонада эса унинг нима билан бандлигини ҳеч ким билмасди.

Фақат бир куни Азиза Хонимнинг қаттиқ чинқириғидан ҳамма ер устига чопиб чиқди. Азиза турарди: қўлида бола. Юзининг бир томони илвираб кетган, ярқираган бош суяги кўзга кўринар, унда кўз олмаси салкам осилиб ётарди. Азиза Хоним ҳушидан кетди. Жаноб Азиз эса тилдан қолган, унинг қўллари тинимсиз қалтирар, оғзини ёполмас эди. Қиз бир муддат аҳволни томоша қиларкан, СЕНга юзланди: Қон тўла жоммизми, Азиз??? Сен эса барча уйқудаги гўдаклар каби унинг қучоғида навбатдаги жумбоғингни мавҳ бўлиб томоша қилардинг…

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting